Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Сиз ўз ҳаётингиздан розимисиз?

Сиз ўз ҳаётингиздан розимисиз?

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Инсон ҳаётининг ҳар тарафлама шаклланиши аввало унинг ички дунёсида рўй бергани учун унинг ризолиги ва хотиржамлигини ҳам ташқи дунёдан топиб бўлмайди, балки уларни ҳам инсоннинг ички дунёсидан қидирмоқ лозимдир.

Мен руҳи ва жисми бир-бири билан дўст бўлган инсон сифатида айтаманки, ҳар куни эрталаб уйқудан уйғонганимда бу иккисининг менга берадиган ҳадясини қабул қилиб оламан. Уларнинг, яъни руҳ ва жисмимнинг менга келтирадиган ҳадялари эса хотиржамлик, келажакка умид ва Аллоҳдан бошқасига муҳтож бўлмасликдир.

Ҳа, мен ҳаргиз Аллоҳдан бошқаси тарафга кўз тикмасман, бошқа тарафдан умид ҳам кутмасман. Нега десангиз, менинг жисмим руҳимга итоат этади ва руҳим эса ҳақиқат сари етаклайди. Шунинг учун ҳам, мен ўз ҳаётимдан розиман. Руҳ ва жисм бирлашганлиги ва ўзаро ҳамоҳанг бўлганлиги учун уларни ташқаридан бегона руҳ ва ёки ёт жисм тўлдирмайди. Ахир, бундай тўлдиришда сўзсиз инқирозга юз тутиш аниқдир. Балки менинг ўз ҳаётимдан розилигимни изҳор қилишим қандайдир такаббурга ўхшар. Чунки, биз болалик кезларимиздан камтарин бўлиш кераклиги ҳақида панду насиҳатлар эшитганмиз. Лекин ўйлаб қарасам, мен ўз ҳаётимдан розилигим бу – ўзимни кўрсатиш учун эмас, балки бошқаларга ҳам ўрнак бўладиган жиҳати бўлгани учундир. Шунингдек, бу фикрлар ўзимга ҳам фойдалидир. Чунки, булар менга ўз кучига ишониш руҳини бағишлайди.

Ҳа, мен ўз ҳаётимдан розиман. Ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашаман, бошқалар ҳам менга ёрдам беришади, йиқилганларга қўл чўзаман, турганларга суяниб, меҳрибонлик кўрсатаман ва улардан меҳр-муҳаббат ва оқибат кўраман. Бошқаларга жилмайиб боқаман ва оқибат, ҳаёт ҳам менга табассум қилади. Ҳар тарафлама гўзал бўлишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам дунёдаги гўзалликларни кўра оламан.

Дарҳақиқат, одам ўз ҳаётидан рози бўлса ва ўзини бахтиёр ҳисобласагина, ҳа фақат шундагина ҳақиқий камол ва етуклиликка етиши мумкин. Чунки, бу дунёда Аллоҳ таолодан ўзга мутлақо нуқсонсиз вужуднинг ўзи йўқдир, ҳамма нарса нуқсонлидир. Лекин ҳар нарса ўзидаги нуқсонни бартараф этиш учун бир тарафга қараб ҳаракатдадир, у ҳам бўлса ягона комил зот бўлмиш Аллоҳ томонигадир.

Ҳаётимиздан рози ёки норози бўлишимиз ўзимизнинг фикрлашимизга боғлиқдир. Чунки, ҳар нарсани ўз ақлимиз асосида таҳлил қилиб хулоса чиқарамиз. Қилган гуноҳларимиз ва кўрган жабру ситамлар, қийинчиликлар ва пасту баландликлар ҳаммаси хотирамизда гавдаланиб туради ва буларнинг барчаси биз ҳаётни қора тасма сифатида кўришимизга сабаб бўлади.

Лекин Сен, эй Аллоҳни таниган, Унинг меҳру муҳаббатини қалбида ҳис этган, Унга бандалик қилишдан лаззатланган бахтли инсон! Сен ҳаётингга доимо умидворсан ва биласанки, олдинда ёруғ кунлар ва порлоқ келажак Сени кутмоқда! Ноумидлик ва маъюс бўлиш шайтондандир. Келажакка, юксак чўққилар ва камолот сари – ҳақиқий бандалик сари олға юр!

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.