Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?
Insonning bu dunyoda qilgan ayrim nojo‘ya va ma’siyat amallari sababli, qabr azobi va uning siqishi haqida oz bo‘lsa-da, bilib olaylik

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. Қабр сиқувининг қай тарзда амалга ошиши ҳақида эса турли фикр-назарлар бор. Диний таълимотларга кўра, қабр сиқиши ҳақида гап кетганида, қабр торайиб маййитни сиқишини тушунмаслик керак, балки қабр сиқиши деганда, қабр андозаси ва миқдори ўзгармаган ҳолда, маййитнинг ғайбий кучлар тарафидан руҳан сиқилиши назарда тутилади.

Одамлар қабр сиқиши қандай бўлишига қизиққанликлари сабабли, ҳатто баъзи маййитларнинг оғзига ун солиб кўрганлар ва эртасига бориб қабрни очиб қараганлар. Чунки, агар қабр маййитни сиққан бўлса, маййит оғзидаги ун босим остида ташқарига отилиб кетган бўлади. Аммо не кўз билан кўрсинларки, маййитнинг оғзидаги ун қимирламай жойида турибди. Бу жиҳатдан олиб қарасак, яъни қабрнинг моддий ва жисмоний сиқувини назарга оладиган бўлсак, бу мутлақо бўлмаган нарсадир. Зероки, ўлгандан сўнг инсон руҳи билан жасадининг ўртасидаги алоқа узилган бўлади ва қабр сиқуви каби азоблар асосан инсоннинг руҳига нисбатан амалга оширилади.

Демак, маййитнинг қабрда сиқувга олиниши фақат унинг руҳига қаратилган бўлади. Аммо қабр сиқишини хиссий тажриба ва текширув билан кўриш мутлақо мумкин эмас. Чунки, маййитнинг руҳи қабрда сиқувга олиниши жисмоний ва моддий бўлмай, кўз билан кўриш ва текширувдан ўтказиш мутлақо мумкин бўлмайди. Зероки, инсон руҳи моддий ва жисмоний бўлмагани учун унга қаратилган мукофот ёки азоб ҳам кўз билан кўриб бўладиган моддий ва жисмоний ҳолда эмасдир.

Олтинчи илоҳий пешвоимиз имом Жафари Содиқ (алайҳис салом)дан дорга осиб ўлдирилганлар ёки оёғига тош боғлаб сувга чўктирилган одамларни қабр сиқмайдими?- деб сўрашганда, ул ҳазрат шундай деб жавоб берадилар:

«Ер Аллоҳнинг мулки бўлгани каби ҳаво ва сув ҳам Аллоҳнинг мулкидир. Шунинг учун, дорга осилганларни ҳаво сиқса, сувга чўкканни эса сув сиқади».

Аммо нима бўлганда ҳам, қандай тарзда юз беришидан қатъий назар, қабрнинг сиқиши ҳақдир ва шунингдек, Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси бўлиб покиза ҳаёт кечирган айрим пок ва яхши инсонларнинг ушбу азобдан омонда бўлишлари ҳам ҳақдир. Яъни баъзи бандалар борки, улар вафот этган кейин қабрнинг сиқувга олиши азобидан омонда бўладилар.

Ҳадиси шарифларда айтилган диний таълимотларга кўра, шахс ўз қўли остидагиларга, хусусан оиласида умр йўлдоши ва фарзандларига қўпол муносабатда бўлса, яъни ҳаётида доим ҳақоратлаш, сўкиш ва қўл кўтаришлар бўлса ва шунингдек, бадан ва либосини сийдикдан покламай юрадиган бўлса, бундай одамларнинг қабр азоби ва унинг сиқувига дучор бўлишлари шубҳасиздир.

Қабр сиқиши қай йўсинда амалга ошишини билмоқлик унча аҳамиятга эга эмас, балки муҳим бўлган нарса – бу қабр сиқувидан сақлайдиган омиллар нима эканлигини танишимиз ва унга иложи борича амал қилмоғимиздир.

Қабр сиқувидан сақлайдиган омилларнинг баъзиларини бу ерда санаб ўтамиз:

1. Кечаси ўқиладиган таҳажжуд ва шаб намози. Саккизинчи илоҳий пешвоимиз имом Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом)дан бу борада шундай ривоят қилинган:

«Кимки кечаси ўқийдиган таҳажжуд намозининг қунутида етмиш бор истиғфор қилса, қабр азобидан омонда бўлади».

2. Намоз ўқиганда рукуъни ўз маромига етказиш. Бешинчи илоҳий пешвоимиз имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Кимки ўз намозларида рукуъни маромига етказиб ўқийдиган бўлса, қабр сиқуви ва даҳшатларидан омонда бўлади».

3. Садақа чиқариб туриш. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилиб айтдилар:

«Аллоҳ таолонинг бандаларига энг қийин бўлган соат – бу қабрда кечадиган биринчи тундир. Садақа бериб туриш билан ўзингизни ундан қутқаринглар».

4. Маййит учун яқинлари ва ёру дўстлари тарафидан биринчи дафн этилган кеча ўқиладиган ваҳшат намози.

5. Жума оқшоми ёки жума кунида ўлган одам учун биринчи кеча осонроқ кечади.

6. Қабр устига сепиладиган сув. Маййит қабрга қўйилиб дафн этилганидан сўнг яқинларидан бирор киши бир идишда сув олиб келиб қибла тарафга юзланган ҳолда қўлидаги сувни маййитнинг бош тарафидан бошлаб, оёғи тарафигача сув қуяди. Худди шу тарзда оёғи тарафидан бошлаб, боши тарафигача сув қуяди ва агар яна идишида суви қолган бўлса, қабрнинг ўртасига сув қуяди. Бу ишни то қирқ кунгача бажариш мустаҳаб амал ҳисобланади. Бу ҳақида ҳазрати Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилингандир.

7. Баъзи сураларни тиловат қилиб маййитга бағишлаб туриш. Масалан, биринчи илоҳий пешвоимиз мўминлар амири Али (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисга кўра, жума кунлари Нисо сурасини ўқиб туришлик инсонни қабр азобидан қутқаради. Шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифларда Ёсин, Зухруф сураларини ўқиш ҳам айтилган.

Албатта юқорида айтилган омилларни яна давом эттиришимиз мумкин. Аммо айтилганларнинг ўзига ҳам амал қила олсак, қабр сиқуви деган қўрқинчли азобдан омонда бўлгаймиз, иншо Аллоҳ. Фақат шарти шуки, ўз ҳаётимиз давомида айтилганларни амалга оширишга ҳаракат қилмоғимиз лозим ва шунингдек, билиб-билмай қилган гуноҳларимиздан ҳамда қўпол муомалаларимиз-у ҳақорат ва сўкинишларимиздан тавба қилиб, Яратган Эгамизнинг солиҳ ва пок бандаси бўлишга интилайлик. Бадан ва кийимларимизни ҳам доимо нажас ва сийдикдан пок сақлайлик. Шундагина қабр азоби ва унинг сиқишидан омонда бўлгаймиз!

Аллоҳ таоло барчамизнинг ўтганларимизни ва ўзларимизни ҳам қабр азобидан асрасин! Омин!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Имом Маҳдий (а.ж) ва ул ҳазратнинг келишлари учун энг яхши иш нима?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Жавоб шуки, энг яхши иш деганда бунга икки томондан қараш мумкин; 1. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.