Home / Ислом тарихи / Фадакнинг дардли воқеаси

Фадакнинг дардли воқеаси

وَالأَمْرُ الأَعْجَبُ وَالْخَطْبُ الأَفْظَعُ بَعْدَ جَحْدِ كَحَقَّكَ، غَصْبُ الصِّدِيقَةِ الطَّاهِرَةِ الزَّهْرآءِ سَيِّدَةِ النِّسآءِ فَدَكاً وَ رَدُّ شَهَادَتِكَ وَشَهَادَةِ السَّيِّدَيْنِ سُلاَلَتِكَ وَعِتْرَةِ الْمُصْطَفَى صَلَّى اللَّهُ عَلَيْكُمْ

 «Ажабланарлиси ва ачинарлиси шундаки, сизнинг (бутун уммат учун Аллоҳ томонидан пешво, валий ва йўлбошчи эканлигингиз хусусидаги) ҳуқуқингизни билиб туриб, инкор қилишларидан сўнг, Фадакни барча аёллар сарвари ҳазрати Сиддиқаи Тоҳира, Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)дан тортиб олишди

ва (Фадак боғи Пайғамбаримизнинг нури дийдалари Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) мулки эканлиги ва оталари Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ҳаётлик чоғларида Фадак боғини ўз қизларига бахшида этганликлари хусусидаги) сизнинг гувоҳлигингизни, наслингиздан ва Муҳаммади Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)хонадонидан бўлган икки буюк пешволар Ҳасан ва Ҳусайн(алайҳимас салом)нинг гувоҳликларини қабул қилишмади».

Изоҳ:

  Фадак Хайбарнинг қалъаларидан бири эди, яъни: Хайбар жангида Пайғамбаримиз у маконни қўлга киритганларидан сўнг, Фадак аҳолиси Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳузурларига бир намоянда (вакил) йўллаб, Фадакнинг ярмини ул ҳазратнинг ихтиёрларига топшириб, жангсиз сулҳ тузишни таклиф киритишди.

  Шунинг учун Фадак боғи Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг шахсий мулклари эди, зероки, мусулмонлар у ерни қўлга киритиш учун от чопиб, жанг қилмаган эдилар, балки Фадак аҳолисининг қалбларига қўрқув ва ваҳшат тўшиб, ўзлари таслим бўлишган эди. Ҳашр сурасининг олтинчи ва еттинчи оятларида очиқ-ойдин баён қилинган ҳукм бўйича, мусулмонларнинг қўлига жангсиз тушган еру моллар, жанг ғаниматлари сифатида тақсим қилинмай, Пайғамбармиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг шахсий мол-мулклари бўлади.[1] Шу туфайли, у ерда етиштирилган маҳсулотлардан ўзлари фойдаланар эдилар.  

   Аҳли суннатнинг буюк муфассири Жалолиддин Суютий ўзининг «Аддуррул-мансур» номли тафсирида, Абу Саъид Худрийдан нақл қилганки,

﴿وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ﴾

ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ўз қизлари Фотима(саломуллоҳи алайҳо)ни ҳузурларига чорлаб, Фадакни у ҳазратга бахшида этдилар.

  Ёқутий Ҳаммуйи «Муъжамул Булдон» номли китобининг Фадак қисмида шундай ёзади: Фадак Ҳижоз сарзаминидаги бир қишлоқ бўлиб, у ердан Мадинаи мунавварагача икки ёки уч кунлик йўлдир ва Фадак боғида қайнаб чиқадиган булоқлар ва кўп хилма-хил хурмолар бор эди. Ушбу мазкур ояти шарифа нозил қилингани тўғрисида қуйидагича ривоят қилингандир:

  Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ўз ихтиёрларида бўлган ерлардан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Оиша, Ҳафса ва бошқа саҳобаларга ҳам ер ҳадя қилган эдилар ва саҳобаларидан бири (Ҳамза бин Нуъмон Узрий)га «Водил Қуро» деган ерда тургин ва камон ўқини отгин ва шу ўқ қайси маконга етиб борса, ўша ергача сеникидир, дея марҳамат қилдилар.

  Аммо Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)қизлари ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)га ҳеч нима ҳадя қилмаган эдилар, шу борада Аллоҳ таоло томонидан ушбу:

﴿وَ آتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ﴾

«Яқин қариндошга ўз ҳақини ато этгин», ояти карима нозил бўлди. (Исро26-оят).

  Ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)нинг оналари ҳазрати Хадича(саломуллоҳи алайҳо) ўз ихтиёрида бўлган барча молу дунёсини Ислом йўлида берган эди. Шу боис, Аллоҳ таоло

﴿وَ آتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ﴾

  оятини нозил қилиши билан ҳазрати Хадича(саломуллоҳи алайҳо) қилган фидокорлиги туфайли ҳазрати Фотимаи Заҳронинг ҳақларини беришни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га амр қилди. Пайғамбар.а.о)ҳам ушбу фармон асосида Фадакни ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)га бахшида қилдилар.[2]

  Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) билан қандай муомала қилинди?

  Юқорида зикр қилинганидек, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ўз ихтиёрларида бўлган молларни мусулмонларга бахшида қилар эдилар ва ушбу моллар уларнинг эгалигида эди. Шариат қонуни бўйича, мол кимнинг қўлида бўлса, ўша шахс молнинг эгаси ва соҳиби бўлади. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Фадакни ўз қизлари ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)га бахшида қилган эдилар ва у ер ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг эгалигида бўлиб, ундан фойдаланардилар.

  Абу Бакр томонидан Фадак ерини мусодара қилиш фармони содир қилинган пайт, у ерда ишлаётган ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)нинг ишчиларини қувиб чиқариб, Фадакни ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)дан тортиб олишади. Шунда Пайғамбаримизнинг нури дийдалари ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) «Фадакни менга қайтариб берингиз! Зероки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) уни менга бахшида этганлар деганларида», Абу Бакр, ҳазрати Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)дан шоҳид келтиришни талаб қилади. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз ҳаётлик чоғларида еру молларни уларга ҳадя этган кишилардан эса шоҳидлик талаб қилмайди. Лекин шунга қарамай, ҳазрати Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) Умми Айманни ўзларига шоҳид қилиб келтирадилар.

  Буюк тарихчи олим Масъудий бу борада шундай ривоят қилади: Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) имом Али (алайҳис салом) ва Умми Аймандан ташқари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳимас салом)ни ҳам шоҳид ва гувоҳ сифатида келтирадилар ва мазкур шоҳидларнинг барчаси Пайғамбар .а.о)Фадакни ҳаётлик даврларида Фотима(саломуллоҳи алайҳо)га бахшида қилган эдилар, дея гувоҳлик беришади. Абу Бакр эса гувоҳлик бериш учун икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл бўлиши лозим деб қабул қилмади.

  Балозирий Ал-футуҳул Булдон китобининг 43-бетида шундай дейди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг Рабоҳ номли ғуломлари ҳам Фадак, ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)га бахшида этилгани ҳақида гувоҳлик берди. Бошқа бир ривоятда шундай нақл қилинган: Халифа (Абу Бакр) гувоҳлик берилгандан сўнг, Фадакни ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо)га қайтариб бериш қарорига келди.

  Шунда Абу Бакр бир терига Фадакни ҳазрати Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо)нинг номларига ёзиб берди. Лекин Умар етиб келиб, ушбу терини йиртиб, бўлакларга бўлиб ташлади.[3]

 


 

.[1] ﴿وَمَا أَفَآءَ اللَّهُ عَلَى رَسُولِهِ مِنْهُمْ فَمَا أَوْجَفْتُمْ عَلَيْهِ مِنْ خَيْلٍ وَلَا رِكَابٍ وَلَكِنَّ اللَّهَ يُسَلِّطُ رُسُلَهُ عَلَى مَن يَشَاء وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ﴾

  Аллоҳ Ўз Расулига у(яҳудий кофир)лардан ўлжа қилиб берган нарсалар устига сизлар от ва туя чоптириб бормадингиз (яъни, сизлар у ўлжаларни қийналиб, машаққат чекиб, жанг-жиҳод билан қўлга киритмадингиз). Лекин Аллоҳ Ўз элчиларини Ўзи истаган кимсалар устидан ғолиб қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.(Ҳашр сураси/ 6-оят)

﴿مَا أَفَآءَ اللَّهُ عَلَى رَسُولِهِ مِنْ أَهْلِ الْقُرَى فَلِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ وَلِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاء مِنكُمْ وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ﴾

 Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқнинг (кофир) аҳолисидан ўлжа қилиб берган нарсалар, сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун Аллоҳга, Унинг Расулига ва (у зотнинг) яқин қариндошларига, етимларга, мискинларга ва йўлда қолган мусофирларга тегишли (мол-мулклар)дир. Пайғамбар сизларга берган нарсани олингиз ва у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз. Аллоҳдан қўрқинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ жазоси шиддатли зотдир. (Ҳашр сураси/ 7-оят)

[2]. Ушбу воқеанинг манбаи:

  1. Ибн Саъд, «Табақони Ибн Саъд», 2-ж, 586-б.
  2. Балозирий, «Ал-футуҳул-булдон», 1-ж, 40-б.

[3]. Ушбу воқеани ўз китобида нақл қилган Аҳли суннат алломалари қуйидагилардан иборат:

  1. Масъудий, Шофиий, «Мураввижуз-заҳаб», 2-ж, 200-б.
  2. Нуруддин Али ибн Аҳмад Самҳудий, «Вафоул-вафо», 2-ж, 160-б.
  3. Али ибн Бурҳониддин Ал-Ҳалабий, «Ас-сийратул ҳалабия», 3-ж, 400-б.
  4.  Абу Абдуллоҳ Ёқуд бин Абдуллоҳ Бағдодий, «Муъжамул Булдон», 4-ж, фадак моддаси.
Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.