Home / Қурони Карим / Қуръон мўъжизалари / Қуръон Ва Бугунги Илмий Кашфиётлар!

Қуръон Ва Бугунги Илмий Кашфиётлар!

 Шубҳасиз, Қуръони Карим- бу табииёт, тиббиёт, руҳшунослик ёки риёзиёт китоби эмас. Қуръони Карим – бу инсониятни ҳидоятга бошлайдиган ва уни камолотга етаклайдиган китобдир ва бу йўлда керакли бўладиган зарурий илмлардан кўз юммаган.

 Биз Қуръонни турли хил илмларни ўз ичига олган ва ҳамма фанларни баён этган қомус китоби сифатида қабул қилсак, тўғри бўлмайди. Биз Қуръондан имон ва ҳидоят нурини, тақво ва парҳезкорликни, инсониятни камолотга етакловчи одоб-ахлоқ тузумини ва ҳаёт учун зарур бўлган керакли қонун-қоидаларни баён қилишни талаб қилишимиз даркор ва Қуръон буларнинг барчасини ўз ичига олган.
 Бироқ Қуръон баъзан мазкур мақсадга эришиш учун табииётга оид илмларни, яратилиш сир-асрорларини ва борлиқ оламнинг ҳайратланарли томонларини қисман ёритиб беради. Алалхусус, тавҳид (яккахудолик)ни исботлаш учун жаҳондаги ўзаро боғлиқлик ва назму тартибга асосланиб яратилиш оламининг сир-асрорларини яққол ёритиб берган. Қуръонда баён этилган бундай масалалар ўша даврнинг ҳатто донишмандларига ҳам номаълум эди.
 Қуръон Каримнинг баён этган мазкур масалалари тўпламига «Қуръоннинг илмий мўъжизалари», деб номлаймиз.
 Бу ерда ушбу мўъжизаларнинг бир нечасини кўриб чиқамиз:
Қуръон ва тортишиш қонуни
 Машҳур физика олими «Нютон»дан олдин ҳеч ким бутун олам тортишиш қонунини ёки умумий нисбийлик назариясини кашф этмаган эди.
 Айтилишича, Нютон олма дарахтининг тагида ўтирган чоғида дарахтдаги олма узилиб ерга тушади. Бу бир қарашда кичик ва оддий бўлган ҳодиса Нютоннинг фикрини бир неча йил ўзига жалб этиб: «Нима учун олма айнан ерга тушиши керак экан? Қандай куч олмани ўзи томон тортди экан? Нимага олма дарахтдан узилгач, осмон томонга кўтарилмади?»– деган саволлар қамровида қолади. Кейинчалик эса Тортишиш қонунини (Гравитация қонуни) кашф этади: «Ҳар иккала жисм бир-бирини моддаларнинг тўғридан-тўғри бўлган ўзаро алоқадорлиги ва улар ўртасидаги оралиқларнинг қарама-қарши итариш кучига асосон жазб этади.»
 Ушбу қонун кашф этилиш натижасида, Коинотдаги саёралар системасининг яхлитлиги ва бу сайёралар ҳам ана шу қонунга бўйсуниши кашф этилди. Нима учун ушбу сайёралар Қуёш атрофида айланишади? Нима учун улар бир-бири ўртасида маълум масофани сақлаб турадилар, урилиб ҳам кетмайдилар ёки бир-биридан қочиб, ҳар ёққа тарқалиб ҳам кетмайдилар? Қандай куч уларни бундай чексиз фазода аниқ тартиб ва мадорда айлантирган ҳолда сақлаб туради ва заррачалик ундан четга чиқишмайди?
 Ҳа, Нютоннинг кашфиётига биноан: Бир жисмнинг доиравий ва айлана шаклдаги ҳаракати унинг марказдан қочишига сабаб бўлади ва тортишиш қонуни эса уни марказ томон жазб қилади. Қачонки, бу икки куч (тортишиш ва итариш кучи) мувозанатга келса, яъни «моддалар» ва «масофалар» томонидан юзага келган «тортишиш кучи» ва доиравий ҳаракат тезлиги натижасида пайдо бўлган «марказдан қочиш» ва «итариш кучи» ўзаро тенглашса, икки кучнинг мувозанати сайёраларнинг бир-бирига урилиб ажралиб кетишларнинг олдини олиб, уларни доим ўз ўқи ва мадорида сақлаб қолади.
 Лекин ушбу тортишиш қонуни кашф этилишидан минг йил олдин Қуръони Карим бу ҳақда бундай деган эди:

«اللّهُ الَّذِي رَفَعَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ وَ سَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي لأَجَلٍ مُّسَمًّى يُدَبِّرُ الأَمْرَ يُفَصِّلُ الآيَاتِ لَعَلَّكُم بِلِقَاء رَبِّكُمْ تُوقِنُونَ»

 «Аллоҳ осмонлар (самовий сайёралар)ни сиз кўрмайдиган устунлар билан кўтариб қўйган, сўнгра Аршни (борлиқ олам мажмуи)ни эгаллаган ҳамда қуёш ва ойни (Ўз амрига) бўйин сундирган Зотдир. Ҳар бири муайян муддатгача (яъни, қиёмат қойим бўлгунича) жараёнда бўлур. (Аллоҳ жаҳоннинг барча) ишларини бошқаради, шояд сизлар (қиёмат кунидаги) Раббингиз мулоқотига ишонч ҳосил қилсангиз, деб оятларни муфассал баён қилади.» (Раъд сураси; 2-оят)
 Ушбу оятнинг тафсирида имом Ризо (алайҳис салом)дан нақл қилинган ҳадисда шундай баён этилган:

«أليس الله يقول: بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا؟ قلت: بلي، قال: ثَمَّ عَمَدٌ لکن لا تَرَوْنَهَا!»

 Аллоҳ Қуръонда (кўринмас) устунлар билан кўтариб қўйган, демайдими?-деб сўрайдилар, ровий деди:
 -Ҳа, деб жавоб бердим.
 – Шунда имом дедилар: Бинобарин, унинг устуни бор. Лекин сизлар уни кўра олмайсизлар.
 Бутун олам тортишиш қонунини оддий халққа баён қилиш учун ўша даврдаги араб тилида «Кўринмас устунлар»дан кўра яхшироқ ва равшанроқ ибора топиш мумкинми?! Ахир ўша пайтда инсониятнинг ақли шунга яраша эди.
 Бошқа бир ҳадисда ҳазрат Али (алайҳис салом) шундай деган эдилар:

«هذا النجوم التي في السماء مدائن مثل المدائن التي في الارض مربوطة کل مدينة إلي عمودٍ من نور»

 «Осмондаги бу юлдузлар ер юзидаги шаҳарлар каби шаҳарлардир, зеро ҳар бир шаҳр бошқа шаҳр билан (ҳар бир юлдуз бошқа юлдуз билан) нурдан бўлган устун билан ўзаро боғлиқ ва алоқададирлар.»
 Бугунги кунга келиб донишмандлар биз кўраётган осмондаги юлдузлар орасида миллионлаб бошқа юлдузлар ҳам мавжудлиги ва шунингдек у ерда тирик ва ақлли мавжудотлар борлигини айтяптилар. Ҳарчанд бу ҳақиқатнинг тафсилоти ҳақида батафсил маълумот қўлга киритилмаган.

 Ернинг ўз ўқи ва Қуёш атрофида айланиши

 Маълумки, Ернинг ўз ўқи атрофида айланишини машҳур италялик олим Галилей тахминан бундан тўрт аср олдин кашф этган эди. Бундан олдин дунёнинг бутун олимлари Мисрлик ҳайъат фани (астраномия) олими Птоломей қонунига ва унинг фарзиясига ишонар эдилар. Унинг назариясига кўра; Ер коинот маркази бўлиб, ҳамма сайёралар унинг атрофида айланади.
 Бироқ Галилей Ер коинотлар маркази эмас, балки у «ўз ўқи атрофида ва шунингдек, Қуёш атрофида айланади»– деган назарияни илгари сурди. Унинг бу илмий кашфиёти учун черков ҳомийлари ва насроний руҳонийлари уни кофирга чиқаришди. Шунинг учун, ночор ҳолда қолган Галилей ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун «изҳор қилган илмий кашфиёти»га тавба қилди. Лекин ахир-оқибат кейинчалик бошқа олимлар унинг назарияси устида тадқиқот қила бошладилар. Ҳозир кунда эса Галилейнинг ушбу назарияси шубҳасиз ва аниқ бўлган бир илмий масалага айланган. Ҳатто ҳиссий равишда қилинган тажрибалар орқали ҳам Ер ўз ўқи тарофида айланиши исботланган. Фазода қилинган парвозлардан сўнг ушбу масала айний шаклда намоён бўлди.
 Мухтасар қилиб айтганда; Ернинг бошқа сайёралар учун марказ эканлиги инкор қилинди ва маълум бўлдики, Ернинг марказлиги фақатгина биз инсонларнинг ҳиссий хатомиз бўлиб, Ер ҳаракатини сайёралар мажмуи ҳаракати билан қориштириб хатога йўл қўйганмиз.
 Ҳар ҳолда Птоломей назарияси қарийб бир минг беш юз йил ўз кучини сақлаб турган ва донишмандлар онгига сингган эди. Қуръон нозил бўлган вақтда ҳеч ким бу назарияга хилоф бирор бир сўзни айтишга журъат қилолмас эди.
 Бироқ Қуръонга диққат қиладиган бўлсак, Намл сурасининг 88-оятида бундай дейилади:

«وَتَرَى الْجِبَالَ تَحْسَبُهَا جَامِدَةً وَهِيَ تَمُرُّ مَرَّ السَّحَابِ صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ»

 «Сиз тоғларни кўриб қимирламай қотиб турувчи, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар худди булутлар ҳаракатланаётганидек ҳаракатдадирлар. (Бу) ҳар бир нарсани мустаҳкам қилган Аллоҳнинг яратишидир. Албатта, У зот сизлар нима қилаётганингиздан огоҳдир!» (Намл сураси; 88-оят.)
  Юқоридаги оятда тоғларнинг ҳаракатига ишора қилиниб, бу ҳаракат булутлар ҳаракатига ўхшатилган. Ҳолбуки, биз тоғларни қимирламай сокин турибди, деб ўйлаймиз. Негаки, тоғлар ҳаракати булутлар ҳаракатига ўхшатилиши тезлик, мулойимлик, оҳиста ва. сокинлик жиҳатидан назарга олинган.
  Бошқа тарафдан; «Ернинг ҳаракати» ўрнига «тоғлар ҳаракати», деб айтилиши эса ушбу муҳим масала (Ер ҳаракат)нинг ниҳоятда чурроқ ва теран эканини билдириш учундир. Маълумки, тоғлар фақат Ер ҳаракатлансагина ҳаракатлана оладилар ва уларнинг ҳаракати Ернинг ҳаракатисиз амалга ошмайди. «Ернинг ҳаракати» деганда, унинг ўз ўқи атрофида ёки Қуёш атрофида ёхуд ҳар иккиси назарда тутилади.
  Энди ўзингиз бир ўйлаб кўрингизчи, ахир жаҳоннинг ҳамма илмий даргоҳларида ер ҳар қандай ҳаракатдан холи, тинч ва сокин ва аксинча, Қуёш ва коинотдаги барча сайёралар Ер атрофида айланади, деган тушунча расмий равишда қабул қилинган бир даврда Ернинг ҳаракат қилиши ҳақида очиқ-ойдин хабар берилиши илмий мўъжиза эмасми?!
 Устига устак, бу хабар ёзиш ва ўқишни билмайдиган ва асосан илму маданиятдан йироқ ва жоҳилият ботқоғига ботиб орқада қолиб кетган бир муҳитдан чиққан бир одам томонидан берилган бўлса-чи?. Мана шуларнинг бариси Қуръон ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил бўлган илоҳий ва мўъжизавий китоб эканлигига далолат қилмайдими?!

Share

Check Also

Qur’оn va bugungi ilmiy kashfiyotlar!

Shubhasiz, Qur’оni Karim – bu tabiiyot, tibbiyot, ruhshunоslik yoki riyoziyot (matyematika) kitоbi emas. Qur’оni Karim …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.