Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-3

ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-3

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳнинг Каломи икки олам саодати қасрининг калитидир. Қуръонда айрим сўзларнинг олдинга сурилиши ёки кейинроқда келтирилишини кўрсак, бу ҳам аниқ мақсад билан қилинганига гувоҳ бўламиз. Бу борада неча намуналар келтирамиз:

Ўғирлик ҳақидаги ояти каримада эркак ўғри аёл ўғридан олдин келтирилган. Эр-хотинларнинг зинокорлиги ҳақидаги оятда эса биринчи бўлиб аёл айтилиб, кетидан эркак зикр қилинган. Гап шундаки, эркак оиланинг таянчи бўлиб, уни боқиш ва таъминлаш ҳамда бошқариш эркакнинг зиммасидадир. Шунинг учун оятда биринчи бўлиб эр тилга олинади. Бироқ зинода эса масъулият эркакларга қараганда кўпроқ аёллар зиммасига тушади. Чунки улар ўзларининг ноз-карашма, беҳаёлик ва енгилтаклик каби хатти-ҳаракатлари билан эркакларнинг зино қилишларига сабабчи бўладилар ва шунинг учун аёллар оятда биринчи тилга олинадилар:

﴿الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِّنْهُمَا مِائَةَ جَلْدَةٍ ۖ﴾

«Зинокор аёл ва зинокор эркак – улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар» (Нур сураси, 2-оят).

﴿وَالسَّارِقُ وَالسَّارِقَةُ فَاقْطَعُوا أَيْدِيَهُمَا جَزَاءً بِمَا كَسَبَا﴾

«Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қилмишларига жазо бўлиши учун қўлларини кесинглар» (Моида сураси, 38-оят).

Қуръоннинг ўн олти жойида «эшитиш» сўзи «кўриш»дан олдин келади:

﴿وَاللَّهُ أَخْرَجَكُم مِّن بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لَا تَعْلَمُونَ شَيْئًا وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ﴾

«Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл сураси, 78-оят).

﴿أَسْمِعْ بِهِمْ وَأَبْصِرْ يَوْمَ يَأْتُونَنَا﴾

«Улар Бизга келадиган куни қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар» (Марям сураси, 38-оят).

﴿إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا﴾

«Албатта, қулоқ, кўз ва дил – буларнинг барчаси борасида (инсон) саволга тутилур» (Ал-Исро сураси, 36-оят).

Қуръони Каримда эшитиш ҳар доим кўришдан олдин келади. Чунки, қулоқ кўзга қараганда ўткир ва тезкор бўлиб, яратилишда ҳам мукаммалроқдир. Она ўз фарзандларини кўплаб болалар ичидан товушини эшитиб топиб олади, лекин болалар орасида фарзандини юзидан дарров таний олмайди. Эшитиш қобилияти ҳатто уйқуда ҳам тиниқлигича қолиб, одамга хизмат қилади.

Олимларнинг фикрича, кўзни қулоқдан афзал деб ҳисобламаслик лозим. Чунки Аллоҳ таоло ўзини аввал эшитувчи, кейин кўрувчи, деб таърифлаган. Кўз қоронғуда кўрмаса-да, лекин қулоқ эшитаверади. Кўз фақат қараб турган томонини кўради, қулоқ эса бир пайтнинг ўзида олти тарафдаги овозни эшитаверади. Қулоқ нафақат эшитиш аъзоси, балки товушни мукаммал таҳлил қилувчи бирламчи саралаш ускунаси ҳамдир. Қулоқнинг кейинги вазифаси олдин йиғилган товушлар орасидан «таниш» товушни ажратиб олишдир.

Қуръони Карим оятларида «мол-дунё» сўзи ҳам ҳар доим «бола ва фарзанд»дан олдин келиши ҳам шунга ўхшайди:

يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ ﴿٨٨﴾‏ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ ﴿٨٩﴾

«У кунда на мол фойда берар ва на болалар. Фақат кимки Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келсагина, [манфаат топар]» (Шуаро сураси, 88 ва 89-оятлар).

﴿إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ﴾

«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир, холос» (Тағобун сураси, 15 оят).

﴿إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا لَن تُغْنِيَ عَنْهُمْ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُم مِّنَ اللَّهِ شَيْئًا ۖ وَأُولَٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۚ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ﴾

«Албатта, куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган азобдан қутқара олмайди. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли-Имрон сураси, 116 оят).

أَيَحْسَبُونَ أَنَّمَا نُمِدُّهُم بِهِ مِن مَّالٍ وَبَنِينَ ﴿٥٥﴾‏ نُسَارِعُ لَهُمْ فِي الْخَيْرَاتِ ۚ بَل لَّا يَشْعُرُونَ ﴿٥٦﴾‏

«Биз уларга бераётган мол-давлат ва болаларни ўзлари учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар буни сезмаслар» (Мўминлар сураси , 55 ва 56-оятлар).

﴿فَلَا تُعْجِبْكَ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُمْ ۚ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُم بِهَا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَتَزْهَقَ أَنفُسُهُمْ وَهُمْ كَافِرُونَ﴾‏

«Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини хоҳлайди, холос» (Тавба сураси, 55-оят).

﴿اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ﴾

«Билингларки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулги, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос» (Ҳадид сураси, 20-оят)

Бундай намуналар Қуръони Каримда жуда кўп. Бунинг сири шундаки, айрим одамлар фарзандларига қараганда, мол-дунёларини кўпроқ қадрлайдилар. Барча нарсалардан огоҳ ва хабардор бўлган Аллоҳнинг каломида сирли маънолар гапларнинг грамматик қурилишида ҳам яширинган; Масалан:

﴿وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا﴾

«Агар мўминлардан икки тоифа [бир-бирлари билан] уришиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар» (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Ояти каримада биринчи бўлиб «икки тоифа»га мурожаат қилинади, кейин «уришиб қолсалар», деб кўпликка ўтилади, сўнгра яна иккиликка ўтилади:

«(икковининг) ўртасини ўнглаб қўйинглар». Гап шундаки, икки тоифа олишувга киришса, уришаётганлар сонига қараб кўпчиликка айланади. Шунинг учун бу оятда кўплик маъносида келган. Сулҳ тузилганидан кейин ҳар икки томон ўз тарафига тарқалади ва улар яна икки гуруҳга айланади. Аввал иккиликка, кейин кўпчиликка, сўнгра яна иккиликка мурожаат этилишининг сабаби ҳам шунда.

Қуръонда турли кўмакчи ва боғловчилардан фойдаланиш ҳам ўзгача аҳамиятга эга:

﴿وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ﴾

«Ва сендан нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтгин: ўзингиздан ортганини» (Бақара сураси, 219-оят).

﴿وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ ۖ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي﴾

«Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтгин: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир» (Исро сураси, 85-оят).

﴿يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْأَهِلَّةِ ۖ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ﴾

«Сендан ҳилоллар [ярим ойлар] ҳақида сўрашади. Айтгин: «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара сураси, 189-оят).

Юқоридаги оятларда «айтгин» деган сўз келган, лекин ушбу сўз оятлардан бирида бошқача келган:

﴿وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْجِبَالِ فَقُلْ يَنسِفُهَا رَبِّي نَسْفًا﴾

«Улар сендан тоғлар [қиёмат куни қандай бўлиши] ҳақида сўрайдилар. Демак, айтгин: «Раббим уларни мутлақо совуриб юборажак» (Тоҳа сураси, 105-оят).

Ушбу оятда «Демак, айтгин» дейилган. Бунинг сабаби шуки, аввалги оятларда саволлар бериб бўлинганида, тоғлар ҳақидаги савол ҳали берилмаган эди. Бу Қиёмат кунининг сирларидан биридир. Шунинг учун ҳам «Демак» боғловчиси келган.

﴿وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ﴾

«Бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Дуо қилгувчи Менга дуо қилганда, унинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара сураси, 186-оят).

Бу оятда «айт» сўзи йўқ. Чунки савол Аллоҳ таолонинг Ўзидан келган ва Ўзига жавоб қайтаришга У лойиқдир.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.