Home / Долзарб мавзулар / Исломда илм-маърифат / ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-2

ИСЛОМ ДИНИНИНГ МАЪНО-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА-2

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жоҳилият замонида араблар ҳам турли илмлар орасида адабий илмлар ва сўзга усталикда донг таратгандилар. Аллоҳнинг ирода-истаги шу бўлдики, Ўзининг сўнгги элчиси ҳазрати Муҳаммад Мутафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га буткул гўзал сўз ва иборалар билан безалган оятларни нозил этди. Мақсад сўз устаси бўлган арабларни Қуръон оятларининг ўта балоғатли ва гўзаллиги қаршисида тиз чўктириш эди. Тарихчи олим Ибни Ҳишом тарихий бир ривоятда қуйдагича келтиради:

«Бир тунда Абу Суфён, Абу Жаҳл ва Ахнас бир бирларидан хабарсиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйлари олдига бориб, Қуръони Карим оятларининг руҳни тинчлантирувчи оятлари тиловатига қулоқ тутдилар. Улар ўша жойда бир бирларини кўриб қолиб, Қуръон оятлари тиловатига қулоқ солганликлари учун ўзларини койигач, бундан буён Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйларига яқинлашмасликка қарор қилдилар. Аммо Қуръон оятларининг сеҳрли навоси уларни ўзига жалб этарди. Шундай қилиб эртаси куни ҳам тунда улар бир-бирларига айтмасдан яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйлари олдига бордилар. Қайтаётган пайтларида яна бир-бирларини кўриб қолдилар. Бу вазият уч кеча давом этди. Охир-оқибат учовлон қайтиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйларига яқин бормасликка келишдилар».

Мисрлик донишманд Доктор Тоҳо Ҳусейн ақидасига кўра, Қуръони Карим мўжизаси қалбларни асир қилиб, тилларни ожиз айлайди.

Шуни унутмаслик зарурки, Пайғамбаримиз Қуръони Каримдан ташқари бошқа мўжизаларни ҳам кўрсатганлар. Ушбу мўжизаларга ул ҳазратнинг фармонлари билан шаққул-қамар, яъни ойнинг иккига бўлиниши, тошларнинг у зотнинг пайғамбар эканликларига иқрор бўлиши ва дарахтнинг ул ҳазрат олдларига келиб, салом берганини санаб ўтиш мумкин. Аммо Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг энг муҳим ва қиёмат кунигача давом этадиган мўжизаларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бошқа мўжизалари бошқа пайғамбарлар кўрсатган мўжизаларга ўхшаб вақтинчалик эди. Табиийки, муайян вақтга алоқадор бўлган мўжизани келажак авлодлар кўролмайдилар ва ушбу мўжизаларга келажакда шубҳалар пайдо бўлиши мумкин. Мўжизани ўз кўзлари билан кўрмаган инсонлар унга ишонишлари қийин бўлади. Шунинг учун сўнгги пайғамбарнинг мўжизаси мангу бўлиши зарур эди. Қуръони Карим ўтмишдагилар учун ҳужжат бўлганидек, замон ўтиб илм-фан ва технология ривожланиши билан бирин-кетин ушбу илоҳий китобнинг янги мўжизалари очилиб, ҳар бир замон учун ҳужжат бўлиб қолмоқда. Мусулмон олимлар ўз таҳқиқотлари жараёнида Қуръони Карим мўжизаларининг янги қирраларини топмоқдалар. Жумладан, Жалолиддин Сивотий мўжизани икки қисмга, яъни ҳис-туйғу ва ақл орқали сезиладиган қисмларга ажратган. У бу ҳақда шундай ёзади:

«Ҳис-туйғулар орқали сезиладиган мўжиза олдинги пайғамбарларга хос бўлган. Аммо охирги пайғамбар Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бутун инсониятни ҳидоят қилиш учун юборилганлиги боис, у зотнинг мўжизалари мангу бўлиб, ақл-идрок ёрдамида сезиладигандир. Бу мўжиза Қуръондир».

Имом Фахри Розий ёзади: «Қуръон мўжизаси услубий баён, равонлиги ва нуқсонлардан холи бўлганлигидир». Ибн Атия ҳам Қуръон мўжизасини сўз равонлиги ва маъноларнинг тўғрилигида билади.

Қуръони Каримнинг муҳим хусусиятларидан бири шуки, инсониятни саодат томон ҳидоят қилишни кафолатлайди. Машҳур физика олими Алберт Анштейн: «Қуръон, алгебра ёки геометрия китоби эмас, Қуръон инсониятни тўғри йўлга етаклайдиган қонунлар мажмуаси бўлиб, дунёнинг энг буюк философлари бу йўлни ўзгартиришдан ожиз қолмоқдалар», деган.

Ушбу илоҳий китоб жоҳилият замонидаги ўжар арабларни ҳидоят қилиб, уларни бутпарастлик ва бузуқликлардан нажот берган ҳамда қисқа фурсат ичида улар орасидаги уруш ва хурофотларга барҳам берган. Ушбу илоҳий китоб жаҳолат ва нодонлик ботқоғига ботган арабларни асрлар давомида маданият, тарих ва ахлоқий фазилатларга безалган халққа айлантирди. Ислом дини Қуръони Карим таълимотлари асосида буюк ислом цивилизациясини яратган шахсларнинг фидокорликларига тўлиб тошган. Қуръони Карим ҳидояти билан жаҳолат ва нодонлик қоронғусидаги қалблар, билим ва ҳикмат нури билан ёришди.

Қуръони Карим ўз мўжизасининг исботи сифатида айрим оятларда Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саводсиз ва ўқимаган инсон бўлганликларига ишора этади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзлари ҳам кўп маротаба бу нарсани айтганлар. Ул ҳазрат ўқимаган бўлишларига қарамай, илм-маърифат ва тарбия-ахлоқ тушунчалари билан лимолим китобни келтирдилар. Ушбу ўта юқори даражадаги тушунчалар дунё олимлари ва файласуфларини лол қолдириб келмоқда.

Қуръони Карим ақлонийлик ва инсонийлик чегараларини қўриқлаш учун нозил бўлган илоҳий китобдир. Тарихчиларнинг эътиқодларига кўра, Қуръони Карим энг бебаҳо ва мангу ваҳий китобидир. Қуръони Карим инсониятга ҳидоят ва саодат йўлини кўрсатадиган ҳамда турли жиҳатлардан мўжизаларга бой бўлган мислсиз илоҳий китобдир. Қуръони Каримнинг мўжизавий жиҳатларидан бири, ушбу илоҳий китобнинг оятлари ўртасидаги тартиб ва кетма-кетликдир.

Инсон шахсий турмушида олган тажрибалари натижасида турли мавзуларга нисбатан қарашлари ўзгаради. Гоҳида инсоннинг муайян бир мавзу бўйича қараши буткул бошқа томонга ўзгаради. Бу нарса олимлар ва донишмандларда кўп кўзга кўринади. Бошқача сўз билан айтганда, инсон ақлининг самараси ўзгаришлар, қарама-қаршиликлар ва нуқсонларга тўлгандир. Аммо Аллоҳнинг сўнгги каломи Қуръони Каримда бу хусусиятлардан бутунлай узоқ бўлиб, унда ҳеч бир ўзгариш, ихтилоф ва қарама-қаршиликни мутлақо топиб бўлмайди.

Қуръони Карим илмий мавзуларда баҳс қилиш учун нозил бўлмаганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Қуръон фалсафий асар эмас, айни ҳолда жуда аниқ илмий ва фалсафий мавзуларни Қуръони Каримда топиш мумкин. Қуръони Карим энг олий саодат мактаби унвонида инсон турмушига тегишли турли мавзуларда муҳим принципларни баён этган ва бу принциплар нуқонлардан холидир.

Қуръони Карим 23 йил давомида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлди. Гоҳида бир саволнинг жавобида ёки битта илоҳий ҳукмни баён этиш учун оят нозил бўлган бўлса, гоҳида пайдо бўлган муаммоларни ҳал этиш учун нуроний оятлар ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўларди. Қуръон оятлари турли муносабатларда ҳамда турли вазият ва шароитларда нозил бўлган бўлса-да, лекин бу оятлар ўртасида заррача миқдорда зиддият ва қарама-қаршилик топилмайди. Бу эса Қуръоннинг мўъжизавий томонларидан биридир.

Аллоҳ таоло Ўзининг мўъжизаларга тўлиб тошган ушбу самовий ва нуроний китобидан баҳраманд бўлиб, ҳидоят ва саодат сари юзланишни ҳаммамизга насиб айласин!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ислом умматининг 73 фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиснинг таҳлили (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Демак, Ҳоким Нисобурий ўзининг «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн» китобида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.