Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / ҲАЁТНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ НАМУНАСИ 2

ҲАЁТНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ НАМУНАСИ 2

Сарвари олам Муҳаммад (с.а.о) нинг ҳаётларига бир назар

Пайғамбаримизнинг болалик чоғлари: Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) ибн Абдуллоҳ ибн Абдул Муталлиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф Макка шаҳрида дунёга келдилар.

Оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмуталиб ул зоти шариф тавуллуд топишларидан олдин вафот этгандилар. Сарвари олам ҳз. Муҳаммад (с.а.о) олти ёшга тўлганларида, оналари ҳазрат Омина ҳам оламдан кўз юмдилар. Саккиз ёшга тўлгунга қадар у буюк зотнинг тарбиялари билан боболари Абдулмуталлиб машғул бўлдилар, боболарининг вафотидан кейин эса амакилари Абу Толиб ҳз. Муҳаммад (с.а.о)ни ўз қарамоқларига олдилар.

У зотнинг ахлоқ-одоби ва юриш-туришлари инсонлар муҳаббатини ўзларига жалб қила бошлади. Ул ҳазрат ўз тенгдошларидан фарқланиб, ҳамиша озода ва ораста юрар эдилар, бошқа болар каби овқатни шошиб емас, балки кичик луқма олиб оз-оздан шошилмасдан таомланар эдилар. Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) на ёшлик пайтларида ва на улғайган чоғларида ҳам ҳеч қачон очлик ва сувсизликдан шикоят қилмаган эдилар. Амакилари Муҳаммад (с.а.о)ни жуда яхши кўрар эдилар ва ҳатто ўзлари билан бирга олиб ётар эдилар, у кишининг гапларига кўра, сарвари олам Муҳаммад (с.а.о) ҳеч қачон ёлғон гапирмай, безорилик қилмаган эканлар. Мен ҳеч вақт ундан сабабсиз юрганини кўрган эмасман, деганлар.

  Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) ўн уч ёшда бўлганларида амакилари билан Шомга сафар қилганларида, у буюк зотнинг маъсумликлари ва покликлари ҳаммага намоён бўлди. Араблар орасида тўғрисўз ва амонатдор хусусияти билан танилган Расулуллоҳ, Муҳаммади Амин, яъни ишончли зот, деган ном олдилар ва шу йилларда Ҳажарул-Асвадни Каъбага ўрнатишда катта ихтилофнинг олдини олиб, ўзлариннинг чуқур фикрлаш қобилияти ва зийракликларини намоён қилдилар. Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) дунёга ҳорис бўлмай, кўпинча дунёнинг яратилиши тўғрисида фикр юритар эдилар, ҳеч вақт бутга сиғинмаганлар ва бу хусусият билан бошқалардан ажралиб турар эдилар. У зотнинг ҳақ ворислари бўлмиш ҳз. Али ҳам Расулуллоҳ тарбиялари остида бўлганлари учун бошқа саҳобалардан фарқланиб, ҳеч қачон бутлар қаршисида бўйин эгмаганлар.

  ҲАЗРАТ ХАДИЧА (А.С)ГА УЙЛАНИШЛАРИ

  Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) йигирма беш ёшга тўлганларида ҳазрат Хадича бинти Хувайлидга уйландилар. Уша даврда ҳазрат Хадича қирқ ёшда эдилар. Ҳазрат Хадича (а.с) омонатдор бўлган Муҳаммад (с.а.о)га назарлари тушиб, ҳазрат Абу Толиб воситаларида ул зотга турмушга чиқиш ниятлари борлигини айтадилар. Бу икки буюк зотларнинг ўзаро муштарак ҳаёт қуришларида ҳазрат Абу Толиб восита бўладилар. Тарихда айтилишича, ҳазрат Хадичага кўплаб араб зодагонларидан совчилар келган эди, лекин ул ҳазрат ҳаммага рад жавобини берар эдилар. Кейинчалик кўп молу-давлатга эга бўлган ҳазрат Хадича ҳамма бойликларини исломни кенг ёйиш ишлари учун Аллоҳ йўлида сарф қилган эдилар. Пайғамбаримизнинг энг қийин кунларида ул зотнинг ёнларида елкама-елка туриб, тасалли бериб турган ҳам ана шу вафодор аёл эди.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ ҲАЗРАТ МУҲАММАД (С.А.О)НИНГ РАФТОРЛАРИ

  Ҳазрат Муҳаммад (с.а.о) одати шарифлари бўйича, кўп вақтлар Ҳиро тоғида ёлғиз қолиб, хилват қилган ҳолда Аллоҳ таоло билан розу ниёз қилар эдилар. Бошқа сўз билан айтадиган бўлсак, ҳатто пайғамбарлик вазифаси юклатилишидан олдин ҳам ширкдан пок бўлган ҳолда Ягона Парвардигорга тоат ва ибодат қилар эдилар. Ана шундай муқаддас мулоқотларнинг бирида, яъни ражаб ойининг йигирма олтинчисидан йигирма еттинчига ўтар кечаси ҳазрат Жаброил (а.с) тарафидан ул зотга Алақ сурасининг биринчи беш ояти нозил бўлди.

 Албатта ана шу ваҳий тушишидан олдин ҳазрат Муҳаммад руҳий жиҳатдан (тушлари, берилган башоратлар орқали) ваҳийни қабул қилиб олишга тайёр эдилар. Шунинг учун баъзи китобларда ёзилишича, Жаброил ул буюк зотни сиқиб ваҳий етказганлиги ва ул зотнинг ҳайрон бўлиб, нимани ўқий?- дейишлари ҳақиқатдан узоқдир. Умуман олганда, ваҳий нозил бўлиш муддати йигирма уч йил давом этганди. Ваҳий туширилиш муддати ўн уч йил Макка шаҳрида ва ўн йил эса Мадинаи мунавварада давом этган эди. Шунинг учун баъзи сураларни маккий ва баъзиларини эса маданий суралар, деб айтишади. Албатта баъзи оятлар Макка ва Мадина орасида ҳам нозил бўлган эди. Шунинг учун маккий ва ёки маданий, деб номланиши шартли равишда уламолар орасида келишилгандир, холос.

  Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (с.а.о) уч йил хуфиёна Ислом динига даъват қилдилар, сўнгра ўз яқин-қариндошларингизга етказиб қўйгинг, мазмунидаги оят нозил бўлди. Шундан сўнг ул зот аввало ўз яқинларини, кейин эса барчани яккахудолик ва худопарастликка ошкор даъват қила бошладилар. Айни шу замондан бошлаб худопарастлик даъватини ёқтирмайдиган Макка мушриклари Пайғамбаримизга тазйиқ ўтказиб, ул зотнинг сиқувга ола бошладилар. Лекин ҳазрат кўп машаққатлар чекишларига қарамай, ўн уч йил Макканинг сиқиқ вазиятида сабру-бардош билан ўз вазифаларини оғишмай адо этдилар. Ўн уч йилдан сўнг Аллоҳнинг изни билан Мадинага ҳижрат қилдилар. У ерда Ислом динининг тарқалиши учун қулай шароит яратилган эди.

  Гарчи ҳатто Мадинада ҳам яҳудийлар, мунофиқлар ва мушриклар кўп қийинчиликлар келтириб чиқарар эдилар, аммо шунга қарамай, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.о) бошчиликларида янги Ислом динини ҳимоя қилиш ва уни мустаҳкамлаш учун мусулмонлар мушриклардан иборат душманларга қарши кўп жангларда иштирок эдилар. Сабру матонат ва фидокорликнинг яққол намунаси бўлган бундай жанг ва жиҳодлар сабабли Ислом дини нобуд бўлмай, балки аксинча кундан кунга кучайиб борди. Зероки, Ислом дини инсонларнинг илоҳий фитрати (хилқати)га ҳамоҳанг ва яқин эди.

  ҲАЗРАТ МУҲАММАД (С.А.О) -ОЛИЙ ХУЛҚ СОҲИБИ

  Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (с.а.о) том маънода етукли ва комил инсон эдилар. Аллоҳ таоло у буюк зотни башариятнинг юксак намунаси сифатида Расулуллоҳ (с.а.о) сизлар  учун ҳар томонлама ўрнакдир, деб таърифлайди. Дархақиқат, сиз эй Расуллуллоҳ (с.а.о), буюк ахлоқ соҳибидирсиз. Агар сиз қаттиққўл, қўпол муомалали ва тошбағир бўлганингизда эди, бешак, одамлар сизни тарк қилган бўлар эдилар.

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

Аллоҳнинг раҳмати ила уларга юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, тошбағир бўлганингизда эди, шубҳасиз, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. (Оли Имрон/ 159-оят)

 Демак, Ислом дини пайғамбаримизнинг хушахлоқликлари ва хушмуомалаликлари боис, Арабистон ярим оролида ёйилди, кейинэсабутуноламниқамрайолабошлади Ҳазрат Муҳаммад(с.а.о) ҳеч вақт бекор бўлмаганлар. Аллоҳга қилган дуоларида шундай дейдилар: Ё Раббим, бекорлик ва дангасаликдан ўзинг асрагин! Адолат ва ҳақиқат тарафдори бўлган Расулуллоҳ (с.а.о) шундай деганлар: Ростгуйлик ва амонатдорлик пайғамбарлар таълимотида келган икки сифатдир. Пайғамбарнинг айтишларига кўра, жамиятнинг ҳар бир аъзоси зулм-зўравонликкага қарши чиқмоғи лозим бўлиб, томошабин бўлиб ўтириш тўғри иш эмас. Ул ҳазрат золим ва мазлумга ёрдам беринглар деб марҳамат қилганларида, Ё Расулуллоҳ, мазлумгаку ёрдам берамиз, лекин золимга нима учун ёрдам беришимиз керак?!- деб сўрашади. Шунда у зот зулм қилишига йўл қўйманглар деб жавоб берадилар.

  Хурматли ўқувчи! Бизнинг фисқу-фасодга тўлиб тошган давримизда ҳамма илоҳий пайғамбарларнинг, айниқса уларнинг охиргиси ва афзали бўлмиш сарвар олам ва хотамул-анбиёнинг ибратли хаётларини ўқиб ўрганиш олдимизда турган бурчимиздир. Ахир улар етукли ва комил инсон бўлиш учун энг юксак намуналардир! Хамма анбёлар гўзал хулқ-атворли, ростгуй ва самимийлик юзларидан балқиб турган инсон бўлишган. Шунинг учун оддий ва самимий одамлар уларни кўрганда ҳамиша оддий ва тўғрисўз пайғамбарга эргашишган. Иброҳим, Нуҳ, Мусо ва Исо (а.с) каби пайғамбарлар хаётлари бунинг яққол намунасидир. Хуш сўнгги пайғамбар Муҳаммад (с.а.о) қандай инсон эдилар?

  Шубҳасиз, у зот Қуръон оятларини ўқиб етказиб, инсонларни ҳидоят сари бошлар эдилар, содда ва тушунарли қилиб раҳнамолик қилар эдилар, хаётлари ўта содда бўлиб, кўпинча оч қолишга мажбур бўлар эдилар ва нодон хатокорларга нисбатан сабрли ва кечиримли эдилар. Хар куни кўчадан кетаётганларида бир яҳудий у зотни пойлаб туриб, томининг устидан кўмирнинг иссиқ кулини сочар эди. Расулуллоҳ (с.а.о) бир сўз демасдан четга ўтиб устиларини қоқиб, ўз йўлларини давом эттирар эдилар.

  Гарчи бу иш яна такрорланишини билсала-да, бошқа кунларда ҳам худди шу кўчадан ўтиб кетар эдилар. Кунлардан бирида яҳудийнинг йўқлигидан таажубланиб, табассум билан дўстим қаёрда?!деб сўрайдилар. Ўша яҳудийнинг бемор бўлиб қолганини билгач, уни кўргани боришим керак, дедилар. Хаста яҳудий пайғамбарни кўриб, эски қадирдон дўст каби сўраб сўрашишларидан уялиб қолади. Пок ва самимий қалбли Расулуллоҳ (с.а.о)дан ғаразли хатти-ҳаракатларни кўрмаган ўша яҳудий шахс, Ислом динига киради. Пайғамбар(с.а.о)нинг муҳим сифатларидан бири шу эдики, у зот Бадр жанги ва Макка фатҳи каби жангларда ғалаба қозонгандан кейин кибр-ғурурга берилмас эдилар, худди шунингдек, Уҳуд жанги каби мағлубият ҳам у зотнинг иродаларини бука олмас эди. Расулуллоҳ (с.а.о) ҳар қандай миллатчилик ва қабилачиликдан қайтарар эдилар.

  Ҳамма инсонлар Одам (а.с)дан тарқалган бўлиб, Одам (а.с) эса тупроқдан яралгандир-деб айтар эдилар. Озодалик- у буюк зотнинг муҳим хислатларидан бири бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.о) доимо ораста ва озода юрар, хушбўй атирлар сепиб, сочларини тараб, таҳоратли юрар, гўзал чеҳраларидан ҳамиша нур ёғилиб турар эди. Кунига бир неча маротаба тишларини тозалар эдилар ва бошқаларни ҳам тиш тозалашга буюрар эдилар. Намоздан олдин зийнатланишни яхши кўрар эдилар ва бошқаларга ҳам зийнатланишни буюрар эдилар. Тозалик имондандир, Ислом дини тозаликка барпо этилган, деб кўп таъкидлаганлар.

  Расулуллоҳ (с.а.о)нинг руҳий покликлари баданларидаги гўзаллик билан уйғунлашиб кетган эди Расулуллоҳ (с.а.о) рафторлари хусусида шуни айтмоқ лозимки, ул ҳазрат инсонлар орасида очиқ юзли ва доимо табассум юзларида кўриниб турган, лекин ўзлари ёлғиз қолганда эса ўйчан ҳазин бўлганлар. Ҳеч вақт одамлар юзига тик боқмас эдилар, биринчи бўлиб салом берардилар, оёқларини бировнинг олдида узатиб ўтирмас эдилар, бирор мажлисга бориб қолсалар, одамлар туриб жой беришига йўл қўймас эдилар, балки бўш жой топиб ўша ерга бориб ўтирар эдилар. Бирор шахс билан ҳамсуҳбат бўлганларида, унинг гапини бўлмас эдилар, балки диққат билан эшитиб, ҳурматини жойига келтирар эдилар.

  Буюк қалб соҳиби бўлмиш Пайғамбаримиз (с.а.о) ўч олишдан кўра кечиришни афзал кўрар эдилар.Уҳуд жангида севикли амакилари Ҳамза ибн Абдумуталлиб шаҳид бўлганида, қурайш мушриклари ҳатто у кишининг жонсиз жасадига раҳм қилмай, уни тинч қўйишмайди, лекин Расулуллоҳ (с.а.о) душман маййитлари билан бундай ваҳший муомалада бўлишга йўл қўймас эдилар. Абу Сўфённинг аёли Ҳинд асирликка тушганда, ундан қасос олмай, ҳатто саҳобаларга ҳам уни таҳқирлашни ман этгандилар. Мунофиқларнинг бошлиғи бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убай ўз жонини шаҳодат калимасини тилга келтириши билан сақлаб қолган эди. Лекин қалбида Пайғамбарга нисбатан адовати бўлгани учун Мадина яҳудийлари билан тил бириктириб, Мадинада ташкил этилган Ислом ҳукуматига қарши фаолият кўрсатиб, турли хил миш-мишлар тарқатар эди. Расулуллоҳ (с.а.о) нафақат саҳобаларга Абдуллоҳни таҳқирлашни ман қилгандилар, балки у бемор бўлганида, уни кўришга борар эдилар.Табук ғазотидан қайтаётганда айрим мунофиқ саҳобалар Пайғамбарнинг отларини чўчитиб, у зотнинг тоғ долонидан йиқилиб ҳалок бўлишларини истаган эдилар, лекин уларнинг ёвуз ниятлари амалга ошмади.

  Гарчи Пайғамбаримиз уларни таниган бўлсалар-да кимлигини ошкор қилмай, уларни жазоламадилар. Аллоҳ томонидан туширилган қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш Пайғамбаримизнинг муҳим сифатларидан биридир. Макка фатҳида; Бани Маҳзум қабиласидан бир аёл ўғриликда айбланиб, жазога маҳкум этилди. Шунда у аёлнинг яқин қариндошлари қабила шаънига доғ тушишини истамай, Расулуллоҳ (с.а.о)дан кечиришларини сўраб мурожаат қилишди. Лекин у зот шундай дедилар: Олдинги ўтган қавмлар баъзи қабилаларни жазолаб, баъзиларини кечириб, адолатни оёқ ости қилганлари боис, фасод ва ҳалокатга учраганлар. Жоним унинг қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, мен адолатни барпо қилиш йўлида ёнбосишларга йўл қўймайман, ҳатто агар жиноятчи менинг яқин қариндошим бўлса-да! Кунлардан бир кун Расулуллоҳ (с.а.о) масжидга келиб хутба ўқидилар, сўнг шундай дедилар: Аллоҳ онт ичаманки, Қиёмат куни золимлар кечирилишмайди. Мабодо, сизларнинг бирортангизга зулм қилган бўлсам, мен жавобига ҳозирман.

  Шунда Савада ибн Қайс ўрнидан туриб шундай деди: Ё Расулуллоҳ, Тоифдан қайтган кунингиз ҳассангиз билан менинг қорнимга урган эдингиз, оғриган эди. Расулуллоҳ(с.а.о.в): Мен бу ишни қасддан қилмаган эдим дедилар. Шунга қарамай, мен жавобгарман ва жазоланишим керак, дедилар ва уша ҳассани келтиришни буюрдилар. Ҳассани Савадага бериб, Қайерингга урган бўлсам, сен ҳам ўша еримга ургин, токи, қасос олишинг қиёматга қолмасин, дедилар. Савада: – Мен сизни кечирдим, ё Расулуллоҳ, – деди.

  Пайғамбар (с.а.о): – Аллоҳ ҳам сени кечирсин,- деб марҳамат қилдилар. Ҳа, адолатни инсонлар жамияти орасида ўрнатиш деб шунга айтилади! Адолат шиорини бериб, уни китобларда ёзиш ёки нутқ сўзлаганда тилга олиш билан адолатли жамият қуриш мумкин эмас.

УМРЛАРИНИНГ ОХИРИ

  Ҳижратнинг 10-йили ҳаж маросимидан сўнг, пайғамбаримиз Ғадир хум номли ерда кўп сонли саҳобалар орасида расмий равишда Али (а.с)ни ўзларининг ўринбосари ва умматнинг йўлбошчиси сифатида таниттирганлар, бу билан ўзларининг пайғамбарлик вазифаларини адо этдилар. Бир йил ўтгач, ҳижратнинг ўн биринчи йили Сафар ойининг йигирма саккинчи куни бу фоний дунёни тарк этдилар. Аллоҳнинг дуруду-салавоти ул зотга ва Аҳли-Байтларига бўлсин!

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.