Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Расулуллоҳ донишмандлар нигоҳидан (2)

Расулуллоҳ донишмандлар нигоҳидан (2)

    Америкалик профессор Карл Эрнест ёзади:
  «Илоҳий пайғамбарларни Парвардигор нопоклик ва адашишлардан муҳофаза этган, башариятнинг энг комил намояндаларидир. Акс ҳолда улар одамизод фарзандларининг ахлоқий ва диний мураббийлари бўла олмас эдилар.

Борлиқ олам, дунёнинг ўтмиш ва келажаги ҳақидаги маърифат ва ҳақиқатлар фақатгина илоҳий ваҳий орқали башариятга етказилади. Арабистон ярим ороли зулумотида Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) каби буюк диний раҳбарнинг юзага келиши Аллоҳ таолонинг инсониятга нисбатан чексиз лутфу иноятидир.»

  Америкалик профессор Карл Эрнест ислом дини ҳақиқатларини ошкор этиш бобида жуда кўп тажрибалар ўтказган. Унинг фикрича, бирор бир дин исломчалик ғарбликларнинг меҳрсизлиги ва бадбинлигига учрамаган.
  Профессор ғарбликларнинг ислом ва унинг улкан пайғамбари ҳақидаги фикр-қарашларини ислоҳ қилиш мақсадида «Муҳаммадга иқтидо» китобини ёзди. Китоб 2002 йили нашр этилди. Унинг фикрича, бугунги дунёда ислом дини икки томондан ҳужумга учрамоқда. Биринчиси, Европа ва Америкадаги исломга нисбатан гина-кудурат ва бадбинлик уруғини экадиган шарқшунослар томонидан бўлса, иккинси эса исломий мамлакатларда мавжуд бўлган Ал-қоида, Толибон ва Ваҳобийлар каби оқимлар томондандир.
  Бундай оқимлар ғарбнинг оммавий ахборот воситалари учун яхшигина озуқа тайёрлаб беришади. Бу ўртада шон-шарафи ва қадриятлари топталанилаётган кишилар эса юз миллионлаб замондош мусулмонларимиздир. Бу бечоралар ғарб маданияти рўйхатида ҳам йўқдирлар ва Бен Лоданга ўхшаганларнинг экстремистик қарашларига ҳам шерик эмаслар.»
  «Муҳаммадга иқтидо» китоби олти бобдан иборат. Унинг учинчи боби «Исломнинг муқаддас матнлари» деб номланган бўлиб, у Қуръон ва ислом пайғамбарига бағишланган.
Бу бобда профессор Карл Ғарбга шундай мурожаат қилади: «Сиз ислом пайғамбарига жаҳолат пардаси ортидан қарайсиз. Ваҳоланки, ислом юзага келган пайти яҳудий ва насронийлар ислом пайғамбарига ҳеч қачон бунақа муносабат қилмаганлар.»
  Ушбу америкалик тадқиқотчи ёзади:
  «Муҳаммаднинг шахсияти комил ва кўп қиррали инсондир. Шу сабабли уни бирор бир воқеага боғлиқ деб, қисқагина изоҳлаш мумкин эмас. Худди Исо Масиҳ ҳақида гап кетганида унинг касби ёки ота-онаси ҳақида маълумот бериш билан чекланиш ножоиз бўлгани каби. Яхшиси у билан бадиий асарлар орқали танишишга имкон беринг.
Ислом пайғамбари ҳақида бундай асарлар жуда кўп ёзилган. Бир хушнавислик лавҳасида мўътабар иборага кўзим тушди. Унда Аллоҳ Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бутун оламларга тегишли мақомларини қуйидагича эълон қилади: «Эй Расул! Биз сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юбордик.»
  Бошқа бир лавҳада куёвлари Али (а) Аллоҳ Расулининг содда ва самимийлигини шундай тасвирлайди: «Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўрта бўйли, узун сочли эдилар. Юзлари оппоқ, кўзлари қора, киприклари узун, йўл юрганда худди тепаликдан пастга тушаётган каби елкаларида нубувват муҳри бор эди. Юзлари ўн тўрт кунлик ой каби порларди.»
Бу иборалардан ислом пайғамбарининг ҳеч кимга ўхшамайдиган хусусиятлари киши онгида жилваланади. Ҳа, у Аллоҳ наздида юксак мақом ва мартабага эга бўлган Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), раҳмат элчиси эди.»
  Карл давом эттиради: «Муҳаммад шахсининг кўп қирралилигини, унинг садоқатли ва амин киши бўлганлигини ҳамма бир овоздан тасдиқлашади. Шу сабабли унинг тахаллусларидан бири Амин эди. У ёшлигидан бирор бир муаммо вужудга келса, бетараф ҳакам сифатида танилган эди. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сўзлаган нарсалар ҳайратланарли бўлиб, одамларнинг таважжуҳини ўзига жалб қиларди. Таълимотининг асосий хусусияти куфр ва ширкка қарши бўлиб, Аллоҳга имон келтиришни тарғиб қилар эди. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жамиятнинг аҳлоқий асосларини ислоҳ қилишга ошкора киришди.»
  Бу ғарблик файласуфнинг нигоҳи бўйича, тадбирли, иқтидорли раҳбар бўлган Муҳаммад билан раҳмат элчиси бўлган Муҳаммад ўртасида қарама-қаршилик йўқ.
Исломнинг Муқаддас Китоби -Қуръони Карим пайғамбарни яхшиликларнинг сарчашмаси деб атаган. Шу сабабли бу динга эргашувчилар ўз пайғамбарларининг суннат ва юриш-туришларини синчиклаб ўрганишади. Уни яшаш тарзи ва одоб-аҳлоқда ўзларига намуна деб билишади.
  Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) одамлар билан хоҳ у шахс қудрат ва давлат соҳиби бўлсин ёки оддий фуқаро бир хил муомалада бўлардилар. Бу рафторлари билан ўз умматларига адолатни намойиш этардилар.
  Карл бу улуғ инсон ҳақида айтилган минглаб хусусиятлар орасида унинг ижтимоий адолат ва эркинлик мафкурасининг асосчиси эканлиги хусусияти бўртиб туришини таъкидлайди. Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг имон ва маънавияти уни фақатгина ахлоқий томондан хидоятчи эмас, балки жаҳонда порлаб тургувчи абадий нур сифатида таништиради.
  «Муҳаммадга иқтидо» китобида муаллиф пайғамбарнинг уйланишлари ҳақида баҳслашишни беъмаънилик деб атаб, ёзади:
  «Уни Исо (алайҳис салом)нинг роҳибона сўққабош ҳаёти билан солиштирган масиҳийлар ислом пайғамбарининг уйланишларини унга қарши бадбинлик тарғиботи воситасига айлантиришган. Насроний дин пешволарининг ҳазрат Марям бокиралиги ва унинг порсолик ҳаёт тарзи ҳақидаги қайта-қайта уқтиришлари ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг уйланишларининг бу дин вакиллари томонидан манфий ҳодиса сифатида қабул қилинишига сабаб бўлгандир.»
  Карл ёзади: «Дарвоқе, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам таъсирчан раҳбар, ҳам меҳрибон ота эди. Ул ҳазрат пайғамбар ва сиёсий раҳбар сифатида амал қилган пайти оталик ва оила бошлиғи вазифасини ҳам бажарар эдилар. Ул ҳазрат оила ва фарзандларини жуда яхши кўрар эдилар. Тўғри, ҳазрат Хадича вафотларидан сўнг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир неча маротаба уйландилар. Аммо бу уйланишлардан айримлари қабилалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш каби сиёсий мақсадларни кўзлаган эдилар.»
  Америкадаги Королина университетининг профессори Карл Эрнест «Муҳаммадга иқтидо» китобининг бу бобига қуйидаги сўзлар билан якун ясайди:
  «Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умрларининг охирида улкан ҳудуддаги жамиятнинг раҳбарлигини зиммага олдилар. Раҳматал-лил оламин бўлган бу улуғ зот Арабистон ярим оролидаги барча қабилаларни бирлаштиришга муваффақ бўлдилар. Муҳими шулким, ягона Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг илоҳий ваҳийга асосланган таълимотлари инсоният жамиятига ибодат, идеал ахлоқ, ижтимоий тизим, бир сўз билан айтганда одамларга эзгу яшаш тарзини ўргатдилар.
Пайғамбар таълимотидан келиб чиққан қоида ва қонунлар башариятни қиёмат кунигача яхшилик сари ҳидоят этади.»
  Тарих саҳифаларида жаҳонгир императорларнинг ғалабалари ҳақида ҳикоятлар мавжуд. Улар улкан қасрларда зару зеварлар билан ҳаёт кечиришган. Миср, Эрон ва Юнонистондаги шукуҳли қасрлар жаҳонгир шоҳлардан қолган ёдгорликдир. Аммо қудрат ва сарватнинг соҳиби бўлган бу шаҳаншоҳлар ўз найранглари ила абадий қолиш учун қанчалик ҳаракат қилишмасин, замон ўтиши билан унутилиб кетишди.
  Минглаб заҳматкаш кишиларнинг азоб-уқубатли машаққатлари орқали қурилган ҳашаматли қасрлар уларнинг абадийлигини таъмин этолмади. Дунёга довруқ таратган бу шаҳаншоҳлар дунёни тарк этишлари билан номлари ҳам унутилди.
  Тарихда ўзидан инсониятнинг саодатга эришиш йўлини кўрсатувчи арзирли қадриятлар қолдирган шахсларнинг номи абадий қолади. Илоҳий пайғамбарлар ана шундай эзгу инсонлар жумласидандир. Улар устувор қадамлар ила Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан юришди. Одамларни жаҳл, нодонлик ва зулм-ситамдан халос этиш учун ҳаракат қилишди.
Башарият йўлбошчилари орасида ислом динининг улуғ пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятлари қуёш каби порлаб туради. Зеро, ул ҳазрат одамизодни бахт-саодат манзилига бошловчи илоҳий бир дастур келтирдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келишлари билан ҳақ ва ботил йўллари бир-биридан фарқланадиган бўлди.
  Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятлари ва бу намунали инсоннинг тарихдаги яратувчанлик мавқелари ҳақида жуда кўп гапирилган олди-қочди гаплар ва ҳангоматалабликни йиғиштириб қўйиб, Аллоҳнинг ҳабиби ва ул ҳазрат келтирган дин ҳақидаги ҳақиқатларни тадқиқ қиладиганлар орасида ғайри мусулмон олимлар ҳам оз эмас.
Европалик адиб ва тадқиқотчи Вержил Константин Георгий ана шулар жумласидандир. Унинг фикрича, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бетараф инсонлар томонидан қайта кашф этилиши лозим бўлган пайғамбардир.
  У ёзади: «Муҳаммад бин Абдуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) том маънода азоб-уқубат чеккан раҳмдил инсон эди. Болалик ва ёшлик чоғида дунёнинг азоб-уқубатларини чеккан машҳур шахслар орасида пайғамбарчалик азоб-уқубат чекишиб, аҳли башар учун ғамхўр бўлган кишини учратиш қийин.
Қуръон ҳам етим ва йўқсилларга таважжуҳ айлаб, уларга кўмаклашишга, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) издошлари бир-бирларига меҳрибон ва ғамхўр бўлишларини тавсия қилади.

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.