Home / Исломда оила / Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (1)

Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (1)

Инсон организми турли хил қисмлардан ташкил топгани ва уларнинг орасида табиий робита мавжуд бўлгани каби жамият ҳам оила деб, номланган кичик қисм ва бўлимлардан ташкил топган.

Оиланинг бутун аъзолари орасида бир-бирини тушуниш, самимият ва меҳрибонлик ҳукм сурса ва бутун аъзолар бир-бирлари ила занжир каби силкинмас алоқа ярата олсалар ва шу тартибда уларнинг орасида бирлик ва xос боғлиқлик мавжуд бўладиган бўлса, шудай ҳолда тўғри ва комил бир ташкилот юзага келади. Натижада, соғлом ва кучли бўлган, саодатга етиш учун аъзоларнинг бутун кучларини сафарбар этган оила яралади.

  Агар бунинг тескариси бўладиган бўлса, ушбу кичик бўлинма ва бирликлар ўртасида зиддиятлар яралади ва оила тартибсизлик оқибатида қулаб нобуд бўлади. Инсоннинг фитрати[1] ўз ҳаётини қўриқлаб давом эттирмоқни талаб этади. Бу мақсадга етмоқ учун у ҳар қандай восита ёрдамида тиришади. Инсоннинг бу ҳадафини таъмин этиш учун энг яxши ва энг осон йўл насл етиштирмоқдир. Зеро, авлод инсон вужудининг бир қисми ва унинг ҳаётининг давомчиси демакдир. Фитратнинг бу кескин истагига оиланинг ташкил этилиши билан жавоб берилади.

  Инсон фаолиятларининг муҳим бир қисми ва унинг иқтисодий ҳаракатлари оиланинг яшаш эҳтиёжларини таъминлаш учун назарда тутилади.

  Оиланинг яралиш сабаблари ҳақида турли-туман фикрлар мавжуддир. Баъзилар никоҳнинг ва оиланинг ташкил этилишини жинсий майл ва иштиёқларнинг таъмин қилинишига xизмат қилади, деган фикрларни илгари сурадирадилар. Бошқалар эса, масаланинг иқтисодий тарафини бўрттириб, никоҳ икки оила орасидаги тижоратнинг бир туридир, деб айтадилар. Бундай фикрлар никоҳнинг асл ҳадафидан, унинг ижтимоий зарурат эканидан ва янги инсон насли етиштирмоқ мақсадидан жуда узоқдир. Германиялик жамиятшунос Муллер Лир уйланишнинг сабаблари борасида бундай дейди:

  «Одамларни уйланишга ундайдиган уч омил бор: Иқтисодий эҳтиёж, фарзандга эътибор қаратмоқ майли ва ишқ-муҳаббат. Ҳар бир жамиятда бу омилларнинг бўлишига қарамай, уларнинг аҳамияти турли хил даврларда бир-биридан фарқли бўлган. Башарият ҳаётининг аввалларида иқтисодий омилнинг аҳамияти жуда улкан эди. Ҳолбуки, қадимги тамаддун (цивилизация)ларда фарзандга эътибор қаратмоқ истаклари ва бугунги маданиятларда эса мансаб ва мақомга бўлган иштиёқ устун ва муҳим саналади.»[2]

  Ислом иффат ва маънавий покизаликни қўриқлаш учун энг яxши восита бўлмиш оила ташкил этишга тарғиб этиб, фитратнинг нидосига ижобий жавоб беради ва оила қуришни виждонли, ҳалол ва тўғри фарзандлар етиштириб, насл сақлаб қолинишининг ягона воситаси деб, билади.

<وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّهِ هُمْ يَكْفُرُونَ>

  «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан [ўз жинсингиздан] жуфтлар яратди ва жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларни ҳалол- покиза ризқлардан баҳраманд этди. Улар ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига кофир бўладиларми?!» (Наҳл сураси, 72-оят.)

  Ислом ёшларнинг жинсий кучлари ўз табиий йўлидан чиқиб оғиб кетишининг олдини олмоқ учун ва уларга бу жинсий майлларнинг сиқувидан нажот бермоқ учун оила бошлиқларига вояга етган ёшларнинг уйланиши учун керак бўлган воситалар ва шароит яратишни тавсия этади. Негаки, ўзлари учун оила қуриш имконига эга бўлмаган ёшлар жинсий майл ва иштиёқларнинг таъсири остида фасод ва хилма-хил бузуқликларга мубтало бўлиб қоладилар. Шунинг учун ҳам, ислом дини ота-оналарни ўз фарзандларини уйлантирмоқ ишида маъсул деб билиб, ота-оналарни ўз фарзандларининг имонини, ахлоқини ва руҳий осудалигини сақлаб қоладиган бу инсоний вазифани бажаришга тарғиб этади.

  Ислом оила ўчоғининг сақлаб қолинишини турли-туман фасод ва бузғунликларнинг олдини олиш учун ягона йўл деб билади. Чиндан ҳам, соғлом оила ҳаёти инсон жамиятининг бахтли яшашини таъмин этадиган муҳим омиллардандир.

  Бир кун пайғамбаримиз Муҳаммад Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) минбарга чиқиб, халққа шундай марҳамат қилдилар:

  «Эй мусулмонлар, сизнинг қизларингиз дарахтда етишган мевалар сингаридирлар. Агар вақти етганда мева териб олинмаса, қуёш нури ва об-ҳавонинг таъсири уни айнитади. Қизларингизни ҳам, вақтида эрга бермасангиз ва никоҳ орқали уларнинг руҳий соғлом қолишларини таъминламасангиз, фасод ва бузғунликларга дучор бўлишларидан омонда бўлмагайсиз. Зеро, улар ҳам инсондирлар ва уларнинг ҳам инсоний эҳтиёжлари қонтирилмоғи лозимдир.»[3]

  Имом Боқир (алайҳис салом) нинг яқин одамларидан бири бўлган Али ибн Асбот, ул ҳазрата ёзган мактубида айтади: «Қизларимга сазовор ва муносиб умр йўлдоши топа олмаяпман. Вазифам нимадир?» Ҳазрат унинг саволига жавобан шундай ёзадилар:

  «Ҳар томонлама маъқул бўлган, ўзинг хоҳлаган йигитнинг топилишини кутмагин. Чунки, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай буюрганлар: Агар қизларингизга уйланиш учун ёш йигитлар элчи бўлсалар ва уларни диний ва ахлоқий жиҳатдан ёқтириб маъқулласангиз, қизларингизни бундайларга узатинг. Акс ҳолда, ўғил ва қизларингизнинг фасод ва бузғунликка йўлиқиб, йўлдан чиқиб кетишларидан омонда бўлмагайсиз.[4]»

  Ислом уйланмоқ масаласида ҳеч бир тўсиқ ва қийинчилик яратмайди. Балки ушбу табиий кучдан жамиятнинг манфаати йўлида xизмат қилиш ҳамда шахсий ҳаётда фойдаланади ва бу йўлда бор кучи ила тиришади. Уйланиш инсоннинг ҳаётда жисмоний ва руҳий осудалигини таъмин этиши билан бирга, руҳий, ахлоқий ва фикрий осойишталикдан иборат инсон саодатининг пойдеворини ҳам яратади. Чунки, руҳий ташвиш ва хавотирланиш ҳолатида бўлган шаxслар ҳақиқий саодатнинг қадр-қийматини фаҳмлай олмайдилар.

  Ислом нуқтаи назаридан никоҳ деб аталмиш бу инсоний боғлиқлик юракларнинг муқаддас боғлиқлиги ва осудалик омилидир. Никоҳ алоқаси ҳар икки тараф соғлом ва осуда ҳаёт кечириш имконини қўлга киритишлари учундир. Шу боис, ислом унга енгиллик ва покизалик баxш этади ва инсонлар вужудининг тубида меҳр-муҳаббат уруғини сочади ҳамда унга инсонийлик руҳияти, севги ва марҳамат шабадаси ато этади.

<وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ>

  «Ва сизларга осудалик топишингиз учун ўз жинсингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда дўстлик, севги ва марҳаматни пайдо қилгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир.» (Рум сураси, 21-оят)

  Ислом дини оила аъзолари орасида алоқаларни мустаҳкамламоқ мақсадида, бунга оид бўлган бутун қонун-қоидаларни баён этади ва уларнинг ўртасидаги боғлиқликни ўта аниқ шаклда тузади. Қуръони Карим уйланишни «мустаҳкам аҳд-паймон» деб номлайди[5] ва ундан мақсад моддий ҳадафлар бўлмаганини кўрсатади. Оила аъзолари орасида маънавий бирдамлик яралиши учун, ислом уларнинг барча вазифаларини комил суратда муайян этади.

<وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ…>

  «Эр ва хотиннинг бирбирларига нисбатан бўйинларида ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари бордир.» (Бақара сураси, 228-оят)


[1]. Аллоҳнинг яратишидаги табиий хусусиятга «фитрат» дейилади.
[2]. Самуил Кингнинг жамиятшунослик китоби, 232-бет.
[3]. Васоилуш-шиа китоби, 14-жилд, 22-боб, 39-бет, 2-ҳадис.
[4]. Васоилуш-шиа китоби, 14-жилд, 51-бет, 28-боб.
[5]. Нисо сураси, 21-оят. <وَأَخَذْنَ مِنْكُمْ مِيثَاقًا غَلِيظًا >
Share

Check Also

Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Келинг, Мардларча Яшайлик, Эй биродар! Оила ва ҳаётга оид айрим муаммоларни фақат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.