Home / Исломда оила / Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим

Келинг, Мардларча Яшайлик, Эй биродар!

Оила ва ҳаётга оид айрим муаммоларни фақат эркаклар ўқиб ўзларини текширсинлар, деб ушбу мақолани ёздик.

Бизнинг ҳис-ҳаяжон ва қийинчиликларга тўлган замонамизда энг катта мушкулотлардан бири охирги пайтларда талоқлар сонининг кўпайганидир. Агар қилинган талоқларнинг сабабини мутахассисларча таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги натижага етишимиз мумкин:

Ҳозирги замонда қилинадиган талоқларнинг аксарияти эркакларнинг оиладаги нуфузлари тушиб кетганлиги сабаблидир.

Бошқача ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги эркаклар (албатта, ҳаммаси эмас, лекин аксарияти) аввалгилар каби шижоатли ва мард эмаслар. Улар оилаларида ўз аёлларининг олдида унчалик ҳурмат-эътиборга эга бўлмай қолдилар. Оиланинг таянчи эмас, балки оиланинг бир оддий аъзосига айланиб қолганлар. Бу аянчли ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларига қуйидагилар киради, дейишимиз мумкин:

Чет эл киноларининг (ғарб давлатларининг) тез-тез намойиш этилиши ва уларда аёллар оқил раҳбар ва йўлбошчи сифатида талқин этилиши, ҳатто ўзимизда чиқадиган баъзи сериалларда эркакларни ичкилик ичувчи нодон ва аёлларни эса оқил қилиб кўрсатиш (минг афсуски, бу ҳақиқатдан йироқ эмас), аёлларнинг юқори саводга эга бўлганликлари ва баъзида эса эркакларнинг илмий сатҳидан ўзиб кетишгани ва бошқалар…

Албатта, санаб ўтилган сабаблар ўз салбий тасирини кўрсатганлигига шак-шубҳа йўқ.

Лекин яна бир муҳим омил борки, бу ҳақда кам сўз юритилади, у ҳам бўлса, ўғил болалар тарбиясидир. Агар ҳеч бўлмаса бундан 30-40 йил олдинроққа назар ташлайдиган бўлсак, унда у пайтларда ўғил болалар тарбияси тубдан фарқ қилган эканлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, илгарилари ўсмир йигитлар оталари ёки акаларига оғир ишда кўмаклашар эдилар. Ҳатто дарс ўқийдиган бўлсалар ҳам, дарсдан кейин оталарининг ишхоналарига бориб кўмаклашар эдилар, ёз фаслида эса уч ой таътилда бирон ишнинг кетидан тушиб шогирдлик қилар ва ёки бирор бир бошқа ишни қилар эдилар. Қисқаси, бекор қолмасдилар.

18 ёшга етганларида эса йигитни йигит, эркакни эркак қиладиган ва уни мустаҳкамлаб чиниқтирадиган ҳарбий тарбия ва хизмат бўлмиш армияга кетар эдилар. Армияга бориб хизмат қилмаслик йигит киши учун ор ҳисобланар эди. Унинг устига, ўша даврдаги Армия бугунги кундагига алсо ўхшамас эди. Узоқ ва ғариб ўлкада қийинчиликлар билан икки йил хизмат қилинар эди. Ҳозирги кунда эса бегона юртга кетиш йўқ, шароитлар анча яхшиланган, лекин шундай бўлса ҳам аксари ота-оналар пул бериб бўлса-да, ўғилларини армия хизматига юбормай олиб қолишга ҳаракат қилишади.

Аксари ёшлар дарс, мусиқа ва компютерга қизиқадилар (албатта, бу яхши ҳол), лекин ҳаёт дарси ва чиниқиш жиҳатидан эса етилмайдилар. Нимжон ва қийинчиликларга сабри йўқ йигитлар “ҳақиқий эркакларча оила бошлиғи” бўла оладиларми?!

Ўша пайтларда армиядан келган йигитлар тахминан ҳаёт машаққатларига чиниққан эркак бўлиб келишар эди. Шунинг учун ота-оналари улар армиядан қайтиб келгунларигача бирорта қизни кўз остига олиб қўйишар эди, йигит келгач эса дарров тўй ҳам қилинар эди. Шундай қурилган оилалар мустаҳкамроқ бўлган. Бундай оилаларда оилавий муҳит ҳам соғлом бўлган, нега деганда эркак эркакка ва аёл аёлга ўхшаган.

Аслида йигитни қизлардан ажратиб турадиган нарса уларни эркакчасига чиниқтирган ҳарбий хизмат деб қарайдиган бўлсак, армияга бормаган ёки умуман қийинчиликни бошидан ўтказмаган йигитнинг дарсларини яхши ўқиган ёки бирор тайинли ишда ишлайдиган қиз бола олдида қандай имтиёзи ва устунлиги бўлиши мумкинки, эртага оила қурганда, йигит: “Мен оила бошлиғиман” деб айта олсин?

Шунинг учун еттинчи имомимиз ҳазрат Мусо бин Жаъфар ал-Козим (алайҳис салом) шундай деб марҳамат қилганлар: «Яхшиси болалар кичикликда қийинчиликларни кўрсинлар, (чунки, қийинчиликсиз ҳаёт йўқ, аммо кичиклигида кўрганлари афзалдир) шунда катта бўлганларида сабрли ва чиниққан бўладилар».

Ҳа, имом айтганларидек, агар йигит киши ёлғизлигида қийинчиликларни енгишни ўрганган бўлса, эртага аёли ва бола-чақасининг олдида ҳам қийинчиликлар баробарида эсанкираб қолмайди, тоғ каби метин бўлиб оиланинг таянчи бўла олади.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай деб марҳамат қилганлар:

«Инсоннинг қиймати унинг қўлга киритган тажрибаларидадир. Кимки, ўз тажрибаларидан ўринли фойдаланса, ўз ишларини муназзам ва тартибли қилиб бошқара олади».

Эътиборингизга эркаклар учун фойдали бўлган баъзи тавсияларни бермоқчимиз. Бу тавсияларни келтиришдан уч мақсадга етишни кўзлаганмиз. Бири – эркаклар ота-боболаримизга ўхшаймиз, деган иддао билан ўзларини катта тутмай, балки ўз нуқсонларини ислоҳ қилишлари.

Иккинчиси – эркакларнинг оилада тутган ўринларининг пасайиши қутулиб бўлмайдиган балодир, деб фикрламаслик, балки эркаклар илгаридагидек, оилани мардона ва оқилона идора этмоққа ҳаракат қилишлари кераклиги ҳамда эркакларнинг раҳбарлик ўринлари мантиқий суратда яна жамиятга қайтиб келиши лозимлиги.

Учинчиси – мабодо фарзандларимизни, айниқса ўғил болаларни эрка ва роҳатталаб қилиб тарбияламаслик; шунда ва фақат шундагина бизларда, яъни бугунги эркакларда юзага келган мушкулотлардан қутула олишимиз мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.