Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Ислом- озодлик ва адолат дини (3)

Ислом- озодлик ва адолат дини (3)

«Маданий» ўлкалардаги кўпгина инсонлар ҳануз ҳам ирқий ва миллий фарқларнинг башарият учун ҳеч бир устунлик бўла олмаслигини англай олмайдилар. Аммо тарих бўйлаб ирқий фарқ қўйишлик масаласи мусулмон жамиятларида бўлмай, қора танлилар доим бошқа мусулмонлар билан тенг ҳуқуқли танилиб,

улар бошқалар сингари бутун диний, ижтимоий ва сиёсий ишларда фаол иштирок этганлар. Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мусулмонларга намуна бўлмоқ учун ўз амма қизларини авваллар қул бўлган Зайд ибн Ҳорисага узатгандилар. Бир кун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз мажлисида қора танли ва қашшоқ, бироқ тақво соҳиби бўлмиш Жувайбирга шафқат-ла боқиб, шундай марҳамат қилдилар: «Жувайбир!, сенинг билан ҳаётингга шерик бўладиган, дунё ва оxират ишларида сенга ёрдам берадиган бир хотин танласанг, қандай ҳам яxши бўларди.»

  Жувайбир бундай жавоб берди: «Отам ва онам сизга фидо бўлсин! Қайси аёл менга тегишга рози бўлади? Менинг насл-насабим, мол-давлатим ва ҳусним-чиройим йўқдир, қайси аёл мен билан яшашга рағбати бўлади?»

  Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар:

  «Аллоҳ таоло жоҳилият даврида халқ устидан ноҳақ ҳукмронлик қилганларнинг ҳукмронлигини бекор этди ва Исломдан олдин маҳрум ваоғир аҳволда бўлганларни шарафли ва ардоқли мавқега кўтарди. Жоҳилиятнинг қоронғи даврида хор ва залил бўлганлар азиз ва қадрли бўлдилар. Ислом орқали асоссиз қабилавий ва ирқий фахрланиш одатлари қулади. Эндиликда эса араб ва ажам, оқ ва қоратанлиларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуққа моликдирлар. Инсонларнинг ҳаммаси Одам (алайҳис салом)дан яралганлар ва Одам эса, Аллоҳ тупроқдан яратиган бир инсондир. Аллоҳнинг даргоҳида энг севимли одам Унга энг кўп итоат қилган ва энг тақволи бандалардир.

  Эй Жувайбир! Мен бу кун ҳеч кимни сендан устун деб билмайман, илло у шахснинг тақвосива Аллоҳга бўлган итоати сендан кўра ортиқроқ бўлса (шундагина уни сендан устун деб биламан.)

  Тезда Бани Баёза қабиласининг энг шарафли кишиси бўлмиш Зиёд ибн Лубайднинг ёнига бориб, унга: «Мени Расулуллоҳ юбордилар ва қизингизни менга узатишингизни сизга буюрдилар», деб айтасан.»

  Ўша вақт Зиёд ўз қабиласидан бўлган бир неча шаxслар билан уйида ўтирган эди. Жувайбир уйга киришга изожат олиб, Зиёдга ва мажлисдагиларга салом берди. Сўнгра Зиёдга қарата деди:

  Зиёд ибн Лубайд! Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) менинг сизлар бўлган ҳожатим юзасидан сизнинг ёнингизга муҳим бир хабар билан юбордилар. Уни одамларнинг ёнида ошкора айтайми ёки ёлғиз ҳолда?

  Зиёд деди: Нима учун ёлғизликда ва яширин ҳолда айтишинг керак экан? Ошкора айтгинки, мен пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хабарларини ўзимга фаxр деб биламан. Шундай экан, шу ерда айта қўя қолгин, ҳазрат нима дебдилар?

  Жувайбир деди: Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сиз ўз қизингизни менга узатишингизни айтиб юбордилар.

  Зиёд унга жавобан деди: Биз ансор гуруҳи қизларимизни ўзимизга тенгдош ва шон-шўҳратимизга муносиб бўлмаган шаxсларга узатмаймиз. Қайтиб бор ва менинг узримни Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га етказгин.

  Жувайбир орқасига қайтиб вазиятни ҳазратга етказмоқчи бўлди. Шу пайт Зиёд сўзидан пушаймон бўлиб, Жувайбирни йўлдан қайтариб келтириш учун унинг орқасидан одам йўллади ва уни эъзозлаб, то мен қайтиб келгунимча шу ерда ўтириб тургин, деди. Ўзи эса Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, ул зотга бундай деди:

  Ота-онам сизга фидо бўлсин! Жувайбир сизнинг тарафингиздан қизим билан уйланиши борасида хабар келтирди. Шу боис, шахсан ўзим ҳузурингизга мушарраф бўлдим, токи, сизга: «Биз ансор гуруҳи қизларимизни фақат ўзимизга тенгдош ва шон-шўҳратимизга муносиб бўлган шахсларгагина узатамиз.», деб айтай.

  Сарвар олам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унга шундай марҳамат қилдилар:

  «Эй Зиёд! Жувайбир мўъмин бир эркакдирва мўъмин эркак мўъмина аёлнинг тенгдошидир ҳамда мусулмон эркак муслима аёлнинг тенгдоши бўлиб, шон-шўҳрат жиҳатидан баробардирлар. Қизингни унга узат, уни куёв қилиб олишдан уялма!»

  Зиёд уйига қайтиб, воқеани қизига айтиб берди. Қизи деди: Отажон! Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг йўл-йўриқларини ва маслаҳатларини қабул этинг ва Жувайбирни куёвликка қабул қилинг.

  Зиёд қизининг ёнидан ташқарига чиқиб, Жувайбирнинг қўлини тутиб, ўз қабиласидаги одамларнинг ёнига олиб борди ва қизини унга узатишини ҳаммага эълон қилди. Зиёд келиннинг маҳрини ва уй жиҳозларини беришни ўз бўйнига олди ва шунинг билан, қабиланинг энг бой-бадавлат бошлиғининг қизи, қашшоқ ва қора танли бўлган, бироқ Аллоҳга имон ва маърифат билан безалган бир шаxсга эрга берилди.

  Туй мажлисида уч нафар турли хил ирқ ва миллатдан бўлган бироқ тақволи зотлар: «Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабаший» бир жойда ўтирган эдилар. Ногаҳон Қайс номли бир араб мажлисга кириб келиб, бу уч нафар мусулмоннинг юксак мавқеини, покдил ва тақводорлигини кўриб, безовталанган ҳолда деди:

  Араблардан бўлган Авс ва Xазраж, пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га xизмат ва фидокорлик қилиб, ҳеч қачон ул ҳазратдан ўз мададларини дариғ тутмаганлар. Бу уч нафар ёт-ажнабий нима дейдилар? Пайғамбарга (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мадад беришга уларни ким даъват қилган?

  Қайснинг сўзлари Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг қулоқларига етганда ул ҳазрат қаттиқ ранжидилар ва жомоатнинг масжидга тўпланишига амр этдилар ва мусулмонларга хитоб қилиб, шундай марҳамат қилдилар:

  «Аллоҳ бирдир,сизнинг отангиз бирдир, динингиз бирдир ва (унинг билан фахрланаётган) сизнинг араблигингиз на отангиз тарафидан, на оналарингиз тарафидандир, арабчилик фақат сизларнинг тилингиздир, холос.»

  Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ирқий фарқ қўйишликни таг-томири билан йўқотиш ва мусулмонлар орасида баробарликни барқарор этмоқ учун кўп тиришар ва саҳобаларнинг бутун хатти-ҳаракатларини назар остига олардилар.

  Бир кун Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига қора танли бир мусулмон келганди. Ҳазратнинг ёнларида бўлган Абузар Ғифорий ўша қора танли билан олдиндан уларнинг ўрталарида қорачилик бўлгани учун унга: «Эй қора танлининг фарзанди!» дея мурожаат қилди.

  Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу сўзни эшитиб, қаттиқ ранжидилар ва Абу Зарга ўз эътирозларини билдириб, дедилар: «Онасининг қора танлилиги учун уни камситаяпсанми?»

  Абузар ул зотнинг эътирозларидан ўзини йўқотиб қўйиб, қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлди ва бу нораво сўзи туфайли, пушаймонлигини изҳор қилиб, узр истади ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) унинг саҳв-хатосидан кечишлари учун юзини тупроққа суртди. Бундан сўнг, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уни кечирдилар.

2014-01-23

20:14:11

Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.