Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Наврўз байрамининг келиб чиқиш тарихи ҳақида

Наврўз байрамининг келиб чиқиш тарихи ҳақида

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

https://najotkemasi.net

  Форс тилининг шеърий адабиётларида Наврўз байрами бошқа кўпгина удумлар, расм-русум ва маданиятлар сингари дастлабки подшоларга нисбат берилган. Ҳижрий қарамарий йили бўйича, бешинчи ва олтинчи асрларда яшаб ўтган Фирдавсий, Манучеҳрий, Унсирий, Беруний, Табарий, Масъудий, Мискавайҳ, Гардизий ва бошқа кўплаб шоирлар ва ёзувчилар Наврўз байрамининг келиб чиқишини ва унинг биринчи бўлиб ўтказилишини Эроннинг қадимги Жамшид номли подшоси томонидан, деб билганлар.

  Муҳаммад ибн Жарийр Табарий Наврўзни Жамшиднинг адолатни барпо этганининг биринчи куни деб, билган:

  Жамшид донишмандларни йиғиб деди:

  «Мен халқ орасида адолатни барпо этган куним, сизлар менинг наздимда бўлиб, ҳар нимаки ҳақиқат ва адолат бўлса, намоён этингиз. Токи, Мен шунга қараб иш кўрайин».

  Жамшид адолатни барпо этишни бошлаган куни Фарвардин ойининг Ҳурмуз куни (март ойининг 21 ёки 22-кунига тўғри келади) эди ва ўша кунни байрам қилиб нишонладилар.

  Абу Райҳон Беруний эса Жамшиднинг парвоз этган кунини Наврўз байрамининг бошланиши деб билади:

  Жамшид ўзига фалак ясаб олгач, ўша куни унга минди, жин ва шайтонлар Жамшидни ҳавода кўтариб юришди. Бир кун ичида Дамованд тоғидан Бобулга келди ва халойиқ бу кишини кўриб, ҳайратда қолишди ва ушбу кунни байрам сифатида нишонлаб, уни хотиралаш мақсадида арғимчоққа ўтириб, учадилар.

   Гардизийнинг ёзишича, Жамшид «Худога совуқ ва иссиқ, хасталик ва ўлимни халқдан кўтаргани ва уч юз йил шу йўсинда давом этгани боис», шукроналар билдириш мақсадида Наврўз байрамини ўтказди.

   Оқибат, Ислом оламининг мунажжими ва риёзиётчиси бўлган Хайём бу борада ёзади:

  «Жамшид қуёш ҳамал буржига қайтгани муносабати билан Наврўзни байрам қилиб нишонлайди. Наврўз деб номланишининг сабаби шуки, қуёшнинг икки марта айланиш ҳаракати мавжуд бўлиб, уларнинг бирида ҳар уч юз олтмиш беш кун-у, бир кеча-кундузнинг тўртдан бири мобайнида Ҳамалнинг биринчи дақиқасига қайтади ва айнан ўша ҳаракатланган кунига, шу дақиқада қайта олмайди. Ҳар йили ўша муддатдан озаяди. Жамшид ўша кун (қуёш Ҳамал буржига қайтган кун)ни англаб етгач, ўша кунни Наврўз (янги кун) деб атади ва ўша кунни нишонлаб, байрам ўтказди. Бундан сўнг, кейинги подшолар ва қолган халойиқ унга эргашдилар.»

   Эрондан ташқари, кичик Осиё ва Юнонистонда ҳам баҳорнинг бошланишида байрамлар ва удумлар ўтказилиши кўзга ташланади. Лейдия ва Фережия минтақаларида қадимги афсоналарга кўра, худолар онаси деб танилган ҳомиладорлик илоҳаси бўлмиш Сибел ва Атис илоҳаси шарафига, қуёш Ҳамал буржига етган вақтида ва баҳорнинг мўътадил чоғида байрам ўтказишарди. Тарихчи олимларнинг маълумотича, подшо Агуст ҳукмронлик даврида Фережия, Юнонистон, Лейдия ва Анатолиянинг ерларида баҳор фаслининг илк чоғларида байрам ўтказиларди, айниқса март ойининг уч кунида, яъни 25 дан 27-гача улкан бир байрам ва шодлик нишонланарди.

  Садриддин Айний Наврўз байрамининг Ўзбекистон ва Тожикистонда нишонланиши ҳақида шундай ёзади:

  «Баҳорнинг илк кунларида, бутун гиёҳ ва ўсимликлар жунбишга келган вақтида бу Наврўз байрамининг нишонланиши билан, инсон табиати ҳам ҳаракатга келади. Шу сабабли халқимиз, «Ҳамалда ҳамма нарса амалда», деб айтишади. Дарҳақиқат, Наврўз байрами ғалла экиш, бошқа экин-текинлар ва деҳқончилик иш-фаолиятларининг бошланиши бўлиб, ушбу маҳсулотлар инсонни туйғизиб, унинг ҳаёти давом этишига сабаб бўлади».

  Бошқа жойда шундай дейди:

  «Бухорода бутун форзий забонларнинг миллий байрами бўлмиш Наврўзни ўзига хос ҳурмат билан эъзозлайдилар. Ҳатто дин уламолари Исломдан олдин миллий байрам ҳисобланган ва халқ мусулмон бўлганидан кейин ҳам, тарк этмаган Наврўзни диний тус олдириб, ундан фойдаланишган. Улар Қуръон оятларидан етти саломни ёзиб, илгарилари Наврўз кунлари ичиш миллий расм ва удум бўлган ғўлингобга ивитиб, тановул қилардилар».

  Бу ўринда ўта ингичка бир масала шундан иборатки, ислом динида фақат тўрт байрам ва ҳайит бор. Улар эса Фитр, Қурбон, Ғадир ва Жума кунларидир. Аммо Наврўз байрами юқорида зикр этилганидек, ислом динида айтилган байрамлардан ҳисобланмайди, балки миллий байрам бўлиб, Ислом динида тақиқланмаган. Диққатга сазовор бўлган нарса шуки, Наврўз байрамини нишонлашда Ислом динида буюрилган айрим хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилади. Жумладан, кичиклар катталарни бориб кўриши, ота-она ва қарияларнинг ҳолидан хабар олиш, ёру оғайнилар ва қавм-қариндошларни бориб кўриш (бу амалга исломда силаи раҳим деб айтилади ва уни бажариш ўта таъкидланган бўлиб, инсоннинг умри узайишига олиб келади), баъзан мусулмонлар ўртасида пайдо бўлган аразлаш ва гина-кудурат сақлаш ҳолатларига барҳам бериш ва уларни яраштириш учун қилинадиган саъй-ҳаракатлар, катталар томонидан кичикларга, айниқса ёш болаларга совға-ҳадялар берилиши, шаҳар ва хиёбонларда тозалик ишларининг олиб борилиши, мўъмин ва мусулмонларнинг қабрини бориб зиёрат қилиш ва мевали кўчатларни ўтқазиш кабилардир. Буларнинг барчаси Ислом динида тавсия этилган хайрли ва эзгу амаллар саналади.

  Сўзимиз якунида байрам ва ҳайитнинг мутлақ моҳияти тўғрисида амирал-мўъминин Али (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифни эътиборингизга ҳавола этамиз:

«کُلُّ يَوْمٍ لا يُعْصَي اللهَ فِيهِ فَهُوَ عِيدٌ»

  «Аллоҳнинг итоатида бўлиб, Унга нисбатан гуноҳ қилинмаган ҳар бир кун байрамдир.»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.