Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Фотима – борлиқ садафининг бебаҳо гавҳари (1)

Фотима – борлиқ садафининг бебаҳо гавҳари (1)

  Аллоҳнинг ҳабиби, азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг таваллуд кунларига бағишланган «Борлиқ садафининг бебаҳо гавҳар» махсус мақоламизни сизга тақдим этамиз.

  Азизлар, жумодиус-соний ойининг 20 – куни Аллоҳнинг ҳабиби ва расули, азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг нури дийдалари, азиз фарзандлари, жаннат аёлларининг саййидаси (сарвари) ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг таваллуд кунларидир.

  Бу қутлуғ айём билан сиз азиз ўқувчиларимизни ва барча мусулмонларни муборакбод этамиз.

  Ой нури Макка шаҳри тунини ёритиб, ажойиб бир тароват касб этарди. Шаҳар сукутга чўмган. Аммо Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учун вақт ҳар қачонгидан секинроқ ўтарди. Ул ҳазрат самовий муждани эшитиш учун илҳақ ва муштоқ эдилар.

  Расуллуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг завжаи мутаҳҳаралари Хадича Аллоҳ томонидан «Кавсар», деб аталган қизалоқнинг туғилишини кутишарди.

  Хадичанинг нурли вужуди бебаҳо бир гавҳарни ўзида ниҳон этган садафни эслатарди.

  Аллоҳнинг ҳабиби Парвардигори каримнинг буйруғи билан 40 кун ибодат билан машғул бўлиб, жаннат неъматларидан таомланганларидан сўнг, Аллоҳ ушбу «Кавсар»ни ул ҳазратга насиб айлади.

  Интизорлик лаҳзалари ниҳоясига етган дамлар. Хадичанинг вужудини аллақандай бир оғриқ қамради. У ўз дарди билан ёлғиз қолганди. Зероки, Расулуллоҳга иймон келтиргани учун Қурайш аёллари ундан узоқлашгандилар. Аммо самовий ҳадя – туғилажак фарзанди дийдорини кўриш иштиёғи оғриқлардан устун келарди. Ногаҳон хонанинг фазосини жаннат ҳиди қоплади. Латофатли, нозик бир садо унинг қулоқлари тагида жарангларди:

  «Қайғурма, Хадича. араб аёллари сени яккалаб қўйишган бўлса, Аллоҳнинг изни билан бизхизматингга ҳозирмиз.»

  Хадича кўзларини очди. Тўрт нафар самовий аёлни ўз ёнида турганини кўрди.

  Самовий меҳмонлардан бири шундай сўзлади:

  «Мен Иброҳим (алайҳис салом)нинг аёли Сороман. Мана бу Фиръавннинг аёли Осия, бу -Марям – Исо (алайҳис салом)нинг оналари, бу киши эса Мусо (алайҳис салом)нинг сингиллари Гулсум. Биз жаннатда сен билан бирга бўламиз.»

  Баногоҳ хона самовий бир нур билан нурланди. Хонанинг деразаларидан ташқарига фаввора урган бу нур Макка аҳлининг кўзларини ҳам қамаштирди. Аллоҳ ҳабибининг «Кавсар» бу ёруғ оламга қадам қўйди.

  Макка шаҳри нурга, бутун дунё эса шодлик ва сурурга тўлди.

  Фаришталар Аршдан ерга тушдилар. Хадичанинг маъсум фарзанди, Аллоҳнинг суюкли бандаси дунёга келди.

  Меҳрибон отасининг уйига нур ва ҳарорат бағишлаш учун Фотима келди.

  Инсоният шаҳрининг кўчаларини маърифат нури ила нурафшон айлаш учун Фотима келди.

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) га Аллоҳнинг саломлари бўлсин!

  Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кўзларининг нури бўлмиш Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)га саломлар бўлсин!

  Расули Акрам учун инсонларнинг энг азизи бўлган Фотимага саломлар бўлсин!

  Унинг Наслидан муқаддас ислом байроғини қиёмат кунигача қойим тутган ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)га саломлар бўлсин!

  Жумодиус соний ойининг 20 – куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг гули райҳонлари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг валодат кунларидир. Бу муборак кун аёл ва она мавқеини улуғлаш куни деб, номланган.

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саламуллоҳу алайҳо) нинг баракотли таваллуд айёмлари ва оналар байрами барча мусулмонларга муборак бўлсин!

  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг азиз қизлари бир неча номлар билан аталиб, бу муборак номларнинг ҳар бири ўзининг чуқур маъно ва қадр-қийматига эга.

  Ул ҳазратнинг илк номлари Фотимадир.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари бу муборак ном ҳақида буюрадилар:

  «Аллоҳ наздида онамиз Фотима юксак ва шарафли исмларга эгадирлар. Бу исмлардан бири Фотимадир. Фотима дегани барча ёмонликлардан узоқ деган маънони билдиради.»

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари шунингдек, Расулуллоҳнинг қизлари нега Заҳро деб, аталади, деган саволга шундай жавоб қайтарадилар:

  «Зеро, ул зот (Фотима) меҳробда ибодат қилаётган чоғлари вужудларининг нури осмонларни ёритиб турарди. Худди юлдузлар ерни ёритгани каби»

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.