Home / Савол-жавоблар / Тарбиявий-ахлоқий / Сиз Ўз Иззатингизни Сақлай Олдингизми?

Сиз Ўз Иззатингизни Сақлай Олдингизми?

Дунёда инсонга бериладиган бойлик унга ато этилган неъмат бўлиши билан бирга синов ҳамдир. Унга бу берилган бойликдан қандай фойдаланиши унинг имтиҳонидир. Лекин инсонга бойлик берилмаслиги ҳам бир синовдир. Чунки, йўқчиликка ҳам сабр қилиш буюк имтиҳондан ўтиш демакдир. Лекин бунинг маъноси бойлик ҳосил қилиш учун умуман ҳаракат қилишнинг кераги йўқ, дегани эмас.

Аллоҳ таоло ўз ҳикмати ва маслаҳати асосида бандаларига маълум ҳаётни белгилаб, унинг тақдирига битиб қўйган. Лекин тақдир қилинган деб айтишнинг маъноси бандасидан ҳар қандай ихтиёр ва танловни олиб қўйди дегани эмас. Аллоҳ таоло бандаларининг баъзиларини бойлик билан ва айримларини эса йўқчилик билан синайди.

Мўмин одам Аллоҳнинг тақдирига рози бўлади ва агарда дунёнинг ҳамма бойлиги унинг ихтиёрига бериб қўйилган тақдирда ҳам бу унинг учун хайрли бўлади. Чунки, у бойлигини тўғри йўлда сарфлайди. Фақир ва бечораларга нисбатан такаббурлик қилмайди, балки мол-давлатидан унга ҳам бир улуш ажратади. Чунки, мўмин инсон яхши биладики, Аллоҳ таоло камбағал одамнинг ризқини унинг қўлига бериб қўйган. Мабодо моли касодга учраса ҳам, буни ўз гуноҳларининг каффорати учун деб билади. Лекин жоҳил ва иймонсиз одам эса мол-дунёсини қўлидан бой берадиган бўлса, Худо мени таҳқирлади, хорлади ва мен Худонинг олдида бир тийинлик ҳам қийматим йўқ экан, деб ўйлайди:

﴿وَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ﴾

«Қачонки, Парвардигори синаш учун унинг ризқини тор қилиб қўйса: «Роббим мени хорлади», деб айтади.» (Фажр сураси, 16-оят)

Аммо Аллоҳ таоло мўмин бўлмаган инсонга ғам-андуҳга ғарқ бўлганидан кейин синаш учун унга бойлик ва мол-давлат берса, шунда у Аллоҳ мени азиз қилиб улуғлади, деб айтади:

﴿فَاَمّا الْاِنْسانُ اِذا مَا ابْتَلاهُ رَبُّهُ فَاَكْرَمَهُ وَنَعَّمهُ فَيقُولُ رَبّى اَكْرَمَنِ﴾

«Демак, қачонки инсонни Парвардигори синаш учун уни улуғласа ва унга неъмат берса: «Мени Роббим эъзозлади», деб айтади (Фажр сураси, 15-оят)

Қурони Каримда йўқсизлик ва камбағаллик «синов» деб айтилиши билан бирга уни қилинган ёмон амалларининг жазоси деб ҳам айтилган. Масалан, бойлиги бўла туриб камбағалларга ёрдам бермаганларга «жазо» сифатида камбағаллик берилган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳикматидан ташқарида эмас. Ҳамма нарса инсонни синаш учун бўлгани боис ҳам, биз ҳар ишнинг ҳикмати нимадан иборат эканлигини тушунмаймиз ва тушунишимизнинг ҳам асло кераги йўқ. Акс ҳолда, синовнинг синовлиги қолармиди. Агар одамлар олдиндан уларни қандай синовлар кутаётганини билсалар эди, шунга яраша ўзларини тайёрлаган бўлур эдилар ва ҳеч зарар кўрмаган бўлардилар. Лекин ҳикматини тўла билмасдан туриб Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса арзирли ва қимматли ҳисобланади. Аниқроқ тушунтириш учун содда мисол келтирмоқчимиз. Масалан, ўқитувчи ўз ўқувчиларидан имтиҳон олмоқчи бўлса, олдиндан қайси савол тушишини айтиб бермайди. Чунки, дарсини яхши ўзлаштирган ўқувчи учун саволларни олдиндан билиш ёки билмаслик унча фарқ қилмайди. Пайғамбарлар ва Аллоҳнинг танлаган илоҳий авлиёлари ҳам шунга ўхшаб кўп ҳолларда топширадиган имтиҳон саволларини биладилар. Лекин шунга қарамай, ҳамма саволларга жавобни олдиндан тайёрлайдилар. Лекин оддий одамлар эса агар имтиҳон саволларини олдиндан билсалар эди, дарсларининг фақат ўша саволларига тегишли қисмини ўқиб қолганини ўқимай қолган бўлар эдилар. Шунинг учун ҳам, одамлар ўзларини келажакда қандай синовлар кутаётганлигидан бехабар бўлганлари афзал.

Биз билмаймиз нима учун Аллоҳ баъзиларга мол-дунё ва бойлик беради-ю, бошқаларга эса бечоралик ва камбағалликни раво кўради. Лекин нима бўлганда ҳам, ҳар икки ҳолат ҳам инсонни синаш учунлигини аниқ биламиз. Яна шу нарса аниқки, бойлар Худонинг наздида суюкли ва камбағаллар эса Тангри таолонинг ҳузурида нафратга учраганлар деган иддио мутлақо нотўғридир. Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг қуйидаги ҳадисига диққат қилинг:

اَلْبَلاءُ لِلظَّالِمِ أَدبٌ وَلِلْمُؤْمِنِ إمْتِحَانٌ وَلِلْأَنبِيَاءِ دَرَجَةٌ وَلِلْأَوْليَاءِ كَرامَةٌ

«Бошга тушган мусибат золим учун тарбия, мўмин учун синов, пайғамбарлар учун мартаба ва авлиёлар учун кароматдир.»

Ушбу ҳадис манбаи: Аллома Мажлисийнинг Биҳорул анвор номли китоби, Байрут-Ливан, Муассасатул-вафо нашриёти, 1404-ҳижрий сана, 78-жилд, 198-бет.

Аллоҳнинг ҳузурида суюкли бўлиш мол дунёнинг қанчалиги билан эмас, балки инсоннинг ўз иззати ва шахсиятини сақлаб қолиши билан ўлчанади. Бой одамнинг иззати – бойлигини тўғри сарфлашида бўлса, камбағал одамнинг иззати эса – қаноатли бўлиб шукр қилувчилардан бўлишидадир.

Қуръони Каримда бу ҳақда шундай дейилган:

﴿مَا أَصَابَ مِن مُّصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِّن قَبْلِ أَن نَّبْرَأَهَا ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّـهِ يَسِيرٌ﴾

«Сизларга етадиган ҳар бир мусибат ва қийинчилик Лавҳул Маҳфуз номли китобда олдиндан битиб қўйилгандир. Бу иш Аллоҳга осондир.» (Ҳадид сураси, 22-оят)

Юқорида айтилганларни назарга олган ҳолда инсон бойликни қўлга киритадиган бўлса, ортиқча мағрур бўлмаслиги лозим. Ёки аксинча, фақирлик ва йўқсизликка дуч келса ҳам, бу нарса олдиндан белгиланган синовдир деб қараши ва ортиқча маъюс бўлмаслиги керак. Балки Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраб, ушбу синовдан ғолиб бўлиб чиқишга интилиш керак. Мана шундагина Аллоҳ таолонинг севган мўмин бандаларидан бўла оламиз.

Share

Check Also

Қабр сиқиши ҳақида нималарни биласиз?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўпчилигимиз жонсиз жасад қабрга қўйилганда, қабрнинг сиқувга олиши ҳақ эканлиги ҳақида эшитганмиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.