Home / Шариат қонунлари / Рўза / Рўза тутиш вожиб қилинганининг ҳикмати ёки сабаблари ҳақида

Рўза тутиш вожиб қилинганининг ҳикмати ёки сабаблари ҳақида

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Шубҳасиз, Меҳрибон Аллоҳ таоло Ўз бандаларига уларнинг тоқатларидан ташқари нарсани буюрмайди. Бир кечаю кундузда беш вақт намоз ўқишни, белгиланган миқдорда закот ва хумс тўлашни ва бир йилда бир марта Рамазон ойида бир ой рўза тутишни буюрган. Рамазон ойида рўза тутиш Ислом динида вожиб қилинган ўта аҳамиятли ва улкан амал бўлиб, бу амалнинг вожиб қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз юритишдан олдин бир оз бўлса-да, унинг Исломдаги юксак ўрни ҳақида маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадисларга асосланиб айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз.

Тўртинчи пешвоимиз имом Зайнулобидин (алайҳис салом) айтадилар:

قال الإمام زين العابدين عليه السلام: إنَّ اللهَ افْتَرَضَ خَمْساً و لَمْ يَفْتَرِضْ إِلاّ حَسَناً جَمِيلاً: الصَّلاةَ، وَالزَّكاةَ، وَالحَجَّ، وَالصِّيامَ، ووَلايَتَنَا أَهْلَ البَيْتِ

«Аллоҳ таоло беш гўзал амални Ўз бандаларига вожиб қилди: (Беш вақт) намозни, закотни, ҳажни, (Рамазон ойи) рўзасини ва Биз Аҳли-Байтнинг раҳбарлигини қабул қилишни.»

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 23-жилд, 105-бет, 4-ҳадис, Байрут чопи, Имодуддин Абу Жаъфар Ат-Табарий, 1-жилд, 173-бет; Шайх Кулайний, “ал-Фуруъ минал-Кофий”, 8-жилд, 271 ва 399-бетлар.

Бешинчи пешвоимиз имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар:

قال الإمام الباقر عليه‏ السلام: بُنِي الإِسْلامُ عَلى خَمْسٍ: إِقامِ الصَّلاةِ، و إِيتَاءِ الزَّكاةِ، و حَجِّ البَيْتِ، و صَوْمِ شَهْرِ رَمَضَانَ، وَالوَلايَةِ لَنَا أهْلَ البَيْتِ

«Ислом дини беш устунга қурилган: намозни барпо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш, Рамазон ойи рўзасини тутиш ва Биз Аҳли-Байтнинг раҳбарлигини қабул қилиш»

Манба: Шайх Кулайний, “Усулул-Кофий”, 2-жилд, 21-бет, 7-ҳадис; Шайх Садуқ, “Ал-Хисол” 278-бет, 21-ҳадис; “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 74-бет, 1770-ҳадис; Шайх Тусий “Таҳзийбул-аҳком” 4-жилд, 151-бет, 418-ҳадис.

Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) айтадилар:

قال الإمام الصادق عليه السلام: ما كَلَّفَ اللهُ العِبَادَ إلاّ ما يَطِيقُونَ، إنَّما كَلَّفَهُم فِي اليَوْمِ وَاللَّيلَةِ خَمْسَ صَلَواتٍ، و كَلَّفَهُم مِن كُلِّ مِئَتَيْ دِرْهَمٍ خَمْسَةَ دَراهِمَ، و كَلَّفَهُم صِيَامَ شَهْرِ رَمَضَانَ فِي السَّنَةِ

«Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари бўлган нарсани вожиб қилмади. Уларга бир кеча кундузда беш вақт намозни, икки юз дирҳамдан беш дирҳамини Аллоҳ йўлида беришни ва бир йилда бир марта Рамазон ойинининг рўзасини тутишни буюрди»

Манба: Шайх Тусий, “Таҳзийбул-аҳком” 4-жилд, 154-бет, 426-ҳадис; Шайх Садуқ, “Ал-Хисол” 531-бет, 9-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 5-жилд, 41-бет, 66-ҳадис ва 305-бет, 19-ҳадис.

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бошқа бир ҳадисда бундай деб марҳамат қилганлар:

قال الإمام الصادق عليه السلام: يُسْأَلُ المَيِّتُ في قَبْرِهِ عَنْ خَمْسٍ: عَن صَلاتِهِ، و زَكاتِهِ، و حَجِّهِ، و صِيامِهِ، و وِلايتِهِ إيَّانا أَهْلَ البَيْتِ

«Маййитдан қабрга қўйилганида беш нарса ҳақида сўралади: Намози, закоти, ҳажи, тутган рўзаси ва Биз Аҳли-Байтнинг раҳбарлигини қабул қилгани ёки қилмагани ҳақида»

Манба: Шайх Кулайний, “Усулул-Кофий”, 3-жилд, 241-бет, 15-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 6-жилд, 265-бет, 111-ҳадис ва 31-жилд, 659-бет, 217-ҳадис.

Мўминлар амири бўлмиш биринчи пешвоимиз имом Али (алайҳис салом) айтадилар:

قال الإمام علي عليه‏ السلام: «وَ عَنْ ذلِكَ ما حَرَسَ اللَّهُ عِبادَهُ الْمُؤْمِنينَ بِالصَّلَواتِ وَالزَّكَواتِ وَ مُجاهَدَةِ الصِّيامِ فِى الْايَّامِ الْمَفْرُوضاتِ، تَسْكيناً لِاطْرافِهِمْ وَ تَخْشِيعاً لِابْصارِهِمْ وَ تَذْليلًا لِنُفُوسِهِمْ وَ اذْهَاباً لِلْخُيَلاءِ عَنْهُمْ …»

«Аллоҳ таоло Ўзининг мўъмин бандаларини намозлар, закотлар, муайян кунларда рўза тутиш йўлидаги қийинчиликлар билан такаббурлик ва худбинликдан қўриқлаб, уларнинг аъзойи баданлари сокинлик топсин, кўзлари хокисор бўлсин, руҳлари ором ва қалблари камтарин бўлсин ва катталик улардан йўқолсин, деб (намоз, закот ва рўза тутишни) уларга фарз қилган». Манба: Наҳжул Балоға, 192-хутба.

Шубҳасиз, киши пешанасини ерга (сажда учун) қўйиши уни тавозели эканлигини, бадан аъзоларини ерга қўйиши хокисорлигини ва рўза тутиш билан қориннинг оч қолиши эса инсоннинг Парвардигорига нисбатан ром ва муте эканганлигини англатади.

Ул зот бошқа бир ҳадисда яна шундай деб марҳамат қилганлар:

قال الإمام علي عليه‏ السلام: فَرَضَ اللهُ الصِّيامَ ابْتِلاءً لإِخلاصِ الخَلقِ

«Аллоҳ таоло халойиқнинг ихлосини синаш учун рўзани (бандаларига) вожиб қилди» Манба: Наҳжул Балоға, 252-ҳикмат.

Бутун аёллар саййидаси бўлмиш ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) рўза тутишнинг ҳикмати ҳақида айтадилар:

قالت فاطمة عليها السلام: فَرَضَ [اللهُ] … الصِّيامَ تَثْبِيتاً لِلْإِخلاصِ

«Аллоҳ таоло бандаларининг ихлосларини қарор топтириш учун рўза тутишни фарз қилди»

Манба: Шайх Садуқ, “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 3-жилд, 568-бет, 4940-ҳадис; “Илалуш-Шаройиъ” 248-бет, 2-ҳадис; Аллома Табарсий, “Ал-Иҳтижож, 1-жилд, 258-бет, 49-ҳадис; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 96-жилд, 368-бет, 47-ҳадис ва 31-жилд, 659-бет, 217-ҳадис

Учинчи пешвоимиз имом Ҳусайн (алайҳис салом) рўза тутишнинг сабаби ҳақида баён қила туриб шундай дедилар:

قال الإمام الحسين عليه السلام ـ في بَيانِ عِلَّةِ الصِّيامِ ـ : لِيَجِدَ الْغَنِيُّ مَسَّ الجُوعِ فَيَعُودَ بِالْفَضْلِ عَلَى الْمَسَاكِينِ

«Аллоҳ таоло бой одамлар камбағалларнинг очлик ҳолатларини ҳис қилсинлар ва уларга нисбатан мурувватли бўлсинлар, деб рўза тутишни вожиб қилди»

Манба: Ибн Шаҳр Ошуб, “Ал-Маноқиб” 4-жилд, 68-бет; Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, “Биҳорул-анвор” 96-жилд, 375-бет, 62-ҳадис.

Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) рўза тутишнинг сабаби ҳақида сўзлаб шундай дедилар:

قال الإمام الصادق عليه‏ السلام: إنَّما فَرَضَ الله عَزَّ وَ جَلَّ الصِّيامَ لِيَسْتَوِي بِهِ الْغَنِيُّ وَالْفَقِيرُ؛ و ذلِكَ أنَّ الغَنِيَّ لَم يَكُن لِيَجِدَ مَسَّ الجُوعِ فَيَرْحَمَ الفَقِيرَ؛ لِأَنَّ الغَنِيَّ كُلَّما أَرادَ شَيْئًا قَدَرَ عَلَيهِ، فَأَرادَ اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ أن يُسَوِّيَ بَيْنَ خَلْقِهِ، وَ أَن يُذِيقَ الغَنِيَّ مَسَّ الجُوعِ وَالأَلَمِ؛ لِيَرِقَّ عَلَى الضَّعِيفِ فَيَرْحَمَ الجَائِعَ

«Аллоҳ таоло бой ва камбағал ўзаро баробар ҳолатга келсинлар, деб бандаларига рўза тутишни вожиб қилди. Зероки, бой одам очлик ҳолатини ҳис этмайди, токи, камбағалга раҳм қилсин. Чунки, у истаганини ейишга қодирдир, (аммо камбағал одам эса бундай қудратга эга эмас). Шу боис, Аллоҳ таоло (рўза тутиш билан) халойиқ орасида баробарлик яратишни ҳамда бой одам очлик ва оғриқ ҳолатини ҳис этишини, бунинг натижасида у камбағал одамнинг аҳволига ачиниб унга нисбатан қалбида меҳру-шафқат уйғонишини истади.»

Манба: Шайх Садуқ, “Ман лаа яҳзуруҳул фақиҳ” 2-жилд, 73-бет, 1766-ҳадис; “Илалуш-Шаройиъ” 378-бет, 2-ҳадис; Саййид ибн Товус, “Ал-Иқбол бил-аъмолил ҳасанаҳ” 1-жилд, 30-бет; Аминул Ислом Табарсий, “Мажмаъул Баён” 1-жилд, 490-жилд.

Бир сўз билан айтганда, юқоридаги ҳадислардан келиб чиқиб шундай хулоса чиқара оламизки, рўза тутиш вожиб қилинганининг ҳикмати ёки аниқроғи сабаби – бу инсонларда тақво ва Аллоҳдан қўрқиш малакасининг пайдо бўлишидир. Ушбу фикримизнинг далили эса қуйидаги ояти каримадир:

يا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

«Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара сураси, 183-оят)

Демак, Рўза ойи бўлмиш муборак Рамазонда мўмин бандалар Аллоҳнинг меҳмони бўлишга чақирилганларининг маъноси уларнинг тақволи, Аллоҳдан қўрқувчи ва ҳамма ҳолларда Аллоҳнинг ризолигини назарга олувчи инсонлар бўлиб етишишларидир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.