Home / Шариат қонунлари / Рўза / Аллоҳнинг раҳмат ва баракот ойини кутиб олишга тайёргарлик кўрдингизми?

Аллоҳнинг раҳмат ва баракот ойини кутиб олишга тайёргарлик кўрдингизми?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Азиз мухлислар, Яратганнинг раҳмати ёғиладиган энг баракотли ойлардан ҳисобланмиш муборак Рамазон ойи бизга кириб келмоқда. Ҳар бир мўмин-мусулмон ва ҳатто ўликлар ҳам орзиқиб кутадиган бу нуроний кунларга тўла ойни кутиб олишга тайёргарлик кўрдингизми? Ҳа, азизлар, саволимиздан ҳайрон бўлманг. Чунки, ҳар бир қимматли нарсанинг ўзига хос хусусияти бўлгани каби қадрли Рамазон ойининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор. Шу жумладан унинг истиқболига тайёрланиб чиқиш ҳам ана шу ой фазилатларидан биридир. Қандай қилиб тайёргарлик кўриш керак дейсизми? Қуйидаги суҳбатимиз ана шу ҳақдадир.

Азизлар, Рамазон ойи – сабр, тавба, раҳмат, мағфират, хайрликлар ҳамда Меҳрибон Аллоҳ таолонинг даргоҳига дуо, муножот ва илтижо қилиш ойидир. Ва шунингдек, бу ой Қуръон ойи ҳам дейилади. Чунки, ҳадиси шарифларга биноан, ҳар нарсанинг ўз баҳори бор бўлиб, Қуръони Каримнинг баҳори эса – Рамазон ойидир. Зероки, ушбу муборак ойда Аллоҳнинг сўнгги каломи бўлмиш Қуръони Карим сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қалбларига буткул ва яхлит ҳолда нозил бўлган.

Дарвоқе, сиз азизлар ҳам Рамазон ойини севиниб кутиб олувчилар қаторида бўлдингизми? Агар бундай севинч ҳали қалбингизни қамраб олмаган бўлса, унда қуйидаги ҳадисни диққат билан ўқиб чиқинг:

Мадинаи мунавварада ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Рамазон ойи хушхабари ҳақида саҳобаларга маъруза ўқиётиб, жумладан бундай деб марҳамат қилдилар:

«Ҳузурингизга Рамазон ойи кириб келмоқда. Аллоҳ таоло унда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда Осмоннинг раҳмат дарвозалари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилгай. Бу ойда шайтонлар занжирбанд этилгайлар. Айнан мана шу ойда минг ойдан яхшироқ бўлган қадр кечаси бордир. Энди мана шу муборак ойнинг яхшиликларию хайру баракотидан фойдалана олмаган одамлар – ана ўшалар ҳақиқий маҳрум бўлганлардир».

Мана шу ҳадиснинг ўзидан кўриниб турганидек, Рамазон ойининг кириб келиши мусулмонлар бир-бирларини табриклашларига асос бўла олади. Ахир мусулмонларга раҳмат эшикларининг очилиши, гуноҳкорларга жаҳаннам эшиклари ёпилиши, оқил одамларга эса шайтоннинг занжирбанд этилишини қутламай бўладими?

Мана шундай тароватли ва нуроний рўза кунларига етишишни истаб не-не солиҳ бандалар узоқдан-узоқ дуо қилганларини билсангиз эди. Улар ҳамиша «Аллоҳ бизларга қайта-қайта Рамазон ойида ибодат қилиш тавфиқини ато этсин» дея кўз ёш билан ёлворадилар. Ҳозирда ҳам ана шундай солиҳ бандалар «яна Рамазон ойига соғ-саломат етказсин» дея дуо қиладилар. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, атрофингизга бир назар ташланг ва ўтган Рамазон ойи билан бу йилги Рамазон ойи орасида қанча таниш-билишларингиз дунёдан кўз юмиб кетганларини эсланг…

Рамазон ойини кутиб олар экансиз, қалбингиздаги мақсад ва садоқатингизни текшириб қўйинг. Рамазон ойига холис ният қилмай шунчаки кириб қолган айрим одамларга ўхшаб қолманг. Сиз рўзани холис Аллоҳ учун тутишни, бу ойда ибодатларингизни ҳам сон жиҳатидан ва ҳамда сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқишни ният қилинг. Рамазон ойи тугагач эса қўлга киритган ибодатингиз лаззатини тотиш ҳиссини қўлдан бой берманг. Шундай қилсангиз, кейинги кунларингиз олдингиларидан ҳам яхшироқ ва самаралироқ бўлишига эришасиз. Рамазон ойига атаб атайлаб харажат қилишингиз жуда яхшидир, аммо ана шундай моддий тайёргарлик билан бир қаторда руҳий тайёргарликни ҳам асло унутманг, акс ҳолда Рамазон ойидан баҳраманд бўлиш бахтидан ажраб қолишингиз мумкин.

Бу борада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қуйидаги ҳадисларига қулоқ солинг, ул зот шундай марҳамат қилганлар:

«Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган кишининг аввалги барча гуноҳлари кечирилади».

Рамазон ойи мағфират ойидир. Шундай экан, уни кутиб олар эканмиз, ўзимизни ҳисоб-китоб қилиб қўймоғимиз ҳам уни кутиб олиш амалларидан ҳисобланади.

Сиз ўтган Рамазон ойлари олдидан ўзингизни ҳисоб-китоб қилганмидингиз? Агар шу пайтгача бу ишни қилмаган бўлсангиз, бундан кейин бу ишни кечиктирмай амалга оширинг.

Билиб қўйингки, агар бировнинг ҳаққи бўйнингизда турган бўлса, уни ўтамагунингизча Аллоҳ таоло ундан кечмайди. Шунинг учун, агар шундай ҳолатлар бўлса, ҳақни адо этиб қўйинг ёки ҳақ эгасини ўзингиздан рози қилиб олинг.

Агар ҳаётингизда гуноҳларга ботиб яшаган бўлсангиз, у ҳолда покланиш учун ўта муҳим фурсатни ато этувчи муборак Рамазон ойи остонададир. Уни шундай кутиб олиб ўтказингки, қалбингиз сутдек оппоқ, ўзингиз янги туғилган чақалоқдек пок бўлинг. Албатта, бундай ҳолатнинг амалга ошишига шубҳа йўқдир. Фақат олий ҳиммат ва ғайрат билан енгни шимариш керак бўлади.

Рўза тутиш фақат еб-ичишдан тийилмоқлик эмас, балки тилимизни пок тутиб ёлғон, ғийбат, туҳмат ва сўкишлардан сақланиш ҳамдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ҳадисга асосан, агар сизни биров ҳақоратласа-ю, сиз эса бошингизни қуйи солиб: Мен рўзадорман, деб унга ҳақоратли жавоб қайтармасангиз, Аллоҳ таоло: «Ҳақиқий рўзадоримни мен жаҳаннам ўтидан сақлайман» дер экан. Аллоҳ ҳаммамизни жаҳаннам оловидан асрайдиган бандаларидан қилсин!

Кириб келаётган Рамазон ойи ҳаммамиз учун гўзал ахлоқ ва юксак маънавият соҳиби бўлиш, гуноҳлардан покланиш, Аллоҳга яқинлашиш кунлари бўлиб қолсин! Сўзимиз ниҳоясида яна бир сиз азизлардан сўраймиз:

Муборак Рамазон ойи эшик қоқмоқда, уни кутиб олишга ҳамма тайёргарлигингизни кўрдингизми?

Ҳаммангиздан хайрли дуо тилаб қоламиз!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.