Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Ҳаж ва Арафа куни ҳақида

Ҳаж ва Арафа куни ҳақида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ҳаж дилларнинг баҳори, қалбларнинг тароват касб этиши ва мисл-монандсиз Парвардигорга яқинлашиш айёмидир.

Ҳаж мавсусида ҳожилар оқ қанотли капалаклар мисоли Аллоҳнинг уйи атрофида тавоф айлаб, «Лаббайк» деганча, ўзларининг ишқ ва ихлосларини намоён этишади. Аллоҳ уйини тавоф қилиш ҳажнинг гўзал маносиклари (ибодатлари)дан бири ҳисобланади. Ҳаж мавсимида бу улуғ ибодатда қатнашиш иштиёқида бўлган мусулмонлар дунёнинг турли ўлкаларидан келиб, Каъбаи муаззама томон йўл олишади. Улар барча дунёвий ва моддий қарамликлардан ўзларини озод этиб, Аллоҳнинг чексиз раҳматига ғарқ бўлишади.

Ҳаж ибодатининг эсда қоларли муҳим маносикларидан бири Арафа заминида бир муддат тин олишдир. Зилҳижжа ойининг 9 куни фаришталар мисоли оппоқ кийимли ҳожилар тўлқини Минодан Арафотгача бўлган йўлда тўлғонишади. Улар зилҳижжа ойининг 9-куни тонгда оқ кабутарлар каби оппоқ эҳром кийган ҳолда «Лабайка Аллоҳума лабайк» зикрини айтганча Арафот сари йўл олишади. Ҳожилар айнан шу куни пешин пайтигача ўзларини Арафот заминига етказишлари керак. Арафотда бир муддат туриш ҳажнинг фарз амалларидан ҳисобланади. Бу Муқаддас маконда дуо ва муножотлар айлашади, тафаккурга чўмишади.

Арафот саҳроси Макка шимолида жойлашган Жабалур-раҳма тоғи этагидаги текстликдир. Макка шаҳри билан Арафот саҳроси ўртасидаги масофа 25 километрни ташкил этади.

Арафот Аллоҳ таоло Ўзининг меҳмонларига зиёфат бериш учун белгилаган муқаддас заминдир.

Парвардигори Карим Ўз уйининг барча зиёратчиларига биргаликда бир вақтда бу манзилда йиғилиш ва ҳар ким кўтаргунича, ўз сиғимига яраша Унинг раҳматидан баҳраманд бўлиш топшириғини берган.

Арафот «маърифат» сўзидан олинган бўлиб, тафаккур юритиш, ўзлигини ва яратилиш фалсафасини англаб етиш маконидир.

Ҳожилар зилҳижжа ойининг 9-куни тушлик (пешин)дан кун ботгунича Арафотда бўлишади. Бу муқаддас маконда дуо ва муножотлар айлашади, тафаккурга чўмишади.

Сергаклик, басират (огоҳлик) ва тафаккур Ислом таълимотида кўп тавсия этилган кўрсатмалардандир. Инсон теварак-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тафаккур айлаб, муайян мавқе эгаллаши ва керакли тадбирлар белгилаши лозим.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) сўзлари билан айтганда: «Тафаккур айлаб, шу асосда муаммоларни ҳал этадиган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!»

Ривоят қилинишича, Арафот саҳроси ҳазрат Одам (алайҳис салом) ерга туширилган макондир. Одам (алайҳис салом) ана шу жойда туриб, Аллоҳга тавба-тазарру айлаб, дуою муножотлар қилганлар.

Ушбу муқаддас макон ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом), ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва имом Ҳусайн (алайҳис салом)ларнинг орифона дуолари манзилидир.

Шубҳасиз, Арафот саҳроси қиёмат кунининг бир манзарасидир. Ҳожилар у ерда сарҳисоб куни ҳақида тафаккур юритишади ва бу нарса уларнинг руҳий оламининг янгиланишига сабаб бўлади.

Сўнгги ҳаж пайти, Арафотдан жўнаш лаҳзаси Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрат Билолга қараб дедилар:

«Эй Билол, одамларга айтинг, тинчланишсин!»

Ҳамма сукут сақлагач, Аллоҳнинг Ҳабиби ва Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай марҳамат қилдилар:

«Бугун Парвардигорингиз сизларга раҳм айлаб, яхшиларингни мағфират этди. Сўнгра ёмонларинг гуноҳини ана шу яхшиларинг ҳурматига кечирди. Энди Аллоҳнинг авф ва мағфиратига ноил бўлиб, гуноҳларинг кечирилган ҳолда ҳаракат қилинг!»

Арафот қуёши ботар маҳал, ҳожилар Машъарул ҳаром томонга ҳаракат қилишади. Машъар шуур ва англамоқ маконидир. Аллоҳ уйининг меҳмонлари бу манзилда унутилмас бир тунни тонгга улашади. Машъар туни худди инсонлар қиёмат куни қайта тирилганидек тирилиш ва уйғоқлик тунидир.

Бу тун ҳожилар кичик-кичик тошлар териб, ўзларини ички ва ташқи шайтонларга қарши курашга чоғлашади. Эртаси куни, яъни Қурбон ҳайити куни эса бу тошлар билан шайтони лаъинни тошбўрон қилишади. Машъар майдонида ҳамма нарса, ҳатто қум зарралари ҳам Аллоҳни поклик билан ёд айлаб, тасбеҳ айтишади.

Ҳожилар ҳам бутун борлиқнинг тасбеҳ садолари остида намоз ўқиш ва ягона Холиққа дуо-илтижо қилишга тутинадилар.

Улар Аллоҳ ишқи ва меҳр-муҳаббати ила лимолим қалблар ила дуою муножот айлаб, бу муқаддас манзилда кечган ҳар бир лаҳзани ғанимат деб билишади.

Аммо бу баракотли Арафа кунини мукаррам ва улуғ деб билиш ва ундан баҳраманд бўлиш қай тарзда амалга ошади?

Арафа кунида Парвардигор даргоҳига дуо-илтижо қилиш энг муҳим ва энг гўзал амаллардан саналади. Албатта, ҳар бир замон ва маконда Аллоҳ таоло билан алоқада бўлишнинг имкони бор. Аммо айрим хос замон ва маконларда бу маънавий алоқа энг яхши кайфият ва осонлик билан амалга оширади ҳамда энг таъсирли натижаларга эга бўлади. Арафа куни ва Арафот замини ўша замон ва маконлардан саналади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок набираларидан бўлмиш имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

«Ўзинг истаган дуони ўқигин ва Аллоҳ таолонинг куни бўлмиш Арафа кунида дуо-илтижо қилишга ҳаракат қилгин.»

Бу муборак кунда энг муҳим дуо ва муножотлардан бири – бу меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолодан мағфират ва кечирим сўрамоқликдир.

Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни Арафа кунида Пайғамбаримиз ва ул ҳазратнинг наслларидан бўлган маъсум имомларимиздан ривоят қилинган ҳадисларда кўп аъмол ва тоат-ибодатлар айтилган бўлиб, улар ушбу баракотли ва буюк кундан кўпроқ баҳраманд бўлишимиз учун имконият яратадилар.

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бир неча ҳамду саноларида шундай ўқиймиз:

«Жаҳаннам устидан ҳукумронлик қиладиган Парвардигор покдир, жаннатда Ўз раҳматини кенгайтирган Аллоҳ покдир ва қиёмат кунида адолати намоён бўладиган Парвардигор покдир..»

Арафа кунида энг гўзал ва энг умумий дуолардан бири – бу Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севимли набиралари бўлмиш имом Ҳусейн (алайҳис салом) Арафот саҳросида ўқиган олий мазмунли дуоларидир.

Имом Ҳусейн (алайҳис салом) Арафа кунида Арафотнинг маънавий фазоси, Арафот саҳроси ва Жабалур-Раҳма тоғида ўзларининг теран мазмунли мўъжизавий муножотларини ўқидилар. Ул зотнинг малакутий товушлари нафақат Арафот саҳросининг ҳожилари ўртасида тарқалди, балки бу ошиқона муножот тарих давомида муштоқ қалбларни маънавий таъсир остида қўйди.

Шак-шубҳасиз, ҳажга мушарраф бўлган инсонлар учун Арафа куни энг муҳим ва ирфоний кунларидан бири саналади. Улар ўз ҳажларини бу муборак кундан Арафотнинг рамзли ва сирли саҳросида бошлашади. Ўз кўнгилларида ҳазрати Одам (алайҳис салом), Иброҳим (алайҳис салом) ва Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) каби буюк анбиёларнинг қимматли хотираларига эга бўлган зиёратчилар Арафот заминида дуо-илтижо, тоат-ибодат ва шукр қилиш билан машғул бўладилар. Эҳтимол, бу фурсат улар учун гуноҳлардан покланмоқлик ва Минодаги амаллар учун шай бўлмоқлик саналса.

Мўъминлар амири Али (алайҳис салом) шундай марҳамат қиладилар:

«Зиёратчилар ва ҳожилар эҳромни кийиб нима учун аввалида Арафотга бориб, кейин Каъбани тавоф қилишларини биласизми? Зероки, Арафот Ҳарам ҳудудидан ташқарида жойлашган ва Аллоҳнинг меҳмони бўлган киши аввал эшикдан ташқарига бориб, Ҳарамга киришга лойиқ бўлгунича муножот ва нола қилмоқлиги зарур.»

Шунингдек, ул ҳазрат Арафот саҳросининг аҳамият ва азамати ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

«Айрим гуноҳлар шундай оғирдирким, фақат Арафотда уни кечириш мумкин бўлади.»

Шунинг учун чўл-биёбон бўлишига қарамай, бу муқаддас Арафот заминида зиёратчилар Арафа кунида Худонинг кечириши ва афв этишидан умидвор бўлишади.

Ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилинган:

«Зиёратчилар Арафот заминида тўхташлари вақтида йиғлаб ўз ҳожатларини Аллоҳдан сўрашади ва Аллоҳ таоло ўз фаришталари олдида мўмин-мусулмон бандаларини таърифу тавсиф этиб фахрланади ва уларга шундай хитоб айлайди: Менинг бандаларим ўзоқ жой ва маконлардан Менинг олдимга келганлари, ўз мол-мулкларини менинг йўлимда сарфлаганлари ва чарчаб қолганларини кўрмаяпсизларми? Иззат-ҳурматим ва жалолимга қасамки, уларнинг гуноҳкорларини эзгу ва яхши ишларни амалга оширувчилари учун мағфират этгайман ва ўз оналаридан янги туғилганларидек уларни гуноҳдан поклайман.»

Шу йўсинда ҳожилар Арафотда ўз ҳажларининг биринчи кунида ҳожи бўлишга сазовор ва лойиқ бўлишлари учун ўз гуноҳларидан пок бўлишади. Арафот Минога етиб боришнинг йўли саналади. Чунки, ҳожилар Минода уч кун қолишлари лозим ва уч маротаба шайтонга тош отишлари керак, шайтондан ва бошқа шайтоний барча нарсалардан ўз вужудларини поклашлари лозим бўлади. Шу сабабдан, Арафа куни ва Арафот саҳроси зиёратчилар учун катта аҳамиятга эгадир. Улар осудалик, хотиржамлик ила бошқа ташвишлардан узоқлашган ҳолда ўз Парвардигорлари билан алоқада бўлишади. Тангри таолодан мағфират қилиш ва уларни афв этишини сўрашади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳаж амалининг келиб чиқиш моҳияти (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни мусулмонларнинг улуғ байрамларидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.