Home / Аёллар саҳифаси / Аёл тарих кўзгусида

Аёл тарих кўзгусида

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини Исломдан бошқа дин ва мафкуралар кўриб чиқмаган, десак янглишган бўламиз. Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, дастлаб Франция инқилобида 1791 йили «Аёл ҳуқуқлари» баённомаси қабул қилинди. Бу таълимот аввал қонун олдида эркак-аёл тенглиги каби ҳуқуқий соҳада, сўнгра эса сайлаш ва сайланиш каби сиёсий соҳада муваффақиятлар қозонди. Лекин бу таълимотни кўтариб чиққанлар аёлларнинг ҳуқуқларига эътибор берайлик, деб йилдан-йилга аёлнинг фитратини (табиати ва хислатини) унутишди. Натижада аёл жамиятда бир кўнгилхушлик, реклама материали, яъни намойиш ашёсига айланиб қолди. Феминизм ғояси аёл эзилишига қарши чиқиш ўрнига ўзи аёлга кўрсатилаётган зулмга зулм қўшди ва фақат эркаклар эмас, балки аёлни аёлга зулм қилишга ўргатди, тарғиб этди, ташкил қилди.

Ғарбда аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишлари учун олиб борилган узоқ курашлар аёлларга бахт-саодат, ҳуррият, оилавий фароғат ва осойишталик ўрнига чексиз кулфат, бахтиқаролик, оналик бахтидан мосуволик ва хўрлик олиб келганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бир вақтлар асосий вазифаси уй-рўзғор ишлари-ю, фарзанд тарбиясидан иборат бўлган аёллар ҳозирги замонда жамиятнинг, оиланинг барча ташвиш ва муаммоларига эрлари билан баробар масъул ва жавобгар бўлиб қолишди.

Аёллар ҳам эрлари каби ишхонада маълум вақт меҳнат қилишади. Кечқурун эса ҳориб-чарчаб, асабий ҳолда қайтган аёлни энди уйда эр ва болаларининг таоми, кийими, ўрнини ҳозирлаш каби рўзғор юмушлари кутади.

Аёлларнинг ишлаб топган пули эса ўзларининг кийим-бошидан, йўл кирасидан, тушлигидан ва бошқа кам-кўстидан ортмайди. Хотинларининг ишлаётганини кўрган айрим ялқов эрлар янада ишёқмас бўлишади. Бундан ҳам даҳшатлиси, оғир меҳнат билан банд бўлган бундай оналар ўз фарзандларини суюб эркалашга, тарбияси билан шуғулланишга, оналик қилишларига вақт бўлмайди ҳам.

Аёлларни кўкларга кўтарган ва уларга шараф тожини кийдирган Ислом дини оила масаласига ҳам жиддий эътибор берган. Ушбу муқаддас динимиз инсоният наслини сақлаб қолиш, нафсни тийиш, жамиятни турли ахлоқий бузуқликлар ва фаҳш ишлардан асраш, тинч ва фаровон ҳаётни вужудга келтириш учун курашиб келган. Исломий тарбия эр-хотин ва фарзандлар ўртасида чинакам муҳаббат ва меҳр-оқибат ришталарини боғлаш асосига қурилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) оила қуриш масаласида шундай марҳамат қилганлар:

«Уйланинглар ва кўпайинглар. Чунки, ҳақиқатан мен бошқа пайғамбарлар олдида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман».

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрадилар:

«Кимки, уйланиши учун шароити бўла туриб уйланмаса, у биздан эмасдир».

Маданият ҳақида қолоқ тушунчага эга бўлганлар дунёнинг роҳати-ю, нафс истакларини маъбуд ва худо даражасига кўтарадилар. Ундай одамлар бир тарафдан ҳузур-ҳаловатни бузмаслик, бошқа томондан эса бойлик орттириш хаёлида оила қуришни ортиқча иш, деб биладилар. Бундай кишилар кошоналарда яшайдилар. Халқ олдида биологик очлик ҳақида гапирадилар, нуфусни озайтирмоқ йўлларини талқин қилиб, оилага қарши чиқадилар.

Дунё нуфуси (аҳолиси) ҳар қанча ортмасин, озуқа жавҳари туганмасдир. Яратган Аллоҳ барча махлуқотларга ризқ беришга ҳам қодир. Қуруқликдаги бутун озуқа тугаган тақдирда ҳам, денгизлардаги озуқа инсониятни боқишга етарлидир.

Бугунги кунда Оврўпа ўлкаларида нуфуснинг кўп қисми кексайиб қолганлигидан, аҳолининг навқирон қисми озлигидан хавотирга тушиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бугун Амрика Қўшма Штатларида ҳар сонияда бир жиноят содир этилаётир. Ҳар олти сонияда бир аёлга тажовуз қилинаётир. Францияликларнинг ҳам энг кўп хавфсирайдиган ҳодисалари тажовуздир.

Ислом дини оила масаласига жиддий эътибор билан қарар экан, бегона эркак ва аёлнинг бир-бирлари билан иложи борича юзлашмасликларини талаб қилади. Зеро, мусулмон киши насли ва нафсини асраш билан бутун дунё лаззатларига, ҳузур-ҳаловатга эришади.

Турли дин ва қавмларнинг қонун-қоидаларига эътибор қилсак, аёл инсон қаторига қўшилмаганлигини кўрамиз. Масалан, Ҳиндистонда аёл киши ҳаром ва у покланиши мумкин эмас, деб талқин қилинади. Ислом динида эса аёл ҳассос дўст ва турмушда рафиқадир, деб уқтирилади. Биз мусулмонлар жаннатни оналарнинг оёғи остидан қидирамиз. Аёлни тузатишга ҳаракат қилар эканмиз, унга қаттиқ озор етказишдан эҳтиётланамиз.

Янгигина оила қурган ёшларимиз ўз оилаларининг мустаҳкам ва барқарор бўлиши учун курашмоқлари зарур. Солиҳ йигитимизга бир солиҳа қизни излар эканмиз, унинг гўзаллиги-ю, мол-мулки ва мартабасини эмас, балки тақвосини, одоб-ахлоқини ва тарбия топган оиласини ҳисобга олишимиз лозим. Куёв танлашда ҳам худди шу хусусиятларга эътибор беришимиз зарур. Бир онлик гўзалликка, мартабага учмоқ ҳаловатни бузади, охир-оқибатда оила инқирозга юз тутади.

Яхши ва исломий тарбия олмаган ташқи гўзаллик соҳибаси билан турмуш қурганда осойишта ва фароғатли оила яралмаслиги мумкин, бундан эҳтиёт бўлмоқ зарур. Агар биздан бирор йигит ёки қизнинг ахлоқи тўғрисида сўралса, у ҳақдаги ҳақиқатни айтмоқлик бурчимиздир. Зеро, тўғри сўзламаслик, ҳақиқатни яшириш ҳоллари ҳам учраб туриши табиий. Гўё бу билан биз яхшилик қилмоқчи бўламиз. Ҳолбуки, бу ёлғончилик ҳаёт билан ўйнашишдир. Тўғри киши билганни яширмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Солиҳа бир аёлга уйланган киши диний вазифасининг ярмини бажарган ҳисобланади, энди диннинг ярмини ҳам бажарсин», деб буюрадилар.

Замонамизда айрим мусулмон оилалар ёшларнинг оила қуриши бошидаёқ сеп (бисот), қалин ва бошқа сарф-ҳаражатларни ҳаддан ошириб, турмушни мушкуллаштирадилар. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада шундай марҳамат қилмишлар:

«Никоҳнинг энг хайрлиси осон бўлганидир».

Шуни ҳам унутмайликки, балоғат ёшидан ўтган ҳар бир йигит-қизнинг турмуш қуришига ота-она жавобгардирлар. Пайғамбаримизнинг севимли қизлари Фотима онамиз (саломуллоҳи алайҳо)нинг сеплари кўрпача, ёстиқ, кўза, меш (саноч), пиёла, элак, сочиқ, пўстин, гилам, икки кийим ва бир кўрпадан иборат бўлган. Рўзғор анжомларини эҳтиёжга кўра, кейинчалик аста-секин харид қилавериш мумкин.

Мусулмон аёлга динимизда хушхабарлар жуда мўл. Азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрмишлар:

«Бир аёл ўз эрига итоат этса, Аллоҳнинг олдидаги бурчини адо қилса ва вазифаларини бажарса, унга шаҳиднинг савоби қадар савоб ёзилади.»

Терминология: Феминизм ғояси, яъни Ғарбда аёллар ҳақ-ҳуқуқининг бузулиши, поймол этилиши ва уларга турли соҳаларда ўтказиладиган зулмларга қарши чиқиб, хотин-қизлар ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқлидирлар деган ғояни илгари сурган ижтимоий ва маданий ҳаракат.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.