Home / Аёллар саҳифаси / Яҳудий ва Насроний динларида ҳижобнинг ўрни

Яҳудий ва Насроний динларида ҳижобнинг ўрни

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила

Насронийликдан фарқли ўлароқ, Исломда ҳижоб эркакнинг аёл устидан ҳукмронлик белгиси эмас. Яҳудийликдан фарқли ҳолда ҳижоб зодагон эрлик аёлларнинг ўзига хос ажратувчи белгиси ҳам эмас. Ҳижобнинг Исломдаги маъно-моҳияти фақатгина аёлнинг инсонийлигини, унинг жамиятдаги ҳурмат-эҳтиромини ҳамда аёл зотининг шаънига бўладиган тажоввуздан қўриқлашдир.

Аммо тақдирнинг ғаройиб ўйинига кўра, рўмол ёки бошни ўровчи кийимни агар бир католик монах аёл ўраса авлиёлик рамзи, Яратганнинг «қиёфаси» ва «шарафи» бўлган эркакнинг аёл устидан «ҳукмронлик белгиси» сифатида қаралади-ю, худди шу кийимни бир мусулмон аёл ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўраса, аёлнинг камситилиши ва унга бўлган жабру зулмнинг зоҳир бўлиши деб баҳоланади…

Ғарбликлар нуқтаи назаридан аёлларга жабр-зулм ва уларни камситишнинг энг ёрқин тимсоли бўлмиш ҳижоб ёки ёпинчиқ масаласига ойдинлик киритишимиз лозим бўлиб, бу борада яҳудий ва христианлик анъанасида ҳам аёлларнинг ёпиниши ва бошини ўраши бўлганми? деган савол туғилади.

Библия адабиёти бўйича профессор Раввин Менаҳаем Брайер ўзининг «Яҳудий аёли раввинлик адабиётида» номли китобида ёзишича, яҳудийларда аёллар жамоат жойларида ундай-бундай ҳолда эмас, балки айнан бошларини ўраган ҳолда, баъзан эса ҳатто кўздан бошқа ҳамма жойини беркитган ҳолда кўриниши русум бўлган. Муаллиф қадимий устозлардан бирининг сўзини қуйидагича келтиради:

«Исроил қизларига бошлари очиқ ҳолда чиқиш ярамайди. Ўз хотинига сочларини кўрсатишга рухсат берган эркакка лаънат бўлсин. Ўз сочларини зийнат учун кўз-кўз қилувчи аёл бахтсизлик келтиради».

Раввинлик ҳуқуқ бўйича, боши очиқ ҳолдаги турмуш қурган аёллар иштирокида Худога ҳамду сано айтиш ёки ибодат қилиш тақиқланади. Зероки, боши очиқ аёл «яланғоч» ҳисобланади. Шу билан бирга, бошини ўраб юриш ҳамиша ҳам камтарлик аломати ҳисобланмасди. Баъзан рўмол ўраш кўпроқ аёлнинг олий насабини, унинг эгалик эканлигини, унга ёндошиш мумкин эмаслигини, унинг эрининг тақводор эканлигини кўрсатган. Паст табақали аёллар кўпинча юқори ижтимоий мавқега эгадек бўлиб кўриниш учун ҳам рўмол ўраганлар.

Европада яҳудий аёллар ХIХ асргача, яъни уларнинг ҳаёти дунёвий маданият билан боғланиб қолган давргача, бошларини ўраб юришни давом эттирганлар. Ундан кейин эса баъзи яҳудий аёллар бошни ўровчи ўзига хос восита сифатида парик кия бошладилар. Бугун эса уларнинг энг художўйлари ҳам бошларини ўрамайдилар, аммо уларнинг баъзи аёллари, масалан, ҳасидларнинг вакиллари ҳалигача парик кийишни давом эттирмоқдалар.

Христианликка келадиган бўлсак, католик монах аёллари бир неча асрлардан буён бошларини ёпиб келадилар. Аммо масала фақат шу билан тугамайди. Аёлларнинг бошларини ўрашлари ҳақида «авлиё» Павелнинг Инжилдаги айтганлари жуда ҳам қизиқ:

«Шунингдек мен ҳар қандай эркакка бошлиқ – Масиҳ, хотинга бошлиқ – эр, Масиҳга бошлиқ – Худо эканлигини билишларингизни истайман. Боши ёпиқ ҳолда ибодат ёки башорат қилувчи эр киши ўз бошини маломатга қолдиради ва шунингдек боши очиқ ҳолда ибодат ёки башорат қилувчи аёл ҳам бошини маломатга қолдиради, чунки бундай қилиш у (аёл)нинг боши қириб ташланиши билан бир хил; агар аёл бошини ўрашни истамаса, уни қириб ташласин; агар аёл сочи қирқилишидан ёки қириб ташланишидан уяладиган бўлса, унда бошини ўрасин.

Шундай қилиб, эркак бошини ўраши керак эмас, у Худонинг қиёфаси ва шарафидир; хотин бўлса эрнинг шарафидир. Чунки, эркак аёлдан эмас, балки аёл эркакдан бунёд бўлган, эр хотин учун эмас, балки хотин эр учун яратилган. Шунинг учун ҳам аёл ўз бошида унинг устидан фаришталар учун ҳукмронлик белгисига эга бўлиши лозим».

Манба: 1 Коринфликларга 11: 3-10.

Шундай қилиб, муқаддас Павел аёлларга Худонинг қиёфаси ва шарафи бўлган эркакларнинг улар устидан ҳукмронлик белгиси сифатида бошларини ўраб юришларини буюради. Католик черковининг диний ақидалари ҳам аёлларга черковда бошларини ўраб юришни буюради.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб шуни айта оламизки, аёллар бошларини ўраб юриш «удуми» Ислом томонидан кашф ва таъсис этилмаган. Аммо бу урф-русум Ислом томонидан қўллаб-қувватланган. Қуръони Карим иймонли аёлларга ўзларидан камтаринлик ва иффатлилик кўрсатган ҳолда бошларини, кўкракларини ва бўйинларини ёпиб юришларини таълим беради:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِ‌هِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُ‌وجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَيٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّـهَ خَبِيرٌ‌ بِمَا يَصْنَعُونَ ﴿٣٠ وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِ‌هِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُ‌وجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ‌ مِنْهَا ۖ وَلْيَضْرِ‌بْنَ بِخُمُرِ‌هِنَّ عَلَىٰ جُيُوبِهِنَّ ۖ

«(Эй Муҳаммад,) мўминларга айт: кўзларини (номаҳрам аёлларга қарашдан) тийсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар. Ана шу (иш) улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларидан хабардордир.»

«Мўмина аёлларга айт: кўзларини (эркакларга бўлган шаҳватли нигоҳлардан) тийсинлар. Ва авратларини (зинодан) сақласинлар ҳамда кўриниб турадиган (яъни юз, кафтлар ва оёқларнинг тўпиқдан паст қисми)дан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. (Токи, бўйин, кўксилари ва кўкраклари кўринмасин)… ». (Нур сураси, 30 ва 31 – оятлар)

Авратлар нега бунчалик муҳим?

Қуръони Карим буни қуйидагича изоҳлайди:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ قُل لِّأَزْوَاجِكَ وَبَنَاتِكَ وَنِسَآءِ الْمُؤْمِنِينَ يُدْنِينَ عَلَيْهِنَّ مِن جَلَابِيبِهِنَّ ۚ ذَٰلِكَ أَدْنَىٰ أَن يُعْرَ‌فْنَ فَلَا يُؤْذَيْنَ ۗ وَكَانَ اللَّـهُ غَفُورً‌ا رَّ‌حِيمًا

«Эй Пайғамбар, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини (узун рўмолларини ёки бутун баданларини ёпадиган кенг кийимларини) ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг (ким эканликлари) танилиб, озорга учрамасликлари учун энг яқин (услубдир). Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.» (Аҳзоб сураси, 59 – оят)

Авратни яшириш аёлни унинг шаънига тегишдан қўриқлашга қаратилган. Яъни аёллар боши ва баданини ёпиб юришга буюрилишидан кўзланган ягона мақсад жамиятда уларнинг шаъни ва ҳурматини сақлаб қолиш ҳамда уларни нопок кўзлардан ҳимоя қилишдир, холос.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муслима аёлларнинг жамиятда ҳижоб кийишлари билан бирга уларнинг ҳаё-ибо, иффат ва покдомонликлари сақланиб қолишига алоҳида эътибор қаратардилар. Бу борада қуйидаги ривоятни келтирамиз:

Сарвари коинот ўзларининг охирги ҳажларини амалга ошириб қайтиб келаётганларида ул зот машҳур «Ғадийр» номли хутбаларини ўқидилар. Шундан сўнг йиғилганлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларидан фойдаланиб ўзларининг турли саволлари билан ул ҳазратга мурожаат қилишар, саволларига жавоб олишар эди. Шунда ҳозир бўлганлар орасидан бир аёл чиқиб ҳазратнинг олдиларига келиб, ўзининг саволларини ул ҳазратдан сўрай бошлади.

Ул ҳазратнинг Фазл бин Аббос номли саҳобалари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг орқаларида ўтирган эди. Ҳалиги савол берувчи аёл келгандан бери кўзини ундан узмас эди, ўз навбатида у аёл ҳам кўз қирини Фазл бин Аббосга ташлаб турар эди. Буни сезган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қўлларини Фазлнинг бошига қўйиб, оҳиста ва меҳрибонлик билан юзини тескари ўгириб қўйдилар-да, сўнгра шундай дедилар:

«Бир ёш йигит ва ёш аёл орасида шайтон макон қилиб олишидан қўрқаман».

Бугунги кунга келиб ижтимоий тармоқларда номаҳрам эркак ва аёллар орасидаги муносабатлар, айниқса хотин-қизларнинг ҳижоб ва ёпинчиққа ўранишлари масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда Аллоҳ таолонинг ушбу фарз амали муслима аёлларимиз орасида кенг ёйилишини истаб ва бу хусусда зиммамизда улкан вазифа борлигини тушуниб етганимиз учун ҳижобнинг турли қирраларини диққат-ла ўрганиб чиқиб сиз азизларга тақдим этдик.

Сўзимиз ниҳоясида эса муҳтарама опа-сингилларимизга мурожаатимиз қуйидагича:

Агар улар Аллоҳнинг муслима аёллар учун ҳижоб ва ёпинчиқ кийишга оид амрини билмай келаётган бўлсалар, буни билишлари биланоқ худди мўмина ва муслима саҳобияларга ўхшаш иш қилиб, дарҳол рўмол ўраб, ўзларини исломий кийимга олсалар улуғ бир ишга қўл урган бўладилар. Бу иш учун фақат истак керак, холос.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқ, илму фан бобидаги муваффақиятлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.