Home / Аёллар саҳифаси / ҲИЖОБЛИ АЁЛ ШЕЪРЛАРИ

ҲИЖОБЛИ АЁЛ ШЕЪРЛАРИ

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила

Кўзинг-у, қалбингни забт этган тўлиб 

Нафосат ҳақида сурсанг гар хаёл. 

Нуқсонсиз гўзаллик тимсоли бўлиб 

Юрган бир ҳасратдир ҳижобли аёл! 

Бироқ осон эмас юрмоқ ҳижобда, 

Бугун бу кўпларга келмоқда малол. 

Ҳис қилар ўзини бегона дунё, 

Келгинди хилқатдир ҳижобли аёл. 

Авж олган бузуқлик, масиятлардан, 

Не-не қадриятлар бўлди-ку увол. 

«Эй Роббим, паноҳ бер!» дея булардан 

Беркинган сувратдир ҳижобли аёл. 

Кўплар аёл номин бўлғайди тинмай, 

Авратлар очилиб, бўлишар хушҳол. 

Тақвосин кўрсатиб, ўзин кўрсатмай 

Сақланган сийратдир ҳижобли аёл. 

Миллат-у, динини кўплар унутиб 

Гуноҳлар қаърида топаркан завол, 

Тақвоси тимсоли либоси бўлиб 

Динига қувватдир ҳижобли аёл. 

Беҳаё кимсалар, динсиз жоҳиллар 

Масхара қилганда уни бемалол. 

«Аллоҳим, уларга ҳидоят бер», деб 

Энг яхши ниятдир ҳижобли аёл. 

Унинг мавжудлиги кўнгилга малҳам 

Кўз қувнар, қалб эса бўлмагай беҳол. 

Китоблар ёқилиб кетганида ҳам 

Исломга ҳужжатдир ҳижобли аёл! 

Даъватлар тўхтаган телба диёрда 

Ҳар кимнинг кўнглида катта бир савол. 

Индамай кетса ҳам кўзлари ерда 

Катта бир даъватдир ҳижобли аёл. 

Унга ҳавас қилгум, дегум, «эй синглим, 

Эрларга тақвода ўрнак бўлиб қол!» 

Иймондан воз кечган эркаклар учун 

Энг яхши ибратдир, ҳижобли аёл. 

Share

Check Also

Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқ, илму фан бобидаги муваффақиятлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.