Home / Аёллар саҳифаси / Ҳижоб тажовузга қарши!

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила

Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аммо шундай муаммолар ҳам борки, инсоният пайдо бўлгандан буён аёллар бу муаммоларга ҳар доим дуч келадилар. Бу – таъқиб ва тажовуздир. Баъзи даврларни истисно қилганда, аёлларга нисбатан тажовуз жамиятда долзарб муаммога айланмаган пайт бўлмаган бўлса керак!

Хўш, бугунги кунимизда бу ҳақда нима дейиш мумкин?

Қайғули статистик маълумотларга кўра, АҚШда аёлларнинг тахминан 22 фоизи жинсий таъқибга учраб зўрланган. Уларнинг 39 фоизи эса ҳаётида икки ва ундан ҳам кўп марта бу ҳолатга дуч келганлар. Уларнинг ярмидан кўпи 11 дан 24 ёшгача бўлган хотин-қизлар эканлигини ҳисобга олсак, демак, «жинсий жиноятлар – ёшларнинг фожиасига айланган!». 75-80 фоиз ҳолларда зўрловчи ҳам, зўрланган ҳам бир-бирига таниш бўлган ҳамкасблар, қариндошлар ёки дўстлар (!) бўлишган. Ваҳоланки, бу мамлакатда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан дахлсизлиги жуда яхши ҳимоя қилинади.

Россиядаги статистика юқоридагидан деярли фарқ қилмайди: аёлларнинг деярли тўртдан бири (улар асосан ёшлардан иборат) жинсий тажовузга учраган. Аммо Россияда бундай муаммолар билан ҳуқуқни ҳимоялаш органларига мурожаат қилиш (айниқса, бундай нозик масалада) ва ўз манфаатларини судда ҳимоя қилиш урф бўлмаганлиги туфайли, расмий статистика маълумотларига кўра аҳвол қониқарли.

Айни пайтда, мусулмон дунёсидаги худди шу муаммо билан боғлиқ вазиятга назар ташласак, бу ерда у қадар кескинлик йўқ. Ўз динининг тартиб-қоидаларига риоя қилувчи муслима аёл, ҳатто АҚШ каби «эркин ахлоқли» мамлакатда ҳам мутлақо тажовузга учрамайди.

Муслима аёл ўзининг ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракати билан ҳар қандай тажовузни баратараф қилади. Мастура қиз (ҳижоб билан ёпинган аёл) ўзининг олий адолатга бўлган иймон ва ишончи билан ҳимояланганлигини намойиш этади. «Ҳамкасбларнинг шилқимликларидан ўз-ўзини ҳимоя қилиш» деб номланган китобчага ёки бахтли тасодифга умид қилмайди.

Хўш, Аллоҳ таоло аёлларни одоб-ахлоқ бузилган, шарм-ҳаё ва ибо пардаси кўтарилган ҳамда оила ва никоҳ деган нарсанинг ўзи йўқолиб бораётган баъзи жамиятларда қандай қилиб ва ниманинг воситаси ила ҳимоя қилади? деб сўрасангиз, албатта, ҳижоб билан, – деб жавоб берамиз! Фақат кийим-бош маъносида эмас, балки феъл-атвор, юриш-туриш ва турмуш тарзидаги ҳижоб билан!

Шубҳасиз, ҳижобдаги аёл – Исломнинг рамзидир! Ҳижоб – аёлнинг чин эгаси Аллоҳ таоло эканлигини билдириб турувчи белгидир!

Ҳижоб – аёлнинг ожиза ва заифа эмас, ҳар қандай камситиш ва таҳқирларга нишон бўлган қуйи инсон эмас, балки ўзига хос эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, ҳурмат-эътибори билан ҳар қандай эркакдан кам бўлмаган чинакам инсон эканлигининг ҳужжатидир.

КЎЧА-КЎЙДА

Мастура қиз шовқин-суронли, тили ва маданияти ранг-баранг бўлган байналмилал оломон орасида юриб бормоқда… Энг аввало таъкидлаш лозим бўлган жиҳат шуки, ҳижобли аёл камдан-кам ҳолларда ёлғиз юради. Кўпинча унинг ёнида дугоналари, қариндошлари ёки болалари бўлади. Бу ҳам ҳижобнинг шартларидан биридир. Ёлғиз аёлни хафа қилиш ҳамманинг қўлидан келади, аммо қизлар бир нечта бўлиб кетаётганда эса уларнинг ёнига сурбетлик ва дадиллик билан яқинлашишга ҳамманинг ҳам юраги дов беравермайди.

Ҳижобли аёлнинг устида дидсизлик билан илиб олинган, баданни яшириш ўрнига уни кўпроқ яна ҳам очиб турадиган, эркакларнинг хаёлини ўғирлайдиган нарсаси ҳам қолмаган «топик», «мини» ёки «супер-мини» юбкалар бўлмайди. Унинг нурли юзида ҳиндуларнинг жанговар бўяниши каби бир неча килограммлик декоратив косметикани ҳам кўрмайсиз.

Муслима аёл ҳаё ва ибо билан кўзларини ерга қадаб, атрофга алангламай, навбатдаги ўлжани – энг замонавий ва қимматбаҳо кийимлар кийган, «Мерседес»нинг энг зўрини минган, бўйнига тилла занжирлар осиб олган «ов»ни қидирмай, аста қадам қўйиб боради.

У бирон иш билан кетяпти: дўконга, дарсга ёки болалари билан сайр қилишга. У ўзининг ишлари билан машғул, унинг атрофдагилар билан, айниқса бошқа замондошлари каби кўпроқ пул ундириш, шартли равишда «ер» деб аталувчи «кўчмас мулк»ка айлантириб олиш мумкин бўлган эркаклар билан иши йўқ.

Албатта, унинг оёқ-қўли кишанлаб қўйилмаган, тили суғуриб олинмаган – керак бўлиб қолса, адашган кишига йўл кўрсатиб юборади, юзида майин табассум билан қари кампирни йўлдан ўтказиб қўяди, йиқилиб тушган болакайни турғазиб қўяди, бироқ унинг эътиборини Ислом доирасидан четга чиқарадиган бирор нарсага чалғитишга салгина уриниш сезса, ўша заҳотиёқ у ердан нари кетади. Бирор эркак киши чегарадан чиқадиган даражада уни гапга тортишга уринса, шу заҳоти ўртада кўринмас девор пайдо бўлади. Айнан шунинг учун муслима аёл ҳар қандай вазиятда, ҳатто энг ахлоқсиз шаҳарнинг кўчасида ҳам ҳимояланган бўлади.

ИШ ЖОЙИДА

Аввало, айтиб ўтиш керакки, муслима аёл ишлаб оила боқишга мажбур эмас. Аммо муслима аёл хоҳласа, ишлашга ҳаққи бор, холос. Бироқ, бунинг учун унинг бўш вақти ва ота-онаси ёки эрининг рухсати бўлиши шарт.

Муслима аёл оиласини, ота-онасини (эрини-ку айтиб ўтирмаса ҳам бўлади) таъминлаш учун ишлашга мутлақо мажбур эмас. Аёл ишлаб топган пуллар фақат ва фақат унинг ўзига тегишли бўлади, бироқ у топган пулини оиласига, рўзғорга ишлатса – садақа ҳукмига ўтади.

Бироқ, муслима аёл ҳатто ўлим хавфи остида ҳам шуғулланиши мумкин бўлмаган ишлар, касблар ҳам бор: Улар – стрип клублар, интим магазин, эскорт-ҳамроҳлик ва шунга ўхшашлардир. Уларнинг номиданоқ ёлловчига «қўшимча» хизматлар кўрсатиш керакли кўриниб турибди. Табиийки, бундай ишлар муслималарга тўғри келмайди.

Бошқа баъзи касблар ҳам муслималарга юқоридаги сабабларга кўра мумкин эмас, агарчи уларда «қўшимча» хизматлар ҳақида алоҳида айтилмаган бўлса ҳам! Мазкур касблар тунги кафе ва клубларда официантлик, котибалик (ишга олишдаги талаблар чой ва қаҳва дамлаб беришдан бошланади) ва ҳоказолардан иборат. Бундай ишлар нафақат муслималар учун, ҳар қандай аёл учун ҳам ҳақоратлидир, бироқ кўпчилик бундай ишларга ё чорасизликдан ёки енгил ва осон йўл билан пул топиш мақсадида рози бўлишади.

Яна баъзи бир касблар ҳам аёлларнинг аёллик табиатига мутлақо тўғри келмайди. Тракторчи аёллар, темир йўл шпалларини ётқизувчи хотинлар фақат коммунизм давридагина «улуғланди»… Аёлларнинг нозик қўллари ер ости конларини қазиб чиқаришларда, қурилишларда, домна печларда ва қайноқ цехларда қаварди… Бу ишларнинг оналик табиатига ҳамда аёлнинг жисмоний ва руҳий фитратига тўғри келмаслигини айтиб ўтиришнинг ҳам кераги йўқ, чунки, ойдин бир масаладир. Қанчадан-қанча аёллар бундай оғир меҳнат оқибатида соғлиғидан ажралиб ногирон бўлишди, ҳаттоки уларнинг баъзилари оналик бахтидан маҳрум бўлдилар.

Ишлашни истаган муслима аёл ҳамшира, доя ва шифокор бўлиб ёки муаллима, журналист ва дизайнер бўлиб ишлаши мумкин. Муслима аёл тадбиркор ҳам бўлиши – масалан, ўз бизнесини юргизиши ёки турмуш ўртоғининг бизнесига шериклик қилиши мумкин. Аёл киши учун Ислом доирасидан четга чиқмаган ҳолда ўзининг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган касблар жуда кўп. Албатта, аёл киши фақат аёллар орасида эмас, балки аралаш меҳнат жамоасида ҳам ишлаши мумкин. Бироқ, бундай шароитда ҳам ҳижобли аёл бепарда ҳазиллар, шилқимлик ва ноўрин гап-сўзларга йўл қўймади.

Унинг либоси ҳар қандай идора ва муассасанинг кийиниш тартиб-қоидаларига ҳам, Ислом қонунларига ҳам мос келади. Муслима очиқ чеҳрали бўлади, бироқ бунинг маъноси номаҳрам эркакларга ноз-карашма қилиш дегани эмас. Ҳижобли аёл хизмат пиллапояларидан муваффақият билан кўтарилиб боради, бироқ бу унинг қадди-қомати ёки чиройли лаббўёқлари учун эмас, балки ўз иқтидори ва қобилияти ва албатта, Аллоҳнинг ёрдамига бўлган мустаҳкам ишончи ва иймони туфайли бўлади.

Бундай муслима аёллар ҳақида: «У ортиқча кўзга ташланмайди, лекин бебаҳо ходима», дейишади. Яъни у атрофдагиларни ўзига қаратадиган даражада кўзга ташланиб турмайди, бироқ ишхонада унинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. У худди ҳавога ўхшайди; ўзи одатда сезилмайди, лекин унингсиз бир неча дақиқадан ортиқ яшаб бўлмайди.

ДАМ ОЛИШДА

Муслима, мастура аёлларнинг дам олиши ҳақида сўз кетса, кўпчилик ҳайрон қолиб таажжубланади. Чунки, «аёл киши фақат уйни эплаб ўтириш, бола туғиб, эри ва болалари учун пишир-тушир қилиш учунгина яратилган» деган фикрда юрадиганлар кўплаб топилади.

Аммо аслида эса бундай эмас. Ҳозирги кунда муслималарни ҳамма жойда – истироҳат боғларида югуриш йўлакчаларида югураётган, чанғи, конъки ва скейт учаётган ҳолда учратиш мумкин. Шунингдек, исломий оилалар биргаликда табиат қўйнига дам олишга ҳамда чет элларга саёҳатга кетишади. Муслима аёллар болалари билан истироҳат боғларига борадилар, болаларга мўлжаллаган кўнгилочар аттракционларга тушадилар.

Бироқ муслималарни дискотекаларда ва тунги клубларда кўрмайсиз. Бу нарсаларнинг уларга кераги ҳам, қизиғи ҳам йўқ. У жойлардаги хатти-ҳаракатларни нафақат муслималар, балки ҳар қандай соғлом фикрли одамнинг ҳам дам олиш жойи дейишга тили бормайди. Тўғрироғи, буни организмни ортиқча зўриқтириш десак тўғрироқ бўлади…

Тана ва руҳ ҳақиқатдан ҳам ҳордиқ чиқарадиган дам олиш жойларига ҳамда жисмоний ва руҳий тарбияга муҳтож. Муслима аёллар бундан мустасно эмаслар. Аммо муслима аёлларнинг турли спорт соҳаларида ҳижобли ҳолда чиқишлари уларни ташқи тажовузлардан ҳимоялайди. Бунда муслималар аврат ёпишнинг шаръий чегараларидан чиқмайдиган бичимдаги, саёҳат жойларида дам олишга ёки спорт билан шуғулланишга халақит бермайдиган ҳижобларни кийиб оладилар. Албатта, узун бир неча қавтли юбка ёки кўйлакда гулхан учун шох-шабба йиғиш, конъкида учиш қийин ва шунинг учун бу пайтда кенг қилиб тикилган шимлар ва узун тикилган туникалар қўл келади.

Дарҳақиқат, ҳижобга ҳеч нима тўсиқ бўла олмайди, ҳижоб зарурдир, зероки, бу фарз амал. Аммо бу муборак фарзни аёлнинг қайси бир қилмишлари учун «жазо» деб қабул қилмаслик керак. Ҳижоб муслима аёлнинг турмуш тарзигина эмас, балки у ўз бекасини турли таҳдид ва муаммолардан, жумладан тажовузлардан ҳимоя қилиб туради.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқ, илму фан бобидаги муваффақиятлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.