Home / Аёллар саҳифаси / Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (2)

Ҳижоб кийинишнинг аҳамияти ва зарурлиги (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ҳозирги ёшларнинг одоб-ахлоқ, илму фан бобидаги муваффақиятлари кўзга кўринарли даражада. Бундан қувонамиз, фахрланамиз. Бироқ айрим ҳолларда кўча-кўйда, жамоат жойларида мусулмонларга мос келмайдиган тарзда кийиниб олган ёшларни, айниқса қизларни кўриб, кўнглимиз ранжиши ҳам бор гап.

Чуқур ва холис назар ташлаганда, кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан мусулмон халқларида «Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши бу – кийимдур», мазмунида ҳикматли сўз бор.

Қадимги устозлар ўз шогирдларини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки, бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаётганида миллий ва диний қадриятлардан келиб чиқиб ўз танловини амалга оширгани яхши. Зеро, кийиниш маданияти инсоннинг диди ва дунёқараши қандай эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 35-оятида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّـهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّـهُ لَهُم مَّغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا ﴿٣٥

«Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини [ҳаромдан] сақлагувчи эркаклар ва авратларини [ҳаромдан] сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва [Аллоҳни кўп] зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир»

Кийим-кечакнинг озода бўлиши ва ярашиб туриши ҳам жуда муҳим ҳисобланади.

Энг аввал кийим билан авратли аъзолар ёпилади. Ёзнинг иссиқ, чанг-тўзонли кунларида, қишнинг қаҳратон совуқларию, қор-ёмғирли ва изғирин тўфонли паллаларида инсоннинг нозик бадани либос билан ҳимоя қилинади. Бундан ташқари, кийим инсоннинг кайфиятини, руҳиятини ҳамда ички олами ва маънавиятини, қолаверса қай даражада тарбияли эканини белгилаб беради.

Сиз азизларни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ушбу ҳадисларига қулоқ тутишга чақирамиз:

«Хотин киши беш вақт намозини ўқиса, Рамазон ойининг рўзасини тутса, покдомон ва эрига итоаткор бўлса, унга: Жаннатнинг ўзинг хоҳлаган дарвозасидан кир, – дейилади»

Аллоҳ таоло яратган ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари бор. Бу нарса илоҳий ҳикмат асосида жорий этилган. Хужурот сурасининг 13-оятида бу ҳақда шундай дейилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَىٰ وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا ۚ إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّـهِ أَتْقَاكُمْ ۚ إِنَّ اللَّـهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ ﴿١٣

«Эй одамлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва бир-бирларингизни танишларингиз учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг азизу мукаррамингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир».

Демак, дунё халқларининг асли ва келиб чиқиши бир, яъни ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳавонинг фарзандлари бўлишларига қарамай, ижтимоий ҳаёт тақозосига кўра, улар турли миллат ва элатларга бўлинганлар. Ва уларнинг бир-бирларидан фарқли равишда турли-туман удум ва анъаналар билан ҳаёт кечиришлари эса азалдан Яратганнинг иродаси ва илму ҳикмати тақозо этган ҳақиқат экан. Юқоридаги ояти каримада инсонларнинг турли халқ ва миллат-элатларга бўлинишининг сабаби эса ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилган. Рум сурасининг 22-оятида ушбу мазмун янада аниқроқ баён этилган:

وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّلْعَالِمِينَ ﴿٢٢

«Унинг [Аллоҳнинг] белгиларидан яна бири – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун белги-нишоналар бор».

Демак, ҳар бир халқ, миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналарига кўра, турли кўринишга эга кийимлари бўлади. Бу кийимларнинг барчаси одамларнинг нечоғлик маданият ва маърифат соҳиби эканидан дарак беради. Шу боис, покиза, айниқса янги либослар киши кайфиятини кўтариш билан кучига куч, қалбига жўшқинлик бағишлайди; табиатини очиб, кўнглини ёриштиради, ишларини ҳиммат ва ғайрат билан бажаришига боис бўлади. Худди шунингдек, нопок, ифлос кийимлар, аксинча, инсон кайфиятини туширади, куч-ғайратини кеткизади, кўнгилини тушкунликка солиб, табиатини хиралаштиради.

Хуллас, либослар кўнгил тубидаги гўзал ва пок ниятларни ҳамда орзуларни ифодалаши керак. Пайғамбаримиз Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам) янги либос кийсалар ёки кийимларини алмаштирсалар:

«Эй Раббим, бу либослар билан менинг кўринишимни чиройли қилдинг! Ўзингга ҳамд-санолар бўлсин! Энди хулқу одобимни ҳам, амалларимни ҳам ана шундай гўзал ва ёқимли қилгин!», – деб дуо қилар эдилар.

Шунга кўра, ушбу дуоларни ўқиш ва эслаб юриш суннат амаллардан ҳисобланади. Демак, бу ғоят савобли ишлардандир.

Бинобарин, инсон кийиб юрган либоси билан ўзининг ким ва тарбияси нечоғли экани, ўзининг таъби, диди ва табиати ҳамда бошқа кўз илғамас жиҳатларига ишора қилишни уқтиради. Ваҳоланки, ҳозирги кунда айримлар тасаввур қилаётганидек, зинҳор қимматбаҳо, дабдабали, ҳашаматли, ялтир-юлтир ва ҳоказо кийимларни кийиш кишининг ақлли, фаросатли ва маданиятли эканини билдирмайди.

Юқоридаги сўзларимидан келиб чиқиб шуни айтишимиз керакки, Аллоҳ таоло Ислом аҳлидан бўлган аёллар учун юксаклик ва улуғворликни хоҳлаб уларга ҳижоб ўрашни буюрган. Шу боис, ҳижоб кийиш мусулмон аёл учун машаққат эмас, шараф бўлиши керак. Чунки, у бу иши билан оламлар Парвардигорига бўйсуниши билан бирга, ўзидаги юқори фаросат, маърифат ва маданиятни намоён қилган бўлади. Ва шунингдек ҳижоб кийиш муслималар учун чиройли зийнат бўлибгина қолмай, уларнинг комил иймонли, хушхулқли, одобли, иффатли ҳамда ҳаёли эканликларидан далолат ҳамдир.

Сўзимиз пировардида муслима аёлларимизга мурожаатимиз шуки, улар ҳижобга эътиборсизлик қилишдан ва унга салбий муносабатда бўлишдан эҳтиёт бўлсинлар! Зероки, қайси бир инсон Аллоҳнинг ғазаби ва Унинг азобига дучор бўлган бўлса, шубҳасиз, бунинг ягона сабаби Аллоҳнинг ҳукмларини писанд қилмаслиги ёки уларга эътиборсиз бўлгани ёхуд уни ёмон кўриши бўлган. Шу боис, ҳижобга эътиборсизлик қилиш Аллоҳнинг буйруқларини писанд қилмасликдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг буйруғига «лаббай», деб жавоб бериб, ҳижоб кийган ва шу йўлда бардавом бўлиб мустаҳкам турган аёл эса Аллоҳ таолонинг розилигига, Ул Зоти Покнинг ҳузуридаги буюк ажр-мукофотларга эришиши шубҳасиздир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Ҳижоб тажовузга қарши!

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи ила Бугунги дунё янгидан-янги ташвишлар ва муаммоларни келтириб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.