Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Ҳазрат Али (а.с) ҳукуматида инсон ҳуқуқлари масаласи

Ҳазрат Али (а.с) ҳукуматида инсон ҳуқуқлари масаласи

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Ражаб ойининг 13-куни Аллоҳнинг Расули Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадонида тарбия топган, хотамул-анбиёнинг энг яқин сафдоши, амакиваччаси ва куёви бўлган амиралмуъминин Али (алайҳис салом)нинг таваллуд кунларидир. Бу муносабат билан барча мусулмонларни самимий қутлаймиз.

Али (алайҳис салом) ўз ҳаётлари давоми ҳамда қисқача ҳукмдорликлари даврида юксак эътибор қаратган мавзуларидан бири инсон ҳуқуқларидир. Бугун ана шу мавзуда суҳбатлашмоқчимиз.

Инсоният узоқ жангу жадал ва қон тўкишлар сўнгида инсоний каромат ва қадр-қийматни ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқлар мажмуи бўлмоғи лозим, деган хулосага келди. Бу ҳужжат ишлаб чиқилди ва унга «Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси» деб ном берилди.

«Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси» одамлар томонидан ишлаб чиқилди. Инсон ақли эса мукаммал бўлмагани сабаб, хатоларга йўл қўйиши турган гап. Шу боис, ушбу ҳужжат камчиликлардан холи бўлмай, унинг бажарилиши ҳам кўнгилдагидек эмас.

Инсонни яратган Аллоҳ таоло унинг талаб ва эҳтиёжларини, саодатга эришиш йўл-йўриқларини яхши билади. Аллоҳ таоло инсон ҳуқуқларини энг мукаммал тарзда ўз пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ваҳий орқали нозил қилган ва Пайғамбаримиз ҳамда ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларидан бўлган маъсум имомларимиз мазкур йўл-йўриқларни одамларга шарҳлаб берганлар.

Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг қисқа муддатли ҳукмронлик даврлари инсон ҳуқуқларига риоя этишнинг энг олий намунаси ҳисобланади. Бу даврга келиб Ислом мамлакатининг ҳудудлари анча кенгайиб, турли ирқ, дин ва маданият соҳиби бўлган халқлар исломий ҳукумат соясида яшай бошладилар. Шу боис, ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг раҳбарлик услублари инсон ҳуқуқларининг амалий мажмуи ҳисобланади.

Ислом таълимоти бўйича инсон фоний эмас, балки абадийдир. Қуръони Каримнинг қатор оятларида ҳам дунёнинг фонийлиги ва охиратдаги абадий ҳаётга ишора қилиниб, одамларга бу дунёдаги ҳаётлари охиратдаги саодатли ёхуд азоб-уқубатли ҳаётларига сабаб бўлиши уқтирилади. Шунга биноан, инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борар экан, бу ҳуқуқ дунёда шахснинг инсоний қадр-қийматини ҳимоя қилибгина қолмай, балки унинг охиратдаги абадий саодатини ҳам таъминлашга қаратилган бўлиши лозим.

Маълумки, шахснинг энг асосий ҳуқуқи унинг яшаш ҳуқуқидир. Имом Али (алайҳис салом) Миср ҳокими этиб тайинлаган Молик Аштарга юборган ҳукумат фармонида шундай буюрадилар:

«Ноҳақ қон тўкишдан сақлангин. Зеро, ноҳақ қон тўкиш одамни жазога мустаҳиқ [ҳақли] этади, гуноҳларини кўпайтиради, неъматларни барбод айлайди, умр риштасини узади».

Ул ҳазрат ушбу буйруқларида инсоният тарихида жуда кўп хунрезликларга сабаб бўлган муҳим бир нуктага эътибор қаратиб, Молик Аштарни ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида қон тўкишдан қайтариб, буюрадилар:

«Ўз ҳукуматингни ҳаром қон тўкиш воситаси ила қувватлантирма. Зеро, ноҳақ қон тўкиш қудратни нотавонликка айлантириб, давлатни соҳибидан олиб, бошқага тақдим этади».

Яшаш ҳуқуқидан сўнг ҳар бир инсонга сув ва ҳаводек зарур бўлган ҳуқуқ – бу эркинликдир. Донишмандлар нуқтаи назаридан эркинлик деганда, ҳайвон мисоли ўз ҳою ҳаваси ва нафсоний хоҳишлари ортидан қувиб, жамият наздидаги масъулиятларини оёқ ости қилиш деб тушунилмайди.

Ҳазрат Али (алайҳис салом) одамларга шу даражада эркинлик берган эдиларким, масжидда хутба пайтлари ул зотнинг мухолифлари энг оғир танқидларни ҳам очиқ баён этишар, ҳатто баъзан ул ҳазратнинг нутқини тугатишга имкон бермас эдилар.

Инсон ҳуқуқлари мавзусидаги асосий муаммолардан бири барча инсонларнинг тенг ҳуқуқлиги масаласидир. Бу масала Исломда адолат юзасидан ҳал этилган. Ҳазрат Али (алайҳис салом) инсонларнинг тенг ҳуқуқлиги ва ижтимоий адолатни тиклаш жабҳасида жонбозлик кўрсатиб, охир-оқибат шу йўлда шаҳид бўлдилар.

Ул ҳазрат ҳаётларидан шундай бир ривоят эътиборга лойиқдир. Замондош яҳудийлардан бири ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг совутларини ўғирлаб, сотиш учун бозорга олиб чиқади. Ҳазрат ўз молларини таниб, қайтариб беришини ундан талаб қиладилар. Яҳудий бунга кўнмайди. Иш маҳкамага етиб боради. Ҳазрат мусулмонлар халифаси бўлишларига қарамай, оддий бир фуқаро мисоли муҳокамада қатнашадилар. Ул ҳазратнинг шоҳидлари бўлмаганлиги сабабли, қози ҳукмни яҳудийнинг фойдасига чиқаради. Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) қозининг чиқарган қарорини қабул қиладилар.

Мусулмонлар ҳукуматининг раҳбари бўлган мўминлар амири Али (алайҳис салом)нинг қонунга бунчалик бўйин сунишларини кўрган яҳудий иймон келтириб, мусулмон бўлади.

Терминалогия

«Совут»нинг маъноси танани найза, ўқ, қилич зарбидан сақлаш учун кийиладиган, пўлат симдан тайёрланган ҳарбий кийим.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.