Home / Шариат қонунлари / Закот / ҚАНЧА МИҚДОРДА ФИТР ЗАКОТИ ЧИҚАРИЛАДИ ВА У КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

ҚАНЧА МИҚДОРДА ФИТР ЗАКОТИ ЧИҚАРИЛАДИ ВА У КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси Жамоаси. Бир савол юзасидан сизларга мурожаат қиляпман. Мана Муборак Рамазон ойи ҳам охирлаб қолди. Шариат қонунига биноан, Рамазон ойининг охирги кунида Фитр пулини чиқариш керак деб айтаяптилар. Саволим шуки, Фитр пули неча пулдан чиқарилади ва кимга берилади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

 БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ.

Рамазон ҳайитининг одобларидан бири «Фитр закоти» ёки «Фитри рўза»ни беришдир ва бу амал шариати исломияда имкони бўлган ҳар бир мусулмонга вожиб қилинган. Яъни муҳтож ва камбағал бўлмаган ҳар бир мусулмон ўз озиқасидан ёки муайян миқдордаги пулини (ҳар бир кишига уч килограмм буғдой миқдорида белгиланган) Рамазон ҳайити тонгида муҳтож ва камбағалларга бериши вожиб қилинган.

«Фитр закоти»ни чиқариш рўзадор инсоннинг шукронаси рамзидир. Рамазон ҳайити кунида Фитр пулини чиқариш билан ҳар бир инсон ўз қудратига яраша муҳтож ва камбағаллар кўнглига қувонч бағишлайди.

Бошқа таъбир билан айтганда, «Фитр закоти» ҳаётида моддий эҳтиёж сезадиган камбағалларга кўмак бўлсин деб мўмин-мусулмонларга шариати исломияда вожиб этилган хайрли ишдир.

Ҳақиқатан ҳам «Фитр закоти» тўлаш рўзадор инсоннинг бир ой давомида Аллоҳ таолога итоат ва бандалик қила олгани учун шукроналар айтиб тантанали нишонлашдир. Ва бу хайрли амал молу мулкка эга бўлган ўзига тўқ кишилар билан кам таъминланган камбағалларнинг ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади ва шариати исломияда «Фитр закоти»ни чиқариш рўза тутган ва тутмаганларга баробар ҳолда фарз қилинган.

Ушбу мақсадда ҳар бир мусулмонга рўзғорида ўзи энг кўп истеъмол қиладиган буғдой, гуруч сингари озиқ-овқатдан ёки шунинг ўрнини қоплайдиган маблағни Рамазон ҳайити куни тонгида фақир ва йўқсилларга «Фитри рўза» сифатида бериши вожиб қилинган. «Фитр закоти» Ҳайит намозини ўқиган тақдирда имкон қадар Ҳайит намозидан олдин жон бошига чиқарилиши шарт. Агар «Фитр закоти»ни Ҳайит намозидан олдин яқин атрофида яшовчи эҳтиёжманд кишиларга етказа олмаса, намоздан кейин ҳам то Ҳайит кунининг зуҳр (тушлик) вақтигача бериш мумкин.

Аниқроқ қилиб айтганда, ҳайит оқшоми кун ботиш вақтида кимда-ким балоғат ёшига етган бўлса, ақл-ҳуши жойида бўлса, фақир-муҳтож бўлмаса ва бировнинг хизматкори бўлмаса, у ҳолда ўзи ва қарамоғида бўлган нонхўри ҳисобланган аёли ва фарзандларининг ҳар бири учун бир соъ миқдорда, яъни 3 килограммга тенг миқдорда буғдой, арпа, хурмо, майиз, гуруч, маккажўхори ёки шунга ўхшаш рўзғорида кўп истеъмол қиладиган озиқ-овқатлардан «Фитр закоти»ни чиқариб уни олишга ҳақли бўлганга бериши вожибдир.

Албатта, мусулмон киши юқорида санаб ўтилган озиқ-овқатларнинг хоҳлаган биридан 3 килограмм миқдорида «Фитр закоти» чиқара олади ёки ўша нарсанинг пулини берса ҳам бўлади. Уч килограмм Буғдой миқдорида «Фитр закоти» чиқариш мусулмон кишига фарз қилинган бўлса-да, аммо рўзғорида энг кўп истеъмол қиладиган нарсадан, масалан гурунч, хурмо ва майиз кабилардан «Фитр закоти» чиқариш мустаҳаб саналади.

Энди «Фитр закоти» кимларга берилади ва қайси ўринларга ишлатилади деган саволнинг жавобига келсак;

Исломда «Фитр закоти»ни чиқариш учун кўп ўринлар белгилаб қўйилган. Жумладан, ҳаётини қийинчилик билан ўтказадиган эҳтиёжманд кишиларга; масжид, мадраса, кўприк, темир йўл ва шифохоналар қуришга ҳамда мусулмонларнинг бошқа оммавий эҳтиёжларини таъминлашга сарфлаш мумкин. Ҳаттоки, фитр закотидан нотўғри ва қинғир ишлар билан қарз бўлмаган инсонларнинг қарзларини ҳам бериш мумкин.

Аксари тафсирчи олимлар ҳамда фақиҳ ва мужтаҳидлар закот қандай жойларга сарфланиши кераклигини аниқлашда қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирганлар ва бу масалада ҳеч қандай ихтилоф йўқлиги айтилган. Ушбу ояти каримани кўздан кечирамиз:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّـهِ وَابْنِ السَّبِيلِ ۖ فَرِيضَةً مِّنَ اللَّـهِ ۗ وَاللَّـهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

«Албатта, садақалар [мол закоти] фақирларга, мискинларга, [закот] ишида ишловчиларга, кўнгиллари улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғилларига [йўлда қолиб кетганларга] берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир» Тавба сураси, 60-оят.

Шубҳасиз, мўътабар ҳадисларда айтилишига асосан барча муфассир ва фуқаҳоларнинг иттифоқи назарига кўра, оятдаги «садақалар» сўзидан фақат Аллоҳ таоло фарз қилган «закот» назарда тутилган ва оятнинг ўзида ҳам бунга ишора қилинган. Ушбу ояти каримага биноан, закот фақат қуйидаги саккиз ўринда ишлатилади:

  1. Фақирлар (йиллик сарф-харажатларини топиб етиштира олмайдиган кишилар);
  2. Мискинлар (яшаш аҳволи фақирдан ҳам оғирроқ ҳолда бўлган шахслар);
  3. Закот ишида ишловчилар, яъни закот учун берилган молларни йиғиб олувчи ва шунга оид бошқарув ишларни олиб борувчи мутасадди ходимлар.

Албатта, ваколатга эга бўлган бундай мутасадди ходимлар маъсум имом (ҳозирги даврда Имом Маҳдий (а.ж) ёки ул ҳазратнинг умумий ноиблари, яъни фақиҳ ва мужтаҳидлар томонидан ЗАКОТни йиғиб олиб, уни имом ёки ноибига етказиш учун ёки фақир-муҳтожларга етказиш учун тайинланган ваколатли шахслардир.

  1. Кўнгиллари улфат қилинадиганлар, яъни моддий ёрдам ва хайр-эҳсон қилиш билан қалблари Исломга кўпроқ мойил бўладиган ва шу йўлга улфат топадиган одамлар.

Бошқа таъбир билан айтганда, Фитр закотини олиб Ислом динини қабул қиладиган бўлса ёки кофирлар билан рўй берадиган жангларда мусулмонларга ёрдам берадиган айрим кофир кишиларга ЗАКОТ берилади.

  1. Қул озод қилиш;
  2. Қарздорлар;
  3. Аллоҳнинг йўлида, яъни Аллоҳнинг розилиги бўлган ҳар қандай иш, яъни масжид, мадраса, йўл, кўприк ва мусулмонларнинг манфаати учун амалга ошириладиган ишлар;
  4. Йўлда қолиб кетганлар, яъни ночорликдан йўлда қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож одамлар.

Ўзи ва оиласининг бир йиллик сарф-харажатларини топа олмайдиган одам ҳамда ўзи ва қарамоғидаги кишиларнинг харажатларини бериш учун касби бўлмаган ёки иш ва касби бўлса-да, етиштира олмаган шахс фақир-камбағал ва эҳтиёжманд ҳисобланади. Бундай шахсларга «Фитр закоти»ни чиқариш вожиб бўлмайди, балки бундайларга «Фитр закоти»ни бериш керак.

Закот деб берилган моллар аниқ ва Худо буюрган жойларга ишлатилиши зарур. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, агар закот белгиланган жойларга ишлатилмаса, инсон жавобгар бўлади ва унинг зиммасида қолади.

Саййид бўлмаган кишилар ўз «Фитр закот»ларини Саййидларга бера олмайдилар. Ҳатто агар Саййид бўлмаган одамнинг қарамоғидаги одам Саййид бўлса ҳам, ўша Саййиднинг «Фитр закоти»ни Саййидларга бера олмайди. Саййид бўлган фақир-муҳтожга «Фитр закоти» бериладиган бўлса, унда фақат Саййидлар чиқарган «Фитр закоти»ни бериш вожиб бўлади. Демак, Саййид бўлмаганлар чиқарган «Фитр закоти»ни фақат Саййид бўлмаган камбағалларга бериш мумкин. Аммо Саййид бўлганларнинг чиқарган «Фитр закоти»ни эса ҳам Саййид камбағалларга ҳамда Саййид бўлмаган камбағалларга бериш мумкин.

Аллоҳ таолога яқинлашиш ва Унинг фармонини бажариш ниятида бериладиган «Фитр закоти» маънавиятга етиш учун моддиятдан фойдаланиш ҳисобланади.

«Фитр закоти» нафсоний ва дунёвий ҳавою ҳавас ва моддиятга берилиб кетишдан сақланиш учун бир машқ ҳисобланади ва мўмин инсон Аллоҳ таолодан ўзга ҳар бир нарсага боғланиб қолишдан озод бўлиб, доимо Парвардигори карим томон ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло муборак Аъло сурасининг 14 ва 15-оятларида шундай маҳамат қилади:

قَدْ أَفْلَحَ مَن تَزَكَّىٰ ﴿١٤﴾ وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّىٰ ﴿١٥

«Дарҳақиқат, [ботиний ва зоҳирий нопокликлардан] ўзини поклаган ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган ҳар бир киши нажот топгандир».

«Фитр закоти»ни тўлаш ушбу оятнинг намуналаридан биридир.

Ривоятларда келтиришларича, Расули Акрам (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Рамазон ҳайити кунларида масжидга боришдан олдин «Фитри рўза»ни берардилар ва сўнгра Аъло сурасининг юқоридаги икки оятини ўқирдилар.

Камоли Эҳтиром Ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.