Home / Шариат қонунлари / Рўза / ФИТР ЗАКОТИ ҲАҚИДА БИЛИШИМИЗ ЗАРУР БЎЛГАН МАСАЛАЛАР

ФИТР ЗАКОТИ ҲАҚИДА БИЛИШИМИЗ ЗАРУР БЎЛГАН МАСАЛАЛАР

 БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Шаввол ойи кириб келгани исботлангандан кейин, яъни кун ботиш пайти Шаввол ойини кўриш билан эртага Рамазон Ҳайити экани маълум бўлгандан кейин «Фитр закоти»ни чиқариб қўйиш мумкин ва жоиздир. Аммо ҳали Шаввол ойи кўринмаган бўлса ва эртага Рамазон Ҳайити экани маълум бўлмаса, у ҳолда «Фитр закоти»ни чиқаришни ният қилса бўлади, лекин уни чиқаришга шошмаслик керак.

Агар киши Рамазон ҳайити намозини ўқийдиган бўлса, эҳтиёт вожибга биноан Намоздан олдин «Фитр закоти»ни камбағал ва эҳтиёжмандларга етказиб бериши ёки ишончли Закот Йиғувчиларга бериши керак ёки «Фитр закоти»ни четга чиқариб қўйиш керак. Агар Рамазон ҳайити намозини ўқимайдиган бўлса, у ҳолда «Фитр закоти»ни Ҳайит кунининг зуҳр (пешин) вақтигача бериш мумкин (1029-масала).

Ҳайит оқшоми кун ботиш вақтида бирор кимса девона (ақлсиз) ёки беҳуш бўлиб қолса, у ҳолда унга «Фитр закоти»ни чиқариш вожиб эмас.

Рамазон Ҳайитидан олдин «Фитр закоти»ни камбағал ва эҳтиёжманд кишига берса етарли эмас, лекин берган нарсасини ҚАРЗ ўрнида кўриб Рамазон Ҳайити кунида уни «Фитр закоти» деб ҳисоблай олади (1030-масала).

Ота-она камбағал фарзандларининг зарур бўлган сарф-харажатларини бериши керак. Шу учун «Фитр закоти»ни фарзандларнинг сарф-харажатлари учун уларга бера олмайди. Лекин фарзандларининг қарзини адо қилиш учун ёки таъминлаш отага вожиб бўлмаган эҳтиёжлари учун «Фитр закоти»ни уларга бериш жоиздир (1033-масала).

«Фитр закоти»ни бирор эҳтиёжманд кишига ҳадя ва совға сифатида бериш мумкин ва олувчига бу «Фитр закоти» деб айтиши шарт эмас. Лекин бераётганда, «Фитр закоти» деб ният қилиш шарт (1034-масала).

Агар киши маълум миқдордаги пулни «Фитр закоти» деб чиқариб қўйган бўлса, ўша чиқариб қўйганни «Фитр закоти» сифатида бериши шарт ва уни бошқа жойга ишлатиб, ўрнига бошқа бир молни «Фитр закоти» деб бера олмайди (1028-масала).

Оила бошлиғи ўз қарамоғида бўлган ва нонхўри ҳисобланган ҳар бир киши учун 3 килограмм буғдой ҳисобидан «Фитр закоти» чиқариши вожибдир. Шу кунларда бозордаги ўртача нарх бўйича бир килограмм буғдойнинг нархи 4 минг сўм бўлгани учун ҳар кишига чиқариладиган «Фитр закоти» 12 минг сўмга тўғри келади.

Албатта, шуни айтиш лозимки, арпа, гуруч, маккажўхори, хурмо ва майиз каби инсонларнинг асосий озуқаси бўлган нарсаларнинг ҳар биридан 3 килограмм миқдори ҳисобидан «Фитр закоти» чиқариб уни олишга ҳақли бўлган эҳтиёжманд кишига бериш жоиздир (1027-масала).

«Фитр закоти»ни беришда уни олувчи камбағал киши АДОЛАТ сифатига эга бўлиши шарт эмас. (Адолат сифатига эга бўлиш деганда катта гуноҳларни қилмаслик ва кичик гуноҳларни такрорламаслик тушунилади). Аммо кабира гуноҳларни ошкора бажаридиган камбағалга эҳтиёт вожибга кўра «Фитр закоти»ни бермаслик керак (1032-масала).

«Фитр закоти»ни Ислом дини таълимотларини ёйиш йўлида сарфлашнинг ишкали йўқдир (яъни бу йўлда ишлатиш жоиз ва мумкин), лекин уни кабағал ва муҳтожга бериш яхшироқдир (1036-масала).

Молиявий имконияти бўлмаган эҳтиёжманд кишига «Фитр закоти» чиқариш вожиб эмас. Лекин агар унда 3 килограмм буғдой ва шунга ўхшаш нарса ёки шуларнинг пули бор бўлса, у ҳолда шу нарсани «Фитр закоти» сифатида бериши мустаҳабдир. Агар мазкур эҳтиёжманд кишининг қарамоғида нонхўрлари ҳам бўлса, у ҳолда ўша 3 килограмм буғдой ҳисобида чиқарган пулни «Фитр закоти» ниятида оиладаги кишилар ўз ўрталарида қўлдан қўлга узатадилар ва охирги киши уни ўзларидан бўлмаган бирор шахсга берса яхшироқдир (1025-масала).

Инсон уйига фақат ҳайит оқшоми келган меҳмоннинг «Фитр закоти»ни бериш уй эгасига вожиб бўлмайди, агарчи уй эгаси меҳмонни кун ботишидан олдинги пайтга чақирган бўлса-да ва шу ерда ифтор қилган бўлса ҳам, меҳмоннинг «Фитр закоти»ни тўлаш уй эгасининг бўйнида бўлмайди (1023-масала).

Аммо шуни қўшимча қилиб айтамизки, агар бирор кишининг уйига Рамазон ҳайити бўлишидан бир неча кун олдин меҳмон келса ва ўша меҳмон Ҳайит оқшомигача унинг уйида меҳмони бўлиб қолса, у ҳолда меҳмон уй эгасининг нонхўри ҳисоблангани учун меҳмоннинг «Фитр закоти»ни тўлаш уй эгасига вожиб бўлади.

Юқорида Фитр закоти бобидаги масалалар Оятуллоҳ Саййид Али Хонаийнинг «Рисолайи Мунтахабул Аҳком» китоблари асосида келтирилди. Аммо мазкур масалалар бошқа мужтаҳидларимизнинг ушбу бобдаги фатволарига мухолиф эмасдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Қадр кечасининг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Ер юзидаги энг сирли ва энг қадрли кечадир ва бу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.