Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар Кимлар?

Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар Кимлар?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ 

Ҳар бир инсон ҳаётида унинг учун билиб олиши зарур бўлган муҳим ва ҳаётий саволлар туғилиши табиий ҳолдир ва бу эса инсон ҳаётининг ҳаракатчанлиги ва илдамлигидан дарак беради. Ушбу муҳим ва ҳаётий саволлардан бири «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар Кимлар?» деган саволдир.

Жавоб: Ушбу саволга Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида жавоб берамиз.

Дастлаб ушбу ҳақиқатни эслатмоқ лозимки, кўпгина Қуръон оятлари бизга борлиқни тадбир ва идора этиш унинг Яратувчиси, яъни Аллоҳ таолонинг қўлида эканини ва Ундан бошқа ҳеч ким мавжудотларга, жумладан инсонларга раҳнамолик ва йўлбошчилик қилишга лойиқ эмаслигини уқтиради. Ҳа, шубҳасиз, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз инсонларнинг Валийси ва Йўлбошчисидир. Зеро, У ҳам бизларни яратди ҳамда биз инсонларнинг кундалик ҳаётимиз Унинг Қудратли Қўлидадир. Шунга кўра, Ундан бошқа ҳеч ким зинҳор инсониятга раҳнамолик ва йўлбошчилик қилишга ҳақли эмас. Қуръони Карим Аллоҳдан бошқани ўзларига бошлиқ ва йўлбошчи қилиб олганларнинг бу ишлари ажабланарли эканини айтади:

أَمِ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاءَ ۖ فَاللَّـهُ هُوَ الْوَلِيُّ وَهُوَ يُحْيِي الْمَوْتَىٰ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Ёки улар ундан бошқани «раҳнамолар» тутдиларми?! Бас, Аллоҳнинг Ўзигина йўлбошочидир. У зот ўликларни тирилтирур. Узот ҳар бир нарсага қодирдир»(Шуро сураси, 9-оят)

Аллоҳ таолонинг солиҳ бандалари фақатгина қудратли ва меҳрибон Парвардигори каримнинг вилояти ва йўлбошчилигини қабул қиладилар:

إِنَّ وَلِيِّيَ اللَّـهُ الَّذِي نَزَّلَ الْكِتَابَ ۖ وَهُوَ يَتَوَلَّى الصَّالِحِينَ

«Албатта, менинг валий-йўлбошчим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларга раҳнамолик қилади». (Аъроф сураси, 196-оят)

Шак-шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг вилояти ва пешволигини қабул қилиш инсонни ёруғлик ва нур сари етаклайди:

اللَّـهُ وَلِيُّ الَّذِينَ آمَنُوا يُخْرِجُهُم مِّنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ ۖ

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг раҳнамосидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур»(Бақара сураси, 257-оят)

Шу боис, гарчи кофирлар зоҳирда ва сиртдан қараганда ўзларига Аллоҳдан ўзгани бошлиқ ва йўлбошчи қилиб олган кўринсалар-да, бироқ улар ҳомийсиз ва бошлиқсиз қоладилар:

ذَٰلِكَ بِأَنَّ اللَّـهَ مَوْلَى الَّذِينَ آمَنُوا وَأَنَّ الْكَافِرِينَ لَا مَوْلَىٰ لَهُمْ

«Шундоқ бўлиши, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларга йўлбошчи эканлигидан ва албатта, кофирларга йўлбошчи йўқлигидандир». (Муҳаммад сураси, 11-оят)

Демак, Қуръони Карим нигоҳидан йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш бутун борлиқни яратган ва оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолога хосдир. У инсонларнинг ҳидояти учун Ўзининг энг пок ва энг солиҳ бандаларини Ўзининг халифаси ва ўринбосари этиб танлаб, уларни одамлар томон йўллаган. Бу йўлбошчилар ва раҳнамолар ҳамон пайғамбарлар ҳамда уларнинг ворислари ва ўринбосарларидир. Демак, бу Қуръоний таълимотдан маълум бўладики, пайғамбарлар ва уларнинг ворисларига бўйсуниш айнан Аллоҳнинг фармонига бўйин эгиб, Унга итоат қилмоқ демакдир:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلَّا لِيُطَاعَ بِإِذْنِ اللَّـهِ ۚ

«Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз»(Нисо сураси, 64-оят)

Ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳнинг одамларга ер юзидаги Ўз халифа ва ўринбосарларига эргашишни буюрмоғи Унинг фазлу марҳаматидан бўлиб, одамлар бундай эргашиш ва бўйсунишдан шубҳасиз, наф кўргайлар. Зеро, пайғамбарлар ва уларнинг ворисларига эргашиш Аллоҳнинг раҳмати одамларга ёғилишига боис бўлади:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз»(Нур сураси, 56-оят)

Агар бирор шахс Аллоҳ таолога иймон ва эътиқоди бўлса-ю, бироқ Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат этмаса, ўзининг қилган эзгу амалларини ботил ва пучга чиқариб, Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлиши турган гап:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّـهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَلَا تُبْطِلُوا أَعْمَالَكُمْ

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат этинг ва Расулга итоат этинг. Ва амалларингизни ботил қилмангиз». (Муҳаммад сураси, 33-оят)

Аллоҳ таоло йўллаган пайғамбарларнинг вазифаси одамларга Худонинг йўл-йўриқ ва кўрсатмаларини баён этиб, уларга дунё ва охиратдаги нажот йўлини кўрсатишдан иборат. Шунга кўра, кимки уларнинг фармонидан бўйин товласа, Аллоҳнинг фармонини оёқ ости қилган, оқибат ўзига зулм қилган ва кофирлар қаторидан жой олган бўлади:

وَأَطِيعُوا اللَّـهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ ۚ فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَإِنَّمَا عَلَىٰ رَسُولِنَا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ

«Аллоҳга итоат қилинг ва ҳамда Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга очиқ-ойдин етказиш, холос»(Тағобун сураси, 12-оят)

Бинобарин, инсониятга йўлбошчилик ва раҳнамолик қиладиган киши ёки кишилар Аллоҳ таоло томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита тайин этилиши шарт, акс ҳолда уларнинг раҳбарлиги шаръий ва қонуний бўлмай, Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбар ҳисобланмайдилар ва бу ғафлат қилмаслик керак бўлган ўта муҳим ва ингичка масаладир. Бу борада янада кўпроқ Қуръони Каримдан оятларни келтирамиз:

إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّـهِ ۖ يَقُصُّ الْحَقَّ ۖ وَهُوَ خَيْرُ الْفَاصِلِينَ

«Ҳукм (ва раҳнамолик) қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни баён этур. У ҳакамларнинг энг яхшисидир» (Анъом сураси, 57-оят).

إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّـهِ ۚ أَمَرَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ ۚ ذَٰلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

«Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир, У Зот сизларга фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни буюрди. Мана шу энг тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмаслар» (Юсуф сураси, 40-оят).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар золимлардир» (Моида сураси, 45-оят).

وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنزَلَ اللَّـهُ فَأُولَـٰئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ана ўшалар фосиқлардир» (Моида сураси, 47-оят).

أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ ۚ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّـهِ حُكْمًا لِّقَوْمٍ يُوقِنُونَ

«Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Аниқ ишонадиган кишилар учун Аллоҳдан ҳукм қилиш-ҳокимлик жиҳатидан яхшироқ ким бор?!» (Моида сураси, 50-оят).

Аллоҳнинг энг юксак халифаси ва ўринбосари

Шак-шубҳасиз, ер юзидаги Аллоҳнинг энг афзал ва юксак халифаси хотамуланбиё [пайғамбарларнинг сўнггиси] сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дирлар. Аллоҳ таолонинг амр-фармони билан ул ҳазратдан сўнг У Буюк Зотнинг ҳақиқий ворис ва ўринбосарлари эса Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг наслидан бўлган ўн бир имом бўлиб, Қуръони Каримда улар «أُوْلِي الْأَمْرِ» яъни иш эгалари ва бошлиқлар, деб тилга олинганлар ва Биз Аҳли-Байт издошлари ушбу Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарларнинг йўлбошчилик ва раҳнамоликларини қабул қилиб улар кўрсатган ҳидоят йўлидан бориб, инсоний такомил топиш йўлида қадам ташлаётганимиз билан фахрланамиз.

Буюк тафсирчи олимлар Нисо сурасининг 59 – ояти

يا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّٰهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш эгаларига [йўлбошчилар ва бошлиқларга] итоат этингиз.» тафсирига келганларида қуйидаги тушунчани билдирганлар:

Бу оятдаги итоат қилиш фармони Аллоҳ таоло томонидан ҳеч бир қайд-шартсиз (шарт-шароитсиз) содир этилгани ҳам Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда Пайғамбарнинг йўлини давом эттирувчи йўлбошчи ва бошлиқлар барча гуноҳлардан йироқ бўлган маъсум зотлар эканига ёрқин далилдир. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йўлларини давом эттирувчи бошлиқлардан мурод, ўн икки маъсум имомлар бўлиб, ушбу ояти карима уларнинг гуноҳсиз ва маъсум эканликларини баён қилади, акс ҳолда Аллоҳ таоло мўъминларга ҳеч бир қайд-шартсиз (шарт-шароитсиз) ўша зотларга итоат этишни буюрмаган бўларди.

Вилоят ояти билан танилган Моида сурасининг 55-оятида бундай дейилган:

إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللّٰهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُواْ الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُمْ رَاكِعُونَ

«Дарвоқесизларнинг валийингиз (раҳбар ва йўлбошчингиз) фақатгина АллоҳУнинг Расули ва иймон келтирганлардир, улар намозни тўкис адо этадиган ва рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган зотлардир.» (Моида сураси; 55 – оят).

Барча шиа муфассирларининг ва кўпгина аҳли суннат тафсирчи олимларининг гувоҳлик беришича, ушбу ояти мўъминлар амири Али (алайҳис салом) шаънларига нозил бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳижратнинг 10-йили, Зулҳижжа ойининг 18-кунида «Ҳажжатул видо» [сўнгги видолашув ҳажи]дан Маккадан Мадинага қайтаётганларида, «Жуҳфа» деган жойга яқин «Ғадийр Хум» номли Мадина, Миср ва Шом йўллари бир-бирларидан ажраладиган маконда ушбу ояти карима Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га Аллоҳ томонидан нозил бўлди.

يا أَيهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيكَ مِنْ رَبِّكَ وَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَكَ وَاللهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّٰهَ لَا يهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ

«ЭйРасулРаббингиздан Сизга нозил қилинган нарсани (одамларгаетказингАгар (бу ишниқилмасангизУнинг рисолатини (пайғамбарлик вазифасини) охирига етказмаган бўлурсизАллоҳ Сизни одамлар(нинг муҳтамал хатари ва зарари)дан сақлагайАлбаттаАллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай.»

Ояти кариманинг мазмуни шуки, одамларнинг душманликларидан қўрқманг, Аллоҳ Ўзи сизни ҳимоя қилувчидир. Борди-ю, эълон қилмасангиз, рисолатни, яъни пайғамбарлик вазифасини охирига етказмаган бўлурсиз. (Моида сураси\ 67 – оят.)

Ушбу оят нозил бўлгач, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзлари билан ҳаж сафарида қатнашган саҳобаларига тўхташни буюрдилар. Олдинга бориб қолган кишилар ортга қайтишлари ва орқада қолган кишилар эса ўша ерга етиб келиб бир ерда тўпланишларини буюрдилар. Сўнгра Сарвари коинот Аллоҳ таолонинг амр-фармони билан «Ғадийр Хум» деб номланган жойда узун хутба ўқиб, ўзларидан кейин ҳазрат Али (алайҳис салом)ни барча мусулмонларга бошлиқ ва йўлбошчи этиб тайинладилар. Ҳаттоки, Сарвари олам мазкур «Ғадийр Хум» хутбасида мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом)дан кейинги ўн бир имом ва пешволарнинг бирма-бир номларини айтиб, улар барча инсонларнинг Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлари эканликларини таъкидлаб айтганлар.

«Ғадийр Хум» номи билан танилган ушбу хутба ҳам лафзан ва ҳамда маънан «Мутавотир» ҳадислар қаторидан жой олган бўлиб, Аҳли суннатнинг кўпгина мўътабар манбаларида келтирилган. «Мутавотир» сўзига қисқача изоҳ берадиган бўлсак, агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар тарафидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз (с.а.о) томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «Мутавотир» деб аташади.

Яна шуни таъкидлаб айтишимиз керакки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўн икки ворис ва давомчилари бўлган маъсум имомлар Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбар эканлиги Пайғамбаримизнинг кўпгина мъўтабар ҳадисларида баён қилинган. Уларни бу ерда келтириш мавзумиз доирасидан ташқаридадир.

Демак, юқорида келтирилган Қуръони Карим оятлари асосида шу хулосага келамизки, Аллоҳ таоло инсонларнинг ҳидояти учун юборган барча пайғамбарлар, хусусан пайғамбарларнинг охиргиси ҳазрат Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у Буюк Зотнинг ўн икки ворис ва давомчилари шак-шубҳасиз, инсониятнинг Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарларидир.

Энди Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўн иккинчи ворис ва давомчилари бўлган Мавломиз ва Йўлбошчимиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан ғойиб бўлган даврда кимлар Ислом умматига йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиши кераклиги хусусида маъсум имомларимиздан кўпгина мўътабар ҳадислар ривоят қилинган. Ушбу ҳадисларга кўра, ўн иккинчи имомимиз ҳазрат Маҳдий (а.ж) кўзлардан ғойиб бўлган даврда илму-амал ва тақвода маъсум имомларимизга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидлар Ислом умматига йўлбошчилик ва пешволик қилишлари керак ва бундай сиёсий-диний ғояга «вилояти фақиҳ» деб айтилади.

Ушбу мавзуга доир ривоят қилинган айрим ҳадисларни келтирамиз:

  1. Ўн биринчи пешвоимиз имом Ҳасан Аскарий(алайҳис салом)маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган замонда тўғри йўлни тутган фуқаҳо ва мужтаҳидларга эргашиш кераклиги борасида шундай марҳамат қиладилар:

فَأمّا مَن كانَ مِن الفُقَهاءِ صائناً لنفسِهِ حافِظاً لِدينِهِ مُخالِفاً على هَواهُ مُطِيعاً لأمرِ مَولاهُ فلِلعَوامِّ أن يُقَلِّدُوهُ، وذلكَ لا يكونُ إلّا بَعضَ فُقَهاءِ الشِّيعَةِ لا جَميعَهُم

«Аммо фуқаҳолардан кимки ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва мавлосининг (маъсум пешвосининг) фармонига бўйсунувчи бўлса, одамлар унга тақлид қилишлари [эргашишлари] зарурдир. Ва бу хусусиятлар фақатгина шиаларнинг баъзи мужтаҳидларида мавжуд, уларнинг ҳаммасида ҳам эмас».

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифда имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) маъсум имом кўзлардан ғоиб бўлган пайтда Ислом умматига қандай йўл тутиш кераклигини ўргатиб, ўз нафсини тиювчи, динини ҳифзу ҳимоя қилувчи, нафсининг ҳавас-истакларига қарши чиқувчи ва мавлосининг [маъсум пешвосининг] фармонига бўйсунувчи мужтаҳидларга эргашиш ва уларга тақлид қилиш мусулмонларга вожиб эканлигини уқтирганлар.

Манба: «Мунтахаби Мийзонул Ҳикмат», 1205356-ҳадис; Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиа», 27-жилд, 131-ҳадис ва 18-жилд, 94 ва 95-бетлар.

  1. Имом Маҳдий(Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)томонларидан охирги хос ноиблари Али ибн Муҳаммад Самурийга содир этилган МАКТУБ:

Шунингдек, замонамиз Соҳиби ва Пешвоси Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) «Ғайбати Суғро» давридаги ўзларининг тўртинчи хос ноиблари бўлмиш Али ибн Муҳаммад Самурий вафот этишига олти кун қолганда унга мактуб йўллаб уни ўз ўлимидан хабардор этиб, ушбу тўртта хос ноиблардан сўнг шиаларга кимлар раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши кераклигини умумий шаклда баён этадилар:

واما الحوادث الواقعة فارجعوا فيها إلي رواة حديثنا فإنَّهم حجَّتي عليکم و أنا حجة الله عليهم

«Юз берадиган ҳодиса-воқеаларда бизларнинг ҳадисларимизни нақл қиладиган ровийлар (фақиҳ ва мужтаҳидлар)га мурожаат қилинглар. Зеро, улар менинг сизларга бўлган ҳужжатимдир ва Мен эса Аллоҳнинг уларга бўлган ҳужжатиман».

Манба: Ҳур Омилий, Муҳаммад ибн Ҳасан, «Васоилуш шиа», 18-жилд, 101-бет, 9-ҳадис.

Ушбу ҳадиси шарифда ул ҳазрат Ғайбат замонида [маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] фақиҳ ва мужтаҳидларга юзланишни, уларни умумий шаклда Имомнинг нойиблари сифатида барча ишларда Йўлбошчи, Бошлиқ ва Раҳбар қилиб олишни буюрганлар.

  1. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг асҳобларидан бири Умар ибн Ҳанзала ул ҳазратдан шундай ривоят қилади:

قال: «سألت أباعبدالله (علیه السلام) عن رجلین من أصحابنا بینهما منازعه فی دین أو میراث، فتحا كما إلی السلطان او الی القضاة، أیحلّ ذلك؟ فقال: من تحاكم إلی الطاغوت فحكم له، فإنما یأخذ سحتاً، و إن كان حقّه ثابتاً، لأنَه أخذ بحكم الطاغوت، و قد أمر الله أن یّكفَر به.

قلت: فكیف یصنعان؟ قال: انظروا إلی من كان منكم قد روی حدیثنا و نظر فی حلالنا و حرامنا وعرف أحكامنا، فارضوا به حكماً، فإنّی قد جعلته علیكم حاكماً، فإذا حكم بحكمنا فلم یُقبل منه، فإنّما بحكم الله قَدِ استُخِفّ، و علینا رُدَّ، و الرادّ علینا الرادَّ علی الله، و هو علی حدّ الشرك بالله»

Мен Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан сўрадим; биздан [шиалардан] икки киши қарз ва мерос масалаларида келиша олмай, муҳокама учун шаҳарнинг ҳокими ва қозиси ёнига борадилар. Уларнинг бу иши жоизми?

Ул ҳазрат унга жавобан шундай марҳамат қилдилар:

«Кимки, бирор иш юзасидан, хоҳ у иш ҳақ бўлсин ёки ботил, уларнинг [ҳоким ва қозиларнинг] ёнига борса, тоғутнинг [ҳақдан чиқиб, ўз ҳаддидан ошган кимса]нинг ёнига муҳокама учун борган ҳисобланади. Агар улар унинг тўғрисида бирор ҳукм чиқарса, агарчи улар ўша ҳукм билан унинг аниқ ҳаққини ундириб беришса-да, ҳаром молни олган бўлади. Зеро, ўша молни золим ва тоғутнинг чиқарган ҳукмига биноан, қўлга киритган, ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг амрига биноан, тоғутга нисбатан кофир бўлмоғи лозимдир».

Шунда Мен дедим: Нима қилиш керак бўлади? Ул зот дедилар:

«Ўз ораларингиздан Биз [имомлар]нинг ҳадисларини ривоят қиладиган, Биз баён қилганимиз ҳалол ва ҳаромга назар соладиган [мукаммал биладиган] ва Бизнинг аҳкомларимизни яхши тушунадиган шахсни валий, бошлиқ ва йўлбошчи қилиб олингиз ва унинг ҳокимлигига рози бўлиб, уни тан олингиз. Шубҳасиз, мен бундай шахсни сизларга ҳоким қилиб тайинладим. Демак, агар у бизнинг ҳукмимиз бўйича, ҳукм қилса ва ундан ушбу ҳукм қабул қилинмаса, шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳукмига енгил қаралган бўлади ва бизга рад жавоб берилган бўлади. Кимки, бундай инсонларни [мужтаҳидларни] рад этса, биз имомларни рад этган бўлади ва бизларни рад этган шахс эса Аллоҳ таолони рад этган бўлади ва бу эса Аллоҳга ширк келтириш даражасидадир».

Манба: Шайх Кулайний, Муҳаммад ибн Яъқуб, «Усули Кофи», 1-жилд, 86-бет, ихтилофул ҳадис боби, 10-ҳадис.

Ушбу ҳадисдан яққол кўриниб турибдики, Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бутун шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларни Ислом умматига, махсусан шиаларга вилоят [пешволик], йўлбошчилик ва раҳбарлик қилишга эга ва ҳақли бўлган кишилар этиб тайинлаганлар.

Демак, ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) маълум сабабларга кўра кўзлардан ғоиб бўлган пайтларида илму-амал ва тақвода ул зотга энг яқин бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларга эргашиш барча мусулмонларнинг ва махсусан шиаларнинг вазифасидир.

Ушбу ҳақиқатни унутмаслигимиз керакки, Ғайбат асрида мужтаҳидларнинг йўлбошчилиги ва раҳнамолигини қабул қилмаслик бу – маъсум имомларнинг сўзларини ва кўрсатган йўл-йўриқларини рад этиш ва инкор қилишдир. Ва бу эса Аллоҳ таолога ширк келтириш даражасида эканлиги юқоридаги ҳадисда ошкора айтилган.

Охирги Умар ибн Ҳанзала ривоят қилган «Мақбулаи Умар ибн Ҳанзала» деб танилган ҳадисга нисбатан айрим шахслар томондан шубҳа илгари сурилган. Шубҳа шундан иборат: Умар ибн Ҳанзала ривоят қилган ҳадиснинг санади [ривоят қилувчиларнинг мажмуи] саҳиҳ ва тўғри эмас. Зеро, ҳадиснинг санадида ровийларнинг боғлиқлиги йўқ, унда узилиш бор ва бундай ҳадисга «Мурсал ҳадис» дейилади.

Жавоб шуки, Умар ибн Ҳанзала ривоят қилган ҳадиснинг санади тўлиқ ва мукаммал бўлмаса-да, аммо бутун асрлар давомида фуқаҳо ва мужтаҳидлар ушбу ҳадисни қабул қилиб, ўз китобларида келтирганлар ва ҳадиснинг санади заиф эканини зикр қилмай, унинг асосида ўз фатволарини баён қилганлар.

Демак, маъсум имомларимиздан ривоят қилинган йигирмата ҳадисда Ғайбат замонида [маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] барча шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидлар Ислом умматига йўлбошочи, бошлиқ ва раҳнамо эканликлари ошкора айтилган. Ва биз бу ерда мазкур ҳадислардан фақат уч ҳадисни келтириш билан кифояландик.

Бинобарин, Ғайбат асрида барча шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидлар шак-шубҳасиз, Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар ҳисобланадилар. Зероки, уларнинг раҳбарликлари маъсум имомларимиз томонидан умумий шаклда, яъни бирор шахснинг исми айтилмай, балки уларнинг қандай хусусиятларга эга бўлгани айтилиши билан тайин этилган. Имомларимизнинг Йўлбошчи ва Раҳнамо эканликлари эса Аллоҳ таоло ва Унинг Расули томонидан тайин этилган. Демак, фақиҳ ва мужтаҳидларнинг ҳам раҳбарлиги тайин этилишини икки восита билан Аллоҳ таоло ва Унинг Расули томонидан деб биламиз.

Ушбу далил ва мантиққа кўра, барча шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларни Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар деб биламиз ва бу ғояга чуқур эътиқод билан ёндашамиз.

Бу ерда айрим шахслар томонидан баъзан ҳам ғаразли ҳолда шундай савол ёки аниқроғи шубҳа илгари сурилади:

«Қандай қилиб маъсум бўлмаган, яъни барча хато-камчиликлар ва маъсият-ганоҳлардан йироқ бўлмаган шахсларни Йўлбошчи ва Раҳбар деб қабул қила оламиз? Ахир улар ҳам биздек хато-камчиликларга ёки гуноҳга йўл қўйишлари мумкин-ку!!»

Жавоб: Ўн иккинчи пешвоимиз Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) кўзлардан ғойиб бўлган вақтда Ислом умматига йўлбошчилик ва раҳнамолик қилиш одил фақиҳ ва мужтаҳидга, яъни маъсум имомга энг ўхшаш ва энг яқин бўлган одамга топширилади. Бироқ фақиҳ энг юқори даражадаги адолатга эга бўлиши зарур ва бу агарчи маъсумлик даражаси бўлмаса-да, лекин пастроқ поғонада маъсумликнинг ўрнини тўлдириб туради. Адолат сифатига эга бўлган киши ҳеч қачон кабира [катта] гуноҳларга йўл қўймайди ҳамда кичик гуноҳларни такрорламайди ҳам, яъни кичик гуноҳларни бир марта қилиб қўйиши мумкин, аммо уларни такрорлаш эса кабира гуноҳга айланади ва одил бўлган мужтаҳид кабира гуноҳларга мутлақо йўл қўймаслиги билан бирга кичик гуноҳларни ҳам такрорламайди.

Бинобарин, кўриб турганингиздек, адолат сифати маъсумликка яқиндир, аммо зинҳор унга ета олмайди. Зероки, Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, маъсумлик сифатига эга бўлган инсон бутун умри давомида нафақат кабира гуноҳларни содир этмайди, балки кичик гуноҳларга ҳатто бир марта ҳам йўл қўймайди ва бундан ҳам юқорироқ даражада, ҳатто гуноҳ қилишни фикрига ҳам келтирмайди.

Ва шунингдек, Ислом умматига раҳбарлик қиладиган киши албатта, фақиҳ ва исломшунос мужтаҳид бўлиши шарт, агарчи унинг илми ҳаргиз маъсумларнинг илоҳий илмларига етмаса-да, аммо қуйироқ поғонада маъсумларнинг илоҳий илмларининг ўрнини босувчидир. Шунинг учун бу бора шундай дейилади:

«Маъсум имомнинг кўзлардан ғойиб бўлгани сабабли ул зотнинг «Ташриъий Вилояти»дан бир қисми, яъни сиёсий вилоят ва йўлбошчилик ул зотнинг умумий ноиблари бўлмиш фақиҳ ва мужтаҳидларга топширилади. Демак, мужтаҳиднинг сиёсий вилояти ва йўлбошчилиги пайғамбарлар ва маъсум имомлар вилояти (пешволиги ва йўлбошчилиги)нинг давоми бўлиб, ул зотларнинг сиёсий раҳбарликларига тенг ва баробардир».

Манба: Имом Хумайний, «Нур саҳифаси», 19-жилд, 403-бет, Имом Хомайний асарларини нашр этиш муассаси, тўртинчи чоп, Теҳрон, 1386-шамсий йил.

Қуръони Карим нигоҳидан ҳам жамиятни бошқарадиган Раҳбар ва Йўлбошчи маъсум бўлиши шарт эмас, балки жамиятда илму-тақвода бошқалардан устун бўлган шахс Бошлиқ ва Йўлбошчи бўла олади. Бу борада диққатингизни қуйидаги ояти каримага жалб этамиз:

وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّـهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا ۚ قَالُوا أَنَّىٰ يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِّنَ الْمَالِ ۚ قَالَ إِنَّ اللَّـهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ ۖ وَاللَّـهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَن يَشَاءُ ۚ وَاللَّـهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

Пайғамбарлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизларга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У Бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ва биз ундан кўра подшоҳликка ҳақлироқмиз-ку ва (қолаверса,) унга кенг-катта мол-давлат ҳам берилмаган бўлса», дейишди. У (Пайғамбар) деди: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва унга илмда ва жисмда кенгликни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир» (Бақара сураси, 247-оят)

Бани Исроилнинг талабига биноан, уларнинг пайғамбари ҳазрат Самуил (алайҳис салом) Аллоҳнинг изни ва фармони билан Толутни уларга бошлиқ ва йўлбошчи этиб тайинлади. Ҳолбуки, Толут маъсум эмас эди, чунки, Биз шиаларнинг эътиқодига кўра, фақат пайғамбарлар ва ўн икки имомларимиз маъсум бўлганлар, холос. Аммо Толут бани Исроилнинг пайғамбари бўлмаган, демак, маъсум бўлмаган, лекин шунга қарамай, бани Исроил қавмига бошлиқ ва йўлбошчи этиб тайинланган. Ушбу ояти каримадан қуйидагича истинбот қилинади:

«Ғайбат асрида мусулмонларга раҳнамолик ва йўлбошчилик қиладиган шахс маъсум бўлиши шарт эмас, балки илму тақвода (тақводан мурод адолат сифатига эга бўлишдир) ҳаммадан кўра маъсум имомга энг яқин бўлган киши Раҳбар ва Йўлбошчи бўлмоғи зарур».

Натижа ва Хулоса

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ислом динининг илк даврида Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишлари биланоқ, ҳокимият ва давлат қуришга азму қарор қилдилар ва Ислом ҳокимиятининг кучи билан Ислом динини дастлаб Арабистон ярим оролига ва сўнгра эса бутун дунёга тарқата бошлайдилар. Ул ҳазрат ўзларидан сўнг ушбу раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш ҳуқуқини Аллоҳ таолонинг амри билан «Ғадийр Хум» деган жойда бутун мусулмонларнинг ҳузурида ҳазрат Али (алайҳис салом)га ва ул зотнинг наслларидан бўлган ўн бир имомга уларнинг исмларини бирма-бир тилга олиб топширдилар. Албатта, бундан ташқари ҳам ҳар бир имом ўзидан кейинги имом ва пешвони тайин этиши билан ушбу ҳақни унга топширган.

Маъсум имомларимиз имкон қадар ва шароит тақозосига қараб раҳнамолик ва пешволик қилиш ҳақ-ҳуқуқини амалга оширганлар. Ва маъсум имомларимиз, хусусан ўн иккинчи имомимиз ва пешвоимиз ҳазрат Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг марҳамат қилиб буюрган ҳадиси шарифларига биноан, маъсум имом кўзлардан ғоиб бўлиб инсонлар орасида бўлмаганида, маъсум имомларга энг яқин бўлган инсонлар, яъни уларнинг кўрсатган кўрсатмаларини, берган илм ва таълимотларини теран ўзлаштирган ва мукаммал ўрганган тақволи ва одил мужтаҳидлар исломий давлат тузиб мусулмонларга раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Демак, Ғайбат асрида тақволи ва одил мужтаҳидларнинг Ислом умматига раҳбарлик қилиш ҳуқуқи маъсум имомларимиз томонидан тайин этилгани учун мужтаҳидларимиз «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар» ҳисобланадилар. Шак-шубҳасиз, илм-тақвода маъсум имомларимизга энг яқин бўлган барча мужтаҳидларимиз «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар»дир, аммо улар орасидан Ислом умматини бошқариш ва раҳнамолик қилиш учун ўз ўрталарида бир кишини Раҳбар этиб танлаш бу – мусулмонларни ягона Ислом байроғи остида бирлаштириш учун қилинган чора-тадбирдир.

Тақволи ва одил мужтаҳидларимиз ўз ўрталаридан Ислом умматига раҳбарлик қилиш учун танлаган кишига «Валиййи Фақиҳ» дейилади. Бугунги кунда Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбар бўлган «Валиййи Фақиҳ» Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийдир.

Демак, юқорида юритган баҳсимиздан қуйидаги хулосани чиқарамиз:

Биз Аҳли-Байт издошларининг эътиқодига кўра, «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар» уч тоифадан иборат:

Биринчи тоифа; Аллоҳ таоло томонидан инсонлар ҳидояти учун юборилган барча пайғамбарлар, хусусан пайғамбарларнинг сўнггиси ва афзали бўлган Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)

Иккинчи тоифа; Барча пайғамбарларнинг ворислари, махсусан Пайғамбаримизнинг ворис ва давомчилари бўлган ўн икки маъсум имом ва пешволар.

Учинчи тоифа; Маъсум имомларимиз томонидан Ғайбат асрида умумий шаклда, яъни бирор шахснинг исми айтилмай, балки уларнинг қандай хусусиятларга эга бўлгани айтилиши билан тайин этилган тақволи ва одил мужтаҳидлар.

Аҳли-Байт мазҳабида «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар» занжир ҳалқаларидек бир-бирига чамбарчас мустаҳкам боғлиқ тизимни ташкил этадилар ва улар доим инсонларни Аллоҳ таоло томон етаклайдилар ҳамда инсонларни Шайтон тузоғига илиниб қолишдан сақлайдилар. Ушбу «Ҳақиқий ва Илоҳий Раҳбарлар»нинг бир тоифасини қабул қилиб бошқа тоифасини рад ва инкор этиш дарҳақиқат, занжир ҳалқалари бир-биридан узилган деб билиш ҳисобланади ва бу эса мусулмонлар орасида раҳбарликка нисбатан бўшлиқ пайдо қилади. Натижада бу бўшлиқнинг ўрнини нолойиқ ва тоғут бўлган раҳбарлар тўлдиради.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.