Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Нима учун Куфаликлар Муслим ибн Ақилдан юз ўгиришди?

Нима учун Куфаликлар Муслим ибн Ақилдан юз ўгиришди?

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ

Савол: Нима омил сабаб бўлдики, қирқ минг нафар Куфаликлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом) йўллаган элчи ҳазрат Муслим ибн Ақилга дастлаб байъат-қасамёд қилиб, ўз жонларини у ҳазратга фидо қилишга тайёр эканларини эълон қилгач, бир неча кундан сўнг ўз байъат-қасамёдларини бузиб ва Муслим ибн Ақилга қарши чиқиб у ҳазратнинг душманига айланишди?*

Жавоб: Ислом тарихида бундай оғир ҳолатнинг юз бериши, яъни Куфа халқининг Муслим ибн Ақил (а.с)ни азамат ва шукуҳ билан кутиб олиб кейин эса у ҳазратдан юз ўгирганларининг бир неча сабаб ва омиллари бор бўлиб, уларни бу ерда биргаликда ўрганиб чиқамиз:

*  1. Душманлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг йўллаган элчиси ва ноиби Муслим ибн Ақилга қарши ёмон тарғиботлар қилиб, кўп мишмиш гаплар тарқатишди.

*  2. Душман кучлари Куфа бозорининг иқтисодий вазиятини нотинч, ошуфта ва тартибсиз ҳолга келтиришди ва бу ҳолатга ҳазрат Муслим ибн Ақилни сабабчи қилиб кўрсатишди.

*  3. Куфалик шиаларнинг баъзи оқсоқоллари ва катталари қалтис вазиятни англаб етолмаслиги, бошқача айтганда уларнинг ўз замонасини чуқур тушунмаслиги натижасида огоҳсизлиги ва сергаксизлиги.

 Учинчи омил учун мисол келтириб айтадиган бўлсак, Сулаймон ибн Суради Хузоий ва Руфоат ибн Шаддод Азрий каби шиаларнинг айрим оқсоқоллари ва катталари ҳазрат Муслим ибн Ақилга байъат-қасамёд қилишмади ва уларнинг у ҳазратга байъат қилмаслиги Муслим ибн Ақил Куфада яккаю ёлғиз ва ёру мададкорсиз шаҳид бўлишига сабаб бўлдилар.

️* Сулаймон ибн Суради Хузоий ва Руфоат ибн Шаддод Азрий сингари шиаларнинг катталари Муслим ибн Ақилга байъат қилишмаганининг сабаби, биз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Куфага келишини ва Язидга қарши жиҳод қилмоқлик ҳукмини беришини кутаётирмиз ва шу сабабли биз Муслим ибн Ақил билан бирга оёққа туриб жиҳод қилишни жоиз деб билмаймиз, деган фикрлар эди.

️* Сулаймон ибн Суради Хузоий ва Руфоат ибн Шаддод Азрий каби шахсларнинг қалтис вазиятни англаб етмаслиги ҳамда ўткир қараш ва фикрга эга эмаслиги Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг йўллаган вакили ва ноиби Муслим ибн Ақилнинг шаҳид бўлишига сабаб бўлди ва кейинчалик Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ўзлари ҳам шаҳид бўлдилар, аммо Сулаймон ибн Суради Хузоий ўзидан бирор бир ҳаракат кўрсатмади. Бироқ у Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан кейин ўн олти минг нафардан ошиқ қўшинни «Таввобийн», яъни тавба қилувчилар номи билан шакллантирди ва улар: «Биз катта хатога йўл қўйдик, кошки биз ҳазрат Муслим ибн Ақил ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам берсак эди», деб оёққа туриб Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Язидга қарши жиҳод қилишга бутун куч-қувватлари билан киришишди ва шу йўлда уларнинг қони тўкилиб, деярли ҳаммалари шаҳид бўлишди.

* Лекин энди нима фойда? *

*🔹 Ҳали ҳам Сулаймон ибн Суради Хузоийга ўхшаганлар борми? *

*🔹 Бу ерда ҳар бир мусулмон учун муҳим бўлган бир савол туғилади;

Биз ўз замонамизнинг Муслимини, яъни замонамиз Пешвоси ва Соҳиби Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг ноибини таниб, уни ҳимоя қила олдикми ёки Сулаймон ибн Суради Хузоий каби замонамиз Имомининг келишини кутаяпмиз деб замонамиз Имомининг ноибларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун бирор бир чора кўрмаймизми?*

*🔹 Шак-шубҳасиз, замонамиз Пешвоси ва Имоми ҳазрат Маҳдий (а.ж)нинг ноиблари – Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий ва қолган мужтаҳидларимиздир. Бу буюк инсонларни ҳимоя қилиб қўллаб-қувватлашимиз ва уларнинг кўрсатган йўлларидан қадам ташлашимиз дарҳақиқат, Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)нинг келишлари учун шароит ва замин яратиш ва бу йўлда тайёргарлик кўришдир. Ва Аллоҳ таолога онт бўлсинки, замонамиз Имоми кўзлардан ғойиб бўлган «Ғайбат Асри»да ягона ҲИДОЯТ ЙЎЛИ ва ТЎҒРИ ЙЎЛ – бу замонамиз Пешвоси ва Имоми ҳазрат Маҳдий (а.ж)нинг ноибларини ҳимоя қилиб қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўрсатган йўлларидан қадам ташлашдир!! Қолгани эса ҲИДОЯТ ЙЎЛИдан чалғиш ва гумроҳликдир.

*🔹 Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ошуро куни Карбало заминида ҳаммани ёрдамга чақириб: هَلْ مِنْ نَاصِرٍ يَنْصُرُنِي «Бирор ёрдам берувчи борми Менга ёрдам берса?!» деб нидо қилган эдилар. Аммо афсуски, Ошуро воқеасидан сўнг 3 гуруҳ ул ҳазратнинг ушбу чақириғига жавоб бериш мақсадида оёққа туришди:

🔹 Биринчи гуруҳ «Таввобийн» эди;

Улар Ошуро куни ва ундан олдин Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бермай сукут сақлаган кишилар эди. Лекин Ошуро воқеасидан сўнг, улар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бермаганидан қаттиқ пушаймон бўлиб, қилган хатоларини тузатиш ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Карбало заминидаги ёрдам чақириғига жавоб бериш учун оёққа туриб жиҳод қилишди ва уларнинг деярли барчаси ўлдирилди.

*«Бироқ Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бериш учун кеч бўлган эди»*.

🔹 Иккинчи гуруҳ Мадина аҳли эди;

Ошуро воқеасидан кейин Мадина аҳли Язид ибн Муовия ҳокимиятига қарши оёққа туриб жанг қилишди ва ушбу қонли тўқнашувда уларнинг барчаси ўлдирилди. Тарих гувоҳлик беришича, уларнинг сони 10 000 нафарга яқин эди. Язид ўз қўшинларига: «Мадина шаҳрига ҳужум қилингиз, 3 кун давомида Мадина аҳлининг жону моли ва номуси сизларга ҳалолдир», деб эълон қилди. Тарихда айтилишича, Пайғамбаримиз хонадонига мансуб кишилар тўртинчи пешвоимиз Имом Сажжод (алайҳис салом)ни шу пайт Мадинадан урушнинг шоҳиди бўлмасликлари учун саҳрога олиб чиқишди. Язиднинг жиноятчи қўшинлари ҳеч бир жиноят ва хиёнатни қолдирмай амалга оширишди ва Мадина аҳлидан бўлган 10 минг киши ҳам ўлдирилди.

*«Аммо Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бериш учун кеч бўлган эди».*

🔹 Учинчи гуруҳ Мухтор ибн Абу Убайда Сақафий ибн Абу эди;

Мухтор ибн Абу Убайда Сақафий Ошуро куни Карбало заминида Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёнларида бўлиб, ул ҳазратга ёрдам бера олмагани учун ҳамда ул ҳазратнинг қотилларидан қасос олиш мақсадида Язид ва унинг ҳокими Убайдуллоҳ ибн Зиёдга қарши оёққа туриб жиҳод қилди ва Куфа шаҳрини қўлга киритиб оз муддат (18 ой) давомида ушбу шаҳарни бошқарди.

Бу қисқа муддат ичида Мухтор Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қасосларини олиб, ул ҳазрат қотилларининг деярли ҳаммасини, жумладан Убайдуллоҳ ибн Зиёдни ўлдиради ва уларнинг кесилган бошларини Мадинага, Имом Зайнулобидин (алайҳис салом)га юборади. Бир ривоятга кўра, Имом Зайнулобидин (алайҳис салом) қотилларнинг бошларини кўриб хурсанд бўладилар ва ўша пайт Мухторни дуо қиладилар.

Аммо орадан кўп ўтмай, Ҳижоз заминини (Макка ва Мадина ерларини) эгаллаб олиб халифалик даъвосини қилган Абдуллоҳ ибн Зубайр Мухторни ўртадан йўқотиш учун ўз укаси Мусъаб ибн Зубайр бошчилигида катта қўшин Куфа томон юборади. «Ҳаруро» деган жойда икки қўшиннинг қонли тўқнашуви юз бериб, қирғин барот урушлар бўлади. Оқибат икки қўшин ўртасидаги кўплаб жанглар натижасида 15000 га яқин аскар ҳалок бўлгач, Мухтор ибн Абу Убайда Сақафий мағлубиятга учрайди ва Мухтор аскарларидан асир тушган 7000 га яқин кишининг боши Мусъаб ибн Зубайр буйруғи билан чопилади. Ушбу жангда ҳаммаси бўлиб 20 мингга яқин одам ҳалок бўлади.

*«Бироқ Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ёрдам бериш учун кеч бўлган эди».*

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Мадинадан чиқиб кетаётганларида ул ҳазратга ҳамроҳ бўлмаган одамлар ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Куфага келаётганларида ул ҳазратга ёрдам бермаган одамлар кейинчалик Имомга ёрдам бериш учун келдилар.

*«Аммо жуда кеч бўлган эди».*

Тўртинчи пешвоимиз Имом Сажжод (алайҳис салом) бу ҳаракатларнинг ҳеч бирини олқишламадилар!!

* «Зероки, жуда кеч бўлган эди»*.

Карбало воқеасидан сўнг Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёрдам чақириғига жавоб тариқасида ул ҳазратга ёрдам бериш мақсадида оёққа туриб, шу йўлда қони тўкилиб ҳалок бўлганларнинг сони тахминан 35 минг киши эди.

* «Лекин жуда кеч бўлган эди*.

Ўз вақтида Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёрдамига келган 72 киши билан ул ҳазрат шаҳид бўлганларидан кейин қиём қилган [оёққа турган] бу 35 минг киши ўртасида катта фарқ бор.

Биз эҳтиёт бўлишимиз керак, токи тарихда рўй берган мана шундай дардли воқеалардан ибрат ва сабоқ олайлик ва ҳаётимизда тузатиб бўлмас катта хатоларга йўл қўймайлик!!

Биз тарихда юз берган ибратли воқеа-ҳодисалардан сабоқ олиб замонамиз Пешвоси ва Соҳиби Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)дан орқада қолмайлик, олдинга ҳам ўтмайлик, балки доим ул ҳазрат билан бирга бўлайлик!! Зероки;

«الْمُتَقَدِّمُ لَهُمْ مارِقٌ، وَالْمُتَاَخِّرُ عَنْهُمْ زاهِقٌ وَاللّازِمُ لَهُمْ لاحِقٌ»

«Ким улардан [Аҳли-Байтдан бўлган имомлардан] олдинга ўтса, диндан чиқиб кетур ва улардан ортда қолган ҳалок бўлур ва улар билан бирга бўлган киши эса мақсадга етур. (Саловоти Шаъбония дуосининг бир қисми)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Нега Имом Ҳусайн (а.с) таъзияларида ё Ҳусейн дея ўзимни уришим керак?!

Ассалому Алайкум Нажот Кемаси Таҳририяти. Саволим ўз-ўзини уриш ва Синазанлик қилиш ҳақида. Бир дўстим ушбу …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.