Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Янги йил байрамида спиртли ичимлик ичилса, мусулмон инсон у ерда иштирок этиши қандай ҳукмга эга?

Янги йил байрамида спиртли ичимлик ичилса, мусулмон инсон у ерда иштирок этиши қандай ҳукмга эга?

Ассалому алайкум Ҳурматли Биродарлар! Жамиятимиздаги муҳим саволлларга жавоб бераётганларингиз ва долзарб бўлган масалаларни кўтариб чиқаётганларингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу хайрли ишларингизда Аллоҳнинг Ўзи сизларга мададкор бўлсин! Менинг ҳам бир неча саволларим бор эди. Шуларни сизлардан сўрамоқчиман:

1. Кўпгина мамлакатларда, хусусан християн давлатларида милодий йилнинг аввалида ва Исо пайғамбарнинг таваллуд куни муносабати билан байрам ўтказилади.

Ушбу байрам маросимда Рождество, яъни Исо пайғамбарнинг таваллуд куни арчаси тайёрланиб безатилади ва одатда турли хил спиртли ичимликлар тақдим этилади ва Санта Клауснинг [Қор Бобонинг] ҳикоялари ёшларга айтиб берилади. Баъзан бу байрамда мусулмонлар ҳам улар билан бирга иштирок этганлари кўзга кўринади! Айрим мусулмонларнинг бу иши жоизми?

2. БМТ тақвимига кўра, йилнинг бир куни хотин-қизлар куни деб номланган. Мусулмон эркак шундай кунда ўз умр йўлдошига совға сотиб олса бўладими?

3. Григориан тақвими кунлари бўйича, февралнинг ўн тўртинчи куни Валентин куни, яъни севишганлар куни деб номланган ва шунингдек, Валентин Попи куни, християн руҳонийлари йиғилишиб, нишонлайдиган байрам кунида Валентин учун дуо қиладилар. Шундай кунда мусулмонлар ҳам севишганлар кунини байрам қилиб ўтказсалар бўладими?

Жавобларингиз учун олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

  • Ҳурмат билан
  • Дилмурод

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва алайкум ассалом бизнинг қадрли биродаримиз. Бизга бўлган улкан эътиборингиз учун биз ҳам сизга ўз ташаккур ва миннатдорчилигимизни изҳор этиб, Аллоҳ сиздан ҳам рози бўлсин! деб айтамиз. Билдирган яхши дуоларингиз ва эзгу ниятларингиз ўзингизга ҳам ёр бўлсин!

1. Биринчи саволингизга жавобан шуни айтишимиз керакки, аслида исломий бўлмаган бундай байрамларга қатнашиш шариати исломиянинг нуроний ва ҳаётбахш кўрсатмаларида тақиқланган, магар миҳимроқ ва аҳамияти юқорироқ бўлган бирор маслаҳат ёки зарурат улар орасида ҳозир бўлишни тақозо қилган тақдирда мазкур байрамда иштирок этиш мумкин ва жоиз бўлади.

2. Иккинчи саволингизга жавобан, мазкур кунда ўз оилангизга бирор ҳадя ва совға сотиб олишингизнинг шариат қонун-қоидаларига кўра ҳеч қандай муаммоси бўлмаслиги керак.

3. Учинчи саволингизга жавобан шуни айтишимиз лозимки, Валентин куни ислом маданиятига тўғри келмайдиган Ғарб оламининг байрамларидандир. Бундай байрамларни нишонлаш ноисломий бўлган Ғарб маданиятини тарғиб қилиш ва ёйиш ҳисобланади. Кофирларга хос бўлган ишларни бажариш шариати исломияда таъқиқланган бўлиб, жоиз эмасдир.

Энди маржаи тақлид бўлган буюк мужтаҳидларимиз томонидан юқоридаги учта саволга берилган жавобларни кўздан кечирамиз:

Ҳазрати Оятуллоҳ Хоманаийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

1. Ҳар ҳолда май ва спиртли ичикликлар ичиладиган базмларда қатнашиш жоиз эмас.

2. Бу ишнинг [яъни ўз оиласига совға олиб беришнинг] муаммоси йўқ.

3. Агар бу иш ботилни [яъни асоссиз ва ноҳақ нарсани] тарғиб қилиш ва ёйиш ҳисобланса, у ҳолда жоиз эмас.

Ҳазрати Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

1. Берилган биринчи саволга жавобан, бу иш жоиз эмас.

2. Агар бу иш [яъни БМТ томонидан хотин-қизлар куни деб белгиланган кунда ўз оиласига совға олиб бериш] уларга эргашиш ва тобе бўлиш ҳисобланмаса ва фасод-бузуқликка олиб келадиган бўлмаса, у ҳолда бунинг ҳеч бир муаммоси йўқ.

3. Бу иш жоиз эмас.

Ҳазрати Оятуллоҳ Софий Гулпойегонийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Биринчи, иккинчи ва учинчи саволларнинг жавоби шуки, умуман олганда, уларни [мусулмон бўлмаганларни] қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўлган бундай байрамларни ташкил этиш ёки унда қатнашиш жоиз эмас.

Ҳазрати Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Биринчи, иккинчи ва учинчи саволларнинг жавоби шуки, кофирларга ўхшаш бўлган ҳар қандай ишни бажариш ҳаромдир ва шунингдек, маст қилувчи ичимликларни ичиш ҳам ҳаром ва катта гуноҳлардандир.

Манба: Буюк Оятуллоҳларнинг: Оятуллоҳ Хоманаий, Оятуллоҳ Макорим Шерозий, Оятуллоҳ Софий Гулпойегоний, Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийларнинг муассасалари томонидан юқоридаги саволларга жавоб тариқасида берилган фатволарга биноан.

  • Эҳтиром ила:
  • Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.