Home / Савол-жавоблар / Янги йил байрамини нишонлашнинг ҳукми қандай?

Янги йил байрамини нишонлашнинг ҳукми қандай?

Ассалому алайкум ҳурматли Нажот Кемаси жамоаси. Аллоҳ сизлардан қилаётган фаолиятингиз учун рози бўлсин! Мени бир савол ҳар доим мусулмон фарзанди сифатида қизиқтириб келган! Янги йилни ёки бошқа таъбир билан айтганда, ҳазрат Исо пайғамбарнинг таваллудларини (рождествони) нишонлаш биз мусулмонларга шариатимизда рухсат этилганми, яъни бу ишни қилиш мумкинми?

Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат. Доимо соғ бўлинг.

Ўзбекистондан: Қосимжон

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва алайкум ассалом бизнинг самимий ва ҳурматли биродаримиз. Бизлар ҳам сизга энг яхши тилакларимизни, яъни дунё ва охират саодатини тилаймиз. Аллоҳ сиздан ҳам рози бўлсин!

Жуда ўринли ва долзарб масалани ўртага қўйдингиз. Аслида бу милодий янги йил ҳазрат Исо пайғамбар таваллуд топган кунлари сифатида, рус тилида айтганда, «Рождество» сифатида нишонланади.

Аҳли-Байт мактабига тобе бўлган фуқаҳо ва мужтаҳидларимизнинг бу борада берган фатволаридан маълум бўлишича, биз мусулмонлар ҳам ҳазрат Исо пайғамбар таваллуд кунларини нишонласак бўлади, лекин христянларга хос ва мос ҳолатда, яъни уларникидек ҳаром ва гуноҳ ишларга тўлиб тошган ҳолатда бўлмаслиги керак! Бир сўз билан айтганда, христянлар янги йилни нишонлаганидек, биз мусулмонлар нишоламаслигимиз керак. Зероки, уларнинг қиладиган кўп ишлари Ислом дини таълимотига зиддир.

Бироқ янги йилда шунчаки гуноҳсиз ҳолда биргаликда ўтириб ҳордиқ чиқариш ҳамда ҳалол бўлган таомлар ва ичимликларни истеъмол қилиб хурсандчилик қилиш шариати исломияда мумкин ва рухсат этилган амалдир!

Албатта, шуни ҳам айтиш лозимки, янги йилда қариндош-уруғларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни бориб кўриш ва кўнглини кўтариш каби хайрли ва савоб ишларни ҳам амалга ошириш мумкин. Бундай ишларга шариати исломияда «Силаи раҳим» дейилади.

Энди ушбу масалага доир мужтаҳидларимизнинг фатволарини ўрганиб чиқамиз:

Ҳазрати Оятуллоҳ Хоманаийдан бу борада сўралган қуйидаги саволга:

Баъзи мусулмонлар Исо Масиҳ (алайҳис салом)нинг таваллуд топган куни каби насронийларнинг байрамларини нишонлайдилар. Бу ишнинг бирор айби борми?

Шундай жавоб берганлар: Исо Масиҳ (алайҳис салом) таваллуд топган кунни нишонлашнинг ўз-ўзидан муаммоси йўқ, лекин бу иш Ғарбнинг таназзулга учраган маданиятини ёки эътиқоднинг оғишиши ва фасод-бузуғликни тарғиб қилинишига сабаб бўладиган тарзда бўлмаслиги керак.

Манба:

http://bitly.ws/mxDM

Ҳазрати Оятуллоҳ Макорим Шерозийдан бу борада қуйидагича сўралган:

Мусулмонлар учун милодий янги йилни нишонлашнинг ҳукми нима? Мусулмонлар насронийларни ушбу байрам билан табриклашлари мумкинми? Мусулмонлар ўзаро бир-бирларини ушбу байрам билан табриклашлари мумкинми? Мусулмонлар ушбу милодий янги йил байрами учун дастурхон ёза оладиларми? Байрам қилиб ўтказа оладиларми? Ва бу байрамни Ислом ҳайитлари ва байрамлари каби эъзозлай оладиларми? Мусулмонлар ҳам улар [христянлар] каби уйларида арча дарахтини безашлари мумкинми?

У буюк мужтаҳиднинг юқоридаги саволларга жавоб тариқасида берган фатволари қуйидагича:

Зарурат бўлмагунча, Исо Масиҳ (алайҳис салом)нинг таваллуд кунини [Рождествони] нишонлаш ва Рождество билан боғлиқ ишларни қилиш, мусулмон бўлмаганларнинг маданияти тарғиб қилинишига сабаб бўлганини эътиборга олган ҳолда жоиз эмасдир. Бу ерда заруратдан кўзланган маъно масалан, агар шу иш бажарилмай қолса, қариндош-уруғлик ва дўстлик алоқасига путур етади.

Манба:

https://makarem.ir/main.aspx?typeinfo=21&lid=0&catid=46496&mid=265595

Истифто рақами: 1236823

Ҳазрати Оятуллоҳ Ваҳид Хуросонийдан бу борада сўралган қуйидаги саволга:

Мусулмонларга ҳазрат Исо пайғамбарнинг таваллуд топган кунини нишонлаш ва янги йилни байрам қилиб ўтказиш жоизми?

Шундай жавоб бердилар: Насронийлик шиори бўлган нарсани бажариш мусулмонга жоиз эмас.

Манба: Нажот Кемаси Таҳририяти томонидан сўралган саволга Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний ҳазратларининг муассасалари берган жавоб тақдим этилди.

Бошқа мужтаҳидларимиздан юқоридаги саволларга жавоб келмагани учун ушбу маржаи тақлид бўлган учта мужтаҳидимизнинг фатволарини келтирдик.

Демак, юқорида келтирилган мужтаҳидларимизнинг фатволарига кўра, ҳазрат Исо пайғамбар таваллуд кунларини [Рождествони] ва янги йил байрамини нишонлаш агар христянларга хос ва мос ҳолатда, яъни Арчалар безаш, айш-ишрат қилиб айрим ашулаларни айтиб Арчанинг атрофида айланиш ҳамда ҳаром ва гуноҳ ишларга қўл уриш билан ўтказилса, бу христянларнинг шиори бўлиб уни бажариш мусулмонга жоиз эмас.

Албатта, юқорида айтилганидек, зарурат тақозо қилган тақдирда ва шунингдек, янги йилда қариндош-уруғларнинг ҳолидан хабар олиб, «Силаи раҳим» қиладиган бўлсак, у ҳолда бу иш қариндош-уруғлик ва дўстлик алоқаси ўртадан кўтарилмаслиги учун зарурат бобидан жоиз бўлади.

Яна шуни ҳам таъкидлаб айтамизки, [Рождествони] нишонлаш ва Рождествога боғлиқ бўлган ишларни бажариш мусулмон бўлмаган Ғарб маданиятининг тарғиб қилинишига сабаб бўлмаслиги керак ва бу билан мусулмонлигимиз савол остида қолмаслиги лозим.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.