Home / Савол-жавоблар / Жиҳоди Табйин нима дегани?

Жиҳоди Табйин нима дегани?

Ассалому Алайкум Нажот Кемаси Жамоаси. Аллоҳнинг Ўзи сизларга МАДАДКОР бўлсин! Бир саволим бор эди. Жиҳоди табйин деган сўзни эшитиб қолдим. Шу жиҳоди табйин деган сўзнинг маъноси нима?

Шу сўзни маъносини тушунтириб юборсаларинг. Холисона хизматлариз учун олдиндан раҳмат.

  • Ҳурмат билан
  • Санжар

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳу Ҳурматли Биродар. Бизни қилаётган ишимиз сабабли олқишлаганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сиз ҳам Аллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимоясида соғ-омон бўлишингизни У Зотнинг Ўзидан сўраб қоламиз!

Ушбу саволга жавоб беришдан олдин дастлаб, «Жиҳод» ва «Табйин» сўзларини изоҳлашимиз керак бўлади.

«Жиҳод» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси:

«بَذْلُ نِهَايَةِ الْجُهْدِ لِنَيْلِ الْمُرَادِ»

«Исталган нарсага эришиш учун бор куч-қудратини сарфлаш ва ишга солиш» демакдир.

«Табйин» сўзи эса баён қилмоқ ва ёритиб бермоқ маъносини англатади.

Энди «Жиҳоди Табйин» деб ушбу бирикма сўзни айтганда, жамиятда инсонлар билиши зарур бўлган ўта аҳамиятли масалаларни бутун қирралари ва ингичка томонлари билан чуқур ва кенг ёритиб бериш тушунилади. Токи ҳақиқат инсонларга маълум ва ошкор бўлсин ва тушунмай қолиш натижасида йўлдан адашиш ҳолатлари ўртадан кўтарилсин!!

Инсонларга ҳақиқатни ҳамда Аллоҳ таолонинг каломини баён қилиш ва ёритиб бериш иши Қуръони Каримнинг бир неча жойида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллолоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг зиммаларидаги вазифа деб айтилган. Бу борада намуна сифатида қуйидаги ояти каримани келтирамиз:

بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ ۗ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ ﴿٤٤﴾

«[Биз аввалги пайғамбарларни] очиқ-ойдин ҳужжатлар ва китоблар ила [юбордик]. Ва сенга эса одамларга нозил қилинган нарсани [ислом дини таълимотларини] баён қилиб беришинг учун Эслатмани-Қуръонни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар». (Наҳл сураси, 44-оят)

Сарвари оламдан кейин бу улкан вазифа у зотнинг ҳақиқий ворис ва давомчилари бўлган маъсум имомларимиз зиммаларида бўлган. Демак, бу иш аслида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллолоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва у зотнинг ҳақиқий ворис ва давомчилари бўлган маъсум имомларнинг ишларидир.

Ҳозирги кунда ҳам бу улкан вазифа аҳли илм бўлган кишилар зиммасига юкланган. У буюк зотларнинг йўлини давом эттирувчи аҳли илм кишилар бу ишни амалга оширишлари керак, яъни жамиятдаги ўта аҳамиятли ва ингичка масалаларни бутун қирралари билан теран ва кенг қамровли шаклда ёритиб бериб, бу борадаги кўпгина савол ва шубҳаларга илмий жавоблар беришлари лозим. Токи, ҳар бир нарсанинг асл маъно-моҳияти инсонларга маълум бўлсин ва уларнинг фаҳмлаш даражаси юксалсин.

Бу борада Олий Раҳнамо Оятуллоҳ Хоманаий айтадилар:

«Мусулмонларга юз томондан оқиб келаётган бу йўлдан адаштирувчи хатти-ҳаракатларга жавобан, «Табйин» масаласига аҳамият беринглар. Ҳар бирингиз вазифа сифатида, бир чироқ каби, бир нур каби атрофингизни ёритингиз. Тўғри фикрларни, ўринли фикр-мулоҳазаларни тарқатингиз. Бу борада том маънода жиҳод қилишингиз мумкин».

Олий Раҳнамо Оятуллоҳ Хоманаийнинг ушбу ҳикматли сўзларидан кўриниб турибдики, ислом динида жиҳод қилиш фақат қўлга қурол олиб, курашиш бўлмай, аксинча ўта ингичга ва юқори аҳамиятли масалаларни жамиятдаги инсонларга кенг кўламда чуқур баён қилиш ва ёритиб бериш ҳам ислом дини нуқтаи назаридан том маънода жиҳод қилиш ҳисобланади ва бунга «Жиҳоди Табйин» деб айтилади. 

Яна шуни таъкидлаб айтиш лозимки, ҳатто кўп ўринларда тўғри тушунча ва илм-маърифатга эга бўлмай туриб, қўлга қурол олиб, кўр-кўрона курашиш ҳақиқий маънода «Жиҳод» ҳисобланмайди. Зероки, Ислом динида «Жиҳод» қилишдан кўзланган мақсад, инсонларни залолат ва гумроҳликдан қутқазиб, Аллоҳ таолонинг ҳидояти нури томон чорлашдир. Ва қуролли «Жиҳод» қилишдан кўзланган бундай юксак мақсад амалга ошиши учун дастлаб, «Жиҳоди Табйин» қилмоқлик лозим. Акс ҳолда, Ироқ ва Шомда жиҳод қилиш илинжида юрган ўта жоҳил ва билимсиз ИШИД гуруҳи каби ноҳақ қон тўкар қотиллар мусулмонларнинг орасида юзага келади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлида мустаҳкам ва собит қадам қилсин ва зиммамиздаги «Жиҳоди Табйин» бўлмиш улкан вазифани шарафли ўташда Ўзи бизга мададкор бўлсин!

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.