Home / Савол-жавоблар / Ўз мазҳабига кўра талоқ қилинган сунний аёлларга уйланишнинг ҳукми нима?

Ўз мазҳабига кўра талоқ қилинган сунний аёлларга уйланишнинг ҳукми нима?

Ассалому алайкум Нажот Кемаси Таҳририяти. Савол шундан иборатки, аҳли сунна аёллари билан, яъни талоқ олган аёллари билан доимий никоҳ ёки вақтинчалик никоҳ қуриш ҳаромми?

Сизни талоқ тўғрисидаги менга берган жавобингиз ва Аллома Ҳиллий (раҳматуллоҳ алайҳ)нинг Султон ҳузуридаги сунний олимлар билан бўлган баҳс ҳикоясидан кейин менда жуда анализ кучайди. Ўша баҳсда айтилаяптики, яъни талоқни ўзига хос талаблари бажарилмаса, у талоқ ботилдир, деган назарияни шак-шубҳасиз ва мантиқан тўғри деб қабул қилдик. Ахир, Аллома Ҳиллий ҳам мақсадлари биринчи ўринда шоҳни хотинини қайтариш эмас, балки қилинган талоқ ботиллигини исботлаш эди-ку…

Талоқни тўғри шартлар билан сийғасини ўқиш фақат биз шиалар учун эмас-ку, балки бутун мусулмонлар учун шариат аҳкомидир. Бундан чиқди, суннийлар (талабларга риоя қилмаган ҳолда) қилган уч талоқ ботил деб ҳисобласак, унда уларнинг аёллари билан ўқилган никоҳ (ва вақтинчалик никоҳ) ҳам ҳаром бўлиб, зинога йўл қўйилган бўлади-ку. Ёки мени назариям нотўғрими? Ёки яна бошқа назария борми?

  • Ҳурмат билан
  • Абдураҳмон

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Ушбу саволларингизга мужтаҳидларимизнинг берган фатволари асосида жавоб беришдан олдин шуни таъкидлаб айтишимиз лозимки, шариат аҳкомларини инсоний ақл билан қиёслаб, бир хулоса ва ҳукм чиқариб бўлмайди. Шунинг учун, агарчи талоқ сурасининг иккинчи оятида талоқ қилиш пайти икки одил киши бунга гувоҳ бўлсин деб айтилган бўлса-да, бироқ ислом умматини ваҳдат ва бирдамлик сари етаклаш ва низо-тафриқаларнинг олдини олиш мақсадида Аҳли суннат биродарларимиз томонидан берилган талоқни фақиҳ ва мужтаҳидларимиз саҳиҳ ва тўғри деб қабул қилганлар, агарчи Аҳли суннат фиқҳига кўра, талоқ қилиш вақтида икки одил киши гувоҳ бўлмаган бўлса-да.

Демак, агар Аҳли суннат аёллари ўз мазҳабларига кўра, тўғри ва саҳиҳ талоқ қилинган бўлсалар, идда муддати тугаганидан кейин уларни никоҳлаб олишингиз жоиз бўлиб, бунинг ҳеч бир муаммоси йўқ.

Юқоридаги саволларнинг ҳукми борасида маржаи тақлид бўлган мужтаҳидларимиз муассасаларидан сўралганда, қуйидаги фатволар берилди:

Ҳазрати Оятуллоҳ Хоманаийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Сўралган саволни назарга олиб, аёл талоқ қилинганидан ва идданинг муддати тугаганидан кейин никоҳни жорий этишга ҳеч бир тўсиқ йўқ.

Ҳазрати Оятуллоҳ Систонийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Агар уларнинг [суннийларнинг] мазҳабига кўра, аёлга тўғри ва саҳиҳ талоқ берилган бўлса, у ҳолда ўша аёлнинг идда муддати тугаганидан сўнг никоҳ жорий этиш мумкин.

Ҳазрати Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Улар билан ниқоҳ қуришда ҳеч қандай муаммо ва тўсиқ йўқ, лекин сунний аёл бир вакил олиши ва ўша вакил икки гувоҳнинг кўз ўнгида аёлга талоқ бериши яхшироқдир.

Ҳазрати Оятуллоҳ Шубайрий Занжонийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Бу борада, [яъни сунний аёл талоқ қилинганидан кейин уни никоҳлаб олиш масаласида] ҳеч қандай муаммо ва тўсиқ йўқ, лекин агар бундай никоҳда эътиқоднинг заифлашиши ва ҳақ мазҳабдан тойиш хавфи бўлса – ҳатто болаларда ҳам, унда бу никоҳ қуриш жоиз эмас.

Ҳазрати Оятуллоҳ Нурий Ҳамадонийнинг юқоридаги саволларга берган фатволари қуйидагича:

Умуман, агар сунний аёлларнинг талоқ қилиниши ўз мазҳабларига биноан, саҳиҳ ва тўғри амалга оширилса, у ҳолда улар билан никоҳ қуриш шиаларга жоиз бўлиб, бу борада бирор муаммо ва тўсиқ бўлмайди, бироқ вақтинчалик никоҳ қилишда ҳар икки томоннинг мазҳабига асосан никоҳ жорий этилиши саҳиҳ ва тўғри бўлиши зарур.

Манба: Буюк фақиҳ ва мужтаҳидларимиз: Оятуллоҳ Хоманаий, Оятуллоҳ Систоний, Оятуллоҳ Макорим Шерозий, Оятуллоҳ Шубайрий Занжоний, Оятуллоҳ Нурий Ҳамадоний муассасаларининг Нажот Кемаси Таҳририяти томонидан сўралган саволларга жавоб тариқасида берган фатволари тақдим этилди.

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.