Home / Савол-жавоблар / Шиалар Карбалода Имом Ҳусайн ва ҳазрати Аббос қабрини ўпишларини қандай оқлайсиз?

Шиалар Карбалода Имом Ҳусайн ва ҳазрати Аббос қабрини ўпишларини қандай оқлайсиз?

Шиалар Карбалода Валчиқда Чўмилиб… эмаклаб Ҳусайн ва Аббос қабрини ўпишни қандай оқлайсизлар? Раҳмат.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому Алайкум Ҳурматли Биродар.

Ушбу саволингизга аниқ ҳолда жавоб беришдан олдин, ўта ингичка ва муҳим бир масалага тўхталиб ўтамиз. У ҳам бўлса, ҳар бир дин ва мазҳабга тобе бўлган одамлар орасида билимсиз, авом ва оддий кишилар бор бўлиб, айрим ҳолларда уларнинг қиладиган ишлари ўзлари эътиқод қилган мазҳабларига, ҳатто Ислом динига тўғри келмаслиги мумкин. Бундай ҳолатни барча динлар вакиллари ва Исломдаги мазҳаблар издошлари орасида учратиш мумкин. Биз Макка шаҳрида Ҳаж маросимида иштирок этиш шарафига ноил бўлганимизда, Аҳли суннат биродарларимиз орасида билимсиз ва оддий кишилар Ҳаж амалларини бажараётиб, ўз мазҳабларига хилоф равишда айрим амалларни нотўғри қилиб қўйганларининг шоҳиди бўлганмиз ва бундай ҳолатларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Масалан, Каъбани тавоф қилишни ўз тартиби билан амалга оширишда, тавофдан сўнг Мақоми Иброҳим орқасида туриб икки ракъат намоз ўқишда, Сафо ва Марва тоғлари орасида саъй қилиш, яъни юришда ва ҳоказо амалларда хатолар юз берганини кўзимиз билан кўрганмиз.

Худди шундай шиалар ҳам бундай ҳолатдан мустасно эмаслар. Уларнинг орасида ҳам билимсиз, авом ва оддий кишилар бор бўлиб, бундай кишиларнинг қиладиган амаллари баъзан ўзлари эътиқод қиладиган Аҳли-Байт мактаби таълимотларидан йироқ бўлиши мумкин. Биз сиз айтаётган муқаддас Карбало заминида шаҳидлар саййиди ва сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ҳазрати Абул Фазлил Аббосга бўлган покиза ишқ-муҳаббатни изҳор қилиш ниятида балчиқда чўмилиб, эмаклашни тўғри иш деб билмаймиз ва Аҳли-Байт мактаби таълимотларида бундай ишни қилишга бирор кўрсатма берилмаганига ишонамиз.

Аммо Аллоҳ таолонинг йўлида, Унинг динини қайта тиклаш ва юксалтириш учун бор-йўғини, аҳли оила ва фарзандларини фидо қилган Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ҳазрати Абул Фазлил Аббос каби буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилаётганда, ўша мақаддас қабрларни ўпишни жоиз ва тўғри иш деб биламиз ва бу иш билан у буюк зотларга тавассул қилиб, яъни уларни Аллоҳ таоло даргоҳига восита қилиб, уларга қалбимиз ва руҳимиз билан боғланамиз ва бу амалимиз билан ўта юқори маънавий ҳолатга эришамиз.

Агар бу борада тўлиқ ва муфассал маълумотга эга бўлишни истасангиз, Қуръони Карим оятлари асосида ва Аҳли суннат биродарларимиз наздида мўътабар саналган китобларда ривоят қилинган пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифлари асосида ёзилган қуйидаги мақолани диққат билан ўқиб чиқишни сизга тавсия қиламиз:

https://najotkemasi.net/2013/04/nima-uchun-shialar-ziyorat-ilayotganlar.html

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг ҳидоят йўли бўлмиш Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ва у зотнинг Аҳли-Байтларига эргашишни насиб айласин ва Бизни у буюк зотларнинг йўлидан адаштирмасин!

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси Таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.