Home / Ўгит ва насиҳатлар / Кўрмаганнинг кўргани қурсин!

Кўрмаганнинг кўргани қурсин!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Кўпчилигимиз баъзиларнинг бирон мансабу-амалга эришиб, на яқинларини ва на дўсту-ошналарини танимай, босар тусарларини билолмай қолишларининг гувоҳи бўлганмиз. Шунинг учун, халқимиз орасида «кўрмаганнинг кўргани қурсин!», деган мақол тарқалган. Ҳа, бундай одамлар ўз таниш-билишлари билан аввалги борди-келдиларини давом эттириш у ерда турсин, балки ҳатто саломингизга ҳам зўрға алик оладилар.

Ана шундай одамлар ҳақида Қуръони Каримда ҳам бирор нарса айтилганмикин, деб сўрашингиз мумкин. Биз эса ҳа, худди шунақа одамлар ҳақида ҳам Қуръонда оятлар келтирилганини айтиб, суҳбатимизда мана шу масалалар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Қуръони Каримда айтилишича, айримлар бир нарсага эришишлари биланоқ, ўзларини йўқотиб қўйиб ғурурга берилиб кетадилар. Бу ҳақда Қуръонда шундай деб айтилган:

وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلًا رَّجُلَيْنِ جَعَلْنَا لِأَحَدِهِمَا جَنَّتَيْنِ مِنْ أَعْنَابٍ وَحَفَفْنَاهُمَا بِنَخْلٍ وَجَعَلْنَا بَيْنَهُمَا زَرْعًا ﴿٣٢﴾‏ كِلْتَا الْجَنَّتَيْنِ آتَتْ أُكُلَهَا وَلَمْ تَظْلِم مِّنْهُ شَيْئًا ۚ وَفَجَّرْنَا خِلَالَهُمَا نَهَرًا ﴿٣٣﴾‏ وَكَانَ لَهُ ثَمَرٌ فَقَالَ لِصَاحِبِهِ وَهُوَ يُحَاوِرُهُ أَنَا أَكْثَرُ مِنكَ مَالًا وَأَعَزُّ نَفَرًا ﴿٣٤﴾‏‏

«Уларга икки кишини мисол қилиб келтир. Улардан бирига узумлардан икки боғ бердик ва уларни хурмо ила ўрадик ва ораларида экинзор қилдик. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар ва Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор оқизиб қўйган эдик. Ва яна унинг меваси, бойлиги ҳам бор эди. У ўз дўстига мурожаат қилар экан: « Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ», деди». (Каҳф сураси, 32, 33 ва 34-оятлар).

Юқоридаги оятларга кўра, бир замонда икки дўст ва оғайни бўлган. Улардан бирига Аллоҳ таоло иккита узумзор боғ ато этган бўлиб, ҳар икки боғнинг ҳосили тўлиқ ва бекаму кўст етишар экан. Ва шунингдек, икки боғ орасидан эса, Аллоҳ таоло анҳор оқизиб қўйган эди. Ўша шахснинг боғларидан ташқари яна «меваси», яъни молу дунёси ҳам бор эди. Бир куни дўсти ила баҳслашар экан, мақтаниб: «Менинг сендан кўра молу давлатим кўпроқ. Одамларим, болаларим, хизматчиларим, ёрдамчиларим ҳам кўпроқ, ҳамда кучлироқдир», деди. Аллоҳ таоло унга берган ушбу боғу-роғлар ва молу-давлат билан мағрурланиб, ўзидан кетиб қолгани Қуръон оятларида баён қилинган. Сўнгра оятларнинг давомида Аллоҳ таоло Ўз неъматларини ундан олиб қўйганини айтиб, ўша шахснинг ўз қилган ишидан пушаймон бўлганини маълум қилган.

Аллоҳ таоло бошқа ояти карималарда инсон зотига Ўзининг фазлу-раҳмат ва меҳрибонлигини кўрсатса, инсон ўзидан кетиб мағрурланиб хурсанд бўлишини, аммо ундан роҳат-фароғатлик олинса, у ноумид ва маъюс бўлиб қолишини айтиб шундай марҳамат қилади:

وَلَئِنْ أَذَقْنَا الْإِنسَانَ مِنَّا رَحْمَةً ثُمَّ نَزَعْنَاهَا مِنْهُ إِنَّهُ لَيَئُوسٌ كَفُورٌ ﴿٩﴾‏ وَلَئِنْ أَذَقْنَاهُ نَعْمَاءَ بَعْدَ ضَرَّاءَ مَسَّتْهُ لَيَقُولَنَّ ذَهَبَ السَّيِّئَاتُ عَنِّي ۚ إِنَّهُ لَفَرِحٌ فَخُورٌ ﴿١٠﴾

«Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур. Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта: «Мендан ёмонликлар кетди», дейди. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир» (Ҳуд сураси, 9 ва 10-оятлар).

Аллоҳ таоло яна бошқа ояти карималарда бу борада шундай деб марҳамат қилади:

لَّا يَسْأَمُ الْإِنسَانُ مِن دُعَاءِ الْخَيْرِ وَإِن مَّسَّهُ الشَّرُّ فَيَئُوسٌ قَنُوطٌ ﴿٤٩﴾‏ وَلَئِنْ أَذَقْنَاهُ رَحْمَةً مِّنَّا مِن بَعْدِ ضَرَّاءَ مَسَّتْهُ لَيَقُولَنَّ هَٰذَا لِي وَمَا أَظُنُّ السَّاعَةَ قَائِمَةً وَلَئِن رُّجِعْتُ إِلَىٰ رَبِّي إِنَّ لِي عِندَهُ لَلْحُسْنَىٰ ۚ فَلَنُنَبِّئَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِمَا عَمِلُوا وَلَنُذِيقَنَّهُم مِّنْ عَذَابٍ غَلِيظٍ ﴿٥٠﴾‏ وَإِذَا أَنْعَمْنَا عَلَى الْإِنسَانِ أَعْرَضَ وَنَأَىٰ بِجَانِبِهِ وَإِذَا مَسَّهُ الشَّرُّ فَذُو دُعَاءٍ عَرِيضٍ ﴿٥١﴾‏ قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِن كَانَ مِنْ عِندِ اللَّهِ ثُمَّ كَفَرْتُم بِهِ مَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ هُوَ فِي شِقَاقٍ بَعِيدٍ ﴿٥٢﴾‏

«Инсон дунёни исташдан ҳеч толиқмас. Агар унга бирор ёмонлик етиб қолса, у умидсиз тушкун ҳолтига тушувчидир».

«Агар Биз унга бирор кулфат етганидан сўнг Ўзимиздан бир оз меҳрибонликни тоттирсак, албатта, у: «Бу меникидир. Мен Қиёмат қоим бўлади, деб ҳам ўйламайман. Агарки Парвардигоримга қайтарилсам-да, албатта, мен Унинг ҳузурида яхшироқ ўринга эга бўлгайман», дер. Шак-шубҳасиз, Биз худосизларни қилган амалларидан хабардор қилурмиз ва уларга оғир азобдан тоттирурмиз».

«Қачонки бундай инсонни моддий неъматдан баҳраманд этсак, у туғён юзасидан юз ўгиради ва эътиборсизлик ила узоқлашади. Қачонки ёмон кун бошига тушса, у доим сабрсизлик қилади».

«Сен дегин: Айтинг-чи, агар бу Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса-ю, сиз уни инкор қилган бўлсангиз, унда сизлардек ҳақиқатдан йироқ бўлганлардан ҳам адашганроқ ким бор?!» (Фуссилат сураси, 50, 51 ва 52-оятлар).

Қуръони Каримнинг бошқа оятларида Аллоҳ таоло инсонга синов юзасидан нозу-неъмат ато этса, Раббим мени эъзозлади деб айтишини ва синаш натижасида унга берган ризқни танқис қилиб қўйса, Парвардигоримни мени хорлади деб айтишини баён қилиб инсон зоти дунё молини қаттиқ яхши кўришини, мол-давлат тўплаб, фақир ва мискинга таом беришга рағбат қилмаслигини ҳамда бошқаларни рағбатлантирмаслигини ва меросда ўзиники билан бошқаларникини қўшиб ейишини айтиб шундай марҳамат қилади:

فَأَمَّا الْإِنسَانُ إِذَا مَا ابْتَلَاهُ رَبُّهُ فَأَكْرَمَهُ وَنَعَّمَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَكْرَمَنِ ﴿١٥﴾‏ وَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ ﴿١٦﴾‏ كَلَّا ۖ بَل لَّا تُكْرِمُونَ الْيَتِيمَ ﴿١٧﴾‏ وَلَا تَحَاضُّونَ عَلَىٰ طَعَامِ الْمِسْكِينِ ﴿١٨﴾‏ وَتَأْكُلُونَ التُّرَاثَ أَكْلًا لَّمًّا ﴿١٩﴾‏ وَتُحِبُّونَ الْمَالَ حُبًّا جَمًّا ﴿٢٠﴾

«Демак, қачонки инсонни Парвардигори синаш учун ардоқласа ва унга неъмат ато этса, шунда у: «Мени Парвадигорим лойиқ кўриб ардоқлади», дейди».

«Аммо қачонки Парвардигори уни синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, шунда у: «Раббим мени хорлади», дейди».

«Йўқ! Балки сизлар етимларни эъзозламайсизлар».

«Ва бир-бирингизни мискин-муҳтожларга таом беришда рағбатлантирмайсизлар».

«Ва меросни эса бошқаларники билан қўшиб еяверасизлар».

«Ва мол-дунёни қаттиқ яхши кўрасизлар». (Фажр 15 оятдан 20-оятларгача)

أَلَمْ تَرَ أَنَّ الْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِنِعْمَتِ اللَّهِ لِيُرِيَكُم مِّنْ آيَاتِهِ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّكُلِّ صَبَّارٍ شَكُورٍ ﴿٣١﴾‏ وَإِذَا غَشِيَهُم مَّوْجٌ كَالظُّلَلِ دَعَوُا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ فَلَمَّا نَجَّاهُمْ إِلَى الْبَرِّ فَمِنْهُم مُّقْتَصِدٌ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا كُلُّ خَتَّارٍ كَفُورٍ ﴿٣٢﴾

«Сизларга Аллоҳнинг оят-белгиларини кўрсатиш учун Унинг неъмати ила кемалар денгизда сузиб юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир сабр қилувчи ва шукр қилувчи учун оят-белгилар бордир».

«Қачонки уларни қора булутлар каби денгиз тўлқини ўраб олса, улар чин дилдан Аллоҳга дуо-илтижо қилурлар. Бас, қачонки, Аллоҳ уларни қутқазиб қуруқликка чиқарса, шунда улардан баъзилари ўрта-миёна йўлни тутгайлар. Бизнинг оятларимизни фақат ҳар бир аҳдни бузувчи ношукр кимсагина инкор этур». (Луқмон 31 ва 32-оятлар)

وَإِذَا مَسَّ الْإِنسَانَ الضُّرُّ دَعَانَا لِجَنبِهِ أَوْ قَاعِدًا أَوْ قَائِمًا فَلَمَّا كَشَفْنَا عَنْهُ ضُرَّهُ مَرَّ كَأَن لَّمْ يَدْعُنَا إِلَىٰ ضُرٍّ مَّسَّهُ ۚ كَذَٰلِكَ زُيِّنَ لِلْمُسْرِفِينَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴿١٢﴾‏

«Қачонки инсонга мусибат етса, ётган ёки ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо-илтижо қилади. Ундан мусибатини кетказсак, гўё бошига тушган мусибатдан Бизга дуо-илтижо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга қилмишлари зийнатлаб кўрсатилди». (Юнус сураси, 12-оят) .

وَإِذَا أَنْعَمْنَا عَلَى الْإِنسَانِ أَعْرَضَ وَنَأَىٰ بِجَانِبِهِ ۖ وَإِذَا مَسَّهُ الشَّرُّ كَانَ يَئُوسًا ﴿٨٣﴾

«Қачонки Биз инсонни [тинчлик, саломатлик, фаровонлик] неъматидан баҳраманд этсак, у туғён юзасидан юз ўгиради ва эътиборсизлик ила узоқлашади. Қачонки ёмон кун бошига тушса, ноумид бўлур». (Исро сураси, 83-оят)

Қуръони Каримнинг ҳаётбахш таълимотига кўра, камбағаллик хор-залил бўлишнинг сабаби бўлмаганидек, бойлик ва мол-давлат ҳам иззат ва юксакликнинг сабаби эмас. Зероки, камбағаллик ҳам, мол-давлат ва бойлик ҳам инсонларни синаш учун Аллоҳ таоло томонидан ато этилади.

Аллоҳ таолонинг бандаси бўлиш мартабасига етмаган ҳар бир инсонда қайсидир даражада туғён қилиш ҳисси бордир. Кўпчилик инсонлар нозу-неъматга ғарқ бўлганларида, мағрурланиб ҳақдан юз ўгирадилар ва ҳаётда бошларига оғир кун келса ё ҳаттоки озгина машаққат ва қийинчиликка дуч келсалар-да, дарҳол умидсизликка учраб, маъюс бўладилар.

Аллоҳдан илтижо қилиб сўраб қоламизки, агар бизга турли неъматларни ато этса, мағрур ва мутакаббир бўлмайлик ва шунингдек, ҳаётимизда бирор мусибат ва нохўшлик юзага келса ёки машаққат ва қийинчиликка дучор бўлсак, Аллоҳнинг раҳматидан умидсизланмай, сабрли ва шукр қилувчи бандалардан бўлайлик. Омин, ё Роббал оламийн!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ МАЪЛУМ ЭМАСЛИГИ ҲАҚИДА

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИМ     Қадр кечаси Муборак Рамазон ойида эканлигига барча мусулмонлар ишонадилар ва бу масалада …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.