Home / Савол-жавоблар / Эри унга қарамай ўз ҳолига ташлаб қўйилган аёлнинг талоқи қандай жорий қилинади?

Эри унга қарамай ўз ҳолига ташлаб қўйилган аёлнинг талоқи қандай жорий қилинади?

Ассалому Алайкум Нажот Кемаси Таҳририяти.

Долзарб бир масала бўйича сизларга мурожаат қиляпман. Бир киши ўз никоҳидаги хотинидан анчадан буён узоқда ва ҳеч нарса билан таъминламайди, аммо хотини менга талоқ беринг, сиз билан яшашни истамайман, деса талоқ ҳам бермайди. Қандай қилиб бундай инсондан талоқ олиш йўли бор? Айрим ҳолларда ҳаттоки зулм ҳам ўтказади, аммо мен умуман яшамайман бунақа эр билан дейман. Нима қилай мен ҳам бахтли мумина аёл бўлиб яшашга ҳақ-ҳуқуқим бор-ку?! Фақат менга исломий талоқ олиш йўлини кўрсатсангиз. Олдиндан раҳмат.

Ҳурмат билан

Бир Муслима Аёл

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳу Ҳурматли Муслима Опамиз.

Сиз сўраган худди шу саволга ўхшаш бир савол бизга тушган бўлиб, ўша саволни ҳам бу ерда келтирамиз. Кейин жавоб беришга ўтамиз.

Маҳалламизда саккиз ой олдин эридан расман судда ажралган бир аёл яшайди. Суд ажримидан сўнг эркак яна уйланади, лекин аёлга исломий талоқ ўқилмайди. Аёл эркакка: Шариатда айтилганидек мени талоқ қилинг, дейди. Бироқ ўша эркак аёлига: Мен сени ҳеч қачон талоқ қилмайман, токи умринг охиригача ёлғиз қолгин, дейди. Энди бу аёл нима қилиши керак? У турмушга чиқишни хоҳлайди, лекин эри уни исломий талоқ қилмайди!

Ушбу саволга жавобан дастлаб шуни таъкидлаб айтиш лозимки, доимий никоҳ жорий этилганидан кейин эр ва хотин ўртасида талоқ сийғаси ўқилмагунича, уларнинг ўртасидаги эр-хотинлик ва маҳрамлик алоқаси ўз ўрнида қолаверади.

Бироқ саволда айтилганидек, эркак аёлидан узоқда бўлиб, у билан буткул иши бўлмай, уни ҳеч нарса билан таъминламаса ёки суд орқали расман аёлидан ажрашган бўлса-да, лекин уни шариат қонунларига биноан, талоқ қилмаса ва шу сабабли аёл қийинчилик ва машаққатга дуч келса, у ҳолда аёл тегишли жойлар ёки махсус кишиларга мурожаат қилиб, эркак шаръий талоқ қилишга рози бўлмаган тақдирда, аёлга ғоибона талоқ жорий этилади.

Мужтаҳидларимизнинг фатволаридан келиб чиқиб, шуни айта оламизки, сўралган масала бўйича, ислом қонунлари амалга оширилмайдиган жамиятларда ҳам аёл кишига ғоибона талоқ жорий этиш учун у ўзи тақлид қилган мужтаҳидининг вакилига ёки ўша яшаган ҳудуддаги мужтаҳидлар томонидан тайинланган ваколатли диний олимга мурожаат қила олади. Натижада айтилган шахслар ушбу аёлга талоқ сийғасини жорий этиш билан унга талоқ берадилар.

Энди ушбу саволга доир маржаи тақлидларимизнинг [тақлид қилинадиган мужтаҳидларимизнинг] фатволарини кўриб чиқамиз:

Ҳазрати Оятуллоҳ Хоманаийнинг юқоридаги саволга берган фатволари қуйидагича:

Сўралган саволга кўра, агар бундай ҳаётнинг давом этиши машаққат ва қийинчиликка сабаб бўлиб, аёл бу шароитга чидай олмаса, у ҳолда аёл муҳокама идораларига мурожаат қила олади. Токи у ерда масалани аниқлаб чиқиб, талоқ сийғасини жорий этадилар.

Ҳазрати Оятуллоҳ Систонийнинг юқоридаги саволга берган фатволари қуйидагича:

Агар эр хотинини икки одил гувоҳ киши иштирокида талоқ шартларига риоя қилиб талоқ қилса, талоқ саҳиҳ ва тўғри бўлади. Акс ҳолда у аёл эркакнинг хотинидир.

Ҳазрати Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг юқоридаги саволга берган фатволари қуйидагича:

Ушбу масалада аёл шариат ҳокимига, яъни маржаи тақлид бўлган мужтаҳидга ёки шариат ҳокими томонидан ваколат берилган кишига мурожаат қилиши керак.

Ҳазрати Оятуллоҳ Софий Гулпойигонийнинг юқоридаги саволга берган фатволари қуйидагича:

Умуман, бундай ҳолатларда аёл барча шарт-шароитларга эга бўлган шариат ҳокимига мурожаат қила олади ва шариат ҳокими эркакни талоқ қилишга ундайди. Агар эркак бу ишга рози бўлмаса, унда шариат ҳокимининг ўзи аёлни талоқ қилади.

Манба: Буюк фақиҳ ва мужтаҳидларимиз: Оятуллоҳ Хоманаий, Оятуллоҳ Систоний, Оятуллоҳ Макорим Шерозий ва Оятуллоҳ Софий Гулпойигоний муассасалари томонидан сўралган саволга жавоб тариқасида берилган фатволари тақдим этилди. 

Эҳтиром ила:

Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.