Home / Савол-жавоблар / Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (6)
Image processed by CodeCarvings Piczard ### FREE Community Edition ### on 2016-12-14 06:10:33Z | http://piczard.com | http://codecarvings.com

Нимага шиалар намоз ўқиганда, «Такаттуф» қилмайдилар, яъни қўлларини боғламайдилар? (6)

Аҳли-Байтнинг намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида эгаллаган мавқелари

Шиалар Аҳли Байт (алайҳимус салом) кўрсатган йўл-йўриқларга эргашиб, намозда қўл боғлаб ўқишни шариати исломияда ҳеч бир асл-асосга эга эмас, балки халифалар даврида юзага келтирилган бидатлардан бири деб эътиқод қиладилар. Аммо Аҳли суннатнинг аксари фиқҳий мазҳаблари, яъни Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаблари эса намозда қўл боғлаб ўқишни шариати исломияда бор бўлган мустаҳаб амал деб биладилар.

Намозда «Қабз» қилиш, яъни қўлни боғлаб ўқиш ҳаром эканлиги ва намозни қўл боғлаб ўқиганда ботил бўлиши – бу имомия шиаларнинг машҳур раъй-фикри бўлиб, Саййид Муртазо бу борада ижмоъ борлигини да’во қилиб шундай деган:

«وحجَّتنا على صحة ما ذهبنا إليه: ما تقدم ذكره من إجماع الطَّائفة، ودليل سقوط الصلاة عن الذمة بيقين».

«Биз қабул қилган нарсанинг тўғрилигига қатъий далилимиз юқорида айтиб ўтилган мазҳаб ижмосидир ва намозни қўл очиб ўқиганда, намоз ўқиш вазифаси инсон зиммасидан аниқ ҳолда соқит бўлиши ҳам далилдир».[1]

Албатта, намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида Аҳли сунна вал жамоа орасида ушбу амал ман этилганига ишонган камдан-кам учрайдиган фатво ҳам бор.

«مَنْعُ الْقَبْضِ فِيهِمَا، حَكَاهُ الْبَاجِيُّ، وَتَبِعَهُ ابْنُ عَرَفَةَ، وَلَكِنْ قَال الْمِسْنَاوِيُّ: هَذَا مِنَ الشُّذُوذِ».

«Фарз намозларда ҳам, нафл-мустаҳаб намозларда ҳам қабз қилиш, яъни намозни қўл боғлаб ўқиш ман этилган. Божий бу қавлни ривоят қилган ва Ибн Арафа унга эргашган, лекин Мисновий: «Бу кам учрайдган назардир», деган».[2]

Аҳли-Байт (алайҳимус салом)дан намозда қўл боғлаб ўқиш хусусида ривоят қилинган ҳадисларда иккита муҳим масала айтилган: Биринчиси «Қабз» ва «Такаттуф» амалидан, яъни намозни қўл боғлаб ўқишдан қайтариб бу ишни намозда қилмаслик кераклиги айтилган, иккинчиси эса ушбу қўл боғлаш амали мажусийларнинг (зардуштийларнинг) иши экани уқтирилган. Биз бу ерда намуна сифатида ушбу мавзуга доир бир неча ҳадисларни келтирамиз:

  1. Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) «Арбаъа-миа» ҳадисларида айтадилар:

«لا يجمع المسلم يديه في صلاته وهو قائم بين يدي اللّه‏ عزَّوجلَّ يتشبَّه بأهل الكفر، يعنى المجوس».

«Мусулмон киши намозда икки қўлини жамламайди. Зеро, у бу иши билан Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида турган ҳолда куфр аҳлига, яъни мажусийларга ўхшаб қолади».[3]

  1. Бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) айтадилар:

«وعليك بالإقبال على صلاتك ولا تكفّر فانّما يفعل ذلك المجوسُ».

«Намозингизда қалбни Аллоҳ томон йўналтиришга эътибор беринг ва намозда такфир қилманг [қўлларингизни боғламанг]. Зероки, фақат мажусийлар бу ишни қиладилар».[4]

  1. Яна бешинчи пешвоимиз Имом Муҳаммад Боқир (алайҳис салом) бошқа ҳадисда шундай деб марҳамат қиладилар:

«إذا كنت قائمًا في الصَّلاة فلا تضع يدك اليمنى على اليسرى ولا اليسرى على اليمنى فإنَّ ذلك تكفيرُ أهل الكتاب ولكن أرسلهما إرسالًا فإنَّه أحرى أن لا يشغل نفسك عن الصلاة»

«Қачонки намозга турсангиз, ўнг қўлингизни чап қўлингиз устига ҳамда чап қўлни ўнг қўл устига қўйманг. Зероки, бу аҳли китоб кофирларнинг қўл боғлашидир. Бироқ қўлларингизни очинг. Чунки, бу [намозда қўлни очиш] нафсингиз-фикру зикрингиз намоздан чалғимаслиги учун ўта муносиб ишдир».[5]

  1. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу ҳақда шундай деб марҳамат қилганлар:

«إذا قمت في صلاتك فاخشع فيها ولا تُكَفِّرْ»

«Қачон намозга турсангиз, намозада қўрқув ҳолда бўлинг ва такфир қилманг [қўлларингизни боғламанг]».[6]

Намозда қўл боғлаб ўқиш қачон пайдо бўлган?!

Юқорида Аҳли-Байт (алайҳимус салом)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ошкора айтилганидек, Исломда ибодатнинг энг асосийси бўлган намозда қўл боғлаб ўқиш ҳолати мажусий ва зардуштийлар сингари кофир қавмдан мусулмонларга кўчиб ўтган. Ушбу мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, мусулмонлар турли ўлкаларни фатҳ-забт этиш ва зафар қозонишлардан сўнг бошқа халқлар ва миллат-элатлар билан алоқа қилиш натижасида уларнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан таниша бошладилар. Ушбу урф-одат ва анъаналар орасида ижобий ва салбий томонлари ҳам бор эди. Баъзи саҳобалар ўзларининг ижтиҳод ва раъйлари туфайли ўша куфр аҳли бўлган миллат-элатларнинг урф-одати ва одоб-ахлоқларидан бирини намозга киритдилар.

Баъзи тарихнавис олимлар зардуштийлар ибодатининг бажарилиш услубини айтишларига кўра, зардуштийлар Худо олдида ибодатга турганларида, бандалик юзасидан қўлларини кўксиларига қўярдилар.[7]

«Соҳиби Жавоҳир» номи билан машҳур бўлган буюк олим шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий бу борада айтади:

«حكي عن عمر لمَّا جئ بأسارى العجم كفروا أمامه، فسأل عن ذلك فأجابوه بأنا نستعمله خضوعًا وتواضعًا لملوكنا، فاستحسن هو فعله مع الله تعالى في الصلاة، وغفل عن قبح التشبيه بالمجوس في الشَّرع».

«Умардан ривоят қилинишича, ажам [эронлик] асирлар унинг ҳузурига олиб келинганда, улар Умарнинг олдида ҳурмат белгиси сифатида такфир (қабз) қилдилар, яъни қўлларини бир-бирининг устига қўйиб жамлаб турдилар. Шунда Умар уларнинг бу иши ҳақида сўради. Улар биз бу ишни подшоҳларимизга тавозе ва камтарлик кўрсатиш юзасидан қиламиз, деб жавоб беришди. Бас, Умар бу ишни намозда Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганда яхши деб билиб, маъқул кўрди. Лекин Умар бу иш шариатда мажусийларга ўхшашлик бўлиб, унинг қабоҳатли эканидан ғофил бўлди».[8]

 Хулоса ва натижа

Ушбу мақолада юритган баҳсимиздан маълум бўлдики, намозда қўл боғлаб ўқиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари эмас. Негаки, Аҳли суннат манбаларида «Такаттуф» ва «Қабз», яъни намозда қўл боғлаб ўқиш бобида ривоят қилинган ҳадислар заиф бўлиб, уларнинг матни ҳам, санади ҳам изтиробли ҳолатдадир. Бунинг акси ўлароқ, «Такаттуф» ва «Қабз» қилмай, яъни қўлни боғламай туриб намоз ўқиш усули ҳақида ривоят қилинган ҳадисларнинг аксарияти саҳиҳ бўлиб, биринчи тоифадаги ҳадислардан кўпроқдир.

Бошқа томондан, Исломдаги мазҳабларнинг намозда қўл боғлаб ўқиш масаласида ихтилофга бориб, уларнинг баъзилари ушбу амални мустаҳаб ва айримлари эса макруҳ деб билишлари бу амал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг таъкидланган суннатлари бўла олмаслигидан дарак беради. Бунга қўшимча, аслида қўллар туширилган ва очиқ ҳолда бўлишидир ва шунингдек, ибодат қилиш қилиш услуби «Тавқифий», яъни фақат Аллоҳ ва Пайғамбаримиз (с.а.о) томонидан белгиланадиган бўлиб, бу иш Аллоҳ ва Унинг Расули ихтиёридадир.

Демак, намозни қўл боғлаб ўқиганда камтарона ва тавозели ҳолда кўринади деган оқловлар ушбу амални намозга қўшиш учун шаръий ҳужжат бўла олмайди. Бундан ташқари, намозда қўл боғлашни хузуъ ва хушуъ, яъни камтарлик ва тавозелилик сифатида оқлаш истиҳсон қоидасидан келиб чиққандир. Ва истиҳсон қоидасига амал қилиш эса динда бидъат эшигини очиб, уни зое қилишгача олиб келади.

Аҳли-Байт издошлари бўлган шиаларнинг фикрича, Аҳли суннатнинг намозни қўл боғлаш ўқиш бобида ривоят қилган ҳадислари сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Суннатларига зиддир. Зероки, у зотнинг намоз ўқиш тартибларини баён қилган ҳадисларда намозда қўл боғлаб ўқиш келмаган ва шунингдек, у ҳазратнинг Аҳли-Байтлари бўлган маъсум имомларимиз ҳам бу ишдан қайтарганлар.

Айтиб ўтганимиздек, Моликий мазҳабига кўра, намозда қўл боғлаб ўқиш фарз намозларида мустаҳаб бўлмай, ушбу тўхталишнинг ўзи Аҳли суннат наздида намозни қўл боғлаб ўқиш ҳақидаги ҳадисларга бўлган ишончсизликдан дарак беради.

Фойдаланган манбалар: 

[1]. Саййид Муртазо «Ал-Интисор», 142-бет.

[2]. «Ал-Мавсуъатул Фиқҳийятул Кувайтийяҳ», 3-жилд, 95-бет.

[3]. Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиъа», 7-жилд, 267-бет, Олул-Байт муассасаси чопи.

[4]. Юқоридаги манба.

[5]. Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, Биҳорул анвор, 81-жилд, 221-бет.

[6]. Юқоридаги манба, 81-жилд, 325-бет.

[7]. «Оинаи Ойинэ Маздакий» китобидан иқтибос келтирилди, 20-бет.

[8]. Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий, «Жавоҳирул калом» китоби, 11-жилд, 19-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.