Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиа мазҳабини «жаъфарий мазҳаби» деб аташ мумкинми?
?? ??? ? ?? ??? ??? ????? ????? ??????

Шиа мазҳабини «жаъфарий мазҳаби» деб аташ мумкинми?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ушбу мақоламизда ўта аҳамиятли ва долзарб бир мавзуга тўхталмоқчимиз. У ҳам бўлса, кўпчилик учун туғиладиган саволга жавоб беришдан иборат. Савол шуки, шиа мазҳабининг олтинчи пешвоси Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) жаъфарий мазҳабининг раҳбари ва асосчиси ҳисобланадиларми?

Масалани чуқурроқ ёритиб айтадиган бўлсак, сўнгги йилларда маърузачилар ва қалам тебратувчилар орасида Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) жафарий мазҳабининг раҳбари ва асосчиси деган таъбир кенг қўлланмоқда ва ҳаттоки, шиа мазҳабига «жафарий мазҳаби» деб ҳам айтилмоқда. Ҳолбуки, бундай таъбирлар мутлақо нотўғри бўлиб, бундай таъбирлар шиалик эътиқодига мухолиф бўлганлар томонидан тўқиб чиқарилган. Албатта, баъзилар Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг илмий мавқеи ва ул ҳазратнинг Ислом динини қайта тиклашдаги беқиёс ўрни ва таъсирини ҳисобга олиб, жаъфарий мазҳабининг етакчиси ва асосчиси деган унвон у зотнинг буюк мақому-мартабасини улуғлаш ва эъзозлаш учун қўлланган деб ўйлаб, ушбу таъбирни қайта-қайта тилга олишади.

Аммо шуни билмоқлик лозимки, «жаъфарий» деган мазҳаб умуман мавжуд эмас ва шиаларнинг Шайх Муфид, Саййид Муртазо, Шайх Садуқ, Аллома Ҳиллий ва ҳоказолар каби дастлабки буюк мутакаллимлари ва илоҳиётчи олимларининг ҳеч бири «жаъфарий» деган мазҳабни тилга олишмаган. Балки мавжуд бўлган мазҳаб – бу исно ашарий, яъни ўн икки имомга эътиқод қиладиган шиа мазҳаби бўлиб, унинг асосчиси пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўзларидирлар ва албатта, ушбу ақиданинг биринчи имоми ва раҳнамоси мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бўлиб, Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) эса олтинчи пешво ва раҳнамо ҳисобланадилар.

Аллома Аминий ўзининг «Ал-Ғадийр» номли китобида ва Аллома Аскарий ўзининг таълиф этган турли китобларида ўн икки имомга эътиқод қиладиган шиалик ақидаси пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ва у зотнинг тўғридан тўғри кўрсатматлари асосида юзага келганлигини исботлаганлар. Аммо Аҳли суннатнинг тўртта фиқҳий мазҳаблари; яъни Ҳанафий, Шофеий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари эса ҳижрий йилнинг иккинчи асри охирларида пайдо бўлганлиги сабабли, шиалик ақидасига қарши бўлганлар шиа мазҳабининг пайдо бўлишини ҳам юқоридаги замонга қадар, яъни ҳижрий йилнинг иккинчи асри охирларига қадар орқага суришга уринишган. Чунки, Ислом динининг илк давридаёқ мавжуд бўлган ақиданинг ҳақ ва тўғри эканлиги иккинчи асрнинг охирларида пайдо бўлган мазҳаблар билан таққослаганда аниқ ва равшандир.

Албатта, бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, шиалик эътиқодига қарши бўлган кишилар орасида озгина инсофи борлар шиалик ақидасининг пайдо бўлишини юқоридаги замонга қадар, яъни ҳижрий йилнинг иккинчи асри охирларига қадар орқага суришади. Акс ҳолда айрим ғаразли мухолифлар эса шиалик ақидаси кейинги асрларда, масалан, Сафавийлар ҳукмронлиги даврида пайдо бўлган фирқа деб тарғиб қилишади.

Ислом тарихи гувоҳлик беришича, шиалик ақидасининг олтинчи пешвоси Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) даврларига келиб, икки тоифа ўртасида, яъни бани Уммайя ва бани Аббос тоифалари ўртасида ҳокимият ва тахт устида талашиш натижасида юзага келган бўшлиқ ва озодликдан фойдаланиб, Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шиалик ақидасини ва Аҳли-Байт мактаби таълимотларини мусулмонлар орасида кенг ёйиб тарғиб қилдилар ва бунинг натижасида ул ҳазратдан жуда катта миқдорда ҳадислар ривоят қилинди ҳамда шиалик фиқҳининг турли бобларига оид жуда кўп ҳадислар олтинчи пешвоимиздан ривоят қилиниб, хадис китобларига битилди. Бунинг натижасида Аҳли-Байт мактаби ва шиалик ақидаси мусулмонлар орасида кенг тарқалиб улгурди.

Демак, Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан катта миқдорда ҳадислар ривоят қилинганини эътиборга олиб, шиа фиқҳини бироз бағрикенглик билан «жаъфарий фиқҳ» деб аташ мумкин. Аммо ўта кенг маънога эга бўлган ва ақидавий, ахлоқий ва амалий кўрсатмаларни ўз ичига олган улкан шиалик ақидаси эса пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида у зотнинг тўғридан тўғри кўрсатматлари асосида ҳамда мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг имомат ва раҳнамоликлари билан шаклланди.

Ҳар ҳолда Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)нинг нафақат шиалик ақидасини, балки Ислом динини сақлаб қолиш ва уни қайта тиклашдаги улкан ўрни ва юқори таъсири Ислом тарихи саҳифаларида битилган ўчмас ҳақиқатдир ва ушбу ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди. Аммо шуни унутмаслик керакки, Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) Аҳли-Байт мактаби ва шиа мазҳабининг олтинчи имоми ва раҳнамоси бўлиб, у ҳазратнинг дунёга келишларидан анча йиллар олдин пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонларидан ушбу шиалик ақидасига асос солинганди. Бу борада исломий манбаларда далиллар талайгина.

Демак, Аҳли-Байт мактаби таълимотлари ва шиалик ақидасини Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) мазҳаби деб атаб, ушбу ақидани тор доирага чеклаб қўйишдан кўзланган мақсад, шиалик ақидасининг қадр-қимматини пасайтириш ва уни Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби қаторида кўриб, шиалик ақидаси ҳам ушбу тўрт мазҳаб каби ҳижрий йилнинг иккинчи асри охирларида пайдо бўлган деб кўрсатиш бўлган. Ҳолбуки, юқорида айтганимиздек, шиалик ақидаси пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ва у зотнинг тўғридан тўғри кўрсатматлари асосида ҳамда мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг имомат ва раҳнамоликлари билан юзага келган. Бироқ ўн икки имомларнинг даврларида эса Аҳли-Байт мактаби ва шиалик ақидаси кенг ривож топиб чуқур илдиз отган дарахт каби кад кўтарган ва эндиликда эса ҳақиқатни изловчиларга ўз меваларини бермоқда.

NAJOTKEMASI.NETXalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.