Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(2)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(2)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Энди юқорида келтирилган уч ақида ва қарашларнинг далил-исботларини ўрганиб чиқамиз:

Биринчи ва иккинчи ақиданинг далил-исботлари

Биринчи ақида ва қарашнинг тарафдорлари Аллоҳ таолони бошқа жисмлар каби жисм ва танага эга деб билиб, ҳам дунёда ва ҳам охиратда кўз билан кўриш мумкин деб билган мужассима тоифасидир. Шунингдек, улар Аллоҳ ҳақида ташбеҳ [инсонларга ўхшатиш][1] ва кайфият-ҳолатга эга эканлик ақидасига ҳам эгалар. Ҳозир кунда бизда бу ақида ва унинг тарафдорларининг ғоявий қарашлари меросини холис келтирган манбалар йўқ. Абул Ҳасан Ашъарийнинг «Мақолотул исломиййин» китобида келтиришича, ушбу ақиданинг эгалари бўлмиш Музир ва Каҳмис каби шахслардан бошқа ақида тарафдорларининг манбаларида улар ҳақида уйдирма гаплар ва айбловлар айтилган бўлиб, улардан баъзилари тилга олинган.

Ошкора тажсим[2] ақидасига ёндашувчи биринчи ақида ва қарашнинг далилларини келтирган ва бир неча жиҳатларини тақдим этган ягона манба Боқилонийнинг (ҳижрий 403 йилда вафот этган) «Тамҳид ал-авоил ва Талхис ад-далоил» номли китобидир. Боқилоний ушбу биринчи йўналишнинг фикр ва қарашларини манбасини кўрсатмай туриб: «агар шундай деб айтишса… биз бундай деймиз…» ёки «агар шундай дейишса… уларга жавобан бундай деб айтамиз…» шаклида айтиб ўтган. Биринчи ақиданинг бундай қарашлари Мужассима фирқасининг асарларида мавжуд бўлиб, Боқилоний уларни қўлга киритганми ёки Боқилоний тажсим ақидасини исботлаш учун мумкин бўлган барча эҳтимолларни ва фаразий жиҳатларни рад этиш учун ушбу қарашларни келтирилганми, бу бизга маълум эмас.

Тарихий манбаларнинг кўрсатишича, ушбу ақида ва қарашнинг яроқсизлиги ҳамда ақлга, Қуръон оятларига ва ҳадиси шарифларга очиқ-ойдин зид ва қарама-қарши эканлиги аён бўлгач, тезда мусулмонлар ўртасидан кўтарилиб, йўқ бўлиб кетди.

Агар Мужассима гуруҳи айтганидек, ҳар бир мавжудда бор бўлмоқлик унинг жисм ва танага эга бўлишига ва кўзга кўринишига сабаб бўладиган бўлса, унда руҳнинг жисм бўлиши ва кўзга кўриниши зарур бўлади. Ушбу ҳолда улар икки қарашдан бирини қабул қилишлари керак бўлади: Биринчиси, улар руҳнинг борлигини инкор қилишлари керак ва бу эса Қуръоннинг инкор қилинишига олиб келади. Иккинчиси, руҳнинг жисм ва тана эканлигини даъво қилишлари керак, унда улар нотўғри сўзна айтган бўладилар. Чунки, руҳнинг жисм ва тана эмаслиги исботланган. Демак, бу келтириган мисол нафақат Аллоҳ таолонинг жисм ва танага эга эканлиги ҳақидаги ақида ва қарашнинг асоссизлигини ошкор этади, балки бу ақида билан материядан устун бўлган бошқа бир оламнинг мавжудлигига асосланган диний тафаккурнинг асоси ўртасидаги зиддиятни кўрсатади. Зероки, диний тафаккурга кўра, ўша оламнинг моддий ва жисмоний бўлмаганлиги бу моддий дунёдан устун эканлигининг сабабларидан биридир.

Агарчи Мужассима фирқаси йўқ бўлиб кетган бир ақида ва қараш ҳисобланса-да, лекин бу фирқанинг ақида ва қарашларини муҳокама қилиб, бу борада баҳс юритиш иккинчи ақида ва қараш билан баҳслашиш учун муносиб замин ва шароит яратади. Иккинчи ақида ва қараш эса кўзга кўринмоқ билан жисм ва танага эга бўлмоқлик ўртасида фарқ қўйиб, бу иккисини бир-биридан ажратади, яъни бир томондан Аллоҳ таолонинг жисм ва танага эга эканлигини инкор ва рад этса, иккинчи томондан эса охиратда Аллоҳнинг жамолини кайфиятсиз ва ҳолатсиз кўриш мумкинлигига ишонади. Шунинг учун биз иккинчи ақида ва қараш билан қиладиган баҳс-мунозарамизни Аллоҳнинг жисм ва танага эга эканлигини инкор қилишдан бошлаймиз. Чунки, бу танзеҳ[3] эътиқодига ёндашувчи иккинчи ақида ва учинчи ақида ўртасидаги умумий хусусиятдир.

Аллоҳнинг жамолини кайфиятсиз кўришга ишонадиган иккинчи ақиданинг далил-исботлари

Энди Ашъария назариясининг асоси бўлган Аллоҳнинг жамолини кўз ила кўриш билан У зотнинг жисм ва танага эга эканлиги ўртасида фарқ қўйиш ва уларни бир-биридан ажратиш мумкинлигини ўрганиб чиқамиз. Агар бу икки нарсанинг ўртасида фарқ қўйиб, уларни бир-биридан ажратиш ақл нуқтаи назаридан мумкин бўлса, у ҳолда Ашъария тоифаси ўз муддао ва ақидасини исботлаш учун нақлий далил-исботлар келтириши, яъни Қуръон оятлари ва ҳадислар келтириши керак бўлади. Токи, Ашъарий тоифаси Қуръони Карим ақл нуқтаи назаридан мумкин бўлган нарсанинг охиратда амалга ошиши ҳақида хабар берганини исботлай олсин. Бироқ агар бу икки нарсанинг ўртасини ақл нуқтаи назаридан ажратиш мумкин бўлмаса ва Аллоҳнинг жамолини кўриш Унинг жисм ва танага эга бўлганлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлса – айнан Мужассима фирқаси эътиқод қилганидек, у ҳолда Аҳли суннатдан бўлган Ашъария тоифасига тааллуқли иккинчи ақида ва қараш ҳам биринчи ақидага, яъни ташбеҳ ва тажсим ақидасига қайтади ва бу икки ақиданинг ўртасидаги фарқ юзаки ва бемаъни бўлиб қолади. Бу билан, Ашъария тоифасига тааллуқли бўлган иккинчи ақида тўғри асосга эга бўлмай, Аллоҳнинг жамолини кўриш масаласида фақат иккита ақида ва қараш муҳокама қилинади:

  1. Соф тажсим эътиқодига ёндашувчи биринчи ақида ва қараш
  2. Соф танзеҳ эътиқодига ёндашувчи учинчи ақида ва қараш.

Демак, танзеҳ эътиқодига ёндашмаганларнинг ҳаммаси, гарчи ўзлари қабул қилмасалар-да ва Аллоҳнинг жамолини кайфиятсиз-ҳолатсиз кўришни рўкач қилиб олсалар ҳам, «Мужассима» гуруҳидан ҳисобланадилар. Агар баҳсимиз шу нуқтага етиб борса, унда Ашъарий тоифасининг Мужассима гуруҳига қарши келтирган далилларини ўрганиб чиқишга сира ҳожат қолмайди. Чунки, Мужассима гуруҳини койиш ва қоралаш Ашъарий тоифасининг ўзини ҳам ўз ичига олади – Мужассима фирқасининг эътиқодига эга бўлганлик маъноси назарга олинган.

Энди биз қуйидаги саволни илгари суриш билан юқорида айтилган масалани чуқур ўрганишга киришамиз:

Аллоҳнинг жамолини кўриш У буюк Зотнинг жисм ва танага эга бўлиши билан боғлиқми ёки йўқми?

Ҳар икки томон (биринчи ва учинчи ақидалар) ушбу саволга ижобий жавоб беришади ва аслида бу боғлиқликни ҳеч ким инкор эта олмайди. Чунки, асосан моддий ва жисмоний бўлган нарсаларнигина кўз билан кўриш мумкин ва қачонки бирор нарсани кўриш учун шароит муҳайё бўлса, у ҳолда уни кўриш зарурий ҳолда амалга ошади, яъни қачонки кўриш қуввати соғлом бўлса ва у билан кўзга кўринадиган нарса ўртасида жуда катта масофа ёки кўришнинг олдини оладиган бирор бир тўсиқ ва шунга ўхшаш нарсалар бўлмаса, у ҳолда у нарсани кўриш зарур бўлиб, кўриш қуввати уни кўришдан ўзга чораси қолмайди. Чунки, нарсалар тасвирининг кўз қорачиғида акс этиши мажбурий ҳолат бўлиб, инсон ихтиёридан ташқаридадир. Демак, биз кўрмайдиган нарсалар ё мавжуд эмас ёки тафаккур ва руҳ каби ғайри моддий бир мавжудотдир. Шунга биноан, биз кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқликни тан олишимиз керак ва шунинг учун ҳам хоҳ ўтмишда бўлсин ёки ҳозирда бўлсин, кўриш жараёни жисмонийлик ҳамда кўринадиган нарсанинг кўз рўпарасида туриш билан боғлиқ тарзда тушунтирилади.

Кўриш жараёни ҳақида қисқача изоҳ берадиган бўлсак, илгариги назарияга кўра, кўриш жараёни кўздан чиқадиган ёғдунинг кўринадиган нарсага тегиши натижасида содир бўлади, дейилган. Бироқ янги илм-фан ушбу назарияни бекор қилиб, бошқа назарияни тақдим этган: Кўриш жараёни шундан иборатки, объектлардан бир ёруғлик кўзга кириб, кўз қорачиғи пардасига тегади ва бунинг натижасида кўриш жараёни амалга ошади. Ҳар иккала назариянинг талабига кўра, кўринадиган нарса жисм ва моддий бўлмоғи ҳамда кўз олдида турмоғи зарур.

Баҳсимизнинг бу еригача ҳеч қандай ихтилофли қараш йўқ, лекин кўзга кўриниш билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқлик ҳақиқатини ўрганиб чиқадиган бўлсак, у ҳолда икки томон ўртасидаги ихтилоф намоён бўлади; яъни ушбу икки нарса ўртасидаги боғлиқлик аразий ва юзакий боғлиқликми, масалан, кулги билан инсон ўртасидаги боғлиқликка ўхшашми ёки худди таъсирни сабабдан ажратиш номумкин ва маҳол бўлганидек, бу икки нарсани бир-биридан мутлақо ажратиб бўлмайдиган даражада кўз ила кўриш моҳияти билан жисмонийлик ўртасида қаттиқ ўрнашган зотий ва узвий боғлиқми?

Ашъария тоифасининг эътиқодига кўра, кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқлик биринчи турдан бўлиб, кулгини инсондан олиб қўйиш ва ундан бу хислатни ажратиш мумкин бўлганидек ва бунда ҳеч бир маҳол ҳолат юзага келмаганидек, кўз билан кўришни ҳам жисмонийликдан ажратиш мумкин ва шунингдек, моддий ва жисмоний бўлмаган мавжудотларни ҳам кўриш мумкин. Агарчи биз яшаётган дунёда одатда бу икки нарса, яъни кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасида боғлиқлик бўлса-да, лекин охиратда бу боғлиқлик ўртадан кўтарилади. Ашъария гуруҳи бу ҳақда очиқ айтишади:

«Баъзи нарсаларнинг кўзга кўринмаслиги сабаби одатда Аллоҳ таоло уларни кўришни бизда яратмайди. Демак, уларни кўрмаслигимизнинг сабаби кўз билан кўриш маҳол бўлгани учун эмас ва мухолифларимизнинг бу борада айтганлари эса шунчаки бу масалани эҳтимолдан йироқ деб билмоқликдир».[4]

Ашъария гуруҳи ушбу жавобни Аллоҳнинг жамолини кўриш мумкинлиги ҳақидаги ўз ақлий далилларини мукаммаллаштириш ва уни ҳимоя қилиш учун келтирадилар.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ташбеҳнинг маъноси, Аллоҳни бошқа махлуқотларга ўхшаш деб билмоқ ёки бошқа таъбир билан айтганда, инсоний сифат ва хислатларни Аллоҳга нисбат бериш демакдир.

[2]. Аллоҳ таолони бошқа махлуқотлар сингари жисм ва танага эга деб билувчи ақидага тажсим дейилади.

[3]. Танзеҳ эътиқоди Аллоҳ таолони инсоний сифатларга эга эканликдан пок ва йироқ деб билган тушунчадир.

[4]. Масуд бин Умар бин Абдуллоҳ, Саъдиддин Тафтазоний номи билан танилган (вафот этган сана: 793-ҳижрий йил), «Шарҳул Мақосид», 4-жилд, 191-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.