Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(3)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(3)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ушбу тоифанинг ақлий далиллари қуйидагича баён қилинган:

Нарсаларни кўришимизнинг сабаби ўша нарсаларнинг мавжудлигидир. Вужуд ва мавжудлик вожиб ва мумкин бўлган мавжудотлар ўртасидаги умумий хусусиятдир ва шунга кўра, ҳар бир мавжудотни кўриш мумкин бўлиши керак. Бу кўз билан кўрмоқлик дунёда баъзи мавжудотларга нисбатан амалга ошган ва уларни кўриш одатий бўлмаган бошқа мавжудотларга нисбатан эса ҳали амалга ошмаган, лекин ақлий нуқтаи назардан уларни кўришнинг имкони ўз ўрнида қолади ва зора, Аллоҳ таоло охиратда қандайдир йўсинда уларни кўз билан кўришга рухсат этар ва шулардан бири Аллоҳнинг жамолини кўз ила кўриш бўлар. Ашъарий тоифаси ўзларининг ушбу далил-исботларини Аллоҳнинг жамоли охиратда кўзга кўринишига зоҳирий маънода далолат қилувчи оятлар ва ҳадислар билан тўлдиришга ҳаракат қиладилар.[1]

Демак, шу ергача юритган баҳсимиздан маълум бўлдики, Аллоҳни кўз билан кўриш масаласига оид энг биринчи низо ва келишмовчилик Аллоҳни кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги алоқани таҳлил қилиш ва ўрганишга қайтади, яъни моддий ва жисмоний бўлмаган нарсаларни кўз билан кўриш маҳолми ёки мумкинми?

Ашъарий тоифасининг назариясига кўра, Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш мумкин деб қабул қилинган, лекин соф танзеҳ назарияси эса бу нарсанинг маҳол ва имконсиз эканлигини кўрсатади. Бу масалада ҳақиқатни таниб олиш биздан шуни талаб қиладики, кўз ила кўриш билан кўринадиган нарса ўртасидаги боғлиқликни чуқур таҳлил қилиб, уни ўрганиб чиқишимиз керак. Шунда биз бу масаланинг маҳол ёки мумкин эканлигига сабаб бўлиши мумкин бўлган нарсани қўлга кирита оламиз. Барча баҳс-мунозаралар Ашъарий гуруҳининг ўз ақидаси учун келтирган энг муҳим ақлий далилга қаратилиши керак.

Ашъарий гуруҳининг ақлий далили қуйидагича келтирилган:

Кўз билан кўриш мумкинлигига сабаб бўлган нарса вужуд ва борлиқ бўлиб, бу бор бўлиши мумкин ва вожиб бўлган мавжудотлар ўртасидаги умумий нарсадир. Демак, биз албатта, ҳар иккала мавжудотларни ҳам кўришимиз керак, ҳам бор бўлиши мумкин бўлган мавжудотларни ҳамда бор бўлиши вожиб бўлган мавжудни кўз билан кўришимиз керак. Ҳар иккала ақиданинг тўғрилиги ушбу далилнинг тўғри ёки нотўғрилигига боғлиқ. Биз бу ерда ушбу далилнинг икки изоҳ ва шарҳини келтирамиз, бири Саъдиддин Тафтозонийга ва иккинчиси эса Ибн Таймияга тааллуқлидир.

Тафтозоний ўз китобида айтади:

«Аҳли суннатнинг аввалги уламолари Аллоҳни кўз ила кўриш мумкинлигини исботлаш учун ақлий далилга асосланганлар ва ушбу далил қуйидагича:

Биз – барча мухолифларнинг иттифоқи назарига кўра, жисмлар каби жавҳарларни [сабстенсларни][2] ҳамда ёруғлик ва ранг каби аразларни [акседентларни][3] кўрамиз.

Улар жавҳар ва аразни кўз билан кўриш учун шундай далил-исбот келтирганлар:

Биз ўз кўзимиз билан дарахтлар ва тошлар каби турли жисмларни ҳамда оқ ва қора сингари турли рангларни кўриб, уларнинг бирортаси кўз ўнгимизда бўлмаса-да, уларни бир-биридан ажрата оламиз. Демак, бу иккисини, яъни жавҳар ва аразни кўз билан кўриш мумкин бўлгани учун ва бошқа томондан эса кўриш зарурат топган вақтдагина амалга ошадиган ва зарурат топмаганида юзага келмайдиган нарса бўлгани учун, кўриш амалининг сабаби бўлиши керак. Зероки, афзалликни юзага келтирувчи бўлмай туриб, афзал кўриш маҳолдир.

Шунингдек, ушбу сабаб жавҳар ва араз ўртасида умумий бўлиши керак. Чунки, олдин айтиб ўтилганидек, бир маълул [яъни юзага келган нарса] иккита том ва комил сабабга эга бўла олмайди. Бу сабаб ё вужуд ва борлиқдир ёки ҳудус ва пайдо бўлмоқликдир. Чунки, ҳеч бир учинчи нарса сабаб бўлиш қобилиятига эга эмасдир. Ҳудус ва пайдо бўлмоқлик ҳам холис назарга олмоқлик бўлмиш йўқлик бўлгани туфайли ёки илгари йўқ бўлган вужуд ва борлиқдан олинган нарса бўлгани учун кўришнинг сабаби бўла олмайди. Зероки, йўқликнинг ҳеч қандай роли ва таъсири йўқ. Демак, кўз билан кўришнинг сабаби вужуд ва борлиқдир ва Вожибул-вужуд [яъни вужуди ва борлиғи зарур бўлган Аллоҳ таоло] ҳам ушбу сабабда бошқалар билан муштарак, яъни иштирок этувчидир. Бу масаланинг далили вужуд ва борлиқ мавзусида «Вужуднинг йўқликдан кейин юзага келиши» унвони остида зикр қилинган. Шунга биноан, Аллоҳ таолонинг жамолини кўз билан кўриш имкони зарурийдир».[4]

Ибн Таймия бу ҳақда қуйидагича ўз далил-исботини келтиради:

«Кўз билан кўриш мумкин бўлган нарсалар борасида ихтилоф бор. Баъзиларнинг айтишича, кўз билан кўриш мумкин бўлишига сабаб бўлган нарса фақат соф вужуд ва борлиқ бўла олади. Демак, ҳар бир нарсанинг вужуд ва борлиғи комилроқ бўлса, ўша нарса кўз билан кўринишга лойиқроқдир. Бошқа баъзилар бу борада айтганлар: Балки кўз билан кўриш мумкин бўлишига сабаб бўлган нарса номукаммал ва нуқсонли вужудга хос бўлиб, бундай вужуд йўқликка лойиқроқдир. Мисол тариқасида; пайдо бўлувчи ва бор бўлишдан олдин йўқ бўлган нарса бўлса ёки мумкин ва йўқ бўладиган нарса бўлса, кўз билан кўришга сабаб бўлади.

Аммо кўз билан кўриш мумкин бўлишига сабаб бўладиган нарса қадим, ҳодис[5]пайдо бўлувчи, Вожибул-вужуд[6] ва мумкинул-вужудлардан[7] иборат бўлган умумий бир нарсадир, деб айтганларнинг фикри аввалги билдирилган фикрдан кўра яхшироқ ва устунроқдир. Чунки, кўз билан кўриш соф борлиқ ва вужуд бўлиб, фақат мавжуд бўлган нарсага тааллуқлидир, йўқ нарсага эмас. Демак, вужуд ва мавжуд бўлмоқлик нуқтаи назаридан мукаммалроқ бўлган ҳар бир нарса ёки Унинг вужуди ва борлиғи вожиб ва зарур бўлган нарса, йўқлик унга боғлиқ ва у билан бирга бўлган нарсага нисбатан кўз билан кўринишга лойиқроқдир. Шунинг учун ҳам нур – зулмат билан таққосланганда вужуд ва борлиққа нисбатан муносиброқ бўлгани сабаб кўриш учун зарур. Қуёш каби шиддатли нурни кўз билан кўриш зотан ва табиатан маҳол [имконсиз] эмас, балки кўзларнинг заиф ва нотавонлиги туфайли уни кўриб бўлмайди. Худди шу тарзда биз кўзларимиз заифлиги сабабли Аллоҳни кўра олмаймиз ва шунинг учун ҳам ҳазрати Мусо (алайҳис салом) дунёда Аллоҳни кўришга бардош бера олмади. Лекин Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш имконсиз ва маҳол иш эмас ва Аллоҳ таоло бизнинг кўзларимизни Уни кўришимиз учун қувватлай олади.

Агар: «Кўз билан кўриш учун ранг, томон, йўналиш ва шунга ўхшаш нарсалар шарт, ваҳоланки, булар Аллоҳ таоло учун имконсиз ва маҳол бўлган нарсалардир», дейилса, бу сўзга жавобан: «Кўз билан кўриш учун зарур бўлган барча нарсалар Аллоҳ учун имконсиз ва маҳол эмасдир», деб айтилади ва агар бирор киши: «Агар Аллоҳ таоло кўз билан кўринса, у ҳолда шундай ва шундай нарсалар бўлиши керак бўлади ва ҳолбуки, бу нарсалар рад этилган ва инкор қилинган», деса, унга жавобан: «Унинг келтирган далилининг икки муқаддама ва асосидан бири нотўғри», деб айтилади. Худди шундай, кимда-ким: «Мўминлар қуёш ва ойни кўрганларидек, Парвардигорларини кўрурлар», деган ҳадисларни ақл ҳукмига зид ва қарама-қарши деб ўйласа, шак-шубҳасиз, бундай кимсанинг келтирган далилининг муқаддама ва асосларидан бири ақл ҳукмига биноан ботил ва яроқсиздир.

Агар яна: «Агар Аллоҳ кўз билан кўринса, унда жой ва маконга эга бўлиши керак ёки маълум бир ранги бўлиши керак ёки муайян йўналиш ва томонда турган бўлиши керак. Ҳолбуки, буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан йироқдир», деб айтилса, унга жавобан: «Бу сўзларнинг ҳаммаси умумий ва ноаниқ маъноли сўзлар бўлиб, шариат қонунларининг бирортаси уларнинг маъно ва тушунчасини инкор этмаган ва шунинг учун бу сўзлар шариат томонидан тақиқланган, балки бу сўзларни Аллоҳ таолога нисбатан қабул қилмаганлар уларни ақл билан инкор этадилар». Демак, уларнинг кўзлаган маъно-мазмуни ҳақида савол қилиниши керак. Зероки, баҳсимиз ақлий тушунчалар ҳақидадир, шунчаки сўзлар борасида эмас.

Агар улар кўзга кўринадиган нарсада мавжуд йўналиш ва томонда жойлашганликни шарт деб билсалар, бу шарт яроқсиз ва ботилдир. Чунки, оламнинг сатҳи [сирти] кўзга кўриниб туради ва агар улар йўқликни йўналиш ва томон қилиб олсалар, унда биз айтамиз: Агар Яратувчи оламдан жудо ва алоҳида бўлиб, У билан бирга ҳеч бир мавжуд нарса бўлмаса, у ҳолда У мавжудлик тарафида турган бўлмайди ва агар у ерда бор бўлган нарсани йўналиш ва томон деб атаб, ушбу тахмин билан Яратувчи муайян томонда турганини айтишса, биз бу шарт рад этилиши номумкиндир ҳамда ақл ва нақл [Қуръон оятлари ва ҳадислар] бу шартнинг барқарорлигига далолат қилади, унинг инкор этилишига эмас, деймиз».[8]

Ибн Таймия келтирган далил-исботининг хатоси ва заифлиги шундаки, у аниқ ва қатъий далил келтирмай туриб, шунчаки мумкинул-вужуднинг [яъни вужуди мумкин бўлган нарсанинг] ҳукмини Вожибул-вужудга [яъни вужуди вожиб ва зарур бўлган мавжудга] умумлаштириб нисбат берган. Зеро, маълумки, Вожибул-вужуд билан мумкинул-вужуднинг шунчаки вужуд ва борлиқда бирга бўлишлари кўзга кўриниш ҳукмини умумлаштириб, Вожибул-вужудга ҳам нисбат бериш учун етарли далил бўла олмайди. Чунки, ҳеч бўлмаганда, ушбу масалада Вожибул-вужуд мумкинул-вужуднинг ҳукмидан бошқа бир ҳукмга эга эканлигининг эҳтимоли бор бўлиб, у ҳолда Вожибул-вужуд ушбу далил-исботнинг доирасидан ташқарида бўлади ёки келтирилган далил Вожибул-вужудни ўз ичига қамраб олишда заиф ва нотавон эканлиги натижасида суст ва асоссиз деб баҳоланади.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Юқоридаги манба, 4-жилд, 189-192-бетлар, озгина ихчамлаштириб келтирилди.

[2]. Ўзгаришлар ва ҳодисаларни қабул қилиб олган асосий феноменаларнинг зотий моҳияти ва табиатига фалсафа фанида «жавҳар» ёки «сабстенс» дейилади.

[3]. Бир нарсанинг моҳияти учун зарур бўлмаган хусусиятга фалсафа фанида «араз» ёки «акседент» дейилади. Ранглар, турли шакллар ва ҳолатлар «араз» ва «акседент» ҳисобланади.

[4]. Масуд бин Умар бин Абдуллоҳ, Саъдиддин Тафтазоний номи билан танилган (вафот этган сана: 793-ҳижрий йил), «Шарҳул Мақосид», 4-жилд, 189-бет.

[5]. «Ҳодис» сўзи арабча бўлиб, аввал мавжуд бўлмай, кейин вужудга келиб пайдо бўлган нарсага айтилади.

[6]. «Вожибул-вужуд» ибораси, вужуди ва борлиғи зарур бўлган ҳамда барча замонлар ва маконларда бор бўлиб, ҳамма жойни ва ҳамма нарсаларни қамраб олган чексиз борлиқ эгаси бўлмиш Аллоҳ таолога нисбатан фалсафа фанида қўлланади.

[7]. «Мумкинул-вужуд», деганда фалсафа фанида вужуди ва борлиғи унинг учун зарур бўлмаган, балки борлиқ ва йўқлиқ унинг учун тенг ва баробар бўлган мажудотлар тушинилади.

[8]. Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний, «Ар-Радду ъалал-мантиқиййин», Байрут – Ливан, 238-бетдан 240-бетларгача.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.