Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(1)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таолонинг жамолини бу дунёда ёки охиратда кўриш масаласи Ислом оламида катта шов-шувга сабаб бўлган масалалардандир. Огоҳ мутафаккирлар Аллоҳ таолонинг жисм ва жисмоний эканликдан ва инсонга ўхшашдан ҳамда томон-йўналишларга эга бўлишдан ва кўзга кўринишдан муназзаҳ ва йироқ эканлигини қабул қилганлар. Бироқ воҳид хабарларга, яъни оз сонли кишилар ривоят қилган ҳадисларга эргашувчилар ва исроилиёт бўлган ҳадисларга алданганлар эса Аллоҳнинг жамолини охиратда кўриш мумкинлигига ишонадилар.

Ушбу масалани ўрганишга киришишдан олдин шуни таъкидлашимиз керакки, Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш масаласи Унинг жисмга эга эканлиги ва танаси борлиги билан чамбарчас боғлиқ ва уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Шунинг учун биз бу ерда ҳар иккала масалани биргаликда кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Зероки, бу икки масала ўртасидаги уйғунлик ва боғлиқлик уларнинг ҳар бирини ўрганганда, иккинчисини ҳам ўрганишни талаб этади. Шу боис, дастлаб ҳар иккала масалага оид бўлган ақида ва назарларни ўрганиб чиқамиз ва кейин эса далил-исботлар ёрдамида уларнинг қайси бири тўғри эканлигини маълум қиламиз.

Аллоҳнинг жамолини кўриш масаласига оид ақида ва назарлар

Бу масалада турли ва хилма-хил ақида ва назарлар билдирилган бўлиб, фикр-мулоҳазаларнинг хилма-хиллиги ва сони ҳаддан ошиб кетган. Абул Ҳасан Ашъарий «Мақолотул исломиййин» номли китобида ушбу масалага оид ўн тўққизта ақида ва назарларни келтирган. Унинг айтишича: Мусулмонлар томонидан Аллоҳни кўз билан кўриш ҳақида ўн тўққиз хил назар ва ақида билдирилган. Баъзилар шу дунёда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш мумкин ва биз йўлда учратган одамлардан бири Худо бўлганлиги эҳтимолдан узоқ эмас, деб айтганлар.

Дунёда Аллоҳнинг жамолини кўриш мумкинлигини қабул қилинганларнинг кўплари Худо одамлар билан қўл бериб саломлашиши, уларга тегиши ва уларни кўришга келиши мумкинлигини айтишган ва шунингдек, ушбу ақида эгалари агар холис одамлар хоҳласалар, Аллоҳни шу дунёда ва охиратда қучоқлашлари мумкин деб ҳам айтганлар. Ушбу ақида ва қараш Музир ва Каҳмис исмли шахсларнинг издошларидан нақл қилиб айтилган. Шунингдек, Абдул Воҳид ибн Зайднинг издошларидан Аллоҳ таоло одамларнинг амалларига яраша кўзга кўринади деган эътиқод ҳам ривоят қилинган. Демак, ушбу ақидага кўра, кимнинг амали яхшироқ бўлса, Аллоҳнинг жамолини яхшироқ кўради. Баъзилар ҳам: Биз Аллоҳнинг жамолини шу дунёнинг ўзида уйғоқликда эмас, тушимизда кўрамиз, деганлар. Ривоят қилинишича, Рақаба ибн Мусқала шундай деган: «Раббимни тушимда кўрдим. У зот: Сулаймон ат-Таймий мартабасини эъзозлайман», деди. Зероки, у қирқ йил давомида бомдод намозини хуфтон намозининг таҳорати билан ўқиганди».

Кўпчилик мусулмонлар бу дунёда Аллоҳнинг жамолини кўриш мумкин деган ақидани ва шунга ўхшаш бошқа ақидаларни қабул қилмай, улардан узоқлашганлар ва Аллоҳнинг жамоли фақат охиратда кўринади, деган ақидани қабул қилганлар.

Аллоҳнинг жамолини кўриш борасида мусулмонлар ўртасида мавжуд бўлган яна бир ихтилофли масала шуки, баъзилар Аллоҳнинг жамолини кўрганда бир маконда бор бўлиб, бошқа маконда бўлмаган бир маҳдуд [чекланган] жисмни рўпарамизда кўрамиз, деб айтишган. Зуҳайр ал-Асарий бу ҳақда шундай деган: Аллоҳ таолонинг зоти ҳамма жойда бор, ҳолбуки, У Ўз Аршини эгаллаб олган ва биз охиратда Аллоҳнинг жамолини ҳеч қандай кайфиятсиз, яъни ҳолатсиз Унинг Арши устида кўрамиз. У яна айтган: Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзидан бўш бўлмаган жойга келади. У дунё осмонига тушади, ҳолбуки, у ер Ундан холи бўлмаган.

Шунингдек, Аллоҳ таолони кўз билан кўриш деганда Уни кўз билан идрок этиш тушуниладими ёки бошқа нарсами? Мусулмонлар бу ҳақда ҳам ихтилофга борганлар. Баъзилар: «Аллоҳнинг жамолини кўриш деганда, Уни кўз билан идрок этиш назарда тутилади», дейишган ва айримлар эса: «Аллоҳ таоло кўз билан кўрилади, лекин кўз билан идрок этилмайди, яъни сезилмайди», дейишган.

Ушбу масаладаги ихтилофлардан яна бири шуки, мусулмонларнинг бир тоифаси биз Аллоҳнинг жамолини аниқ ва равшан ҳолда кўрамиз деса, бошқа бир тоифа эса биз Аллоҳнинг жамолини аниқ ва равшан ҳолда кўрмаймиз, дейишган. унга қараш мумкин эмас. Баъзилар биз Аллоҳнинг жамолини кўрганимизда Унга тикилиб қарай оламиз, дейишса, бошқа бир тоифалар эса Аллоҳга тикилиб қарамоқлик мумкин эмасдир, деб айтишган.

Баъзи мусулмонлар, жумладан Зарор ва Ҳафс ал-Фард: «Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди, лекин Аллоҳ қиёмат кунида бизга ҳозирги сезгиларимиздан ташқари олтинчи сезги аъзосини яратади ва биз у билан Аллоҳни идрок этамиз ва У нима эканлигини англаймиз», дейишган. Бакрийя фирқасининг эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло қиёмат кунида бир шакл-қиёфа яратиб, ўша қиёфада кўзларга кўринади ва унинг орқали Ўзининг яратган бандалари билан гаплашади. Ҳусайн ан-Нажжор бу борада шундай деган: Аллоҳ таоло кўзни қалбга айлантириб, унга билмоқлик қобилиятини ато этиши мумкин, токи ўша қобилият билан билиб олиб, илмга эга бўлади ва бу илм ўша Аллоҳнинг жамолини кўришидир.

Аҳли суннатга мансуб мўътазила тоифаси Аллоҳни кўз билан кўриб бўлмайди, деган ақидани иттифоқи назар билан қабул қилганлар, лекин улар Аллоҳни қалб билан кўриш мумкинлиги хусусида ихтилофга боришган.

Абу Ҳузайл ва мўътазила тоифасининг аксарияти Аллоҳ бизнинг қалбимиз орқали кўринади ва бунинг маъноси қалбларимиз билан У зотга нисбатан билимга эга бўламиз, дейишган. Бироқ Фувтий ва Ибод эса бу ақидани инкор қилганлар ва шунингдек, мўътазила ва хаворижларнинг ҳамда муржиъа ва зайдияга мансуб бир тоифанинг айтишича, Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охират ҳам кўз билан кўрилмайди ва Аллоҳни кўз билан кўриш мутлақо мумкин эмас.

Аллоҳни кўз билан кўриш мумкинлиги ҳақида икки ақида мавжуд: Баъзиларнинг эътиқодига кўра, охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш мумкин. Уларнинг айтишича, Аллоҳ таоло кўз билан кўринур ва бу нарса аниқ ва қатъийдир. Айримларнинг айтишича, Қуръони Карим оятлари ва ҳадисларда айтилганларга кўра, Аллоҳ охиратда кўз билан кўрилади ва мўминлар Аллоҳнинг жамолини албатта, кўрадилар. Мужассима тоифаси [яъни Аллоҳ таолонинг жисми ва танаси борлигига ишонадиганлар]нинг оз қисмидан ташқари ҳаммаси Аллоҳ таолони кўз билан кўришга ишонадилар ва мужассима тоифасидан бошқа баъзилар ҳам Аллоҳни кўз билан кўришни қабул қиладилар.[1]

Юқоридаги маълумотлар Абул Ҳасан Ашъарийнинг «Мақолотул исломиййин» номли китобида келтирган сўзлари эди. Аммо биз мазкур ақида ва назарларнинг баъзиларини бошқа баъзисига қайтариб, уларни учта асосий қарашда жамлаб қуйидагича келтира оламиз:

Биринчи ақида ва қарашга кўра, Аллоҳ таолонинг жамолини бу дунё ҳам, охиратда ҳам кўз билан кўриш мумкин. Ушбу ақида ва назар мужассима тоифасига тааллуқли бўлиб, улар Аллоҳни махлуқотларнинг жисмоний сифатлари ва хусусиятларига эга деб билишади. Кўриниб турибдики, улар Худони бошқа жисмлар каби бир жисм деб билганлари боис, бошқа жисмлар дунёда ҳам, охиратда ҳам кўзга кўринганидек Аллоҳни ҳам кўз билан кўриш мумкин деб эътиқод қилганлар.

Иккинчи ақида ва қарашда ўрта-миёна йўл танланиб, унда Аллоҳнинг жамолини дунёда кўриш номумкин, лекин Уни охиратда ҳеч бир кайфиятсиз, яъни ҳолатсиз кўриш эса мумкин деб қабул қилинган. Аҳли суннатнинг тўрт мазҳаби издошлари ушбу ақидани қабул қилиб, бир томондан Аллоҳ таолони жисм ва жисмоний деб билишдан узоқлашишга ҳаракат қилганлар, лекин айни пайтда улар охиратда Аллоҳнинг жамолини ҳеч бир кайфиятсиз ва ҳолатсиз кўриш мумкинлигига содиқ қолишган.

Бунга мисол тариқасида Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима қилган олим Алоуддин Мансурнинг Қиёмат сураси, 22 ва 23-оятлар таржимасидан сўнг баён қилган изоҳини келтирамиз:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ﴿٢٢﴾‏ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ ﴿٢٣﴾‏

«У Кунда [мўминларнинг] юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир».

«Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта, сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар».[2]

Аллоҳ таолони дунё ва охиратда кўз билан кўриш мутлақо маҳол ва номумкин йўқ деб билган учинчи қараш эса мўътазила ва имомияларнинг ақидасидир.

Юртимиз уламоларидан бўлган Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам шиалар ҳақида ёзган мақоласида ушбу масала борасида шундай деган:

«Имомия шийъаларининг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига нисбатан энг катта ақидавий хилофларидан бири, у дунёда мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўрмайдилар, деб эътиқод қилишларидир».

Бинобарин, биринчи ақида ошкора Аллоҳ таолони махлуқотлар сингари жисм ва жисмоний хусусиятларга эга деб билишга асосланган ва бу ақида соф мужассималикдир. Учинчи ақида Аллоҳ таолони ҳар қандай жисм ва жисмоний хусусиятларга эга бўлишдан буткул муназзаҳ ва йироқ деб билади, аммо иккинчи ақида эса биринчи ва учинчи ақиданинг ўртасида бўлиб, ҳар қайсисининг қарашларидан бир қисмини олган.

Бу ерда шуни ҳам айтиш жоизки, бизнинг ушбу баҳсимиз фақатгина Аллоҳ таолони кўз билан кўриш ҳақида бўлиб, Аллоҳ таолони қалб ва виждон кўзи билан кўриш эса бизнинг баҳсимиздан ташқаридадир. Зероки, Аллоҳ таолони қалб ва иймон кўзи билан кўриш мумкин бўлиб, Унинг севгисига ғарқ бўлганлар Аллоҳ таолони қалб ва иймон кўзи билан кўрганликлари ҳақида хабар берганлар. Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазарати Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«ما رأيت شيئا إلَّا ورأيت الله قبله، وبعده ومعه»

«Мен ҳеч бир нарсани кўрганим йўқ, магар Аллоҳни ундан олдин, ундан кейин ва у билан бирга кўрганман».[3]

Бошқа бир ҳадисда олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) шундай деганлар:

عَنْ أَبِي اَلْحَسَنِ الْمَوْصِلِيِّ عَنْ أَبِي عَبْدِ اَللَّهِ عَلَيْهِ اَلسَّلاَمُ قَالَ: جَاءَ حِبْرٌ إِلَى أَمِيرِ اَلْمُؤْمِنِينَ صَلَوَاتُ اَللَّهِ عَلَيْهِ فَقَالَ يَا أَمِيرَ اَلْمُؤْمِنِينَ هَلْ رَأَيْتَ رَبَّكَ حِينَ عَبَدْتَهُ؟ فَقَالَ وَيْلَكَ مَا كُنْتُ أَعْبُدُ رَبّاً لَمْ أَرَهُ قَالَ وَكَيْفَ رَأَيْتَهُ؟ قَالَ وَيْلَكَ لاَ تُدْرِكُهُ اَلْعُيُونُ فِي مُشَاهَدَةِ اَلْأَبْصَارِ وَ لَكِنْ رَأَتْهُ اَلْقُلُوبُ بِحَقَائِقِ اَلْإِيمَانِ.

«Бир олим киши мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳузурларига келиб: «Эй мўминларнинг амири, сиз Парвардигорингизни Унга ибодат қилаётганингизда кўрганмисиз?», деб сўради. Ул ҳазрат: «Вой ҳолингга! Мен кўрмаган Раббимга ибодат қилмасман», дедилар. У олим: «Уни қандай кўргансиз?» деди. Ул ҳазрат: «Вой ҳолингга! Кўзлар Уни [Аллоҳни] кўришдан ожиздирлар, лекин қалблар Уни иймон ҳақиқатлари билан кўради», дедилар.»[4]

Учинчи пешвоимиз Имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан содир бўлган Арафа кунининг дуосида у ҳазрат шундай марҳамат қилганлар:

عَمِيَتْ عَيْنٌ لاَ تَرَاكَ عَلَيْهَا رَقِيباً

«[Эй Раббим,] Сени ўз устидан кузатувчи ҳолда кўрмаган кўз кўр бўлсин!».[5]

Ушбу баҳсимизда бизга асос бўлган манбалар – бу Аллоҳнинг сўнги китоби Қуръони Карим, саҳиҳ бўлган ҳадислар ва холис ақл бўлиб, биз ушбу ақл орқали Аллоҳ таолони, Унинг сифатларини ва пайғамбарларини таниганмиз. Бошқа таъбир билан айтганда, Аллоҳнинг жамолини кўриш масаласи ақидавий муҳим масалаларидан бири бўлиб, Ислом динининг илк давридан бошлаб то ҳозиргача мусулмонлар томонидан кенг муҳокама қилиб келинган ва ушбу масалани ўрганиб чиқиш натижасида айримлар уни рад этиб ва баъзилар эса уни қабул қилганлар. Негаки, ушбу масала бир томондан, тавҳид ва яккахудолик эътиқодига сезиларли таъсир кўрсатса, иккинчи томондан эса ақл ушбу масаланинг ойдинлашишини талаб қилади. Балки масаланинг ушбу икки йўналишдаги аҳамияти туфайли яҳудий ва фалсафий фикр-ғоялар ҳам ўз таъсирини бу масалага кўрсатиб намоён бўла бошлаган ва мусулмонлар ҳам етарлича далил-исботлар келтириш усуллари билан ушбу масалани ўрганишга киришганлар.

Биз ушбу масалани чуқур ўрганиш ва баён этишга киришар эканмиз, бизнинг кўзлаган мақсадимиз ҳақиқатни англаб етиш бўлиб, ақл уни бизга исботлайди ва Қуръони Карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифлар эса унинг томон бизни етаклайди.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Абул Ҳасан Ашъарий, «Мақолотул исломиййин», 213-бетдан 217-бетгача, Германия чопи.

[2]. Қуръони Карим ўзбекча изоҳли таржима. Таржима ва изоҳлар муаллифи: Шайх Алоуддин Мансур, 697-бет, Қуръони Каримни ўрганиш илмий маркази нашриёти, 2004-йил.

[3]. Аллома Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 70-жилд, 22-бет.

[4]. Сиқатул Ислом Кулайний, «Усулул Кофий», 1-жилд, 97-бет.

[5]. Ибн Тавус, Али Ибн Мусо, «Иқболул аъмол», 1-жилд, 339-бет, Теҳрон – Эрон: Дорул Кутубил Исломия нашриёти.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.