Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(4)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(4)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш мумкинлиги хусусида келтирилган далил-исботларнинг заиф ва асоссиз эканлиги бизни Ашъарий тоифасининг бошқа даъвосини ҳам ўрганиб чиқишга ундайди. Уларнинг бу борада билдирган фикрига кўра, баъзи мавжудотларни кўз билан кўра олмасликнинг сабаби уларни кўз билан кўриш имконсиз ва маҳол бўлгани учун эмас, балки бизнинг кўзларимиз шундай яратилган ва тузилганки, улар фақат баъзи мавжудотларни кўрадилар ва агар бу тузилма ўзгариб, бошқача тарзда тузилса, у ҳолда илгари кўра олмаган нарсани кўриш мумкин бўлади.

Ибн Таймия ўзининг изоҳида ҳар иккала даъвони ҳам келтирган, лекин уларнинг ҳеч бирига бирор далил-исбот кўрсатмаган. У Тафтазонийнинг сўзларига шундай қўшимча қилган: «Кўз билан кўриш соф вужуд ва борлиқдан иборат бўлиб, мавжуд нарсага тааллуқ топади, йўқ нарсага эмас.» Унинг бу сўзида ҳеч бир баҳс-мунозара йўқ. Баҳсимиз унинг кейинги сўзида бўлиб, у бу ҳақда айтади: «Вужуд ва борлиқ жиҳатидан комилроқ бўлган ҳар бир мавжуд, ҳатто вужуди вожиб ва зарур бўлган мавжуд йўқлик билан ҳамроҳ ва боғлиқ бўлган мавжудотдан кўра кўзга кўринишга лойиқроқдир.» Баҳсимиз унинг ушбу сўзидадир. Ибн Таймия вужуди комилроқ бўлган борлиқ вужуди ноқис бўлган нарсадан кўра кўзга кўринишга лойиқроқ ва устунроқ эканлигини қайси далил билан исботлайди?

Балким бирор нарсанинг вужуди комилроқ бўлиши ўша нарсанинг кўзга кўринишдан муназзаҳ ва йироқ эканлигини талаб қилар, кўзга кўринишни эмас, уни кўз билан кўришни устунроқ деб билишимиз у ёқда турсин. Чунки, жисмонийлик, маконга эга бўлмоқлик ва кўрувчининг кўз ўнгида туриш каби қусур ва нуқсонлар кўз билан кўришнинг талабларидан ҳисобланади. Маълумки, руҳ жисм ва танадан кўра комилроқ бўлган бир мавжуддир ва шунга қарамай, уни кўз билан кўриб бўлмайди, лекин жисм ва танани кўз билан кўрамиз. Худди шундай, ақл ҳам миядан кўра комилроқдир, аммо уни кўз билан кўриб бўлмайди ва мияни эса кўз билан кўрамиз ёки хурсандчилик, ғам-қайғу, оғриқ, изтироб ва ранжимоқлик каби руҳий ва ички кечинмаларни кўз билан кўриб бўлмайди, аммо жисм ва танамизни эса кўз билан кўрамиз. Бинобарин, ушбу мавжуд айний намуналарга кўра, комилроқ бўлмоқлик кўзга кўринмаслик билан чамбарчас боғлиқдир. Қайси далилга асосланиб, Вожибул-вужуднинг вужуди ва борлиғи комилроқ бўлгани сабаб, мумкинул-вужуддан кўра кўзга кўринишга лойиқроқ ва устунроқ, деб айта оламиз?! Ҳолбуки, биз бу ақиданинг акси учун бир неча айний намуналар кўрсата оламиз.

Қайси далилга асосланиб, биз руҳ ва ақлнинг кўзга кўринмаслигини «ҳозирги кўз бу иккисини идрок этишдан ожиздир, лекин Аллоҳ таоло охиратда мўминларга руҳ ва ақлни, ҳатто буюк Яратгувчининг Ўзини кўра оладиган илғор кўз ато этади», деб оқлаймиз?! Ушбу ақиданинг тўғри эканлигига аниқ далил ва исбот келтириш керак ва бу исботланмаган нарсани далил қилиб кўрсатишга ўхшайди. Зероки, бутун баҳсимиз моддий ва жисмоний бўлмаган ҳақиқатларни ўз-ўзидан кўз билан кўриш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида юритилмоқда ва бундай ҳақиқатларни кўз билан кўрмасликни кўзнинг заиф ва нотавонлигига йўйиб оқламоқлик эса ўша ҳақиқатларни кўз билан кўриш мумкин деб билишга асосланади. Ҳолбуки, бу исботланиши керак бўлган дастлабки масала ва баҳсимизнинг асоси бўлиб, Ашъарий гуруҳи ушбу ақидани исботлаш учун бирор бир далил-исбот келтирмагани, балки уни исботлашдан ожиз эканлиги маълум бўлди. Аллоҳни кўз билан кўриш мумкин деб билган ақидани исботлаш учун Қуръон оятлари ва ҳадислардан иборат нақлий далиллар келтириш баҳсимизнинг бу босқичида бефойдадир. Чунки, дастлаб Аллоҳни кўз билан кўриш мумкин эканлигини ақлий далиллар билан исботлаш керак ва ундан кейин нақлий далиллар келтириш мумкин. Бинобарин, ушбу ақидани ақлий далиллар билан исботламай туриб нақлий далиллар келтириш асл мавзуни четлаб ўтиш демакдир.

Демак, ушбу баҳс-мунозарада бизнинг далилимиз соф ақлий бўлиши муқаррар, ваҳоланки, Ашъарий гуруҳининг даъвосига ақлий далил келтиришнинг имкони йўқ. Чунки, ақл кўргувчи билан кўринадиган нарса ўртасидаги алоқани таҳлил қилиш асосида ва ҳозирги борлиқ тизимига мувофиқ ҳукм қилади. Ҳолбуки, Ашъарий тоифаси бошқа бир борлиқ тизими ҳақида сўз очиб, унда мўминлар учун Аллоҳ таолонинг жамолини ҳеч қандай маконсиз, ҳеч бир кайфиятсиз-ҳолатсиз ва жисмонийликсиз кўриш мумкинлигини даъво қилишади. Шунингдек, улар кўзга кўриниш билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқлик фақат мавжуд яратилиш тузуми уни талаб қилган нарсадир, ҳеч бир шароитда яратилиш тузумидан ажралмас бўлган муқаррар ва зарурий нарса эмас, балки охиратда юзага келадиган бошқа бир яратилиш тузумида эса ушбу боғлиқлик ўртадан кўтарилади, деб даъво қилишади.

Шу боис, Ашъарийнинг ақида ва ғояларини тадқиқ қилиб ўрганиб чиққан ҳар бир киши уларнинг Аллоҳни кўз билан кўриш ҳақидаги ақидаларининг ақлий томони бир мустаҳкам ақлий далилга асосланмаганини, балки улар бир нарсани ё эҳтимолдан узоқ деб билганларини ёки улар тахминий нарсаларга таянганларини ёки бирор нарсани аниқ ва қаъий деб билиб, ўша нарсани далил сифатида илгари сурганларини англаб етади. Ашъарийнинг ушбу ғоясини сўзимизнинг далили сифатида зикр этамиз:

«Фақат вужуд ва борлиқдирки кўз билан кўришни мумкин этади ва биз кўз ила кўрмайдиган нарсалар эса уларни кўриш маҳол ва имконсиз бўлгани учун эмас, балки ишлар одатда шундай жорий бўлгани сабаблидир. Аммо охиратда Аллоҳнинг жамолини кўриш учун жой-макон, жисм кўринишида бўлмоқлик, томон ва йўналиш керак бўлмайди, балки ҳамма нарса дунёга зид равишда амалга ошади».

Ашъарий гуруҳи баъзан ўз даъволарига зид бўлган сўзларни айтадилар. Мисол тариқасида, бошқа оламда юз берадиган кўз ила кўриш ҳақида гапирадилар ва уни исботлаш учун эса бу дунёнинг ўзидан айний намуналар ва мисоллар келтирадилар. Қуйидаги гаплар каби:

«Қадим бўлган зот [Аллоҳ] Ўзидан бошқани кўра олгани учун, демак, Ўзи ва бошқаларга кўз ила кўринадиган бўлмоқлиги зарур».[1]

Уларнинг ушбу сўзи кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқликка ишониш натижасидир. Ҳолбуки, масаланинг фарази шундан иборатки, улар кўз ила кўриш билан жисмонийлик бир-биридан ажралган бошқа бир оламдаги кўрмоқлик ва унда Вожибул-вужуд билан мумкинул-вужуднинг кўзга кўриниши баробар ҳолда мумкинлиги ҳақида сўз юритганлар. Шунга биноан, улар ё бу дунёдаги кўз ила кўриш қоидаларига содиқ бўлишлари лозим ёки уларнинг ҳеч бирини қабул қилмай, рад этишлари керак. Зероки, бу қоидалар бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг баъзиларини қабул қилиш қолганларини ҳам қабул этмоқликни талаб қилади.

Кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасини ажратиш ҳақида сўз очмоқлик худди бурчаксиз тўрт бурчак ҳақида гапиришга ўхшайди ва ушбу икки нарсанинг ўртасини ажратиш содир бўладиган охиратдаги ўзгача яратилиш тузуми ҳақида гапириш эса қуруқ бир иддао бўлиб, уни исботлаш талаб қилинади. Аниқроқ қилиб айтганда, борлиқ ва яратилиш тузуми охиратда бошқача бўлиб, у ерда Аллоҳнинг жамолини кўриш мўминларга муяссар бўлади деган баҳона билан даъво қилмоқлик аниқ ва қаъий далил-исбот келтиришдан қочишнинг бир услуби ҳисобланади ва бу эса ҳар қандай асоссиз ва ғалати даъволарга йўл очади.

Тўғри, борлиқ тузуми охиратда бошқа шакл ва кўринишга эга бўлади, лекин бунинг маъноси охиратдаги борлиқ ва яратилиш тузуми ҳозирги мавжуд тузумдан кўра комилроқ ва устунроқ бўлади дегани, у ерда қонун-қоидалар буткул бошқача бўлиб, мумкин бўлган нарса маҳолга айланади ва маҳол бўлган нарса эса мумкин бўлади дегани эмас. Масалага янада кўпроқ ойдинлик киритадиган бўлсак, комилроқ тузумда иссиқлик оловдан ажралган эмас, балки унинг даражаси янада юқорироқ ва ошиқроқ бўлади. Охиратда қўл ва оёқлар бу дунёда қандай бўлса, худди шундай бўлади, аммо фарқи шундаки, улардан ҳаёти дунёда қилган ишлари ва амаллари ҳақида хабар беришлари сўралганда, улар тилга келиб, ҳамма нарсани айтиб берадилар. Қуръони Карим оятларига кўра, борлиқ оламнинг асослари ва умумий қонунлари дунё ва охиратда ўзгармас ва бардавомдир, фақат фарқи шундаки, улар охиратда янада комилроқ ҳолатга эга бўладилар. Агар шундай бўладиган бўлса, унда охиратда масалан, иссиқлик оловдан ажралади, сабаби бу дунёда улар ўртасидаги боғлиқлик одатда шундай бўлиб келганлиги учундир ва охиратда эса ҳар бир нарса бошқа ҳолат ва кўринишда бўлади, деган баҳона билан шундай даъво қилиш мумкинми?!

Ашъарий гуруҳи ўз ақидасини исботлаш учун келтирган ақлий далилларида тақрибий ва ноаниқ нарсаларни асос қилиб кўрсатишлари ва етарлича ақлий далиллардан холи бўлганлигининг сабаби, ушбу ақидада ақл билан исботлаб бўлмайдиган нарса даъво қилинганидир, яъни кўз билан кўришнинг жисмонийликдан ажралиши ушбу ақидада даъво қилинган. Ушбу даъвонинг ўзи кўз билан кўришни жисмонийликдан ажратиш маҳол ва имконсиз эканлигига ишонадиган соф танзеҳ ақидасининг тўғрилигини кўрсатади ва биз баҳсимизда соф танзеҳ ақидасини батафсил ўрганиб чиқиб, муҳокама қиламиз.

Шояд Ашъарий гуруҳининг Аллоҳни кўз билан кўриш ақидаси учун келтирган ақлий далиллари заиф ва нуқсонли бўлгани Шаҳристонийнинг «Ниҳояту ал-Ақдом» китоби[2] ва Фахриддин ар-Розийнинг «Ал-Муҳассол» китоби[3] каби ушбу ақида тарғиботчилари ва тарафдорларини нақлий далилларга таянишга ёки Тафтозонийнинг «Шарҳул Мақосид» китоби[4] каби нақлий далилларни ақлий далиллардан устун кўриб олдинга суришга ундагандир ва албатта, Сайфиддин Омудий (вафот этган сана: 631-ҳижрий йил)[5] каби уларнинг оз сонли олимлари ақлий далил келтириш йўлини танлаб, нақлий далилларни эса фақат онгга яқинлаштирувчи омил ўрнида кўриб, ўрганиб чиққанлар.

Аҳли суннатдан бўлган Ашъарий гуруҳининг ушбу ақидасини ўрганиб чиқаётган тадқиқотчи Ашъарийнинг Аллоҳни кўз билан кўриш ҳақидаги қарашини ақл билан исботлаб бўлмайди, деган хулосага келганида, у нақлий далилларни ўрганиб чиқишга эҳтиёж сезмайди. Чунки, Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримда ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларида ақлий нуқтаи назардан номумкин ва маҳол бўлган нарса ҳақида сўз очилиб айтилган бўлиши маъқул ва мантиқий эмас. Ҳатто фараз қилайлик, Аллоҳ таолони охиратда кўришга далолат қилувчи Қуръоннинг айрим оятлари мавжуд бўлса ҳам, лекин Қуръоннинг беҳуда ва ботил нарсалардан сақланган ва йироқ эканлиги ушбу оятларни муташобеҳ оятлардан деб ҳисоблашимизни тақозо этади. Оли Имрон сурасининг 7-оятига кўра, биз муташобеҳ оятларнинг зоҳирий ва ташқи маъносини ушлаб олмаслигимиз керак, балки уларни киноя ва мажоз услубида таъвил қилишимиз керак. Масалани чуқурроқ англаб етиш учун мазкур оятни бу ерда кўздан кечиришни ўринли деб биламиз:

هُوَ الَّذِي أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ ۖ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ ۗ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّـهُ ۗ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ ﴿٧﴾

«Сенга Китобни [Қуръонни] туширган Удир. Унда [Қуръонда] муҳкам [аниқ ва равшан] оятлар ҳам бор; улар Китобнинг аслидир ва муташобеҳ [бир неча маъноларни англатувчи тушуниш қийин бўлган] (оят)лар ҳам бор. Қалбларида оғиш бўлган кимсалар фитна уйдирмоқ мақсадида ва уни [ўз истакларига мувофиқ] таъвил қилмоқ мақсадида ундан [Қуръондан] муташобеҳ бўлганига эргашадилар. Ҳолбуки, унинг таъвилини Аллоҳ ҳамда илмда теранлашган кишилардан бошқа ҳеч ким билмас. Улар унга [Китобга] иймон келтирдик, [муҳкам ва муташобеҳ оятларнинг] барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва ёлғиз ақл эгаларигина идрок этурлар».

Демак, ушбу оятга кўра, Қуръони Каримда икки хил оятлар мавжуд; биринчиси оятларнинг аксарини ўз ичига олган Муҳкам оятлар бўлиб уларнинг маъноси очиқ-ойдин ва бошқа ёққа буриб бўлмайдигандир. Лекин шунга қарамай, бундай оятлар тафсир қилиниши керак. Тафсир қилиш деганда, оятнинг ўша аниқ ва равшан маъносини кенгайтириб ва очиқроқ қилиб тушунтириш тушунилади. Иккинчиси эса муташобеҳ оятлардир. Бундай оятларнинг сони муҳкам оятларга нисбатан анча камроқдир. Муташобеҳ оятлар бир неча ўхшаш маъноларни англатадиган, уларни бир-биридан ажратиш ва тушуниб олиш қийин бўлган оятлардир. Муташобеҳ оятларга мисол қилиб, гуёки Аллоҳни кўз билан кўриш мумкиндек деб келган оятларни, Аллоҳнинг қўли ва оёғи каби аъзоси бор, Унинг ўтирадиган курсиси бор ва шунга ўхшаш тушунчаларни англатадиган бўлиб туюлган оятларни Муташобеҳ оятлар деб келтириш мумкин.

Тафсирчи олимларнинг айтишларича, Муташобеҳ оятларни аниқ ва равшан маънога эга бўлган Муҳкам оятлар ёрдамида ёритиш ва шарҳлаш мумкин. Ва бу ишни кўпгина муфассирлар амалган оширганлар ва бу ишга таъвил қилиш деб айтилади. Албатта, таъкидлаш лозимки, муфассирлар бу ишни ўз ёнларидан ва ўзлари билганларича амалга оширмайдилар, балки улар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг ҳақиқий ворислари бўлмиш ўн икки маъсум имомдан Муташобеҳ оятлар борасида ривоят қилинган ҳадислар ёрдамида мазкур оятларни таъвил қиладилар.

Аллоҳ таолони кўз билан кўриш маҳол ва имконсиз эканлиги ҳақидаги далилларда ушбу масалани кўпроқ ўрганиб чиқамиз. Аммо шунга қарамай, биз ушбу илмий баҳсимизда Ашъарий гуруҳи охиратда Аллоҳни кўз билан кўришни исботлаш учун далил қилиб келтирган оятларни ўрганиб чиқишни ва Қуръони Каримда Аллоҳни кўз билан кўришга аниқ далолат қиладиган ва уни бошқа бир маънога таъвил қилиб бўлмайдиган бирор бир оят бор ёки йўқлигини билишни лозим топдик.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Шарҳу ал-усул ал-хомсаҳ, 272 ва 273-бетлар, Миср-Қоҳира чопи. Шунингдек, Ал-Муғний, Ат-Тавҳид вал-Адл боби, 4-жилд, 176 ва 178-бетлар.

[2]. Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний, «Ниҳояту ал-Ақдом», 369-бет.

[3]. Хожа Насириддин Тусий, «Талхийсу ал-Муҳассол», Байрут-Ливан чопи, 319-бет.

[4]. Масуд бин Умар бин Абдуллоҳ, Саъдиддин Тафтазоний номи билан танилган, «Шарҳул Мақосид», 4-жилд, 181-бет.

[5]. Жаъфар Субҳоний, «Буҳусун фил-милали ван-ниҳал», 2-жилд, 194-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.