Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(5)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(5)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ашъария тоифаси мўминлар охиратда Аллоҳ таолони кўз билан кўришларини исботлаш учун қуйидаги оятларни далил қилиб келтирганлар:

  1. وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ﴿٢٢﴾‏ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ ﴿٢٣﴾

«У кунда [қиёмат кунида] яшнаб турувчи юзлар, Парвардигорларига назар солгувчидирлар». (Қиёмат сураси, 22 ва 23-оятлар)

  1. كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ ﴿١٥﴾

«Йўқ! Уларнинг ўйлаганидек эмас. Шубҳасиз, улар ўша кунда [қиёмат кунида] ўз Парвардигорларини кўришдан тўсилгувчидирлар». (Мутаффифин сураси, 15-оят)

  1. ﴿لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا الْحُسْنَىٰ وَزِيَادَةٌ ۖ

«Эзгу амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир». (Юнус сураси, 26-оят)

  1. ﴿لَهُم مَّا يَشَآءُونَ فِيهَا وَلَدَيْنَا مَزِيدٌ﴾‏

«Жаннат аҳли учун у ерда хоҳлаган нарсалари бор. Ва Бизнинг ҳузуримизда эса ортиқроғи бор». (Қоф сураси, 35-оят)

  1. ﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ ۚ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ ٤٥﴾‏ ﴿الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَاقُو رَبِّهِمْ وَأَنَّهُمْ إِلَيْهِ رَاجِعُونَ ٤٦﴾

«[Ишларингизда Аллоҳдан] сабр [рўза] ва намоз ила мадад сўрангиз. Ва чиндан ҳам, бу [намоз ўқиш] худотарслардан бошқаларга жуда оғир [иш]дир. [Ўша худотарслар] шундай зотларки, [Қиёматда] Парвардигорларини мулоқот қилувчи эканларига ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтувчи эканликларига аниқ ишонадилар». (Бақара сураси, 45 ва 46-оятлар)

Ашъария гуруҳи мўминлар охиратда Аллоҳ таолони кўз ила кўришларини исботлаш учун далил қилиб келтирган оятларнинг ҳаммаси шулардир. Бу оятлар Ашъарий гуруҳи билан соф танзеҳ ақидаси тарафдорлари ўртасида баҳс-мунозара майдонига айланган бўлиб, бу ҳақда ҳар икки тоифанинг каломий ва тафсирий манбаларида, айниқса, биринчи оят устида иккала гуруҳ томонидан кўп тортишилгани ва таъкидланганини батафсил кўриш мумкин. Ушбу баҳс-мунозара шу даражага етиб борганки, тадқиқотчининг онгида қуйидаги саволни туғдириши табиий ҳолат:

Ушбу ояти кариманинг сўзлари шу қадар мураккаб ва ноаниқмикан, унинг борасида кенг кўламли фикрий тортишувларга асос бўлган?

Бу савол бизни икки тоифадаги илоҳиётчи ва муфассир олимлар босиб ўтган йўлдан ойдинроқ ва қисқароқ йўл топишга ва бу борада қуйидагича ўз назаримизни билдиришимизга сабаб бўлди: Ашъарийнинг юқоридаги оятларни далил қилиб келтиришлари, қачонки ушбу оятлар кўз билан кўришга аниқ ва қатъий тарзда далолат қиладиган бўлса, шу даражадаки, улар ҳақида бошқа ҳеч қандай эҳтимол ёки маънога ўрин қолмаса, у ҳолда тўлиқ ва комил бўлади. Шунга биноан, Ашъарий гуруҳининг мухолифлари ўз ақидаларини исботлаш учун ушбу оятнинг кўз билан кўришга зид бўлган биргина эҳтимолий маъноси борлигини айтишлари керак.

Бу икки йўл ўртасидаги фарқнинг сири шундаки, Ашъария гуруҳи одатий бўлмаган нарсани, яъни охиратда кайфиятсиз кўриш амалга ошишини даъво қилмоқдалар ва шунинг учун зид ва тескари томоннинг эҳтимоли бўлмаган аниқ ва қатъий далил-исбот келтиришлари керак бўлади. Шундай экан, агар Ашъарий гуруҳининг мухолифлари тескари бир эҳтимолни айта олсалар, шунинг ўз Ашъарий гуруҳининг даъвосини бекор қилиш учун кифоядир ва бу даъвони бекор қилиш билан эса танзеҳ ақидаси тарафдорларининг назарияси, яъни Аллоҳни кўз билан кўришни инкор этиш ақидаси исботланади. Демак, асос шундан иборатки, жисм ва моддий бўлмай, ҳеч бир кайфият ва ҳолатга бўлмаган нарсани кўз билан кўриб бўлмайди ва кимки бу асос ва тамойилга қарши даъво қиладиган бўлса, унда далил келтириши керак. Агар у ўз далилини ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган тарзда келтирса, унинг муддаоси исботланади ва агар унинг келтирган далилида шак-шубҳа туғиладиган бўлса, гўёки у ҳеч қандай далил келтирмагандек ва ўз даъвосини далил билан эмас, қуруқ бир даъво қилиш билан исботламоқчи бўлгандек бўлади. Файласуфлар айтадилар:

«إذا جاء الاحتمال، بطل الاستدلال»

«Агар эҳтимол юзага келса, келтирилган далил-исбот бекор ва асоссиз бўлади».

Ва далилнинг бекор бўлиши билан биз ўша Аллоҳ таолони кўз билан кўриш мумкин эмас деган тамойилга қайтамиз. Биз бу усул билан икки томон ўртасидаги баҳслашувни қисқартира оламиз. Зероки, Ашъарий гуруҳи бу оятларни қанчалик далил сифатида келтиришга уринмасинлар, яна бу оятлар кўз билан кўришдан бошқа маънони акс эттирмайди, деб даъво қила олмайдилар. Уларнинг даъво қилиши мумкин бўлган охирги нарса шуки, ушбу оятларда кўз билан кўришнинг эҳтимоли кучлироқ ва мақбулроқдир. Аммо бу сўзнинг ўзи Аллоҳ таолони кўз билан кўришни исботлаш учун етарли эмас ва улар Қуръондан далил келтирганлар деб бўлмайди. Чунки, мазкур оятларда ушбу маънога қарши бир қанча эҳтимоллар бор. Албатта, биз бу ерда бағрикенглик юзасидан ва қаттиққўлликдан сақланиш мақсадида юқоридаги оятларнинг кўз билан кўришдан бошқа маъноларини эҳтимоллар деб тилга олаяпмиз, акс ҳолда соф танзеҳ ақидасининг тарафдори бўлганлар фақат шу маъноларнигина мазкур оятларнинг тўғри ва кўзда тутилган маъноси деб билишади. Биринчи оятдан:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ﴿٢٢﴾‏ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ ﴿٢٣﴾

«У кунда [қиёмат кунида] яшнаб турувчи юзлар, Парвардигорларига назар солгувчидирлар». (Қиёмат сураси, 22 ва 23-оятлар) кўзланган маъно Аллоҳ таолонинг фазлу-раҳматига ва ато этадиган ажр-савобига интизор бўлмоқлик эканининг эҳтимоли бор. Бундан ташқари, кўплаб Қуръон оятлари ва луғавий намуналар қараш ва назар солиш билан кўз ила кўриш ўртасидаги боғлиқлик йўқлигини тасдиқлайди, балки баъзан бу иккаласи бир-бири билан бирга бўлиб, гоҳида эса бир-биридан ажралиб туради. Зероки, қаради ва назар солди деганда, кўзини ва нигоҳини бир нарса томонга бурди хоҳ уни кўрсин ёки кўрмасин маъноси тушинилади.

Демак, ушбу ингичка масалага диққат қилмоқлик лозимки, нафақат назар қилиш-қараш ва кўз билан кўриш бир маънога эмаслар, балки улар ҳар доим ҳам бир-бирига ҳамроҳ ва боғлиқ бўлиб туравермайди. Зероки, кўз ила кўриш қарашнинг натижасидир. Араб тилида бу борада шундай дейилади:

«نظرت إلى الهلال فلم أره»،

«Мен ярим ойга қарадим, лекин уни кўрмадим».

Шунинг учун бирини тилга олиш билан иккинчисини хулоса қилиб бўлмайди.[1]

Бошқа таъбир билан айтганда, ушбу ояти карима:

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَّاضِرَةٌ ﴿٢٢﴾‏ إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ ﴿٢٣﴾

«У кунда [қиёмат кунида] яшнаб турувчи юзлар, Парвардигорларига назар солгувчидирлар». (Қиёмат сураси, 22 ва 23-оятлар) Аллоҳни кўз билан кўриш мумкинлигига ишонганларнинг энг муҳим далилларидан бири бўлиб, бу ҳақда турли китобларида муҳокама қилганлар. Бу оятни далил қилиб келтириш «إلى» кўмакчиси [предлоги] билан қўлланган «Наазироҳ» сўзига асосланади ва ушбу ҳолатда бу сўз кўрмоқ маъносини англатади.[2] Ва шунингдек, қуйидаги оят:

كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ ﴿١٥﴾

«Йўқ! Уларнинг ўйлаганидек эмас. Шубҳасиз, улар ўша кунда [қиёмат кунида] ўз Парвардигорларини кўришдан тўсилгувчидирлар». (Мутаффифун сураси, 15-оят) ҳам Аллоҳни кўз билан кўриш масаласига далил қилиб келтирилган. Зероки, Ашъарий тоифаси муфассирларининг фикрича, ушбу оят кофирларни Парвардигори оламнинг дийдоридан тўсилганлар деб танитади ва шунинг учун, Аллоҳ таолони кўз билан кўриш қабул қилинган бир масала бўлади.[3]

Бироқ Қиёмат сурасининг إِلَىٰ رَبِّهَا نَاظِرَةٌ﴾‎﴿ 23-ояти ҳақида шиа муфассирларининг эътиқоди қуйидагича:

Ушбу оятдаги «Назар» сўзидан кўзланган маъно ва мурод ё интизор бўлмоқ ва кутмоқ маъносидир, у ҳолда ояти карима: «Мўминлар Аллоҳ таолонинг ажру-савоби ва фазл-раҳматининг интизоридадирлар» маъносидадир ёки «Назар» сўзининг маъноси ўша ўзининг асл маъносида келган бўлиб, назар солмоқ ва қарамоқ деган маънони англатади, лекин бу Худога қараш ва назар солиш дегани эмас, балки Аллоҳнинг ажр-мукофоти ва неъматларига назар солиш ва қараш кўзда тутилган.

«Назар» сўзи «إلى» кўмакчиси билан бирга араб шеъриятида баъзи ўринларда интизор бўлмоқ ва кутмоқ маъносида қўлланилган. Ҳазрати Сулаймон пайғамбар қиссасида ҳам «Наазироҳ» сўзи кутиш ва интизор бўлиш маъносида келган:

وَإِنِّي مُرْسِلَةٌ إِلَيْهِم بِهَدِيَّةٍ فَنَاظِرَةٌ بِمَ يَرْجِعُ الْمُرْسَلُونَ ﴿٣٥﴾‏

«Мен уларга бир ҳадя юборурман ва элчилар нима билан қайтар эканлар, деб кутмоқдаман». (Намл сураси, 35-оят)

Бунга қўшимча, мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ҳадисларида Қиёмат сурасининг 23-оятидаги «Назар» сўзидан кўзланган маъно Аллоҳ таолонинг ажр-савобига назар солиш эканлиги айтилган.[4]

Аҳли суннатнинг ишончли муфассир олимлари орасида улар наздидаги машҳур ақидага зид равишда мазкур оят учун шиа тафсирига ўхшаш тафсирни айтиб ўтганлар ҳам бор. Мужоҳид, Абу Солиҳ, Ҳасан, Саид ибн Жубайр ва ҳоказо каби кишилар оятнинг шиа тафсирига ўхшаш тафсирини баён қилганлар.[5] Тафсирчи олимлар орасидаги ушбу фарқ Аҳли суннатнинг ўз китобларида ҳам қайд этилган.[6]

Аҳли-Байт мактабининг буюк тафсирчи олими Аллома Таботабоий Аллоҳ таолони кўз билан кўришни ифодалайдиган барча оятларни қалб кўзи билан кўришга тааллуқли ва унинг билан боғлиқ деб билган ва қуйидаги оятларни:

﴿مَا كَذَبَ الْفُؤَادُ مَا رَأَىٰ﴾

«Қалб кўрганини инкор этмади.» (Нажм сураси, 11-оят)

كَلَّا ۖ بَلْ ۜ رَانَ عَلَىٰ قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ ﴿١٤﴾‏ كَلَّا إِنَّهُمْ عَن رَّبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَّمَحْجُوبُونَ ﴿١٥﴾

«Ундай эмас! Балки уларнинг қалбларига қилиб юрган ножўя ишлари занг бўлиб ўрнашган, холос. Йўқ! Уларнинг ўйлаганидек эмас. Шубҳасиз, улар ўша кунда [қиёмат кунида] ўз Парвардигорларини кўришдан тўсилгувчидирлар». (Мутаффифин сураси, 14 ва 15-оятлар) шу маъно ва тушунчага гувоҳ ва далил сифатида келтирган. Негаки бу икки оятда қалб кўзи билан кўриш назарда тутилган. Чунки, оятларнинг бирида кўриш қалбга нисбат берилган ва иккинчисида эса кўришга тўсқинлик қиладиган нарса қалб занги деб айтилган. Ва маълумки, ушбу омил, яъни қалбни қоплаб олган занг қалб билан кўришнинг олдини олади ва кўз билан кўришга ҳеч қандай алоқаси йўқ.[7]

Демак, юқоридаги далилларга кўра, агарда Ашъарий гуруҳи қарамоқ билан кўрмоқлик ўртасидаги боғлиқликка оёқ тираб олсалар ҳам, уларнинг бу даъвоси кўз билан кўришга қатъиян далолат қилмайди. Чунки, қиёматда Аллоҳни кўриш деганда, мўминларнинг дунёда ҳам, охиратда ҳам хусусиятларидан бири бўлган қалб билан кўриш назарда тутилган бўлиши мумкин. Қиёмат кунида Аллоҳни қалб билан кўриш мўминлар учун тиниқроқ ва аниқроқ бўлиши мумкин ва бу эса улар баҳраманд бўладиган энг улуғ неъматлардан биридир.

Ҳатто агар Ашъарий гуруҳи Қуръон оятлари ҳамда луғий намуна-далиллар ёрдамида Аллоҳнинг жамолини кўриш маъносини исботлашга муваффақ бўлсалар-да, бироқ оятнинг маъноси қалб билан эмас, кўз билан кўриш эканлигини сира исботлай олмайдилар.

Аммо соф танзеҳ ақидасига ишонадиганлар эса Аллоҳ таолони қалб билан кўришни исботлашга сира эҳтиёж сезмайдилар. Зеро, улар Аллоҳни кўз билан кўриш маҳол ва номумкин эканлигини ақл билан исботлаганлар ва уларнинг эътиқодига кўра, ушбу масала ақлийдир, нақлий эмас. Шунинг учун, Қуръони Каримда Аллоҳ таолони кўриш мумкинлигини ифодаловчи оятлар келганда, бошқа томондан эса Аллоҳ таолони кўз билан кўриш маҳол ва имконсиз эканлиги ақлий далиллар билан исботлангани сабаб, бу оятларнинг тафсири фақат Аллоҳни қалб билан кўриш маъносида эканлиги маълум бўлади ва ушбу маънонинг олдини оладиган ҳеч бир ақлий ёки нақлий тўсиқ йўқ.

Ҳолбуки, Ашъарий гуруҳи икки босқични исботлашлари керак бўлади. Биринчи босқич: Оятнинг маъноси Аллоҳни кўриш ҳақида эканлиги. Иккинчи босқич: Оятда назарда тутилган кўрмоқлик қалб билан эмас, кўз билан кўриш эканлиги. Бу борада юритган олдинги баҳсларимиздан Ашъарий тоифасининг иккала босқичда ҳам ожиз ва нотавон эканлиги маълум бўлди. Танзеҳ ақидасига ёндашганларнинг Ашъарий гуруҳи билан қилган кўп баҳс ва мунозаралари Аллоҳ таолони кўз билан кўришни исботлаш учун келтирилган оятларнинг маъноси ҳақида бўлган. Ашъарий гуруҳининг илоҳиёт ва тафсир манбаларидан маълум бўлишича, улар кўпинча ушбу оятларнинг маъноси Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш ҳақида эканлигини баён қилишга киришадилар (биринчи босқич), ваҳоланки, агар охиратда Аллоҳ таолони кўриш мўминларга мумкин эканлиги исботланган тақдирда ҳам, яна бунинг ўзи Ашори тоифаси кўзлаган мақсадни исботлаш учун етарли эмас, балки улар охиратда Аллоҳни кўриш қалб билан эмас, кўз билан эканлигини исботлашлари керак. Ҳолбуки, бундай нарсани исботлаш улар учун имконсиздир. Чунки, улар Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга далолат қилади деб даъво қилган оятларнинг ҳеч бири кўз билан кўришга ишора қилмаган ҳам ва бундай ишоранинг йўқлиги билан улар қандай қилиб Аллоҳни кўз билан кўришни исботлаб, қалб билан кўришни эса инкор эта оладилар?

Ҳар икки босқичда кўтарилган мавзулар ва баҳслар йиғиндисидан шундай хулоса чиқариладики, ақл ҳам, нақл ҳам Аллоҳ таолони қиёмат кунида кўз билан кўришни исботлашдан ожиз ва нотавондир. Шунинг учун ҳам Мўътазила ва Имомийя танзеҳ назариясини фақат ўзларига хос деб биладилар ва Ашъарийнинг танзеҳ ақидаси ҳақидаги даъвосини қабул қилмайдилар. Зероки, танзеҳ ақидасига ишониш учун Аллоҳнинг жисм эканлигини оғзаки инкор этишнинг ўзи кифоя эмас, аксинча, улар ушбу инкор билан боғлиқ бўлган мантиқий ва ақлий тамойил ва талабларга риоя қилишлари керак. Агар бирор киши Аллоҳнинг жисм эканлигини инкор этса-ю, лекин бунинг тамойил ва талабларини инкор қилмаса, агарчи бошқалар уни «Мужассима» деб аташларини рад этиб, бу ҳақда қатъий туриб олса ва бу номни ўзига нисбатан қалбида инкор этадиган бўлса ҳам, аслида у «Мужассима» тоифасига киради. Зероки, Аллоҳ таолони кўз билан кўриш масаласида икки ақида ва қарашни илгари суриш мумкин: тажсим ақидаси ёки танзеҳ ақидаси ва бу иккиси ўртасида учинчи бир ақидани илгари суришнинг имкони йўқ ва аслида бундай оралиқ ақиданинг эҳтимоли ҳам мумкин эмас. Шунинг учун, «Мужассима» тоифаси [яъни Аллоҳ таолонинг жисми ва танаси борлигига ишонадиганлар] Аллоҳ таолони охиратда кўз билан кўришга эътиқод қилишади. Чунки, уларнинг қарашига кўра, Аллоҳ таоло жисмлардан биридир ва агар У жисм бўлмаса, Уни кўриш ҳам мумкин бўлмайди. Улар ўз назарларига кўра, Аллоҳни кўз билан кўришга далолат қиладиган оятларни Аллоҳнинг жисм ва жисмоний эканлигининг далиллари қаторида деб ҳисоблаганлар.

Юқорида айтилганларга кўра, танзеҳ ақидасига ёндашадиганлар Ашъарий тоифаси ва уларнинг издошларини «Мужассима» тоифасидан деб ҳисоблаганлар ва шунинг учун бир тадқиқотчи Ашъарийнинг йирик олимларини тажсим ақидасида айблаган танзеҳ ақидаси тарафдорларининг китобларини ўқиганда ва кейин эса танзеҳ ақидасини баралла кўтариб чиқиб, тажсим ақидасини қоралаган ва уни танқид қилган Ашъарийнинг китобларини ўқиганда, у ҳайратланиб қолиши мумкин. Бу зиддият ва қарама-қаршиликнинг сабаби биз айтган нарсадир. Албатта, Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳамда Уни қиёмат кунида кўз билан кўришнинг исботи ҳақида муфассал китоб ёзиб, унда Аллоҳ таолонинг узунлиги, кенглиги, соқоли, юзи ва қўли ҳақида сўз юритган кишиларга нисбатан тажсим ақидаси айблови шиддатлироқ бўлади. Бу борада қуйидаги шахслар ва уларнинг китобларини келтириш мумкин:

Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалга нисбат берилган «Китобус-Суннаҳ» китоби, Ибн Баттанинг «Ал-Ибонаҳ» китоби ва Усмон ибн Саид Ал-Доримийнинг китоблари, Абу Яълонинг «Ибтол ат-Таъвил» китоби, Ибн Манданинг «Ал-Иймон» китоби, Ибн Абий ал-Иззнинг «Шарҳ ал-ақийда ат-Таҳовийя» китоби, Ибн Хузайманинг «Ат-Тавҳид» китоби ҳамда Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қайюм ал-Жавзийянинг баъзи китоблари, Заҳабийнинг «Ал-Улувву» китоби ва Хошиш ибн Асрамнинг «Ал-Истиқомаҳ» китоби.

Диққатга сазовор бўлган ўта аҳамиятли ва ингичка масала шундан иборатки, агарчи биз ушбу илмий асаримизда Ашъарий тоифасини Аллоҳ таолонинг жамолини охиратда кўриш ақидасининг тарафдори сифатида келтирган бўлсак-да, лекин эндиликда ушбу ақида деярли Аҳли суннатнинг барча ақидавий ва фиқҳий мазҳаблари орасида кенг тарқалган ва улар ушбу ақидани бир овоздан қабул қилишган. Бироқ мусулмонлар орасида илк бор шаклланган ақидавий мактаблардан бири бўлган Ашъарий гуруҳи ушбу ақидани кўтариб чиқиб, уни кенг тарғиб қилгани ва унга ўзининг далил-исботларини келтиргани учун биз ҳам ўзимизнинг илмий асаримизда ушбу ақиданинг дастлабки тарафдори сифатида Ашъарийнинг номини такрор тилга олдик.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Шайх Тусий Муҳаммад ибн Ҳасан, «Ат-Тибён», тадқиқотчи: Аҳмад Ҳабиб Қасийр ал-Омилий, исломий тарғибот идораси нашриёти, 1409-ҳижрий йил, 10-жилд, 197-бетдан 200-бетларгача ва шунингдек, Аминул Ислом Табарсий, Фазл ибн Ҳасан, «Мажмаъул Баён», Байрут-Ливан, муассасатул-аъламий лил-матбуот нашриёти, 1415-ҳижрий йил, 10-жилд, 196-бетдан 199-бетларгача.

[2]. Ушбу оятни далил қилиб келтирган манбалар қуйидагилардан иборат:

  • Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушжий, «Шарҳу Тажридил ақоид», Маншурот Разий, Қум, Бийто, босма чоп, 332-бет.
  • Абдураҳмон бин Муҳаммад Саъолибий ал-Моликий, «Ал-Жавоҳир ал-Ҳисон фий тафсирил Қуръон», «Тафсири Саъолибий» номи билан танилган, Байрут-Ливан, Дору иҳёи ат-Турос ал-Араби нашриёти, 1418-ҳижрий йил, 2-жилд, 523-бет.
  • Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ансорий Ал-Қуртубий, «Ал-Жомиъу ли-аҳкомил Қуръон», Байрут-Ливан, муассаса ат-Тарих ал-Арабий нашриёти, 1405-ҳижрий йил, 19-жилд, 107-бетдан 110-бетларгача.
  • Ибн Касир ал-Қураший ад-Дамашқий, Абул Фадо Исмоил, «Тафсирул Қуръонил Азим», Байрут-Ливан, Дорул маърафаҳ нашриёти, 1412- ҳижрий йил, 4-жилд, 479 ва 480-бетлар.

[3]. Ушбу оятни далил қилиб кўрсатган манбалар қуйидагилардан иборат:

  • Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушжий, «Шарҳу Тажридил ақоид», 333-бет.
  • Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ансорий Ал-Қуртубий, «Ал-Жомиъу ли-аҳкомил Қуръон», 19-жилд, 261-бет.
  • Ибн Касир ал-Қураший ад-Дамашқий, «Тафсирул Қуръонил Азим», 4-жилд, 518-бет.

[4]. Файз Кошоний Мавло Муҳсин, «Тафсир ас-Софий», Тадқиқотчи: Ҳусайн Аъламий, Теҳрон, Садр кутубхонаси, 1416-ҳижрий йил, иккинчи чоп, 256-бет.

[5]. Шайх Тусий Муҳаммад бин Ал-Ҳасан, «ат-Тибён», Тадқиқотчи: Аҳмад Ҳабиб Қосийр ал-Омилий, Мактабу ал-Иъломил Исломий нашриёти, 1509-шамсий йил, 10-жилд. 199-бет.

[6]. Муҳаммад ибн Жарийр ат-Табарий, «Жомеъ ал-Баён», Байрут-Ливан, Дорул-фикр, 1415-ҳижрий йил, 29-жилд, 239-бет ва шунингдек, Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ансорий Ал-Қуртубий, «Ал-Жомиъу ли-аҳкомил Қуръон», 19-жилд, 108-бет.

[7]. Саййид Муҳаммад Ҳусайн Таботабоий, «Ал-Мийзон фий тафсирил Қуръон», Қум-Эрон, Исмоилиён матбуот муассасаси нашриёти, 1371-шамсий йил, бешинчи чоп, 8-жилд, 238-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.