Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(6)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(6)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Учинчи ақиданинг танзеҳ назариясига ва Аллоҳни кўз билан кўришнинг имкони йўқлигига далил-исботлари:

Мўътазила, Имомия ва Зайдия учинчи ақиданинг тарафдори бўлиб, улар Аллоҳ субҳаанаҳу ва таолони кўз билан кўришнинг имкони йўқлигига ва бу нарса маҳол эканлигига ишонишади ва бунинг учун ақлий ва нақлий далиллар келтирганлар:

Аллоҳ таолони кўз билан кўришнинг имкони йўқлигига ақлий далиллар:

Аллоҳ таолони кўз билан кўришнинг имкони йўқлигини исботлаш учун кўп далиллар келтирилган бўлиб, уларнинг барчаси бир нарсанинг турли томон ва қирраларини баён қилиб очиб беришдан иборат ва бу эса кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги ўзига хос ва чамбарчас боғлиқликнинг борлигидан дарак беради.

Жисмга эга бўлиш Вожибул-вужуд [яъни вужуди ва борлиғи зарур] бўлмоқликка зиддир ва Вожибул-вужуднинг жисм ва танага эга бўлиши маҳол ва номумкиндир. Чунки, жисм бўлаклардан ташкил топган бўлиб, у ўзининг бўлакларига ва шунингдек, жойлашган маконига муҳтождир ва бу эса Вожибул-вужуднинг эҳтиёжмандлиги ва чекланганлигини билдиради. Ҳолбуки, Вожибул-вужуд заруратан муҳтожмас ва чексиздир. Шунинг учун Вожибул-вужуд жисм бўлмаслиги ва натижада кўз билан кўринадиган бўлмаслиги керак. Демак, Аллоҳ таолони кўз билан кўришнинг имконсиз ва маҳол эканлигини исботлаш учун айтилган барча ақлий жиҳатлар, аслида кўз ила кўришлик билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқликка қайтади.

Ушбу жиҳатлардан баъзилари қуйидагилардир: Фақат кўрувчининг кўз олдидаги муайян йўналиш ва маконда жойлашган объектларнигина кўз билан кўриш мумкин. Кўз билан кўринадиган нарсага эса кўз ишораси билан ишора қилиш мумкин ва ҳолбуки, фақат жисмга эга бўлган нарсага ишора қилиш мумкин ва кўз билан кўриш учун кўрувчи билан кўринадиган нарса ўртасида ёруғлик бўлиши керак ва бу эса жисмларнинг хусусиятларидан биридир. Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш мавзусида айтилиши керак бўлган яна бир масала шуки, Аллоҳ таолони кўз билан кўрганда, Унинг бутун вужудини кўриш мумкинми ёки Унинг фақат баъзи қисмини кўз билан кўриб бўладими? Агар Аллоҳнинг бутун вужуди кўзга кўринса, бунинг маъноси У кўз қамраб олган ҳудуд ва миқдорга чекланиб қолган, дегани ва агар Унинг айрим вужуди кўзга кўринса, бунинг маъноси У маълум бир бўлак ва қисмлардан ташкил топган бўлиб, мавжуд бўлмоқликда уларга муҳтож бўлади, дегани. Масаланинг ҳар иккала томони тажсим ва мужассамалик эътиқодига мувофиқ келади, танзеҳ ақидасига эмас.

Демак, Ашъарий гуруҳи олдида турган энг асосий муаммо аслида кўз ила кўриш билан жисмонийлик ўртасидаги узвий ва чамбарчас боғлиқлик бўлиб, агар улар уни енгиб ўта олсалар, у ҳолда улар бу ақлий далилларни рад этишлари мумкин бўлади ва агар бунга жавоб бера олмасалар, унда бу муаммоларни рад этишга ҳам ожиз бўладилар.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, кўз ила кўриш билан жисм бўлиш ўртасидаги боғлиқликни ҳеч бир ақл-идрокли инсон инкор эта олмайди, ҳатто Ашъарий нуқтаи назаридан ҳам ушбу боғлиқликни исботлашга ҳожат йўқ, балки уларнинг даъвосига кўра, бу боғлиқлик охиратда ўртадан кўтарилади ва мўминлар ўз Парвардигорларининг жамолини бирор кайфиятсиз-ҳолатсиз ва жисмонийликсиз кўрадилар. Биз уларнинг бу даъвосини исботлаш учун унга далил келтиришнинг имкони борлиги ёки йўқлигини ўрганиб чиқиб, бунга ҳеч қандай ақлий далил келтириб бўлмаслигини айтдик. Чунки, Ашъарий гуруҳи ўзларининг мазкур иддаосини исботлаш учун келтирган ақлий далилларнинг ўзи ҳам бошқа даъволардан иборат бўлиб, уларни ҳам исботлаш керак ва шунинг учун уларнинг келтирган далилларини ҳақиқий далиллар сифатида қабул қилиб бўлмайди ва ушбу масала эса Ашъарий назариясининг ақлий қисмида очиқ-ойдин бир бўшлиқ пайдо бўлишига сабаб бўлган ва уларни ўз иддаоларини исботлашга ожиз ва нотавон қилиб қўйган.

Ушбу ақидавий масала ҳам ақлий, ҳам нақлий йўналишга эга бўлиб, биз бу ерда дастлаб фалсафий ва ақлий далилларга қисқача тўхталамиз ва кейин эса ушбу масалага доир ақлий далилларни келтирамиз.

Фалсафий далиллардан олинган натижага кўра, Аллоҳ таоло ҳар қандай жисмонийлик ва моддийликдан мутлақо йироқ ва пок бўлиб, ҳаттоки У ҳар қандай имконий жиҳатга эга бўлишдан ҳам йироқ ва муназзаҳдир. Натижада Аллоҳ таолонинг жисм ва жисмоний эканлигини рад этиш билан Уни кўз билан кўриш имкони мутлақо йўқлиги ошкора маълум бўлади.[1]

Аллоҳ таолонинг ушбу сифатлари кўпгина Аҳли суннат уламолари томонидан ҳам қабул қилинган бўлиб, сунний илоҳиётчи олим Қўшжий ҳам «Тажридул-эътиқод» китобига ёзган ўз шарҳида уларни қабул қилган.

Ушбу масалада асос қилиб келтириш мумкин бўлган яна бир далил – бу Аллоҳ таолонинг зоти басийт эканлиги, яъни бўлак ва қисмлардан ташкил топмаганлигидир. Бу далилнинг изоҳида шуни айтиш лозимки, агар Аллоҳни зоҳирий ва моддий кўз билан кўриш мумкин бўлса, у ҳолда кўз билан кўринган нарса ё Аллоҳнинг бутун зоти ва вужуди бўлади ёки Унинг бир қисмигина кўзга кўринган бўлади. Худонинг бутун зоти ва вужудини кўз билан кўришнинг маъноси Худодан бошқа Худони иҳота қилди, яъни Уни қамраб олди, деганидир ва бу эса имконсиз ва маҳолдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг зоти ва вужуди чексиз ва бепоён бўлиб, Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким Унинг зотини иҳота қила олмайди. Худонинг бир қисмини ёки бир бўлагини кўз билан кўриш эса Унинг зоти ва вужуди қисмлар ва бўлаклардан ташкил топганлигини англатади ва бу ҳам маҳол ва имконсиздир. Чунки, қисмлар ва бўлаклардан ташкил топган нарса албатта, нобуд бўлувчидир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло абадий ва азалийдир.[2]

Юқоридаги далилларга нисбатан қуйидаги шубҳани илгари суриш мумкин: Бу далилларнинг барчаси ақлий маълумотларга асосланган, ваҳоланки, охират олами эса инсон ақли етмайдиган масалалардан иборат. Ушбу шубҳага жавобан шуни айтишимиз керакки, ақлий қоидалар бу дунёга хос бўлмай, балки улар ҳар бир оламда ўз кучига эга. Охират оламининг ташқи идроклардан ва шунингдек, баъзи бир ақлий қоидалардан йироқ бўлиши ақлий қоидаларнинг ҳеч бири у ерда ўтмаслигини англатмайди. Мисол тариқасида, у дунёда маълул, яъни таъсир сабабга муҳтож эканлик қоидаси у ерда ўртадан кўтарилса ёки парадокс, яъни икки зид ва қарама-қарши нарсанинг бирлашиши мумкин эмаслиги қоидаси барҳам топса. Балки ақл меъёр сифатида унинг қоидалари барча замонлар ва маконларда ўз кучига эга ва ҳамма ерда ботиний чироқ бўлиб инсонларга тўғри йўлни кўрсатади. Ва биз ақл нуқтаи назаридан моддий ва зоҳирий кўз ила кўриш имкони билан жисмонийлик ўртасидаги боғлиқлик қатъий, аниқ ва инкор этиб бўлмас ҳақиқат эканлигини биламиз.

Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра ушбу масалани шарҳлар экан, Ибн Таймиянинг фикрини юмшоқ таъбир ва мулойимлик билан рад этиб шундай ёзади:

«Бизнинг ақлимиз Аллоҳ томонга бармоқ билан ишора қилиб, Аллоҳнинг осмон ва Аршни эгаллаб уларнинг устида қудрати борлигига ишонишга, бир томондан ва бошқа томондан эса Унинг ҳар қандай жисмонийликдан ҳамда нарсаларга ўхшашликдан пок ва муназзаҳ эканлигига ишонишга қодир бўлмай, бу нарсаларни бир жойда ва биргаликда тушуна олмайди. Бундан ташқари, ушбу масалада таъвил қилиш, яъни бу борадаги каломни мажоз ёки киноя деб билиш, шубҳасиз, уни инсон онгига ва тушунишига яқинлаштиради ва бошқа томондан эса одамларга уларнинг кучи етмаган нарсаларни юклаб бўлмайди. Агар Ибн Таймиянинг ақл- идроки ҳиссий ишора қилиш билан бирор жой-маконда ўрнашмаслик ҳамда мутлақ танзеҳни бир жойда жамлай олган бўлса яхши, лекин одамларнинг ақл-идроки унинг ақл-идроки уфқининг кенглигига эга эмас, албатта, агар унинг айтганлари рост бўлса».[3]

У яна айтади: «Агарчи улар ташбеҳни [яъни Аллоҳни бошқа мавжудотларга ўхшатишни] инкор қилиш учун саъй-ҳаракат қилсалар-да, лекин ундан қутула олмайдилар. Ибн Таймия бу баҳсдан бир аср ўтгач: Бу бир лафздаги иштирокдир, ҳақиқий ва маънавий иштирок эмас, деган. Агар улар Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган «истиво»[4] сўзининг зоҳирий маъносини олсалар, унда ночор ҳолда Унинг учун Аршнинг устида ўтириш ва жисмонийлик маъноси келиб чиқади ва агар улар мазкур сўзни сезги аъзолари идрок эта олмайдиган номоддий нарса деб тафсир қилсалар, дарвоқеъ, бу сўзни таъвил қилган бўладилар, ваҳоланки, улар бу ишдан қайтарилганлар ва ҳар икки ҳолатда улар илгаригиларнинг йўли бўлган тўхташлик ва эҳтиёт қилишликка қарши чиққан бўладилар».[5]

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчининг бу ҳақда далил-исбот келтиришга ҳожати йўқ, чунки унинг сўзи асл-асосга мувофиқ бўлиб, бу асоснинг тўғрилиги ва шунингдек, қарши томоннинг ўз даъвосини исботлашга ожизлиги инкор этувчининг гапи тўғри эканлигини исботлаш учун етарлидир. Бу асл-асосни чуқурроқ изоҳлаш ва шунингдек, Ашъарийнинг ожизлигини ошкор этиш учун бу ҳақда шундай дейиш мумкин: Кўз билан кўриш учун бўлган асосий қоида тўртта асосий элементга асосланади. Улар қуйидагилардан иборат:

  1. Кўз билан кўриш фақат кўриш ҳисси орқали амалга ошади. Албатта, бундай кўриш инсонлар ҳақида улар жисмоний бўлгани учун шундай бўлади, лекин Аллоҳ таоло Ўз банда ва махлуқотларини қай тарзда кўриши эса бошқа бир масала бўлиб, биз ундан огоҳ эмасмиз. Зероки, Аллоҳ таоло материядан юқорида бўлиб, унга муҳтож эмас ва шу боис, Унинг кўриш учун кўриш сезгисига эҳтиёжи йўқдир. Бизнинг суҳбатимиз инсоннинг кўриши ҳақида бўлиб, бу иш фақат кўз билан ва кўриш ҳисси орқали мумкин бўлади.
  2. Кўз билан кўриш шундай бир ишдирки, агар унинг имкони бўлса, амалга ошиши албатта, зарур бўлади. Бунинг маъноси, агар бирор нарсани кўришнинг кўз учун имкони бўлса ва бунинг учун керакли шарт-шароитлар муҳайё бўлиб, ҳеч бир тўсиқ ҳам бўлмаса, у ҳолда кўз уни албатта кўради. Демак, кўз унинг олдида турган нарсаларни улар орасида ҳеч бир тўсиқ бўлмаган тақдирда кўрамаслигининг иложи йўқ. Бинобарин, агар Аллоҳ таоло ва моддий оламдан юқори турган бошқа номоддий мавжудотлар кўз билан кўриб бўладиган нарсалар қаторидан жой олганида эди, шак-шубҳасиз, уларни кўриш зарур ва қатъий бўларди ва на кўрувчи, на кўринадиган нарса унинг олдини ололмасди.
  3. Кўриш мумкин бўлган ҳар бир нарсани ҳамма кўра олади ва шу боис, уни кўришни фақат бир тоифагагина хос деб билишга ҳеч бир асос йўқ. Демак, ҳар икки томон учун баробар ҳолда кўз билан кўришнинг шарт-шароитлари муҳайё бўлиши биланоқ, ушбу дарахтни Аҳмад кўради, лекин Амр уни кўрмайди, деб айтиш мумкин эмас.
  4. Кўз билан кўриш мумкин бўлган нарса ҳамма вақт кўзга кўринади ва уни кўришни маълум бир вақтга хос деб билиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, маълум бир дарахтни бугун кўз билан кўриб бўлмайди, эртага кўзга кўринади, деб айтишга ўрин йўқ, албатта, агар кўз билан кўришнинг шарт-шароитлари ҳар икки замонда бир хил ва баробар ҳолда мавжуд бўлса.

Булар кўз билан кўришнинг энг муҳим қоидалари ва тамойилларидир. Энди бизнинг муҳокамамизда ушбу тамойиллар нимани талаб қилишини кўришимиз керак:

Биринчи қоидага кўра, кўриш ҳисси ва сезгиси билан кўрилган нарса, албатта, сезиларли ва моддий бўлиши керак. Ҳолбуки, бу ҳолат Унинг жисм эмаслиги ҳақида ҳамма бир овоздан қабул қилган Вожибул-вужудга мувофиқ ва уйғун эмас.

Иккинчи қоидага кўра, агар Аллоҳ таолони кўз билан кўриш имкони бўлганида, биз Уни бирор бир қийинчиликсиз кўра олардик ва Уни кўришдан тийилишга қодир бўлмасдик. Аммо биз Худони кўзимиз билан кўра олмаганимиз учун, Худо кўз билан кўриш мумкин бўлмаган мавжудотлардандир.

Учинчи қоидага кўра, агар Аллоҳ таоло кўз билан кўриладиган бўлса, у ҳолда Уни мўминлар ҳам, кофирлар ҳам кўришлари шарт ва натижада Ашъарий уламолари Аллоҳни кўришни фақат мўминларга хос деб билишларининг маъноси йўқ.

Тўртинчи қоидага кўра, агар Аллоҳ таоло кўз билан кўриш мумкин бўлган мажудотлардан бири бўлса, у ҳолда кўрувчи Уни хоҳлаган вақтда кўра олиши керак. Демак, Ашъарий гуруҳи Худони кўришни фақат охират кунига хос деб билиши маъно ва маниққа эга эмасдир.

Аммо Ашъарийнинг охиратдаги вазият бу дунё вазиятидан фарқли бўлади, деган даъвосини уч эҳтимол шаклида ўрганиб чиқиш лозим:

  1. Ҳозирги борлиқ тузумининг асосларида шундай ўзгариш рўй берадики, бу дунёда имконсиз ва маҳол бўлган нарсалар охиратда мумкин бўлади ва мумкин бўлган нарсалар эса маҳол бўлиб қолади.
  2. Борлиқ тузумининг бўлимлари ўртасидаги боғлиқликларда ўзгариш содир бўлади, яъни бу дунёда ўрнатилган алоқа ва боғлиқликлар охиратда барҳам топади. Масалан, олов ва иссиқлик ёки ширинлик ва шакар ўртасидаги боғлиқлик ўртадан кўтарилади.
  3. Ўзгариш деганда борлиқ оламнинг ҳозирги даражадан мукаммалроқ ва юқорироқ босқичга кўтарилиши тушунилади.

Булар суҳбатимизда тасаввур қилиниши мумкин бўлган эҳтимоллар бўлиб, Аллоҳ таолони кўриш масаласини ушбу эҳтимоллар доирасида кўриб чиқишимиз керак. Энди бу ерда шундай савол туғилади: Агар охиратда Аллоҳни кўриш рўй бергудек бўлса, ушбу уч эҳтимолдан қайси бири рўёбга чиқади? Бошқа таъбир билан айтганда, Ашъарийнинг қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўз билан кайфиятсиз-ҳолатсиз ва йўналишсиз кўриш мумкин бўлади, деган ақидасига биноан, ушбу ўзгариш эҳтимолларининг қайси бири содир бўлади? Ашъарий гуруҳининг ушбу ақидаси ҳақида фикр юритар эканмиз, олдин айтиб ўтганимиздек, бу ақида кўришнинг тўрт қоидасига зид эканлигини ва агар бу ақида тўғри бўлса, у ҳолда ушбу қоидаларнинг охиратда бекор ва пуч бўлиши кераклигини тушунамиз. Бу қоидаларнинг бекор бўлиши эса учинчи эҳтимолга тўғри келмайди. Зеро, ушбу эҳтимолга кўра, борлиқ оламининг тузуми ўзига хос хусусиятларни сақлаб қолиши билан биргаликда унинг камолотини оширадиган бошқа янги хусусиятларни ҳам касб этади.

Шунингдек, ушбу ақида борлиқ оламининг ҳақиқатлари орасидаги боғлиқликнинг барҳам топишини кўрсатувчи иккинчи эҳтимолга ҳам монанд эмас. Чунки, агар боғлиқликларнинг барҳам топиши моҳиятан маҳол ва имконсиз бўлса ёки маҳол нарсани талаб қилса, унда биринчи эҳтимолга қайтади ва агар моҳиятан мумкин бўлиб, бироқ маҳол ва имконсиз бўлган нарсани келтириб чиқарадиган бўлса, у ҳолда иккинчи эҳтимолга қайтади.

Агар оловнинг иссиқликдан ажралишини кўзга кўринишнинг жисмонийликдан ажралиши билан қиёсласак, бу иккиси ўртасида асосий фарқ борлигини кўрамиз. Оловнинг иссиқликдан ажралиши зотан ва табиатан мумкин бўлиб, ҳеч бир маҳол ва имконсиз нарсани юзага келтирмайди ва у фақат бу борлиқ оламининг қонунларидан бири бўлган иссиқлик билан олов ўртасидаги маълум бир алоқанининг бекор этилишини талаб қилади. Бу муайян алоқа ва боғлиқлик ҳазрати Иброҳим (алайҳис салом) учун ёқилган оловда амалда барҳам топди. Шунга биноан, ушбу қонуннинг бекор этилиши тасаввур қилиш мумкин бўлган ҳолатдир, ваҳоланки, кўз билан кўришнинг жисмонийликдан ажралиши эса ақлга сиғмайдиган нарсадир ва Абу Зуҳранинг сўзларида келганидек, ақл уч бурчакли квадратни тасаввур қила олмаганидек, худди шундай кўз билан кўриш ила жисмонийликдан йироқ ва муназзаҳ бўлишни биргаликда ва бир вақтнинг ўзида тасаввур эта олмайди. Бундай номумкинлик ҳолати маҳол ишларда мавжуддир, мумкин бўлмаган ишларда эмас.

Бинобарин, кўз билан кўришни жисмонийликдан ажратиш биринчи эҳтимол туридаги ўзгаришни талаб қилади ва биринчи эҳтимол туридаги ўзгариш маҳол бўлгани учун ва маҳол нарса эса зотан ва табиатан имконсиз бўлгани боис, бундай нарса ҳақида келажакда амалга ошади, деб айтишнинг маъноси йўқ. Зероки, бундай сўздан сафсата ва беҳудалик юзага келади. Қуръони Каримда ҳам биринчи эҳтимолнинг охиратда дунёдаги каби имконсиз ва маҳол эканлигига ишора қилиб шундай дейилади:

﴿إِنَّ الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا لَا تُفَتَّحُ لَهُمْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَلَا يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّىٰ يَلِجَ الْجَمَلُ فِي سَمِّ الْخِيَاطِ ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُجْرِمِينَ﴾

«Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз». (Аъроф сураси, 40-оят)

Маҳол бўлган нарса ҳар доим маҳол ва имконсиздир ва уни муайян шарт-шароитлар билан чеклаб қўйишнинг маъноси йўқ. Чунки, бир нарсанинг маҳол ва имконсиз эканлигининг сабаби вақт масаласи ёки бажарувчининг кучидаги қусур ва нуқсонлик эмас, балки ўша нарсанинг зоти ва асл-асоси имконсиз эканлигидадир.

Юқоридаги тушунтиришлар билан ушбу эҳтимоллар орасидаги фарқ қуйидагича ойдинлашади:

Биринчи эҳтимол маҳол бўлиб, биз муҳокама қилаётган масала, яъни охиратда Аллоҳ таолони кўз билан кўзиш масаласи шунга қайтади.

Иккинчи эҳтимол зотан ва табиатан мумкиндир, лекин у борлиқ оламнинг бузилиши ва тартибсизлигига олиб келади ва уни исботлаш учун эса далил керак. Ҳолбуки, бунга ҳеч қандай далил кўрсатиб бўлмайди.

Учинчи эҳтимол: Ақл ва шариат қабул қилган ва мумкин бўлган ҳолат бўлиб, ушбу эҳтимол борлиқ олам учун кўпроқ комиллик ва етуклиликни олиб келади.

Айтилганларга кўра, охиратда содир бўладиган ўзгариш ва эволюция ё иккинчи эҳтимол турига ёки учинчи эҳтимол турига тегишли бўлиб, бу борада фақат нақлий далиллар қатъий ва якуний фикрни баён эта олади. Айтиб ўтилганидек, нақлий далиллар учинчи эҳтимолни қўллаб-қувватлайди.

Қуръони Каримда айтилишича, қиёмат куни ғофил ва жоҳил қалблар жаҳолат ва ғафлат уйқусидан уйғонади, оловнинг ҳарорати кучаяди ҳамда жим ва сокин турган бадан аъзолари сўзлайди. Бу айний намуналар борлиқ оламининг охиратда камолотнинг энг чўққисига етишига очиқ далилдир. Бундай масала албатта, ақл ва ҳикматга [доноликка] мос келади, аммо иккинчи эҳтимол эса ҳикматга зиддир. Учинчи эҳтимолга кўра, охиратдаги юксак ҳақиқатлар инсонларга тўлиқ намоён бўлади. Аллоҳ таоло бу борада марҳамат қилиб айтади:

﴿لَقَدْ كُنتَ فِي غَفْلَةٍ مِّنْ هَٰذَا فَكَشَفْنَا عَنكَ غِطَاءَكَ فَبَصَرُكَ الْيَوْمَ حَدِيدٌ﴾

[Қиёмат куни инсонга айтилади:] «Ҳақиқатдан ҳам, сен бундан ғафлатда эдинг. Бас, Биз пардангни [кўзингдан] олиб ташладик ва бугун кўзинг ўткирдир». (Қоф сураси, 22-оят)

Мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай деганлар:

«لَوْ كُشِفَ لِي الْغِطَاءُ مَا ازْدَدتُّ يَقِيناً»

«Агар кўзимдан пардалар олинса-да, менинг ишончим сира ошмайди».[6]

Шак-шубҳасиз, ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг қалбий қараш ва нигоҳлари ҳатто шу дунёда ҳам шу даражада ўткир ва кучли эдики, барча ғайбий ҳақиқатлар у зотнинг дил кўзгуси ва ёруғ қараши қаршисида ойдин ва равшан турарди, шу даражадаки, охиратдаги ишлар ва ҳолатларнинг ошкор бўлиши билан ҳам ул ҳазратнинг ишончига ҳеч нарса қўшилмайди. Бу ҳақиқат янги кўриш сезгиси орқали эмас, балки чуқур қалбий огоҳлик орқали очилади. Зероки, бу моддий кўз ғайб оламининг сир-асрорлари ва ҳақиқатларини идрок этишга қодир эмас ва ғайб олами эса материя даражасига тушмайди. Бундан ташқари, охират камолотининг тақозосига биноан, инсон юксакроқ ва комилроқ мартабага етади, шу даражадаки, инсониятга юқори даражали ғайбий ҳақиқатлар намоён бўлади, лекин материядан юқорида бўлган ғайб олами оддий кўз билан идрок этиладиган моддий дунё даражасига тушмайди.

Шунга биноан, охиратда содир бўладиган ва Ашъарий гуруҳи даъво қилган хусусиятларга мос келадиган нарса – айнан қалб билан кўришдир. Ашъарийнинг ақидасига кўра, Аллоҳни кўриш фақат мўминларга хос бўлиб, у ҳам бўлса, маълум бир вақтда, яъни охиратда рўй беради ва бу мўминга энг ёқимли қувонч ва завқ бағишлайди. Ва албатта, бундай кўриш бошқа бир сезги билан кайфиятсиз-ҳолатсиз ва йўналишсиз ҳолда содир бўлади. Ашъарийнинг айтган ушбу хусусиятлари кўз билан кўришга эмас, қалб билан кўришга хосдир. Хўш, Ашъарий гуруҳи Аллоҳ таолони кўз билан кўришга эътиқод қилиш учун қандай асос кўрсата олишади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таолони қалб билан кўриш ақл ва нақлга [яъни Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларга] мувофиқдир. Ҳолбуки, кўз билан кўриш бир томондан маҳол ва имконсиз бўлиб, нотўғри ақлий натижаларга олиб келса, иккинчи томондан эса Аллоҳ таолони кўз билан кўришни бир ақида сифатида қабул қилиш учун нақлий далиллар ҳам уни тасдиқламайди. Агарда Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримда ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларида ушбу ақидани тасдиқловчи бирор маълумот келган бўлса-да, бироқ биз бу ақидани қабул қила олмаймиз ва ўша маълумотларни қалб билан кўришга таъвил қилиш бу ақиданинг маҳол эканлиги муаммосига ҳамда нотўғри фикрий натижаларга дуч келгандан кўра ва Қуръоннинг Аллоҳни кўз билан кўришни ошкора инкор этувчи оятларига қарши чиқишдан кўра афзалроқдир. Шубҳасиз, Қуръони Карим ушбу ақидани қўллаб-қувватламайди, аксинча уни инкор этади ва биз баҳсимиз давомида бу ҳақда муфассал сўз юритамиз.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Аллома Ҳиллий, «Кафшул-мурод», тадқиқотчи: Ҳасан Ҳасанзода Омулий, Ан-Нашр ал-Исломий муассасаси нашриёти, Қум-Эрон, тўққизинчи чоп, 1422-ҳижрий йил, 405-бетдан 414-бетларгача.

[2]. Жафар Субҳоний, «Рисаалатун ҳавла руъйати Аллаҳ субҳанаҳу», яъни Аллоҳ Субҳонаҳу ва таолони кўриш ҳақидаги рисола, Ал-Имом Ас-Содиқ муассасаси нашриёти, Қум-Эрон, 1424-ҳижрий йил, 63 ва 64-бетлар.

[3]. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ибн Таймия, унинг ҳаёти ва асри», 270-бет.

[4]. Қуръони Каримнинг бир неча оятларида истиво сўзи Аллоҳ таоло ҳақида ишлатилган. Мисол тариқасида:

ثُمَّ اسْتَوَىٰ عَلَى الْعَرْشِ

«Сўнгра Аллоҳ Аршга ўтирди [унга эга бўлди]». (Раъд сураси, 2-оят)

[5]. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ибн Таймия, унинг ҳаёти ва асри», 272 ва 273-бетлар.

[6]. Ибн Шаҳр Ошуб, «Ал-Маноқиб», 2-жилд, 38-бет ва шунингдек, Шайх Муфид, «Иршодул-қулуб», 2-жилд, 14-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.