Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар:

Ушбу масалада мезон ва меъёр ақлий далиллар эканлигини юқорида айтиб ўтдик. Зероки, нақлий далиллар маҳол ва имконсиз нарсани баён қила олмайди, балки нақлий далиллар мумкин бўлган ишнигина баён эта олади, бироқ фақат ақл бир нарсанинг мумкин ёки номумкин эканлиги ҳақида ҳукм қила олади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, агар ақл парадокс, яъни икки зид ва қарама-қарши нарсанинг бирлашиши маҳол ва имконсиз, деб ҳукм қилса, у ҳолда Қуръон ва Суннатда бундай икки нарсанинг бирлашиши мумкинлигини ифодаловчи бирор нарсани топишимиз мантиққа тўғри келмайди. Агарда бирор киши шундай нарса Қуръон ва Суннатда бор, деса-да, унда биз Қуръон ва Суннатда назарда тутилган зоҳирий маънодан бошқа томонларни, масалан киноя, истиора ва мажоз кабиларни излашимиз керак бўлади.

Бизнинг суҳбатимизга тааллуқли бўлган оятлар икки қисмдан иборат:

  1. Худони кўз билан кўриш маҳол эканлигини ошкора ифодаловчи оятлар.
  2. Ташқи ва зоҳирий маъноси ушбу масаланинг ҳар икки томонини ифодаловчи муташобеҳ оятлар.

Лекин Ашъария тоифаси қанчалик уринмасинлар, ушбу муташобеҳ оятлар фақат уларнинг кўзлаган маъносигагина чекланган бўлиб, бошқа маънони буткул рад этганлигини исботлай олмайдилар. Биз Ашъария гуруҳининг далилларини ўрганиб чиқишнинг иккинчи босқичида, яъни Қуръоний далиллар қисмида ушбу муташобеҳ оятларни келтириб баҳс юритдик, лекин Аллоҳ таолони кўз билан кўришни очиқдан-очиқ инкор этувчи оятлар қуйидагилардан иборат:

﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ ۖ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ﴾

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва [ҳар нарсадан] хабардор зотдир». (Анъом сураси, 103-оят)

Сайид Абдулҳусайн Шарафиддин бу оятни далил ва асос қилиб келтиришни яхши изоҳлаб, уни рад этиш учун айтилган сўзларга ҳам чиройли жавоб берган. Шунинг учун, бу олимнинг сўзларини бу ерда келтириш ўринлидир. У айтади:

«Кўз билан идрок этиш таъбири тилга олинганда, ундан фақат кўз билан кўриш тушунилади ва шунингдек, ушбу таъбир қулоқларга нисбатан ишлатилиб, мен уни қулоғим билан идрок қилдим, дейилса, ундан фақат эшитиш тушунилади ва худди шу тарзда, идрок этиш таъбири сезгилардан бирига нисбат бериб ишлатилса, ўша ҳис ва сезгининг ўйнаган роли ва англаши маъносида бўлади. Шунга биноан, мен уни оғзим билан идрок қилдим, дейилса, маъноси: унинг таъмини татиб кўрдим дегани ёки уни бурним билан идрок этдим, дейилса, маъноси: унинг ҳидини ҳидладим дегани».

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло икки хусусият туфайли барча мавжудотлардан устун эканлиги баён қилинган. Зеро, тирик одамлар каби баъзи мавжудотлар ҳам кўрадилар ҳамда кўзга кўринадилар, жонсиз нарсалар ва кўзга кўринадиган аразлар [акседентлар] каби баъзи мавжудотларни кўз билан кўриб бўлади, лекин уларнинг ўзи кўрмайди, кўзга кўринмайдиган аразлар [акседентлар] каби баъзи мавжудотлар эса на кўради на кўзга кўринади. Аллоҳ таоло бу мавжудотларнинг ҳаммасини яратиб, уларнинг устидан ҳукмронлик ва устунликка эга ва Унинг Ўзи фақат кўрадиган, лекин кўзга кўринмайдиган ушбу хусусиятларга эга бўлиб, У Ўзини юқоридаги оятда бу икки хусусият билан мақтаган. Шунингдек, У Ўзини: «يُطْعِمُ وَلَا يُطْعَمُ» «У ризқи-рўз бериб таомлантиради, лекин таомлантирилмайди» ва «يُجِيرُ وَلَا يُجَارُ عَلَيْهِ» «У паноҳ беради, лекин Унга паноҳ берилмайди» деган иборалар билан мақтаган.

Ушбу оятнинг тафсирида буюк тафсирчи олим Айёший Самарқандий ривоят қилган ҳадисни келтириш кифоядир: Фазл ибн Саҳл Зур-раёсатайн саккизинчи пешвоимиз Имом Али ибн Мусо ар-Ризо (алайҳис салом)дан одамлар ихтилофга борган Аллоҳни кўз билан кўриш масаласи ҳақида сўради. Имом унинг саволига жавобан дедилар: «Ким Аллоҳни У Ўзи учун баён қилган сифатларига зид бўлган хусусиятлар билан тилга олса, Аллоҳга катта ёлғон нисбат берибди». Сўнгра Имом ушбу оятни:

﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ ۖ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ﴾

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этур. У латиф ва [ҳар нарсадан] хабардор зотдир» ўқиб сўзларини шундай давом эттирдилар:

«Ўй-хаёллар Унга ета олмайди ва Унинг қандайлигини [ҳолатини] идрок эта олмайди, яъни англай олмайди».

Аҳли суннатнинг буюк тафсирчи ва илоҳиётчи олими Фахриддин Ар-Розий Анъом сурасидаги ушбу оятнинг тафсирида ғалати бир гапни айтган. Унинг фикрича, Ашъария тоифаси Аллоҳни кўриш мумкинлигини ва мўминлар Уни қиёмат куни кўз билан кўришларини исботлаш учун ушбу оятни далил қилиб келтиришган. У ўзининг узун, тушунарсиз, такаллуфли ва мураккаб нутқида ушбу оятни далил қилиб келтиришнинг тўрт жиҳатини Ашъарийлар сўзидан келтирган. Ким унинг бу сўзининг нотўғрилиги ҳамда бўш ва бемаънилигини билмоқчи бўлса, унинг гапларига мурожаат қилиши керак. Биз бу ерда ушбу тўрт жиҳатнинг қисқача мазмуни келтирамиз:

Биринчи жиҳат: Аллоҳ таоло لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ оятида Ўзини мақтаган ва Аллоҳ таолони кўз билан кўриш мумкин бўлган тақдирдагина ушбу мақтов ўринли ва муносиб бўлади, яъни Аллоҳ таоло кўзга кўриниши мумкинлиги билан ҳамда Ўзининг ҳайратланарли қудрати билан одамларни Ундан қайтарган ва бундай куч-қудрат мақтовга сазовордир. Лекин агар Худони кўз билан кўриш ўз-ўзидан имконсиз ва маҳол бўлса эди, мақтовга ўрин бўлмасди, аксинча бундай мақтов номаъқул бўлиб, ҳикматли Зот бўлмиш Аллоҳга ярашмасди. Зероки, Худонинг кўзга кўринмаслиги йўқ нарса, таъм, ҳид, ирода ва қудратнинг кўринмаслигига ўхшаш бўлиб, агарчи бундай нарсаларни кўз билан кўриб бўлмаса-да, лекин لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ оятини улар учун мақтов деб ҳисоблаб бўлмайди. Демак, ушбу ояти карима Аллоҳни кўз билан кўриш зотан мумкинлигини баён қилади.

Бунга жавобан айтамиз: Кўриниб турибдики, ушбу оятдаги мақтов фақат لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ ибораси билан ифодаланмай, балки оятда зикр қилинган ҳар икки хусусият биргаликда мақтовни ифодалайди. Аллоҳ таоло бу икки хусусиятга эга бўлиши натижасида барча махлуқотларидан устун бўлиб, бу устунлиги билан Ўзини мақташга лойиқдир. Аллоҳни кўз билан кўришнинг имкони йўқлигига оятнинг далолат қилишини изоҳлаганда ҳам бу фикрни баён қилдик.

Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг буюклиги ва жалолу-азаматини иҳота қилишнинг имкони йўқлиги ва мавжудотлар Унинг зотини идрок этиш ва англашдан ожиз эканлиги учун Уни кўз билан кўриб бўлмасликнинг ўзи мақдовга сабаб бўлиб, Ўзини мақташ манбаидир. Бинобарин, Ҳай-Тирик ва Қаййум-доим Турувчи Зот бўлмиш Аллоҳни йўқ нарса ва шунга ўхшашлар билан таққослаш ноўрин ва номуносиб қиёслаш бўлиб, Аллоҳ таоло бундан пок ва муназзаҳдир. Фахриддин Ар-Розий ва унинг тарафдорлари бу ингичка масаладан хабардорлар.

Қуйидаги ояти карима ҳам сўзимизнинг далилидир:

﴿وَقُلِ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي لَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَمْ يَكُن لَّهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ وَلَمْ يَكُن لَّهُ وَلِيٌّ مِّنَ الذُّلِّ ۖ وَكَبِّرْهُ تَكْبِيرًا﴾‏

«Ҳамду мақтов фарзанд тутмаган, ҳукмронликда шериги бўлмаган ва хорлик юзасидан Унга ёрдамчи бўлмаган Аллоҳ учундир, дегин. Ва Уни мудом улуғлагин». (Исро сураси, 111-оят)

Ушбу маънодаги оятлар ва ҳадислар Фахриддин Ар-Розийнинг юқоридаги гапини ошкора рад этади. Негаки ушбу оятдаги ҳамду мақтов фарзанди бўлмаслик, ҳукмронликда шериги бўлмаслик ва хорлик юзасидан дўсту-ёрдамчига зор бўлмасликка асосланган. Бу айтилганларнинг барчаси Аллоҳ таоло учун зотан маҳол ва имконсиз эканлигини эътиборга олиб, Фахри Розий бу ҳамду мақтовни ўринсиз ва маъносиз деб айта оладими? Ёки у фарзанд, шерик ва дўстга эга бўлишни Аллоҳ таоло учун зотан ва табиатан мумкин деб биладими?! Йўқ, у ҳеч қачон бу икки нарса ҳақида сўз очмайди ҳам.

Иккинчи жиҳат: Аллоҳ таоло Ўзини идрок этади, чунки ояти каримада айтилишига биноан: لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас», ушбу оятнинг маъно-мазмунидан Аллоҳ таоло Ўзини кўриши мумкин бўлиб, шунга биноан, мўминлар ҳам қиёмат кунида албатта, Аллоҳни кўрадилар, деган хулоса келиб чиқади. Зероки, мусулмонлар бу масалада икки тоифага бўлинган бўлиб, учинчи тоифа мавжуд эмас: Бир тоифа мусулмонлар Худони кўз билан кўриш мумкинлигига ва қиёмат кунида мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўришларига эътиқод қилишади. Иккинчи тоифа мусулмонлар эса Аллоҳни ҳеч ким кўра олмайди ва Уни кўз билан кўриш номумкин ва маҳол, деб эътиқод қилишади. Ҳеч ким «Аллоҳни кўриш ўз-ўзидан мумкиндир, лекин Аллоҳ зотининг ҳақиқатини Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким англай олмайди», деб айтмаган. Шунинг учун, ушбу ақида мураккаб, яъни бирлашган ижмога кўра кўра ботилдир.

Бунга жавобан айтиш керакки: Фахр Розий ушбу билдирган фикрида асл масаладан буткул четга чиқиб кетган. Негаки асл масала шундаки, Аллоҳдан ўзга бирор ким Аллоҳ зотининг ҳақиқатини англай оладими ёки йўқми? Аллоҳ таоло Ўз зотининг ҳақиқатини англаб етиши ҳақида ҳеч ким шак-шубҳага бормаган. Ҳеч бир мусулмон ва шунингдек, бошқа динларга эътиқод қилувчиларнинг ҳеч бири Аллоҳ таоло Ўз зотининг ҳақиқатини идрок этиши маҳолдир, деган ақидага ёндашмайди, балки Таврот, Инжил ва Қуръони Каримга эргашувчи барча инсонлар وَسِعَ كُلَّ شَيْءٍ عِلْمًا﴿ «У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир» (Тоҳо сураси, 98-оят) деган тушунчага бир овоздан қўшиладилар ва ушбу масала ойдин бўлиб, унга далил-исбот келтиришга ҳожат ҳам йўқ. Шунга қарамай, Фахриддин Ар-Розий Аллоҳ таолони кўз билан кўриш мумкинлигини исботлаш учун ушбу оятни: وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ﴾﴿ «У кўзларни идрок этур» далил қилиб келтирган. Аммо бундай далил келтириш хато ва нотўғридир. Чунки, ушбу оятдаги «أَبْصَار» яъни “кўзлар” сўзи Аллоҳ таолодан қайтарилиб, кўз эгалари бўлган мавжудотларга қаратилган. Зеро, ушбу оятда ошкора айтилишича, Аллоҳ идрок этадиган кўзлардан оятнинг биринчи қисмида келган ва Худони идрок этолмайдиган кўзлар назарда тутилган. Ушбу ояти каримадан биринчи бўлиб инсон фикрига келадиган нарса айнан шу тушунча бўлиб, бундай тушунча Фахр Розийнинг илму-идрокидан яширин эмас, лекин барибир у бу борада шак-шубҳа туғдирмоқчи бўлган. Акс ҳолда мураккаб ижмо қаерда-ю ушбу оятнинг: ﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ﴾ «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этур» маъно-мазмуни қаерда? Ва «кўз эгалари бўлган кўрувчиларнинг ҳеч бири Аллоҳни кўра олмаслар ва Аллоҳ эса уларнинг ҳаммасини идрок этади», деган маънони баён қилиш учун, хоҳ арабча бўлсин ёки бошқа тилда, бу оятдан ҳам аниқроқ ва тушунарлироқ қандай таъбир ва сўз келтириш мумкин?

Бундан ташқари, бу ердаги ижмо, қабул қилинган деб фараз қилсак-да, мураккаб бўладими ёки басийтми [оддийми], далил бўла олмайди. Ва албатта, Фахр Розий ҳам бу масаладан хабардор бўлса ажаб эмас.

Учинчи жиҳат: «أَبْصَار» сўзи кўплик бўлиб, оятда унинг бошида Алиф-Лом келган ва Алиф-Лом билан келган кўплик сўз эса умумийлик ва қамраб олиш маъносини англатади. Бинобарин, оятдаги لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас» жумласининг маъноси: «Ҳамма кўзлар ҳам Уни кўра олмас», дегани. Яъни умумий ҳолдаги кўзларни эътиборга олиб умум кўзлар учун Худони кўриш имкони инкор қилинган ва умум кўзлар учун Аллоҳни кўриш инкор этилганидан эса баъзи кўзлар учун Худони кўришнинг исботланиши тушунилади. Масалан, ҳамма одамлар Зайдни урдилар, десак, баъзи одамлар уни урди, деган маънода бўлади. Худди шундай لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас» оятининг маъноси: Ҳамма кўзлар Уни кўра олмайди, лекин баъзи кўзлар албатта, Уни кўради, дегани.

Бунга жавобан айтамиз: Бу оятда келган инкор умумий инкор маъносини англатади, умумийликни инкор этиш эмас. Зероки оятнинг умумийлиги ва кенг қамровлигидан араб тилида инсонг фикрига келадиган илк нарса умумий инкордир. لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ ояти ушбу жумла ва таъбирларга ўхшайди:

«لَا تَشْتَبِهُ عَلَيْهِ الْأَصْوَاتُ وَاللُّغَاتُ»

«Овозлар ва тиллар Унга аралашиб кетмайди».

«وَلَا تَغْشَاهُ الظُّلُمَاتُ وَالسِّنَاتُ»

«Зулматлар ва уйқулар Уни қамраб олмайди».

«وَلَا يُبْرِمُهُ الْمُلِحُّونَ عَلَيْهِ بِالْحَاجَاتِ وَالطَّلَبَاتِ»

«Одамлар ўз ҳожат ва талаблари амалга ошиши учун оёқ тираб олишлари Уни толиқтирмайди» ва шуларга ўхшаш сон-саноқсиз мисолларда инкор умумий бўлиб келган ва инкор контекстида қарор топган Алиф-Ломга эга кўплик сўзи ифодаловчи барча кишиларни ўз ичига қамраб олади. Ва шунингдек, қуйидаги намуналарда:

﴿وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ

«Аллоҳ фасод қилувчиларни яхши кўрмайди». (Моида сураси, 64-оят)

«لَا يَكْرَهُ الْمُصْلِحِينَ»

«У ислоҳ қилувчиларни ёмон кўрмайди».

«لا يَنْسَى مِنْ فَضْلِهِ الْمُحْسِنِينَ»

«У ўз фазлу-марҳаматидан яхшилик қилувчиларни унутмайди» ва бошқа мисолларда худди шунга ўхшаш услубда баён қилинган.

Тўртинчи жиҳат: Аллоҳ таолони кўз билан кўриб бўлмайди, балки Аллоҳ таоло қиёмат кунида яратадиган олтинчи ҳис этувчи сезги билан кўзга кўринади ва ушбу لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ ояти шу маънони ифодалайди. Зеро, ушбу оятда Аллоҳни идрок этишнинг инкор қилиниши кўзларга хос деб айтилгани ва бир ҳукмни бирор нарсага хос этиб айтилиши бошқа нарсалардаги вазият ўша ҳукмга зид эканлигидан далолатдир. Бинобарин, Аллоҳни кўздан бошқа сезги билан кўриш мумкин бўлиши керак ва бу дунёдаги бор бўлган сезгилар билан Аллоҳни кўриб бўлмагани учун Аллоҳ таоло олтинчи сезгини яратиши ва у билан Аллоҳни кўриш амалга ошиши исботланади. Кейин Фахриддин Ар-Розий сўзини давом эттириб айтади: Мўминлар қиёмат кунида Аллоҳни кўришларини исботлаш учун ушбу оятдан олинган мана шу тўрт жиҳатни асос қилиб келтириш мумкин…

Имом Фахриддин Ар-Розий тўртинчи жиҳатни баён қиларкан, бизнинг қарашимизни қабул қилиб, Аллоҳ таолони кўз билан кўриб бўлмайди ва бу дунёдаги бошқа сезги аъзолар ҳам бу иш учун муносиб эмас, деб очиқ айтган. У ушбу ҳақиқатни тўғри эътироф этиб, уни қатъий қабул қилинганлардан деб билган ва ўзи ҳам ишонч билан уни қабул қилган ва шу тариқа ўзининг аввалги уч жиҳатда барпо этган ҳамма нарсасини бузиб ташлаб, ўша уч жиҳат сохта ва ҳақиқатдан йироқ эканлигини эътироф этган. Аммо Аллоҳ таоло қиёматда олтинчи сезги билан кўринади, деган иддао эса бизнинг суҳбатимиз мавзусидан ташқарида бўлиб, бундай иддаога ҳеч бир далил йўқлигига қўшимча, Фахр Розий бу гапни ўзидан тўқиб айтганки: لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас» оятининг далолат қилишича, Аллоҳни идрок этишнинг инкор қилиниши кўзларга хос деб айтилгани ва бир ҳукмни бирор нарсага хос этиб айтилиши бошқа нарсалардаги вазият ўша ҳукмга зид эканлигидан далолатдир.

Бу асоссиз далилнинг пучлиги очиқ-ойдиндир. Зероки, لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ оятида бундай хос этиб айтилган ҳукмнинг ўзи йўқ ва худди шунга ўхшаш бошқа таъбирларда ҳам жумладан:

«ما كلّمته بفمي»

«Мен мен унга оғзим билан гапирмадим».

«ولا شممت عرفه بأنفي»

«Мен унинг атирини бурним билан ҳидламадим».

«ولا وطأت برجلي أرضه»

«Унинг ерини оёғим билан босмадим» бирор бир хос этиб айтилган ҳукм йўқ. Демак, «унинг ерини оёғим билан босмадим» деган гапнинг маъноси оёқсиз унинг ерига кирдим, дегани эмас. Худди шундай لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ﴿ ояти Аллоҳнинг кўздан бошқа бир сезги билан кўрилишига далолат қилмайди. Аллоҳга қасамки, Имом Фахр Розий қандай ҳам фалсафа тўқишларга берилиб, уларни ўзича кўтариб чиққан?! Ҳолбуки, Фахр Розий لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ﴾﴿ «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этур» оятининг ошкора баёнидан араб тили аҳлининг фикрига келадиган маънодан жуда йироқ бўлиб, гўё у араб тилидан анча узоқлашган кўринади. У Қуръони Карим оятларининг зоҳир ва очиқ-ойдин маъноларини ўзининг фалсафа ва тушунчаларига зид бўлган ҳолларда уларни далил деб билмайди. У ўзининг имомлик қадр-қимматини бундай нарсалардан юқори деб билса эди, нақадар чиройли бўларди.

Аллоҳ таолони мутлақо кўз билан кўриб бўлмасликни баён қиладиган иккинчи оят:

﴿يَوْمَئِذٍ لَّا تَنفَعُ الشَّفَاعَةُ إِلَّا مَنْ أَذِنَ لَهُ الرَّحْمَٰنُ وَرَضِيَ لَهُ قَوْلًا *‏ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا﴾.

«У кунда [ҳеч кимнинг] шафоати фойда бермас, фақат Раҳмон унга рухсат берган ва [бошқаларга шафоат қилиш ҳақида] унинг сўзидан рози бўлган кишининг шафоатигина фойда берур. У Зот уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, ортларидаги нарсаларни ҳам билур. Улар эса У Зотни илм ила иҳота қила олмаслар». (Тоҳо сураси, 109 ва 110-оятлар)

Ушбу оятнинг хусусияти шундаки, унда охират ҳақида сўз юритилган, яъни Ашъарияларнинг мўминлар охиратда оламлар Парвардигорини кўзлари билан кўрадилар, деб қилган даъвосининг ўша замон шароитлари ҳақида сўз борган. Гўёки ушбу ояти карима Ашъария тоифасининг ақидасини очиқ ва ошкора рад этиб, Аллоҳ таоло Ўз яратганларининг зоҳирий ва яширин ҳолатларидан хабардор эканлигини ва уларни ҳар томонлама қамраб олганини, лекин Аллоҳ таолонинг ўша адолатли ва улкан маҳкамасида ҳозир бўлиб, Парвардигори оламнинг муқаддас ҳузурида турадиган махлуқотларнинг ҳеч бири бу адолатли ҳукм қилувчи Зотни илм ва танимоқ ила иҳота қила олмасликларини, яъни қамраб ололмасликларини айтган, агарчи ҳукм қилувчи ҳам, маҳкум ҳам [яъни ҳукм қилинувчи ҳам] ўша маҳкамада ҳозир бўлсалар-да.

Юқоридаги оятнинг وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا﴿ «Улар эса У Зотни илм ила иҳота қила олмаслар, яъни қамраб ололмаслар», деган ушбу ибораси қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этиш учун айтилиши мумкин бўлган энг нозик ва энг аниқ таъбирдир. Агар бу оятдаги ушбу баён ва таъбир қиёмат кунида Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор қилишга далил бўлмаса, бас унда қайси баён ва таъбир бунга далил бўла олади? Кўз билан кўришнинг маъноси кўрувчи кўринадиган нарсага нисбатан билимга эга бўлиши демакдир ва натижада кўринадиган нарса кўрувчига ҳиссий нуқтаи назардан маълум бўлади. Юқоридаги ояти карима эса Аллоҳ таолога нисбатан бундай илм ҳосил қилишни қатъиян инкор этади ва шу йўсинда Худони қиёмат куни кўз билан кўришни рад этади.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.