Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади? (10)

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади? (10)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳни кўз билан кўриш ақидасининг пайдо бўлиши омиллари:

Олдинги суҳбатларимизда ушбу ақидавий масаланинг ҳукмини ақл ва Қуръони Карим асосида баён қилдик, лекин ислом тарихига назар солсак, танзеҳ ақидаси ислом динининг илк даврида мусулмонлар орасида кенг тарқалганини ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари ҳам танзеҳ ақидасига эътиқод қилганларини кўрамиз. Фикримизнинг тасдиғи ўлароқ, бу ерда бир неча намуналарни келтирамиз:

«Саҳиҳул Бухорий» китобида Омир Масруқдан шундай ривоят қилган:

«Мен Оишага: «Эй Уммул мўъминин, [мўминларнинг онаси,] Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз Парвардигорини кўрганми?», дедим. Оиша деди: Сенинг бу айтган сўзларингдан сочларим тикка бўлиб кетди. Ким сенга уч нарса ҳақида гапирса (билгинки,) у ёлғон сўзлагандир; Кимки: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Парвардигорини кўрган», деса, ёлғон сўзлаган бўлур. Сўнг у ушбу оятни ўқиди:

﴿لَا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ ۖ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ﴾

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва [ҳар нарсадан] хабардор зотдир». (Анъом сураси, 103-оят)

﴿وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِن وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ ۚ﴾

«Аллоҳ ҳеч бир инсон билан сўзламайди, магар ваҳий орқали ёки бирор парда-тўсиқ ортидан ёки бирор элчи-фаришта юбориб, У зотнинг изни ила Унинг хоҳлаган нарсасини ваҳий қилиш билангина сўзлайдир». (Шўро сураси, 51-оят) ва кимки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эртага нима бўлишини билади, деса, ёлғон сўзлагандир. Кейин у ушбу оятни ўқиди:

﴿وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَّاذَا تَكْسِبُ غَدًا ۖ ﴾

«Ҳеч бир киши эртага нима касб этишини билмас». (Луқмон сураси, 34-оят)

Ким сенга у зот ваҳийдан бирор нарсани яширган, деса, ёлғон сўзлагандир. Кейин у ушбу оятни ўқиди:

﴿يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ…﴾

«Эй Расул, Раббингдан сенга нозил қилинган нарсани одамларга етказгин…» (Моида сураси, 67-оят). Лекин у зот Жаброил (алайҳис салом)ни ўз қиёфасида икки марта кўрдилар».[1]

«Фирдавс ал-Ахбор» китобида Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ таолони У Зотдан бошқасига ташбеҳ қилган-ўхшатган кишини мушрик деб атаганлар».[2] Бу ривоят Ибн Аббоснинг Аллоҳни кўз билан кўриш бобидаги ақидавий масалага нисбатан қандай мавқега эга эканлигини маълум қилади.

Саъолабий «Ал-Жавоҳирул Ҳисон» номли китобида ривоят қилади: Оиша ва барча саҳобалар ушбу оятнинг:

﴿وَلَقَدْ رَآهُ نَزْلَةً أُخْرَىٰ﴾‏

«Ва дарҳақиқат, у [Пайғамбар] уни бошқа сафар ҳам кўрди» (Нажм сураси, 13-оят) тафсирида Аллоҳ таолони кўз билан кўришдан йироқ ва муназзаҳ деб билганлари учун رَآهُ сўзидаги олмошни ҳазрати Жаброилга қайтаришарди.[3] Яна ривоят қилинадики, Оиша бир кишининг: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Парвардигорини кўргандир» деганини эшитиб, уч марта: «Сен айтган сўзлардан баданимдаги туклар тик бўлди. Ким Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Парвардигорини кўрган деб гумон қилса, Аллоҳ таолога катта ёлғон гапни нисбат берган бўлади», деди.[4]

Шайх Салома Қузоий Шофеий (вафоти: 1379 ҳижрий йил) илгариги уламолар қиёмат кунида Аллоҳни кўз билан кўришга эътиқод қилганлар, деб иддао қилган кимсаларни рад этиб шундай деган: «Агар бирор жойда илгаригиларнинг: «Биз Аллоҳнинг юзи бор, аммо бошқа юзларга ўхшаш эмас, Унинг қўли бор, лекин бошқа қўлларга ўхшаш эмас, деб эътиқод қиламиз», деганларини кўрсак, уларнинг назарда тутган маъно-мазмунлари Аллоҳнинг юксак Зоти қисмлар ва бўлакларга бўлиниб, Унинг бир қисми қўл ва иккинчи қисми эса юздир, бироқ махлуқотларнинг қўллари ва юзларига ўхшамайди, деган ақидадан иборат деб ўйламаслигимиз керак. Илгариги уламолар шубҳасиз, айнан ташбеҳ [яъни Аллоҳни бошқа мавжудотларга ўхшатиш] ақидаси бўлган ушбу тафаккурдан йироқ эдилар ва уларнинг бу сўзлардан назарда тутган маънолари шундан иборат эди: “Юз” ва “қўл” сўзлари Аллоҳ таолонинг буюклик ва қудрат каби юксак Зотига лойиқ бўлган маъно ва сифатда қўлланган, аммо улар бу муқаддас илоҳий ҳудудга тушиб қолишдан қўрқиб, бу сифатларни белгилашдан тийилганлар. Шунга қарамай, мужассима тоифаси [яъни Аллоҳ таолонинг жисми ва танаси борлигига ишонадиганлар] бундай ибораларни суиистеъмол қилиб ва оддий одамларни йўлдан оздириб, содда шахсларни алдаганлар ва бу ибораларни Аллоҳнинг бўлак ва қисмларга эга эканлиги маъносида қабул қилганлар ва шу тариқа, улар тажсим ва ташбеҳ қаърига тушиб қолишган, агарчи ўзлари бу номни ёқтирмай, ундан узоқлашмоқчи бўлишса-да. Лекин уларнинг бу сохта ва ёлғон сўзлари таниқли олимлар ҳамда ўткир фикрли ва зукко ҳакимларга [доно кишиларга] сир эмасдир».[5]

Ушбу турдаги маълумотлар бизни ислом уммати орасида Аллоҳ таолони кўз билан кўриш ақидаси пайдо бўлишига сабаб бўлган омилларни излашга ундайди. Аммо бундан олдин биз инсон нафси ва табиати табиий ҳолда материя ва моддий феноменларга интилишини, мужаррад-ғайримоддий ва транссендентал ҳақиқатларни қийинчилик билан, у ҳам бўлса, фақат ақл раҳнамолигида қатъий далил-исботлар орқали қабул қилишини тан олмоғимиз лозим. Баъзан эса ҳиссий сезгилар орқали идрок этишга бўлган хоҳиш-истак инсонни мужаррад-ғайримоддий ҳақиқатларга моддий кийим кийдиришга ундайди ва бу нарса инсоният тарихида бутпарастлик пайдо бўлишининг психологик илдизи ва шунингдек, баъзи динларда бутпарастликнинг баъзи кўринишларининг илдизи ҳамдир. Мисол тариқасида, Уч Бирлик ғояси ва Исо Масиҳ (алайҳис салом) Худонинг ўғли эканлиги ҳақидаги даъвони келтириш мумкин. Тажсим [яъни Худо жисм ва танага эга эканлиги] ва Худонинг кўзга кўриниши ҳақидаги ўй-фикрларнинг асл маъно-моҳияти ҳам худди шу йўналишдадир. Бунинг акси ўлароқ, соф ва холис тавҳид-яккахудоликни ҳар қандай моддий тушунча ва ўйловлардан ҳимоя қилиш учун танзеҳ ақидасига қаттиқ урғу берилиб, тажсим ақидасининг барча кўриниш ва ҳолатлари инкор этилди.

Бу масаланинг психологик томони биз юритаётган баҳс билан боғлиқ бўлмай, натижада мусулмонлар жамиятида Аллоҳ таолони кўз билан кўриш назариясининг пайдо бўлишига сабаб бўлган омилларни муҳокама этиш доирасига кирмайди. Чунки, ушбу мавзунинг теологик табиати бизни бир гуруҳ мусулмон олимларга ушбу ақиданинг асослаш воситаларини тақдим этган омилларни излашга ва бутун инсоният учун умумий психологик муҳит ҳисобланган билвосита омилни четга суришга ундайди.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу ақиданинг пайдо бўлиши икки асосий омил билан боғлиқ:

  1. Ислом динининг илк даврида аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насронийларнинг салбий роли.
  2. Ҳашвия гуруҳининг тутган йўли ва фикрлаш тарзига эргашиш. Ҳашвия тоифаси Қуръон оятлари ва ҳадислар каби диний матнларнинг зоҳирий маъносини ушлаб олиб, тажсим ва ташбеҳ ақидасига ёндашувчилар бўлган. Улар сўзларнинг тушунчаси ва маъно-мазмунидан кўра зоҳирий маънони афзал кўриб, диний матнларни сўзма-сўз ёки юзаки тафсир қилишга таянганлар. Ушбу қараш Аллоҳни кўз билан кўриш ақидасининг юзага келишига улкан таъсир кўрсатган.

Биринчи омил ҳақида Шаҳристоний ўзининг «Ал-Милалу ван-Ниҳал» китобида айтади:

وضع كثير من اليهود الذين اعتنقوا الإسلام أحاديث متعددة في مسائل التجسيم والتشبيه، وكلها مستمدة من التوراة.

«Исломни қабул қилган кўпгина яҳудийлар тажсим ва ташбеҳ масалалари ҳақида кўплаб ҳадислар тўқишди ва уларнинг барчаси Тавротдан олинган».[6]

Ушбу мавзуни чуқурроқ изоҳлаб айтадиган бўлсак, ислом дини ўз илоҳларини бутларда мужассам деб билган мушриклардан ҳамда диний маданияти тажсим ва ташбеҳга тўлиб тошган аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насронийлардан ташкил топган бир муҳитда пайдо бўлди ва ҳар икки гуруҳ билан курашиб, заррача моддиюнлик шубҳаси унга йўл топа олмаган соф ва холис тавҳидга урғу берди. Натижада ислом дини Арабистон ярим оролида кенг тарқалиб, одамлар тўп-тўп бўлиб ислом динига кира бошлагач, яҳудийлар ва насронийлар ҳақиқат қаршисида таслим бўлишдан ўзга чора тополмадилар. Оқибат, улар юзаки ҳолда ўзларини ислом динига кирган қилиб кўрсатишди, бироқ улар кўпинча бу динга сидқидилдан эътиқод қилмасдилар, фақат улар орасидан илоҳий иноят ва ҳидоят уларни қамраб олган кишиларгина исломни астойдил қабул қилишганди ва ундайларнинг сони оз эди. Лекин уларнинг аксарияти, айниқса ҳибрлар [яҳудийларнинг руҳонийлари] ва насроний роҳиблар ўзларининг олдинги эътиқодларида қолишганди.

Ҳибрлар ва роҳиблар икки аҳдда, яъни Таврот ва Инжилда келган ҳикоялар, қисса ва афсоналар ҳамда эътиқодий масалаларни яхши билишар эди ва шунинг учун уларни илмий усулдан фойдаланиб, махсус ҳийла-найранг билан мусулмонлар орасида тарқатишни ўзларига мақсаб қилиб олишди. Бунинг устига, аксарият мусулмонлар орасида соддалик ҳукмрон эди, шунинг учун мусулмонлар яҳудий руҳонийлар ва роҳибларни ҳақиқий илм эгалари бўлмиш раббоний олимлар деб ўйлаб, улар ўргатган нарсаларни буткул берилиб холис ният билан ўрганиб олишарди. Бу эса хурофий ҳикоя ва қиссаларни ҳамда асоссиз ва ботил эътиқодларни тарқатиш, айниқса, тажсим ва ташбеҳга ҳамда пайғамбарларни мусулмонлар назарида уларга оғир гуноҳларни нисбат бериш билан камситишга оид бўлган пуч ақидаларни ёйиш учун қулай замин яратди. Ва Аллоҳни кўз билан кўриш масаласи ҳам улар эътибор қаратган юқоридаги масалалардан аҳамияти кам эмас эди. Ўтмишдаги ва ҳозирги ҳадис китобларида сиз учратадиган тажсим, ташбеҳ, Аллоҳни кўз билан кўриш, пайғамбарларга гуноҳлар нисбат бериш, инсон ихтиёрини олиб қўядиган қазо ва қадарга эътибор қаратиш ҳақида келган кўплаб ҳадислар исломни юзаки қабул қилган яҳудийлар ва насронийлар томонидан уйдирилган тўқималардир. Баъзи салафлар [ўтмишдаги мусулмонлар] ушбу тўқима ҳадисларни чинакам ҳақиқатлар ва тўғри ҳикоялар деб ўйлаб, уларни яхши қабул қилишган ва кейинги авлодлар орасида кенг тарқатишган ва афсуски бу ҳолат ҳозирги кунимизга қадар давом этиб келмоқда. Бу ҳақда Аҳли суннатнинг буюк олими Ибн Холдун айтади: 

قال ابن خلدون: إنّ العـرب لم يكـونـوا أهل كتـاب ولا علم وإنّما غلبت عليهم البداوة والأُمِّية، وإذا تشوَّقوا إلى معرفة شيء مما تتوَّق إليه النفوس البشرية في أسباب المكوَّنات وبـدء الخليقة وأسرار الوجود فإنّما يسألون عنه أهـل الكتاب قبلهم، ويستفيـدونـه منهم وهم أهل التـوراة من اليهود و من تبع دينهم من النصارى مثـل كعب الأحبـار و وهب بن منبـه وعبـد الله بن سـلام وأمثالهم. فامتلأت التفاسير من المنقولات عندهم، وتساهل المفسرون في مثل ذلك وملأوا كتب التفسير بهذه المنقولات، وأصلهـا كلُّهـا كمـا قلنـا من التـوراة أو ممّا كـانـوا يفترون.

«Араблар китоб аҳли бўлмай, бирор илмга эга эмасдилар ва улар устидан фақат бадавийлик ва саводсизлик ҳукм сурарди. Ва агар улар борлиқ оламларнинг сабаблари, яратилишнинг бошланиши ва борлиқ сирлари ҳақида инсонлар кўнгли орзу қилган бирор нарсани билишга иштиёқманд бўлсалар, фақат ўзларидан олдинги китоб аҳлидан сўраб, улардан баҳраманд бўладилар. Ваҳоланки, улар Каъб ал-Аҳбор, Ваҳаб ибн Мунаббиҳ, Абдуллоҳ ибн Салом ва шуларга ўхшаш яҳудийлардан бўлган Таврот аҳли ҳамда насронийлардан уларнинг динига эргашган кишилар эди. Натижада, тафсир китоблар яҳудийларнинг наздидаги нақл қилинган ҳикоя ва қиссалар билан тўлиб тошди ва муфассирлар бундай ишларга енгил қараб, тафсир китобларини ушбу нақл қилинган ҳикоя ва қиссалар билан тўлдиришди. Ҳолбуки, биз айтганимиздек уларнинг барчасининг асл-асоси Тавротдан ёки уларнинг ўзлари тўқиган нарсалардандир».[7]

Яҳудийларнинг ўзини мусулмон қилиб кўрсатган буюк руҳонийларидан бири Абу Исҳоқ Каъб ибн Мотеъ «Каъб ал-Аҳбор» ёки «Каъб ал-Ҳибр» номи билан танилган шахс эди. У мусулмонларнинг фикрини ва ҳаттоки халифалар ҳамда унинг таржимаи ҳолини баён этувчи рижол илми уламоларинининг фикрини ҳам чалғитиб алдай олди. У Абу Бакр даврида зоҳирий ва юзаки ҳолда исломни қабул қилди ва Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида эса Қуддус забт этилганда, Ямандан Мадинага келди. Каъб ал-Аҳбор Қуддусга бормоқчи бўлганида, Умар уни Мадинада сақлаб қолиб, унга халифанинг расмий нотиқи ва маърузачиси унвонини берди. Шунинг учун, саҳобалар ва бошқалар Каъб ал-Аҳбордан таълим олишди.

Ҳибрлар ва роҳибларнинг Таврот ва Инжилда келган нарсаларни мусулмонлар орасида кенг ёйишларига йўл очган омиллардан бири пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳадисларини ёзиб олиш, уларни тарқатиш ва ривоят қилиб бошқаларга етказишнинг юз йилдан ортиқ вақт давомида таъқиқланиши эди. Оқибат Сарвари олам ҳадисларини тақиқлашдан юзага келган бўшлиқ яҳудий ва насроний бидъатлари, христиан динининг бемаъниликлари ҳамда яҳудийлар афсоналарининг мусулмонлар орасида пайдо бўлиши учун, айниқса, яҳудий руҳонийлари ва насроний роҳиблари томонидан юзага келтириш учун қулай замин яратди.

Бошқа таъбир билан айтганда, ислом тарихида юз берган ўта аянчли ҳодисалардан бири шуки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалари у зотнинг вафотларидан сўнг дарҳол бир томондан Пайғамбаримиз ҳадисларини ривоят қилишни ман этишди ва иккинчи томондан эса Каъб ал-Аҳбор ва ундан кейин Ваҳаб ибн Мунаббиҳ каби эндигина ислом динини қабул қилган яҳудий донишманд ва руҳонийларга йўл очиб беришди. Бунинг натижасида улар ташбеҳ ва тажсимга тўла бўлган ўзларининг Исроилий меросларини мусулмонларга ўргата бошлашди. Вазият шу даражадага етиб бордики, Каъб ал-Аҳбор Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан кейин мусулмонлар ҳаётида ажабланарли ўрин эгаллади. Ачирнарли ҳолат шундан иборатки, Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий каби Аҳли суннатнинг йирик олими ҳам Каъб ал-Аҳборни таништираркан шундай дейди:

قال الذهبي: العلّامة الحبر الذي كان يهودياً فأسلم بعـد وفاة النبيّ، وقدم المدينة من اليمن في أيام عمر، وجالس أصحاب محمد، فكان يحدِّثهم عن الكتب الإسرائيلية ويحفظ عجـائب – إلى أن قال: – حدَّث عنه أبو هريرة ومعاوية وابن عباس وذلك من قبيل روايـة الصحابي عن تابعي وهو نادر عـزيز، وحـدّث عنه أيضـاً أسلم «مـولى عمـر» وتبيع الحميري ابن امـرأة كعب، وروى عنـه عـدّة من التابعين كعطاء بن يسار وغيره مرسلاً، وقع له رواية في سنن أبي داود والترمذي والنسائي.

«У яҳудий бўлган аллома, донишманд эди ва Пайғамбар (с.а.в) вафотларидан кейин мусулмон бўлиб, Умар даврида Ямандан Мадинага келган. У Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари билан ўтириб турар ва уларга Исроилий китоблар ҳақида гапириб берар эди. У [Каъб ал-Аҳбор] ғалати ва ажойиб нарсаларни ёддан биларди … Абу Ҳурайра, Муовия ва Ибн Аббос ундан ҳадис ривоят қилишган ва бу эса саҳобийларнинг тобеиндан ҳадис ривоят қилиш туридан бўлиб, камёб ва истисно ҳолатдир. Ва шунингдек, «Умарнинг озод қилинган қули» Аслам ва Каъб хотинининг ўғли Табийъ ал-Ҳамирий ҳам ундан ҳадис ривоят қилишган. Ато ибн Ясор ва бошқалар каби бир қанча тобеинлар ҳам ундан [Каъб ал-Аҳбордан] мурсал шаклда ҳадис ривоят қилишган. Сунани Абу Довуд, Термизий ва Насоийда ҳам ундан ривоят қилинган ҳадислар бор».[8]

Заҳабий ўзининг айрим китобларида Каъб ал-Аҳборни илм хазиналаридан бири бири деб таърифлаган.[9]

Бу яҳудий маккор донишманд ўз наздидаги афсоналар ва уйдирма ҳикояларни мусулмонлар орасида кенг ёйиш учун қулай муҳит топди ва шу тариқа ўзининг ҳалокатли заҳарини саҳобалар ва тобеинлар орасида тарқатиб улгурди. Оқибат саҳобалар ва тобеинлар биз яхши иш қиляпмиз деб ўйлаб, унга эргашишди. Ушбу яҳудий донишманд ва руҳонийнинг макру-ҳийласи мусулмонлар онгига нақадар чуқур таъсир кўрсатганидан дарак берган нарса шуки, қачон Каъб ал-Аҳбор Тавротдан бирор нарсани айтиб берса, ўша вақтнинг ўзидаёқ унга шогирд тушиб, ундан билим олаётган баъзи саҳобалар айнан Каъб ал-Аҳбор таърифлаб берган нарсаларни ҳадис шаклида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбат беришар эди. Саҳоларнинг бу ишини оқлайдиган нарса эса уларнинг Каъб ал-Аҳборга бўлган ишончлари ва унга яхши гумонда бўлишлари эди. Улар Каъб ал-Аҳбор ривоят қилган нарсаларни тўғри ва рост деб ўйлаб, ўша нарсаларни ҳадис шаклида Пайғамбар (с.а.в)га нисбат беришар ва агар Каъб ал-Аҳбор бундай нарсалар ҳақида билимга эга бўлса, демак, Пайғамбар (с.а.в) ундан кўра бу нарсаларни билишга лойиқроқлар, деб ўйлашар эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан сўнг Каъб ал-Аҳбор исломни қабул қилгач, ўзи ривоят қилган хурофий ҳикоя ва афсоналарини тўғридан-тўғри Пайғамбар (с.а.в)га нисбат бера олмади ва агар у Сарвари оламни ҳаётлик чоғларида озгина муддат бўлса-да, кўриб суҳбатдош бўла олса эди, ўзининг ҳикоя ва афсоналарини у зотга нисбат берган бўларди, лекин Аллоҳнинг ирода ва истаги унинг пуч ва ботил орзулари ушалишига тўсқинлиқ қилди. Аммо Пайғамбаримизни кўриб, у ҳазрат билан суҳбатдош бўлган Абу Ҳурайра эса афсоналарни таърифлашдаги устози бўлмиш Каъб ал-Аҳборга нисбатан яхши фикрда бўлгани боис, унинг ривоят қилган ҳикоя ва афсоналарини ҳадис шаклида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га тўнкади ва натижада кўплаб тўқима ҳадислар мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Кейинчалик бундай тўқима ҳадислар кўпгина тафсир ва ҳадис китобларида ёзиб қолдирилди. Ҳадисшунослик илмида яҳудий донишманд ва руҳонийларнинг хурофий ҳикоя ва афсоналари асосида тўқилган ҳадисларга «Исроилиёт» дейилади.

Бир гуруҳ илғор олимлар бу яҳудий донишманднинг етказган зарари қанчалар катта эканини тушуниб етишди. Жумладан, Ибн Касир ўзининг тафсир китобида ҳазрати Сулаймон пайғамбар билан Сабаъ маликасига оид бўлган қисса ҳақида бир қанча ривоятларни келтиргач, айтади:

والأقرب في مثل هذه السياقات أنّها متلقّاة عن أهل الكتاب، ممّا وجـد في صحفهم كروايات كعب ووهب – سامحهما الله تعالى – في ما نقلاه إلى هذه الأُمّة من أخبـار بني إسرائيل من الأوابـد والغرائب والعجائب ممّا كان وما لم يكن، وممّا حُرِّفَ وبُدِّلَ ونُسِخَ، وقد أغنانا الله سبحانه عن ذلك بما هو أصحُّ منه وأنفع وأوضح وأبلغ.

«Ва бундай мазмундаги ҳадислар борасида ҳақиқатга яқин нарса шуки, улар Каъб ва Ваҳаб – Аллоҳ таоло уларни авф этсин – ривоятлари каби аҳли китоб [яҳудий ва насронийлар]нинг манбаларида мавжуд бўлган ҳикоя ва қиссалардан олингандир. У иккаласи бу ислом умматига Бани Исроилнинг ўтмишдаги бўлган ва бўлмаган ғалати ва ажойибу-ғаройиб ҳамда ўзгартирилган, бузиб ташланган ва бекор қилинган ҳикояларини нақл қилишарди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бизни бундай ҳикоялардан тўғрироқ, фойдалироқ, ойдинроқ ва етиб борувчироқ нарсалар [таълимотлар] билан эҳтиёжсиз қилиб қўйган».[10]

Бу борада тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун намуна сифатида иккита тўқима ҳадисни келтирамиз. Улардан бири Имом ат-Табарийнинг ўз тарих китобида Каъб ал-Аҳбордан қуёш ва ойнинг қиёмат кунида жазоланиши ҳақида ривоят қилган ҳадиси бўлса, иккинчиси эса «Ал-Қуръонул азийм» номли тафсир китоби муаллифи Имом Ибн Касирнинг Абу Ҳурайра орқали пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилган ҳадисидир. Ҳар икки ҳадиснинг мазмунидан уйдирилган тўқима ҳадислар эканлиги ошкора аён бўлиб, уларни бу маккор яҳудий донишманд тарқатган ва содда мусулмонлар эса уларни қабул қилиб, ҳадис шаклида Пайғамбар (с.а.в)га нисбат беришган.

  1. قال الطبري: عن عكرمة قال: بينا ابن عباس ذات يوم جالس إذ جاءه رجل فقال: يا ابن عباس سمعت العجـب من كعب الحبر يـذكـر في الشمس والقمـر قال: وكـان متَّكئاً فـاحتفـر ثـم قال: ومـا ذاك؟ قال: زعم يُجاء بـالشمس والقمر يوم القيامة كأنَّهما ثوران عقيران فيُقذفان في جهنّم، قال عكرمة: فطارت من ابن عباس شفـة ووقعت أُخرى غضباً، ثم قال: كذب کعب، كذب کعب، کذب کعب، ثلاث مرّات، بل هذه يهودية يريـد إدخالها في الإسلام، الله أجلُّ وأكرم من أن يعـذِّب على طاعته، ألم تسمع قول الله تبارك وتعالى: ﴿وَسَخَّرَ لَكُمُ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ دَائِبَيْنِ﴾ إنَّما يعني دؤوبهما في الطاعة، فكيف يعذِّب عبدين يُثني عليهما أنَّهما دائبان في طاعته. قاتلَ الله هذا الحبر وقبَّح حبريته، مـا أجرأه على الله وأعظم فريته على هذين العبدين المطيعين لله، قال: ثم استرجع مراراً.
  2. Имом Табарий Икримадан ривоят қилиб деди: Бир куни Ибн Аббос ўтирганида бир киши келиб: «Эй Ибн Аббос, мен Каъб ал-Аҳбордан қуёш ва ой ҳақида ажабланарли гапларни айтаётганини эшитдим», деди. Ибн Аббос ёнбошлаган ҳолда эди. Шунда хўрсиниб, сўнг: «У нима экан?», деди. У шахс деди: «Каъб ал-Аҳборнинг ўйлашича, қиёмат кунида қуёш ва ой гўё икки туғмас ҳўкиз кўринишида келтирилиб, кейин дўзахга ташланар эмиш». Икрима деди: Ибн Аббоснинг бир лаби учиб, ғазабга келди-да, сўнгра уч марта: «Каъб ёлғон айтган, Каъб ёлғон айтган, Каъб ёлғон айтган! Аксинча, бу гап яҳудийларнинг гапи бўлиб, у буни Исломга киритмоқчи бўлган. Аллоҳ таоло бирор мавжудотни Ўзининг итоатида бўлгани учун жазоламайди. У бундай ишдан юқори ва юксак бўлган Зотдир. Сен Аллоҳ таолонинг ушбу каломини эшитмаганмисан? «У доимо ҳаракатда бўлган қуёш ва ойни сизга бўйсундирди». (Иброҳим сураси, 33-оят) Бу оятнинг маъноси: У иккаласининг доимий ҳаракати Аллоҳнинг итоатида бўлмоқликдир. Демак, Аллоҳ таоло қандайига Ўзининг итоатида доимо ҳаракатда бўлганлигида мақтаган икки бандани азоблайди?! Аллоҳ таоло бу Ҳибрни [яҳудий донишманд ва руҳонийни] ўлдирсин ва унинг донолигини хунуклаштирсин! У нақадар Аллоҳга қарши жасоратлидир! Аллоҳнинг бу икки итоаткор бандасига нисбатан унинг уйдирма бўҳтони нақадар каттадир!», деди. Кейин эса қайта-қайта истиржоъ қилди, яъни «албатта, биз Аллоҳникимиз ва шубҳасиз, биз Унинг ҳузурига қайтгувчимиз», Бақара сурасидаги 156-оятни ўқиди.[11]

۲. قال ابن كثير: روى البزار عن عبد العزيز بن المختار قال: سمعت أبا سلمة بن عبد الرحمن في هذا المسجد مسجـد الكوفة، وجـاء الحسن فجلس إليه فحدَّث قال: حدَّثنا أبو هريرة أنَّ رسول الله صلَّى الله عليه وآله وسلَّم قال: «إنَّ الشمس والقمر ثوران في النار عقيران يوم القيامة» فقال الحسن: وما ذنبهما؟ فقال: أحدثك عن رسول الله صلَّى الله عليه وآله وسلَّم وتقول أحسبه قال: وما ذنبهما؟! ثمَّ قال: لا يُروىٰ عن أبي هريرة إلَّا من هذا الوجه.

  1. Ибн Касир ривоят қилиб деди: Ал-Баззор, Абдулазиз ибн Мухтордан ривоят қилади. Абдулазиз ибн Мухтор деди: Мен Абу Салама ибн Абдурраҳмондан мана шу масжидда, Куфа масжидида эшитдим ва Ҳасан келиб, унинг ёнида ўтирди. Шунда Абу Салама ҳадис ривоят қилиб деди: Абу Ҳурайра бизга шундай ҳадис ривоят қилди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар: «Албатта, қуёш ва ой қиёмат куни икки туғмас ҳўкиз кўринишида дўзах оловига ташланади». Ҳасан: «Уларнинг гуноҳи нима?», деди. Абу Салама эса унга: «Мен сизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилаяпман ва сиз эса менинг ўйлашимча дейсизми?», деди. Ҳасан яна: «Уларнинг гуноҳи нима?!», деди. Сўнгра сўзида давом этиб: «Абу Ҳурайрадан фақат мана шу жиҳатдангина ҳадис ривоят қилинади, холос», деди.[12]

Каъб ал-Аҳбор ҳар доим Тавротни «Аллоҳнинг Китоби» деб тилга оларди. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг ошкора кўрсатмасига кўра, ўша вақтда Таврот ўзгартирилган бўлиб, холис ва соф илоҳий китоб эмас эди (Бақара сураси, 75 ва 159-оятлар). Каъб ал-Аҳбор яҳудийларнинг ҳикоя ва афсоналарини мусулмонлар ўртасида кенг ёйиш учун кўп саъй-ҳаракатлар қилди ва афсуски, у бу ишни амалга оширишда муваффақият қозона олди. Оқибат унинг аҳли китоб ва уларнинг қибласи бўлмиш Қуддусни олқишлаш ва мақташ ҳақидаги ёлғон гаплари ҳамда Қуръони Карим оятларини ўзича тафсирлаб берган сўзлари тафсир, ҳадис ва ислом тарихи китобларига, масалан; Тафсир ат-Табарий, Тафсир ад-Дуррул-мансур Суютий, Тафсир ал-Қуртубий, Тариху Ибн Касир ва шуларга ўхшаш китобларга йўл топди. Каъб ал-Аҳбор яҳудийлик ғояларини мусулмонлар орасида кенг тарқатиш учун ўзига ёрдамчи бўлсин деб шогирдлар ҳам тайёрлади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ва Абу Ҳурайра Давсий каби шахслар Каъб ал-Аҳбор шогирдлари жумласидандир.

Аллоҳ таоло сўзлаш ва кўришни Мусо (алайҳис салом) билан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўртасида бўлиб қўйган, яъни Мусо (алайҳис салом) Худо билан гаплашган ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) эса Аллоҳни кўрган, деган ақидани Каъб ал-Аҳбор мусулмонлар орасида оммалаштирди[13] ва шу тариқа, Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриш ақидасига мусулмонлар наздида асос солди. Тарихий далиллардан – уларнинг баъзиларини биз келтирдик, ҳамда Оиша ва Ибн Аббоснинг ушбу масалага билдирган эътирозини ифодаловчи ривоятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳни кўз билан кўриш ақидаси ислом динининг илк даврида ғалати ва нотаниш бўлган ва ўша вақтдаги мусулмонлар жамияти ушбу ақидага дуч келганда, ундан ҳайратга тушиб, уни рад этиш ва бекор қилишга уринишган. Аммо таассуфки, иккинчи ва учинчи халифаларнинг Каъб ал-Аҳборга кўрсатган улкан эътибори ушбу ботил ақида мусулмонлар орасида пайдо бўлишининг энг катта омили ҳисобланади.

Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Муовия Каъб ал-Аҳборнинг яҳудий ғоялари мусулмонлар орасида кенг ёйилиши учун улкан хизмат кўрсатишди ва шу мақсадда улар Каъб ал-Аҳбордан яратилишнинг бошланиши, маод ва қайта тирилиш ва Қуръон тафсири ҳақида узлуксиз сўрашар эди. Усмон халифалиги даврида унинг ҳукумати ишлари остин-устин бўлиб ағдарилгач, Каъб ал-Аҳбор Мадинаи Мунавварани тарк этиб Шом заминига[14] жўнади ва Муовиянинг расмий кўмаги билан у ерни ташбеҳ, тажсим ва Аллоҳ таолони кўз билан кўриш ҳақидаги ғояларни кенг ёйиш ва тарғибот қилиш марказига айлантирди. Вазият шу даражага етиб бордики, бу ғоя ва ақидалар Шом заминининг тарихий хусусиятларига айланди. Ниҳоят, Каъб ал-Аҳбор 35 ҳижрий йилда 104 ёшда Шомда вафот этди. Афсуски, эндиликда ҳам яҳудийларнинг хурофий ҳикоя ва афсоналарига асосланган мазкур ғоя ва қарашлар «Аҳли сунна вал жамоа ақидаси» номи билан танилиб, мусулмонлар орасида кенг тарқалган ва кўп жойларда таълим берилади.

Демак, юқорида айтилганлардан келиб чиқиб шуни айтиш лозимки, Аҳли суннат Аллоҳни кўз билан кўришни исботлаш учун пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилиб келтирган ҳадислар ё тўқима ва сохта бўлган исроилиёт ҳадислардир ёки уларнинг санади заифдир ёки ақидавий масалаларда далил сифатида келтириб бўлмайдиган воҳид хабарлар, яъни озчилик ривоят қилган ҳадислардир.[15]

Иккинчи омил: Замон нуқтаи назаридан биринчи омилдан кейин туради. Зероки шариат илмларининг жамланиб пайдо бўлиши ҳамда диний назарияларнинг муайян назарий асосларда шаклланиш даври ҳижрий йилнинг биринчи аср охирларидан, яъни тобеинлар давридан бошланган. Бу даврнинг бошланиши билан мусулмонлар орасида бир қанча оқим ва йўналишлар пайдо бўлди. Улардан бири Аҳли ҳадис йўналиши бўлиб, ушбу йўналишга «Ҳашвийя» номи ҳам берилган. Чунки улар ўзларининг юзаки ва қуруқ қарашлари билан танилган бўлиб, алфоз ва сўзларнинг зоҳирий маъносини уларнинг чуқур маъно-мазмунидан кўра афзал кўрганлар. Бу йўналишнинг пайдо бўлиши Куфада Абу Ҳанифа ва бошқалар томонидан шакллантирилган қиёс мактабига нисбатан кучли муносабат билдириш эди. Тажсим, ташбеҳ ва Худони кўз билан кўриш мумкинлиги Аҳли ҳадис мактабининг энг ошкор хусусиятларидан бири эди. Зероки бу мактаб ва ғоя издошлари баъзи диний матнларнинг зоҳирий маъноси тажсим ва Аллоҳнинг кўзга кўринишига далолат қилганини кўриб, улар тажсим ва Аллоҳни кўз билан кўришга эътиқод қилганлар. Сўнгра улар Аллоҳдан кайфият ва ҳолатни инкор этувчи бошқа диний матнларга дуч келдилар, лекин барибир улар ўзларининг ўша илк эътиқодларини ушлаб олишди ва фақат жиҳат-йўналиш ва кайфиятни Худодан инкор этишди. Улар бу иш билан Қуръони Каримнинг турли зоҳирий маъноларга эга сўзлари ўртасини шу тарзда жамлашга ҳаракат қилишди ва шу сабабдан биз Аллоҳнинг аъзолари борлигига эътиқод қиламиз, лекин бу биз биладиган ва тушунадиган тарзда эмас, деб таъкидлашди. Шунинг учун, улар икки муаммо орасида қолишди: Бир томондан ташбеҳ ва тажсим бўлса, иккинчи томондан эса Қуръон оятларининг зоҳирий маъноларига қарши туриш эди. Шу боис, улар икки мушкул ўртасида ўрта-миёна йўлни, яъни барча оятларнинг зоҳирий маъноларини маҳкам ушлаш билан улардан кайфият ва ҳолатни инкор этиш йўлини танладилар. Вақт ўтиши билан, Аҳли ҳадиснинг илгари сурган ушбу назарияси Аҳли суннат томонидан қабул қилиниб, умумий ақидага айланган.

Ибн Ҳажар Асқалоний «Саҳиҳул Бухорий» китобига ёзган «Фатҳул-Борий» номли шарҳида бу ҳақда айтган сўзларини қисман келтирамиз:

«Абул Қосим Лолкоий «Ас-Суннаҳ» китобида Ҳасан Басрийдан шундай ривоят қилади: Умму Салама деди: «Истиво[16], яъни Аршнинг устида ўтириш номаълум эмас, Аллоҳнинг қандай ва қанақа эканлиги ақл билан идрок этилмас, буни қабул этмоқлик айнан иймондир ва уни инкор этиш эса куфрдир». Рабиъа ибн Абу Абдурраҳмондан: Аллоҳ таоло қандай Аршнинг устида ўтирди? [яъни унга эга бўлди?] деб сўралди. У бу саволга жавобан: «Истиво, яъни Аршнинг устида ўтириш номаълум эмас, Унинг қандай ва қанақалиги ҳам ақл билан идрок этилмас. Аллоҳ Элчи ва Пайғамбар йўлламоқлиги керак, Пайғамбар эса Аллоҳнинг хабарини етказмоқлиги лозим ва биз ҳам таслим бўлмоғимиз зарур, яъни унинг айтганларини қабул қилишимиз шарт», деди. Байҳақий бир ривоятда яхши санад билан Авзоиъйдан шундай ривоят қилган: Биз ва тобеинлар Аллоҳ таоло Ўз Аршининг устида қарор топган ва Суннатда Аллоҳ учун айтилган сифатларга эътиқод қиламиз, дер эдик. Саълабий ҳам шундай ривоят қилган: Азоиъйдан ‏ثُمَّ اسْتَوَىٰ عَلَى الْعَرْشِ﴿ «Сўнгра Аллоҳ Аршга ўтирди [унга эга бўлди]» Раъд сурасининг 2-ояти ҳақида сўралди. У бунга жавобан: «У Ўзи таърифлаганидекдир», деди.

Байҳақий яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Ваҳабдан ривоят қилади: Биз Моликнинг ёнида эдик, бир киши ичкарига кириб: «Эй Абу Абдуллоҳ,

﴿‏الرَّحْمَٰنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَىٰ﴾

«Раҳман-Аллоҳ Аршга ўтирди, [уни эгаллади]» (Тоҳо сураси 5-оят) Аллоҳ таоло қандай қилиб Аршнинг устида қарор топди?», деди. Молик бошини пастга эгиб, терга ботди. Сўнг у бошини кўтариб деди: «Аллоҳ таоло Ўзи таърифлаганидек Аршининг устида қарор топди ва бу ҳақда қандай деб айтилмайди. Қандай ҳолатга эгалик ва кайфият Аллоҳдан йироқдир. Мен сени қувилган бир бидъатчи ҳолда кўраяпман». Яҳё ибн Яҳё орқали Моликдан бир ривоят келтирилган бўлиб, ушбу ривоят Умму Саламадан нақл қилинган ривоятга ўхшашдир, фақат фарқи шундаки, Молик: «Уни қабул қилиш вожиб ва бу ҳақда сўрамоқлик эса бидъатдир», деган. Валид ибн Муслимдан ривоят қилинади: Мен Авзоиъй, Молик, Саврий ва Лайс ибн Саъддан Аллоҳнинг сифатларини зикр қилган ҳадислар ҳақида сўрадим. Улар: «Ушбу ҳадисларни қандай ворид бўлган бўлса, ҳеч бир кайфиятсиз ва ҳолатсиз қабул қилингиз ва улардан воз кечингиз», дедилар.

Ибн Абу Ҳотам ўзининг «Маноқиб аш-Шофеъий» китобида Юнус ибн Абдул Аълодан ривоят қилади: Мен Шофеъийнинг шундай деганини эшитдим: «Аллоҳ таолонинг шундай исмлари ва сифатлари борки, уларни ҳеч ким инкор эта олмайди. Кимки қатъий далил ва бурҳон келтирилгандан кейин уларга қарши чиқса, кофирдир. Лекин бундан олдин унинг билмаслик баҳонаси қабул қилинади. Чунки, ушбу масалаларни билмоқлик на ақл билан, на тафаккур ва мулоҳаза юритиш билан ҳосил бўлади. Шунинг учун биз бу сифатларни Аллоҳ учун собит, деб биламиз ва айни пайтда ташбеҳни [яъни Аллоҳни бошқа мавжудотларга ўхшатишни] Ундан инкор қиламиз, худди У зотнинг Ўзи ташбеҳ сифатларни Ўзидан инкор этиб:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

«У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» (Шуро сураси, 11-оят), деб марҳамат қилганидек». Байҳақий, Аҳмад ибн Абу ал-Ҳаворийдан ва у эса Суфён ибн Уяйнадан саҳиҳ санад билан ривоят қилади: Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзи ҳақида айтган ҳар бир сифатнинг тафсири шуки, биз уни тиловат қилиб, унга нисбатан сукут сақлаймиз. Абу Бакр Зобъий айтади: Аҳли суннат ушбу ояти карима:

﴿‏الرَّحْمَٰنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَىٰ﴾

«Раҳмон-Аллоҳ Аршга ўтирди, [уни эгаллади]» (Тоҳо сураси 5-оят) ҳақида кайфият йўқлигига эътиқод қилишади ва бу борада илгаригиларнинг гаплари бир талай. Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам шундай ақидададирлар».[17]

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ушбу ривоятнинг манбаи:

  • Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», 6-жилд, 50-бет.
  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 6-жилд, 49-бет.

[2]. Дейламий, «Фирдавс ал-Ахбор», 4-жилд, 206-бет, “Даарул-Китааб ал-Арабий” нашриёти.

[3]. Саъолабий, «Ал-Жавоҳирул Ҳисон», 3-жилд, 253-бет.

[4]. Қози Абдул Жаббор Мўътазилий, «Шарҳу Усулил Хомсаҳ», 268-бет, Қоҳира нашри.

[5]. Жаъфар Субҳоний, «Буҳусун фил-милали ван-ниҳал», 4-жилд, 120 ва 121-бетлар, Шайх Салома Қузоий Шофеийнинг «Фурқонул-Қуръон» китоби 80-бетидан иқтибос келтирилган.

[6]. Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний, «Ал-Милалу ван-Ниҳал» 1-жилд, 117-бет.

[7]. Ибн Холдуннинг муқаддимаси, 439-бет.

[8]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 3-жилд, 489-бет.

[9]. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тазкиратул-ҳуввоз», 1-жилд, 52-бет.

[10]. Исмоил ибн Умар ибн Касир, «Тафсиру ал-Қуръонил азийм» ёки «Тафсиру Ибн Касир», Намл сурасининг тафсирида, 3-жилд, 339-бет.

[11]. Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихул умами вал-мулук» ёки «Тарихут-Табарий», 1-жилд, 44-бет, Ливан-Байрут нашри.

[12]. Ибн Касир, «Тафсиру ал-Қуръонил азийм» ёки «Тафсиру Ибн Касир», 4-жилд, 475-бет, Байрут-Ливан, Дору иҳёит-туросил арабий чопи.

[13]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 3-жилд, 237-бет.

[14]. Шом замини ҳозирги Сурия, Иордания, Фаластин ва Ливан давлатлари ҳудудини ўз ичига олган.

[15]. Ушбу сўзнинг манбаи:

  • Саййид Абдулҳусайн Шарафиддин «Калиматун ҳавлар-руъйаҳ», яъни кўриш ҳақидаги сўз китоби, Нажаф чопи, 61-бетдан 66-бетларгача.
  • Жаъфар Субҳоний, «Буҳусун фил-милали ван-ниҳал», 2-жилд, 222 ва 226-бетлар.

[16]. Бу сўз қуйидаги ояти каримага ишорадир:

﴿‏ثُمَّ اسْتَوَىٰ عَلَى الْعَرْشِ﴾

«Сўнгра Аллоҳ Аршга ўтирди [унга эга бўлди]». (Раъд сураси, 2-оят).

[17]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий», Байрут-Ливан, Дорул маърифаҳ чопи, 13-жилд, 406 ва 407-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.