Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Қисқача ва фойдали Қуръон тафсири дастури билан танишиш

Қисқача ва фойдали Қуръон тафсири дастури билан танишиш

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ 

Ҳурматли томошабинлар ва тингловчилар!

Қисқа ва фойдали Қуръони Карим тафсири дастури билан хизматингиздамиз.

Биз ушбу дастурда сизни Қуръон оятлари маъно-мазмуни ва тушунчалари билан қисқа, аммо фойдали изоҳлар билан таништиришга ҳаракат қиламиз.

Дастуримизнинг хусусиятлари ва шиори:

Бизнинг аудиториямиз кенг жамоатчилик бўлиб, этник ва тилга оид таассубли қарашлардан узоқда ҳамда тафриқа ва ихтилофга олиб келувчи масалаларни кўтариб чиқишдан сақланган ҳолда исломий бирдамлик таълимоти асосида халқларни тинчлик ва дўстликка ҳамда динлар ва цивилизациялар ўртасида суҳбат ва мулоқотларга чақириш бўйича суҳбатлашамиз.

Биз ушбу дастурда Аллоҳнинг ирода-истаги билан қуйидаги хусусият ва тамойилларга риоя қилишга ҳаракат қиламиз:

  1. Ушбу дастурнинг аудиторияси – ҳақиқатни излаётган ҳамда маълум бир миллат, тил ва географик минтақага нисбатан ножўя ва мутаассиб қарашларга боғлиқ бўлмаган кенг жамоатчиликдан иборат.
  2. Биз ушбу дастуримизда тафриқа ва ихтилофга олиб келувчи мавзуларни баён этишдан сақланишга ҳаракат қиламиз.
  3. Ушбу дастурнинг асосий тамойиллари ҳамжиҳатлик, сулҳу-тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстликдир. Чунки:

Бирлик, тинчлик ва ҳамманинг бўйсуниши уч соҳада илгари сурилади:

А) Мусулмонларнинг иймоний ва исломий соҳаси:

Бу борада Қуръон оятларида шундай дейилган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَآفَّةً﴾

«Эй иймон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар! [Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз]» (Бақара сураси, 208-оят).

﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ﴾

«Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг!» (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Ва мўмин-мусулмонларни сулҳу-тинчлик ва осойишталикка чорловчи ҳамда ҳар қандай ички бўлинишнинг олдини олиб, кофирларга қаттиққўл ва ўзаро меҳрибон, раҳмли бўлишга чақирувчи Фатҳ сурасининг 29-ояти асосида Ислом соясида тинч-тотув ҳаёт кечиришлари учун ҳаётбахш кўрсатмалар айтилган ва агар мусулмонлар орасида бирор кимса мўминлик даъвоси билан бошқа мўмин-мусулмонлар билан уришиб ихтилоф яратса, Қуръони Карим уруш бошлаган томонни жойига ўтқизиб, бу ихтилофни ҳал қилишни мусулмонлар зиммасига юклаган.

Қуръони Карим йўл-йўриқларига асосан, агар икки тоифа мўминлар бир-бирлари билан турли тушунчалар ёки нотўғри ташхис туфайли урушиб қолишса, аввалига ваъз ва насиҳат орқали уларнинг ўртасини ислоҳ қилиш керак. Бироқ агар бир гуруҳ адолатли тинчликни қабул қилмай, қарши томонга зулм қилишда давом этса, шунчаки насиҳат қилишга кифояланмаслик керак, балки ўша золим гуруҳни Аллоҳнинг қонунига бўйсуниши учун жанг қилиш йўли билан ўз ўрнига ўтқазиш керак. Агар улар Аллоҳнинг қонунига бўйсунишса, нафақат низо қилувчилар ўртасида шунчаки сулҳ ўрнатиш керак, балки уларнинг орасини адолат билан ислоҳ қилиш лозим. Чунки, бу ерда икки томон ўртасида муросага келиш мақтовга лойиқ иш эмас, балки мазлумнинг ҳақ-ҳуқуқи золимдан ундириб олиниб, унга қайтарилиши керак, мазлумни ўз ҳақ-ҳуқуқидан воз кечишга мажбурламоқ тўғри иш эмас. Чунки, бу иш сулҳу-тинчликка олиб келиши мумкин, лекин адолатдан узоқдир. Адолатсиз тинчлик эса тинчлантирувчи келишув эмас, балки юракни ёндирадиган ҳолатдир. (Ҳужурот сураси, 9-оят)

Биз Қуръоннинг ушбу кўрсатмасини исломий ваҳдат ва бирдамлик таълимоти деб айтамиз ва бутун Ислом умматини Қуръони Карим кўрсатмалари асосида ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таълимотлари ёғдусида тинч-тотув яшашга чақирамиз.

Б) Илоҳий динларнинг вакиллари соҳаси:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илоҳий динлар вакилларини улар ўртасидаги муштарак тамойил бўлган тавҳид ва яккахудолик калимасига тинч-тотув ҳаёт кечиришлари учун чақирган: 

﴿يَا أَهْلَ الْكِتَابِ تَعَالَوْا إِلَىٰ كَلِمَةٍ سَوَاءٍ بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمْ أَلَّا نَعْبُدَ إِلَّا اللَّهَ وَلَا نُشْرِكَ بِهِ شَيْئًا﴾

«Эй аҳли китоб [яъни, яҳудий ва насронийлар], бизга ҳам, сизга ҳам баробар бўлган бир сўзга келингиз: Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик» (Оли Имрон сураси, 64-оят).

Биз Қуръоннинг ушбу кўрсатмасини «илоҳий динлар вакилларининг ўзаро мулоқоти» деб тилга оламиз ва барча илоҳий динлар издошларини тавҳид ва яккахудолик ёғдусида тинч-тотув яшашга чақирамиз.

В) Инсоният жамиятлари соҳаси (глобал бирлик):

Аллоҳ таоло мусулмонлар учун исломий жамиятга зиён-зарар етказмайдиган ва фитна уюштирмайдиган кофир ва мушриклар билан тинч-осойишта ҳаёт кечиришни жоиз ва мумкин деб ҳисоблайди:

﴿لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ﴾

«Аллоҳ сизлар билан диний уруш қилмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқармаган кимсаларга яхшилик ва адолатли муомала қилишингиздан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Биз Қуръоннинг ушбу кўрсатмасини «цивилизациялар мулоқоти», деб талқин қиламиз ва барча эркталаб ва адолат изловчи инсонларни адолат ва инсон ҳуқуқларига эҳтиром кўрсатишга асосланган тинчлик ва дўстликка чақирамиз.

Ушбу дастурнинг шиори инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ижтимоий адолатга риоя этиш ҳамда ҳар қандай камситиш, айирмачилик ва тенгсизликни инкор этишга асосланган халқлар ўртасидаги глобал тинчлик ва дўстликка чақиришдир.

Биз Қуръони Карим дунё тинчлигига даъват этувчи эканлигига ишонамиз. Қуръон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг низомидир.

Биз Қуръоннинг инсонлар учун энг яхши ҳаёт тарзи эканлигига ишонамиз.

Биз Қуръон инсонларнинг шахсий ва ижтимоий дардларига энг яхши шифобахш дори эканлигига ишонамиз.

Келгуси учрашувларда қисқа ва фойдали Қуръон тафсири дастурида бизга ҳамроҳ бўласиз деб умид қиламиз. Дастур бўйича ўз фикр-мулоҳазаларингиз, таклифларингиз ва саволларингизни бизга юборишингизни сўраймиз.

Яна учрашгунча барчангиз Аллоҳ таолонинг паноҳида омон бўлинг!

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.