Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Ҳазрати Али (а.с) муборак умрларининг сўнгги лаҳзаларида у зотдан сўралган саволларга берган жавоблари

Ҳазрати Али (а.с) муборак умрларининг сўнгги лаҳзаларида у зотдан сўралган саволларга берган жавоблари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳижрийнинг 40-йили, Рамазон ойининг 20-куни эди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) Бомдод намозини ўқиётиб, заҳарланган қилич билан муборак бошларига урилган зарбанинг таъсирида у ҳазратнинг юзларида ўлимнинг белги-аломатлари пайдо бўлган ва заҳар у зотнинг қонларига ўтгани сабаб муборак юзлари сарғайган эди. Шунда ўлим тўшагида ётган мўминлар амири ва тақводорлар сардори ҳазрати Али (алайҳис салом) ўз тўнғич ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)га: «Уй эшиги олдида тўпланган шиаларимга рухсат беринг, келиб мени кўришсин», дедилар. Эшик очилгач, шиалар у зотнинг атрофларига тўпланиб йиғлай бошлашди. Ҳазрати Али (алайҳис салом) уларга хитоб қилиб: «Фурсатни қўлдан бериб, мени кўра олмаслигингиздан олдин нима саволингиз бўлса, мендан сўранглар», дедилар.

Савол берувчилардан бири Саъсаъа ибн Савҳон бўлиб, унинг ривоятлари ҳатто Аҳли суннат манбаларида ҳам келган. Саъсаъа ибн Савҳон шиаларнинг буюк шахсиятларидан бири ҳамда Куфанинг машҳур воизларидан ва буюк ровийлардан бири бўлган. Шиа ва Аҳли суннатдан иборат ҳар икки тоифа уламолари унга ишониб, унинг ривоят қилган ҳадисларини ўз китобларида келтиришган. Яъни шиа уламоларидан ташқари, Аҳли суннатнинг буюк уламолари ҳам, ҳатто Саҳиҳ ҳадислар тўплами муаллифлари ҳам Саъсаъа ибн Савҳоннинг ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисларини ўз китобларида келтирганлар. Саъсаъа ибн Савҳон мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг махсус ёр-саҳобаларидан бири бўлган.

Саъсаъа ибн Савҳон ҳазрати Али (алайҳис салом)га юзланиб, ул ҳазратга қуйидагича саволларини бера бошлади:

أخبرنی يا أمیر المؤمنين أنت أفضل أم آدم أبوالبشر؟

«Эй мўминларнинг амири, айтингчи, сиз афзалмисиз ёки инсониятнинг отаси ҳазрати Одамми?»

Ул ҳазрат унинг саволига жавобан дедилар:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): تزکية المرء لنفسه قبيح.

«Инсон ўзини мақташи хунук ишдир. Лекин وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ﴿ «Ва аммо Парвардигорингнинг берган неъмати ҳақида сўзла» (Зуҳо сураси, 11-оят) бобидан айтаман:

أنا أفضل من آدم

Мен Одамдан афзал ва устунман».

Шунда Саъсаъа ибн Савҳон:

ولم ذلك يا امير المؤمنين؟

«Нима учун сиз Одам Атодан устунсиз, эй мўминлар амири?», деб сўради.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) унга жавобан дедилар:

Аллоҳ таоло ҳазрати Одам (алайҳис салом)га деди:

﴿وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلَا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلَا تَقْرَبَا هَٰذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ

«Эй Одам, сен ва жуфтинг жаннатда қарор топингиз. У[нинг неъматлари]дан мўл-кўл ва ёқимли бўлган ҳолда истаган жойингиздан енглар. Бироқ мана бу [буғдой ё узум ёки анжир] дарахтига яқинлашмангиз, йўқса золимлардан бўлиб қоласизлар» (Бақара сурси, 35-оят).

وأنا أکثر الأشیاء أباحها لی وترکتها وما قاربتها.

«Ҳазрати Одам (алайҳис салом) ман этилганига қарамай, ўша тақиқланган дарахтнинг мевасини тановул қилди ва шунинг учун жаннатдан чиқарилди. Аммо Аллоҳ таоло мени буғдой ейишдан қайтармаган бўлса-да, лекин мен дунёни аҳамиятли кўрмаганим учун ўз ирода-истагим билан ҳеч қачон буғдой нонини емадим».

Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг сўзларига бироз изоҳ берадиган бўлсак, ҳар бир инсоннинг Аллоҳ таоло наздидаги қадр-қиммати ва фазилати унинг зоҳидлиги, яъни дунёга берағбатлиги, парҳезкорлиги ва тақвоси учундир. Кимда-ким дунёнинг зебу-зийнатлари ва мол-мулкларига нисбатан кўпроқ берағбат бўлса, ундай инсон албатта, Аллоҳ таоло даргоҳига яқинроқдир. Зоҳидлик ва тақвонинг энг комил ва етуклилик даражаси, ман этилмаган ҳалолдан ҳам тийилиш бўлиб, ҳазрати Али (алайҳис салом) баракотли умри шарифлари давомида бу ишни юқори даражада бажарганлар.

Яна Саъсаъа ибн Савҳон сўзини давом эттириб:

أنت أفضل یا أمیر المؤمنین أم نوح (عليه السَّلام)؟

«Эй Амирал-мўъминин, сиз афзалми ёки Нуҳ пайғамбарми?», деб сўради.

Ул ҳазрат унга жавобан:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): أنا أفضل من نوح (عليه السَّلام). إنَّ نوحًا دعا علی قومه، وأنا ما دعوت على ظالمي حقي، وابن نوح کان کافراً، وابناي سيد شباب أهل الجنة.

«Мен Нуҳ (алайҳис салом)дан афзалман. Зероки, Нуҳ ўз қавмини Аллоҳ томонга кўп даъват қилдилар, лекин улар у зотга итоат қилмай, аксинча, у зотга кўп азият-озорлар етказишди. Шунда Нуҳ пайғамбар уларни дуойи бад қилиб, Аллоҳдан уларнинг:

﴿رَّبِّ لَا تَذَرْ عَلَى الْأَرْضِ مِنَ الْكَافِرِينَ دَيَّارًا﴾

«Эй Раббим, ер юзида кофирлардан бирор кимсани [тирик] қўймагин» (Нуҳ сураси, 26-оят), деб йўқ қилинишини сўрадилар. Ҳолбуки, ХотамулАнбиё вафотларидан кейин менинг ҳақҳуқуқларимни поймол қилиб, менга зулм қилганларни дуойи бад қилиб, уларнинг ҳалок бўлишларини Аллоҳдан сўрамадим, балки буткул сабр қилдим. Бундан ташқари, Нуҳ (алайҳис салом)нинг ўғли кофир эди, ваҳоланки менинг икки ўғлим жаннат аҳли ёшларининг саййидидир», дедилар.

Ҳазрати Али (алайҳис салом) ўзларининг «Шиқшиқияй» номли хутбаларида ўз сабр-тоқатларини шундай таърифлаганлар:

«فَصَبَرتُ وَفِي العَينِ قذًی وَفِي الحَلقِ شَجًا»

«Гўё кўзимда тикан ва томоғимда суяк бўлганидек сабр қилдим».

Ул ҳазратнинг юқоридаги сўзларининг маъноси шундан иборатки, кимнинг мусибат, қийинчилик ва машаққатлар қаршида сабр-тоқати кўпроқ бўлса, у Аллоҳ таоло даргоҳига яқинроқдир.

Саъсаъа ибн Савҳон яна у ҳазратга савол бериб:

أنت أفضل أم إبراهيم (عليه السَّلام)؟

«Сиз афзалми ёки Иброҳим (алайҳис салом)ми?», деди.

У ҳазрат унинг саволига жавобан:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): أنا أفضل من إبراهيم (عليه السَّلام)

«Мен Иброҳим пайғамбардан афзал ва устунман», дедилар.

Саъсаъа ибн Савҳон бунинг сабабини сўраб:

لم ذلك؟

«Нега сиз Иброҳим (алайҳис салом)дан ҳам устунсиз?», деди.

Ул ҳазрат дедилар: «Ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) Аллоҳ таолога юзланиб:

﴿رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِي الْمَوْتَىٰ ۖ قَالَ أَوَلَمْ تُؤْمِن ۖ قَالَ بَلَىٰ وَلَٰكِن لِّيَطْمَئِنَّ قَلْبِي﴾

«Эй Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?» деди. Иброҳим: «Албаттаки, ишонганман, лекин қалбим янада хотиржам бўлиши учун», деди» (Бақара сурси, 260-оят) Лекин менинг иймон-ишончим шу даражага етдики:

«لو كشف الغطاء ما ازددت يقينًا»

«Агар тўсиқ ва пардалар кўзим олдидан олиб ташланса ҳам, менинг иймон-ишончим бундан ошмайди», деб айтаман».

Ҳазрати Али (алайҳис салом) сўзларининг маъноси шуки, ҳар бир кишининг энг олий даражаси унинг «ҳаққул-яқин», яъни иймон-ишончнинг энг юқори даражасига эга бўлиши билан белгиланади.

Саъсаъа ибн Савҳон яна ул ҳазратдан:

أنت أفضل أم موسى (عليه السَّلام)؟

«Эй Амирал-мўъминин, сиз афзалми ёки Мусо (алайҳис салом)ми?», деб сўради.

Ул ҳазрат унинг ушбу саволига жавобан дедилар:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): إن الله تبارك وتعالى أرسل موسى إلى فرعون فقَالَ: قَالَ رَبِّ إِنِّي قَتَلْتُ مِنْهُمْ نَفْسًا فَأَخَافُ أَن يَقْتُلُونِ ﴿٣٣﴾‏ وَأَخِي هَارُونُ هُوَ أَفْصَحُ مِنِّي لِسَانًا فَأَرْسِلْهُ مَعِيَ رِدْءًا يُصَدِّقُنِي ۖ إِنِّي أَخَافُ أَن يُكَذِّبُونِ ﴿٣٤﴾‏ (سورة القصص، الآیة: ٣٣- ٣٤) حتَّىٰ قال الله تعالى: ﴿يَا مُوسَىٰ لَا تَخَفْ إِنِّي لَا يَخَافُ لَدَيَّ الْمُرْسَلُونَ﴾ (سورة النمل، الآیة: ١٠) وأنا ما خفت حين أرسلني رسول الله بتبليغ سورة البراءة أن أقرأها على قريش في الموسم مع أنِّي کنت قتلت کثيراً من صناديدهم، فذهبت بها وقرأتها عليهم وما خفتهم.

«Мен Мусо (алайҳис салом)дан афзал ва устунман. Чунки, Аллоҳ таоло Мусо пайғамбарни Фиръавн олдига уни Аллоҳ томонга даъват қилиш учун Мисрга юборганида, у ҳазрат Худога:

«Эй Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Ва улар мени ўлдиришларидан қўрқурман. Биродарим Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир. Бас, уни мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман», деди. (Қасас сураси, 33 ва 34-оятлар). Токи Аллоҳ таоло: «Эй Мусо, қўрқма! Зеро, Менинг ҳузуримда Пайғамбарлар қўрқмаслар!», деди. (Намл сураси, 10-оят) Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мени Макка шаҳрига Бароат (Тавба) сурасининг илк оятларини Қурайш мушрикларига уларнинг ибодат мавсими пайти ўқиб етказишим учун юборганларида, мен улардан асло қўрмадим. Агарчи мен Қурайш мушрикларининг кўп бошлиқларини ўлдирган бўлсам ҳам, бироқ улардан қўрқмасдан яккаю-ёлғиз ҳолда Тавба сураси оятларини Маккага олиб бориб, уларга ўқиб етказдим ва вазифамни ёлғиз адо этиб, яна қайтиб келдим».

Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг бу нутқлари у зотнинг ёлғиз Аллоҳга таваккул қилиб, фақат Унгагина таянганларига ишорадир. Чунки, кимнинг Аллоҳга бўлган таваккули кўпроқ ва кучлироқ бўлса, унинг Худо наздидаги фазилати ва устунлиги ҳам юқорироқ бўлади. Қуръони Карим оятларидан маълум бўлишича, ҳазрати Мусо Калимуллоҳ (алайҳис салом) ўзининг диний даъват ишларида акаси ҳазрати Ҳорун (алайҳис салом)га таянардилар, аммо Амирул мўминин Али (алайҳис салом) эса диний даъват ишларида ёлғиз Аллоҳ таологагина тўлиқ таваккул қилар ва Унгагина буткул таянар эдилар.

Саъсаъа ибн Савҳон яна у ҳазратга савол бериб:

أنت أفضل أم عيسى بن مريم؟

«Эй Амирал-мўъминин, сиз афзалми ёки Исо ибн Марям (алайҳис салом)ми?», деди.

Ул ҳазрат:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): أنا أفضل من عيسى (عليه السَّلام)

«Мен Исо пайғамбардан ҳам афзал ва устунман», дедилар. Кейин эса сўзларини шундай деб давом эттирдилар:

قال عليٌّ (عليه السَّلام): عيسی کانت أمُّه في بيت المقدس فلما جاء وقت ولادتها سمعت قائلاً يقول: أخرجي، هذا بيت العبادة لا بيت الولادة، وأنا أمي فاطمة بنت أسد لما قرب وضع حملها کانت في الحرم فانشق حائط الکعبة وسمعت قائلاً يقول: أدخلي فدخلت في وسط البيت، وأنا وُلِدتُّ فيه، وليس لأحد هذه الفضيلة، لا قبلي ولا بعدي.

«Аллоҳнинг изни ва қудрати билан ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) Марямнинг ёқасига пуфлаганида, у Исо пайғамбарга ҳомиладор бўлди. Шунда Исо (алайҳис салом)ни дунёга келтириш вақти келганда, ҳазрати Марям Қуддус масжидида эди. Шу пайт Марям бир кишининг [яъни ҳазрати Жаброил (алайҳис салом)нинг] унга: «Қуддус масжидидан ташқарига чиқ, чунки бу ер ибодат уйидир, туғиш жойи эмас», деб айтганини эшитди ва шунинг учун, ҳазрати Марям Қуддусдан чиқиб, чўлнинг ўртасида қуриган хурмо дарахтининг этагида Исо пайғамбарни дунёга келтирди. Аммо менинг онам Фотима бинти Асаднинг ой-куни яқинлашганда, Масжидул-Ҳаромнинг ўртасида эди. Шунда онам Фотима бинти Асад Каъба Эгасига дуо-илтижо қилиб: «Эй Аллоҳим, бу Уйинг ҳақ-ҳурматига ва бу Уйни бино қилган кишининг ҳақ-ҳурматига тўлғоқни менга осон қилгин», деди. Шу пайт Каъбанинг девори ёрилиб, онам Фотимани ғойибдан келган бир овоз [яъни ҳазрати Жаброил (алайҳис салом)нинг овози] Каъбанинг ичига киришга чақириб: «Эй Фотима, Каъбага киргин», деди. Шунда онам Каъбанинг ичига кирдилар ва мен Аллоҳнинг уйида туғилдим [ва мен дунёга келгач, уч кун Парвардигоримнинг Уйида меҳмон бўлдим]. Мендан олдин ҳам, мендан кейин ҳам ҳеч ким бундай фазилатга эмас».

Кейин яна Саъсаъа ибн Савҳон ўзининг охирги саволини ҳазрати Али (алайҳис салом)дан:

أنت أفضل أم نبيُّنا محمَّد المصطفى صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ؟

«Эй Амирал-мўъминин, сиз афзалми ёки пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ми?», деб сўради.

Ул ҳазрат дарҳол:

قال عليُّ (عليه السَّلام): أنا عبدٌ من عبيد محمَّدٍ

«Мен Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қулларидан бўлган бир қулман», дедилар.

Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг юқоридаги сўзларининг маъноси шундан иборатки, мен нима фазилат ва устунликка эга бўлсам, буларнинг барчаси Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг менга берган махсус тарбиялари натижасида ҳосил бўлган. Шунинг учун ул ҳазрат ўзларини нафақат Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан афзал ва устун деб билмайдилар, балки ўзларини Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қулларидан бўлган бир қул деб биладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳазрати Али (алайҳис салом)ни икки ёшли гўдаклик чоғидан бошлаб ўзларининг махсус тарбиялари остига олганликлари у зотдан кейин ҳазрати Али (алайҳис салом) Ислом умматига раҳнамолик ва йўлбошчилик қилишлари учун Аллоҳ таолонинг юборган ваҳийи ва кўрсатмаси асосида эди.

Юқоридаги Саъсаъа ибн Савҳон ривоят қилган узун ҳадисдан маълум бўлишича, ҳазрати Али (алайҳис салом) Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ташқари, қолган барча пайғамбарлардан афзал ва устун бўлганлар.

Ушбу ҳадисни келтирган манбалар:

  1. Муҳаммад Али бин Аҳмад ат-Табризи ал-Ансорий, «Ал-Ламъатул Байзои фий хутбатиз-Заҳро», 220-бет.
  2. Саййид Неъматуллоҳ Ал-Жазоирий, «Ал-Анворун-Нуъмонийя», 1-жилд, 27-бет.
  3. Саййид Муҳаммад Мусавий Шерозий «Султон ал-Воизийн Шерозий» номи билан танилган, «Пешовар кечалари», 474, 476 ва 814-бетлар.
  4. Аллома Аминий, «Ал-Ғадийр», 10-жилд, 124-бет.

Юқоридаги ҳадиси шарифни янада чуқурроқ изоҳлаш ва асослаб бериш мақсадида қўшимча маълумотларни тақдим этамиз. Аҳли суннатнинг Ибн Абул Ҳадид, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Фахр Розий, Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий каби кўп уламолари қуйидаги ҳадисни пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилганлар:

عَنْ أَبِي الْحَمرَاءِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَرَادَ أَن يَنْظُرَ إِلَىٰ آدَمَ فِي عِلْمِهِ وَإِلَىٰ نُوحٍ فِي فَهْمِهِ وَإِلَىٰ إِبْراهِيمَ فِي حِلْمِهِ وَإِلَىٰ يحْيَى بْنِ زَكَرِّيا فِي زُهْدِهِ وَإِلَىٰ مُوسَى بْنِ عِمْرَانَ فِي بَطْشِهِ وَ إِلَى عِيسَى فِي عِبَادَتِهِ فَلْيَنْظُرْ إِلَىٰ عَلِيٍّ بنِ أَبِي طَالِبٍ.

Абу Ҳамро ривоят қилиб дедики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай деб марҳамат қилдилар: «Кимки, Одам (алайҳис салом)нинг илму-донолигини кўрмоқчи бўлса ва Нуҳ (алайҳис салом)нинг фаҳму-фаросатига назар солмоқчи бўлса ва Иброҳим (алайҳис салом)нинг сабрли-бағрикенг эканлигини ва Яҳё ибн Закариё (алайҳис салом)нинг зоҳид ва дунё молу матосига нисбатан берағбатлигини кўрмоқчи бўлса ва Мусо ибн Имрон (алайҳис салом)нинг довюраклиги ва ҳайбатини кўрмоқчи бўлса ҳамда Исо (алайҳис салом)нинг ибодатига назар қилмоқчи бўлса, унда Али ибн Аби Толиб (алайҳис салом)га қарасин».

Ушбу ҳадисни ўз китобида ривоят қилиб келтирган Аҳли суннат алломалари:

  1. Ибн Асокир, «Тариху Мадинати Дамашқ», 2-жилд, 280-бет, 804-ҳадис.
  2. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 253-бет.
  3. Ганжий Шофеий, «Кифааятут-толиб», 122-бет, 23-боб.
  4. Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 212-бет, 256-ҳадис.
  5. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 7-жилд, 356-бет.
  6. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол», 4-жилд, 99-бет, 8464-ҳадис.
  7. Ибн Абил Ҳадийд, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 2-жилд, 449-бет, миср нашриёти.
  8. Жувайний Хуросоний, «Фароидус симтайн», 35-бет, 142-ҳадис.

Ушбу ҳадиси шарифнинг охирида Мирсаид Али Ҳамадоний Шофеъий шундай қўшимча қилади:

«فإنَّ فيه تسعين خصلة من خصال الأنبياء جمعها الله فیه ولم يجمعها في أحد غيره».

«Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг хислатларидан тўқсонта хислат ва сифатни ҳазрати Али (алайҳис салом)да жамланган ва уларни ул ҳазратдан бошқа ҳеч кимда жамламаган».

Манба: Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 2-жилд, 307-бет.

Албатта, юқоридаги ҳадиси шарифда ҳазрати Али (алайҳис салом)ни илм ва донолик жиҳатидан Одам (алайҳис салом)га ўхшатилиши Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги ушбу каломига кўрадир:

﴿وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا﴾

«Ва [Аллоҳ] бутун номларни Одамга ўргатди», (Бақара сураси, 31-оят).

Ҳамда ҳазрати Али (алайҳис салом)ни сабрлилик ва бағри кенглик жиҳатидан Иброҳим (алайҳис салом)га ўхшатилиши Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги Тавба сурасида марҳамат қилган каломига кўрадир:

﴿إِنَّ إِبْرَاهِيمَ لَأَوَّاهٌ حَلِيمٌ﴾‏

«Дарҳақиқат, Иброҳим тазарруъли ва сабрли-бағри кенгдир», (Тавба сураси, 114-оят).

Натижа ва Хулоса:

Юқорида келтирилган Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида кимки ҳар бир пайғамбарга хос бўлган хусусиятда ўша пайғамбарга тенг бўлса, демак, пайғамбарларга хос бўлган барча хусусиятларга эга бўлгани учун, ўша кишининг пайғамбарлардан устун эканлиги исботланади, деган хулосага келиш мумкин.

Бу ерда яна бир ингичка масалага тўхталиб ўтишимиз лозимки, Ганжий Шофеий «Кифааятут-толиб» номли китобида Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан шундай ривоят қилган: «Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом) ҳақларида келган фазилатлар саҳобаларнинг бирортасига нисбатан айтилмаган».

Манба: Ганжий Шофеий, «Кифааятут-толиб», 122-бет, 23-боб.

Сўзимиз ниҳоясида Аллоҳ таоло бизни ҳазрати Али (алайҳис салом) сингари юқори мартабали имом ва пешвога эргашиб, у ҳазратнинг шиаси ва издоши бўлишдек буюк тавфиққа шарафёб этиб танлаган экан, Унга беадад ҳамду мақтов ва шукроналар айтиб, ҳаётимиз давомида фақат тилда эмас, балки амал ва юриш-туришимизда ҳам мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ҳақиқий шиаларидан бўлишга ҳаракат қиламиз.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Имом Али инсоний адолатнинг овози номли китоб ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ✍🏻 Жаноб Доктор Муҳаммад Асадий Гарморудий ўзининг «Ғадирнинг инсонлар камолотидаги ўрни» китобида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.