Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / РОФИЙЗИЛАР ДЕБ КИМЛАРГА АЙТИЛАДИ?

РОФИЙЗИЛАР ДЕБ КИМЛАРГА АЙТИЛАДИ?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Илмий изланиш ва тадқиқот юритиш билан ўрганиб чиқиш зарур бўлган атамалардан бири – бу «РАФЗ» ва «РОФИЗИЙ» сўзидир. Тарих бўйлаб Ислом динига мансуб оқим ва мазҳаблар ўзларига қарши бўлган томонни синдириш ва уни саҳнадан чиқариб ташлаш учун ҳар доим номуносиб ва номақбул таъбирлардан фойдаланганлар. Афсуски, Умавийлар давридаги халқ оммасининг бехабарлиги ва ўша давр ҳукмдорларининг ўзига хос сиёсати боис, ушбу вазиятнинг кучайишига олиб келди. «РАФЗ» ва «РОФИЗИЙ» сўзи шундай таъбирлар сирасидан бўлиб, баъзи ёзувчилар уни Имомия шиаларга нисбат беришган.

«РАФЗ» ва «РОФИЗИЙ» сўзининг луғатдаги маъноси

«РАФЗ» сўзи араб тилида бирор нарсани тарк этмоқ ва ташламоқ маъносини англатади: «رفضته أي تركته» Шунинг учун, луғатда бирор нарсани тарк этувчи ва ташловчи кишига «РОФИЗИЙ» дейилади.

Аммо ушбу «РОФИЗИЙ» сўзининг истилоҳдаги ишлатилиш ўринлари ҳақида тарихчи ва илоҳиётчи олимлар ўртасида турли фикр-мулоҳазалар билдирилган. Баъзиларнинг фикрича, «РАФЗ» сўзининг маъноси ваҳийни тарк этиб, афсона ва хурофотларга ҳамда жоҳилият даврига қайтиш демакдир. Бошқа сўз билан айтганда, «РОФИЗИЙ»лик жоҳилият давридаги маданият ва қадриятларга қайтиш бўлиб, бундай ҳолат яҳудий бўлмиш Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли шахсга ва унинг тарафдорларига нисбат берилган. Чунки, Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳазрат Али ибн Абу Толиб (алайҳис салом)ни пайғамбар деб билган ва у ушбу ақида билан Ислом динини тарк этган:

«إنَّما سُمُّوا الرَّوافِضَ لِكَوْنهم رَفَضُوا الدِّينَ»

«Улар динни тарк этганликлари учун Рофизийлар деб ном олганлар».[1]

Баъзиларнинг қарашича, «РАФЗ» ва «РОФИЗИЙ» сўзи 122 ҳижрий йилда тўртинчи пешвоимиз Имом Зайнулобидин (алайҳис салом)нинг ўғиллари Зайд ибн Али даврида қўлланилган. Аллома Бағдодий бу ҳақда айтади:

«Зайдия тоифасини Розий деб аташади».[2]

Хоразмийнинг «Мафотийҳул ъулум» асарида шундай дейилган:

«Зайд ибн Алига байъат қилиб, кейин уни тарк этган тоифага Рофизий дейилган».

Луғатчи олим Фаюмий ўзининг «Ал-Мисбоҳ ал-Мунийр» номли китобида шундай ёзади:

«الرَّافِضَةُ فِرْقَةُ مِنْ شِيعَةِ الْكُوفَةِ سُمُّوا بِذَلِكَ لِأَنَّهُمْ رَفَضُوا أَيْ تَرَكُوا زَيْدَ بْنَ عَلِيٍّ – عَلَيْهِ السَّلَامُ – حِينَ نَهَاهُمْ عَنْ الطَّعْنِ فِي الصَّحَابَةِ فَلَمَّا عَرَفُوا مَقَالَتَهُ وَأَنَّهُ لَا يَبْرَأُ مِنْ الشَّيْخَيْنِ رَفَضُوهُ ثُمَّ اُسْتُعْمِلَ هَذَا اللَّقَبُ فِي كُلّ مَنْ غَلَا فِي هَذَا الْمَذْهَبِ وَأَجَازَ الطَّعْنَ فِي الصَّحَابَةِ»

«Рофизийлар Куфа шиаларининг бир тоифаси бўлиб, Зайд ибн Али ўша тоифани саҳобаларни танқид қилишдан қайтарганида, улар у зотни тарк этганликлари учун шундай деб номланганлар. Улар Зайд ибн Алининг сўзларидан ва у шайхайн – Абу Бакр ва Умарни инкор этмаганидан хабар топгач, уни рад этишди. Кейин эса ушбу лақаб бу йўлни тутишда ҳаддан ошган ва саҳобаларни танқид қилишга йўл қўйган ҳар бир кишига нисбатан қўлланилган».[3]

Айрим тарихчи ва исломий илоҳиётчи олимлар бу назарияни хато ва муаммоли деб билганлар. Зеро, илгариги ишончли тарихнавис олимлар Зайд ибн Алининг оёққа туриши ва шаҳид бўлиши ҳақида сўз юритганда, фақатгина Куфаликлар уни ёлғиз қолдириб, унга қилган байъат-қасамёдларида содиқ ва вафодор қолмаганликларини айтиб ўтганлар, холос ва Куфаликлар нима сабабдан байъат-қасамёдларини бузганликларини бундай воқеа-ҳодисалар деб билмаганлар.[4]

Вақт ўтиши билан ушбу лақаб ва таъбир Имомия шиаларга нисбатан ҳам қўлланиб, «Ал-Фирақу вал-мазоҳиб», яъни фирқалар ва мазҳаблар унвонли китобларда қайд этилган. Абул Ҳасан Ашъарий бу борада ёзади:

«وإنَّما سَمَّوُا الإماميَّةَ رافِضَةً لِرَفْضِهِمْ إِمَامَةَ أَبِي ‏بَكْرٍ وعُمر».

«Абу Бакр ва Умарнинг пешволигини рад ва тарк этганликлари учун Имомия шиаларни Рофизийлар деб аташган».[5]

Имом Шамсиддин Аз-Заҳабий ўзининг «Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол» номли китобида ҳамда Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзибут-таҳзиб» унвонли китобида «РОФИЗИЙ» сўзини шайхайн, яъни Абу Бакр ва Умарни танқид қилган кишиларга ишлатганлар.

Ибн Ҳажар Асқалоний Фатҳул-Борий китобининг муқаддимасида «ШИА» билан «РОФИЗИЙ» ўртасида ҳамда «РОФИЗИЙ»ликда ғулувга бориш ўртасида фарқ қўйиб айтади:

«إنَّ التَّشيُّعَ هو مَحَبَّةُ عَلِيٍّ وتفضيلُه على الصَّحَابة، فمن قدَّمَهُ على أبي بكر وعمر فهو رافضيٌّ غالٍ في التَّشيُّعِ، ومن لم يُقَدِّمْهُ عليهما فهو شيعيٌّ، فإذا ذكر الشيعي سبب التقدم على الشيخين، أو صرَّح ببغضهما فهو غالٍ في الرَّفض».

«Шиалик – Алини яхши кўриш ва уни саҳобалардан афзал кўришдир. Кимки Алини Абу Бакр ва Умардан устун қўйса, демак, у Рофизий бўлиб, шиаликда ғулувга борган, [яъни ҳаддан ошгандир]. Кимки Алини Абу Бакр ва Умардан устун қўймаса, бас у шиадир. Агар бир шиа Алини шайхайндан, яъни Абу Бакр ва Умардан устун деб билишининг сабабини зикр қилса ёки у иккисини ёмон кўришини ошкора маълум қилса, демак, у Рофизийликда ғулувга боргандир».[6]

«РОФИЗИЙ» калимаси пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини яхши кўрган кишиларга нисбатан ҳам қўлланган. Имом Шофеий бу борада шундай деган:

«إن كان رَفْضًا حبُّ آلِ محمَّدٍ فَلْيشهَدِ الثَّقَلانِ أَنِّي رافضيٌّ».

«Агар Муҳаммад (с.а.в) Аҳли-Байтини севмоқлик Рофизийлик бўлса, унда мен Рофизий эканлигимга инсонлар ва жинлар гувоҳлик берсинлар».[7]

Имом Шофеийнинг ушбу сўзларидан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз (с.а.в) Аҳли-Байтларини яхши кўрган ҳар бир кишига – агарчи у сунний бўлса-да, «РОФИЗИЙ» деган сўз ишлатилган.

Имом Шофеийга бир тоифа мусулмонлар Аҳли-Байтни яхши кўрмасликлари ва кимки Аҳли-Байт ҳақида бирор нарса ривоят қилса, уни «РОФИЗИЙ» деб айтишлари хусусида хабар берилганда, у ушбу шеърни айтади:

«إذ نحن فضّلنا عليًّا فإنَّنا روافضُ بالتَّفضيل عند ذوي الجهل».

«Агар биз Алини устун деб билсак, ҳақиқатдан бехабар кимсалар олдида Рофизийлармиз».[8]

Демак, агар ҳазрати Алини Абу Бакр ва Умардан устун деб билгани учун «РОФИЗИЙ» атамаси шиаларга нисбатан қўлланилган деб билсак, у ҳолда ҳазрати Алини бошқа саҳобалардан афзал кўриш Ислом динини тарк этиш ёки Ислом динидан чиқиш эмаслиги ошкора маълум. Чунки шиалар наздида ҳазрат Алини Абу Бакр ва Умардан устун кўриш ҳазрат Алининг бошқа саҳобалардан афзал ҳамда бевосита халифа эканлигини исботловчи далиллар сабаблидир. Шунингдек, Аҳли суннат уламоларининг бир тоифаси наздида ҳазрат Алининг Абу Бакрдан афзал ва устун эканлиги қабул қилинган. Бунга мисол қилиб Бағдодийюн, яъни Бағдод мадрасасининг Аҳли суннат уламолари; Бишр бин Муаммар, Абу Жаъфар Аскофий, Абул Ҳасан Хайёт, Маҳмуд Балхий ва унинг шогирдларини келтириш мумкин. Ва шунингдек, Мўътазила йўналишига мансуб Аҳли суннатнинг йирик уламоларидан бўлган Жубоий бу борада айтади:

«Агар ривоят қилинган Тайри машвий ҳадиси саҳиҳ бўлса, унда Али афзалдир».[9]

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган «Тайри машвий», яъни қовурилган товуқ ҳадисига кўра, бир куни Сарвари коинот Аллоҳ таолодан дастурхондаги қовурилган товуқни тановул қилиш учун энг яхши одамни юборишини сўрайдилар. Шунда ҳазрат Али Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳузурларига кириб келиб, иккалалари биргаликда ўша жаннатий таомни тановул қиладилар.

Аҳли суннатнинг буюк олимларидан бўлмиш Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ҳам салафи солиҳлар Абу Бакр билан Али ўртасида қайси бирини афзал ва устун деб билишда ихтилофга борганликларини, Салмони Форсий, Абу Зар Ғифорий, Миқдод ибн Асвад, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абу Саид Худрий ва Зайд ибн Арқам каби саҳобалар ҳазрат Алини бошқалардан афзал кўрганликларини айтади.

Бинобарин, агар ҳазрат Алини бошқа саҳобалардан афзал ва устун деб эътиқод қилишни «РОФИЗИЙ»лик мезони деб ҳисобласак, унда кўпгина салафи солиҳларни ҳамда ҳадис ровийларини «РОФИЗИЙЛАР» деб билишимиз керак бўлади ва бундай муносабатда бўлиш эса фақат мутаассибликдан келиб чиққан ақидавий ҳолатдир, холос. Бу борада Аҳли суннатнинг ёзувчи олимларидан бири ҳазрат Алининг фазилат ва камолатларини ривоят қилгандан сўнг айтади:

«Ҳазрати Алининг фазилатларини инкор этиб бўлмайди. Ул ҳазратнинг фазилатларини инкор этиш ва ушбу фазилатларга ишонганларга Рофизий сўзини ишлатиш фақатгина мутаассиб шахслар томонидан амалга оширилади».

У яна сўзида давом этиб айтади:

«لو كان هذا رفضًا وتركًا للسُّنَّةِ لم يُوجَدْ من أهل الرِّواية والدِّراية شيءٌ أصلاً فإيّاك والتَّعصُّبَ في الدِّينِ والتَّجنُّبَ عنِ الحقِّ واليقين».

«Агар Али (а.с)нинг фазилатларини ривоят қилиш Рофизийлик ва Суннатни тарк этиш бўлса, унда ҳадис ривоят қилувчилардан ҳамда уни тушунтирувчилардан зинҳор ҳеч бир нарса топилмайди. Бас, диндаги мутаассибликдан сақлангин! Ва ҳақни қабул қилишдан бош тортишдан ҳамда ишончдан чекинишдан тийилгин!».[10]

Айрим сунний олимлар «РОФИЗИЙ» номини асослаб кўрсатиш учун бир ҳадисни ўзларича далил қилиб келтиришган. Ҳолбуки, мазкур ҳадис мутахассис ҳадисчи олимлар нуқтаи назаридан тўқима эканлиги қабул қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинган ўша ҳадиснинг матни қуйидагича:

«يَظْهَرُ في اُمَّتي في آخِرِ الزَّمَانِ قَوْمٌ يُسَمَّوْنَ الرَّافِضَةَ يَرْفَضُونَ الْإسْلَامَ».

«Охир замонда умматим орасида Рофиза деб номланган бир қавм пайдо бўлади. Улар Исломни тарк этишади».[11]

Ушбу ҳадиснинг таҳлилида шуни айтиш керакки, бу ҳадис икки сабабга кўра ишончли ва қабул қилишга арзийдиган ҳадис эмас. Аввало, бу ҳадис санад нуқтаи назаридан саҳиҳ ҳадис ҳисобланмайди. Аҳли суннатнинг буюк рижол-ровийшунос[12] олимларидан бўлган Имом Шамсиддин Аз-Заҳабий: «Ушбу ҳадис тўқима ҳадислардандир», деб айтган. Ушбу ҳадисни ривоят қилган шахс Абу Уқайл Яҳё бин Мутаваккил бўлиб, рижол олими Яҳё ибн Муъин унинг ҳақида айтади:

قال يحيى بن معين: ضعيف، واهي الحديث: ليس حديثه بشي‌ء، منكر الحديث.

«Абу Уқайл заифдир, унинг ҳадиси сустдир. Унинг ҳадиси ҳеч нарса эмас ва унинг ҳадиси инкор этилгандир».

Рижол олими Умар ибн Али айтади:

قال عمر بن على: فيه ضعف شديد.

«Абу Уқайлда жуда заифлик бор». Рижол олими Абу Ҳотим айтади: «Абу Уқайлнинг ҳадиси заифдир».

وقال ابن عدي: عامة أحاديثه غير محفوظة.

Рижол олими Ибн Удай айтади: «Абу Уқайл ҳадисларининг кўпи сақланиб қолмаган».

وقال ابن عبد البر: هو عند جميعهم ضعيف.

Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий ҳам айтади: «Абу Уқайл ва унинг ривоят қилган ҳадиси барча рижол олимлари наздида заифдир».[13]

Иккинчидан, агарда ҳадиснинг санадини саҳиҳ деб фараз қилсак, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) махсус бир гуруҳни ўзига хос хусусияти билан белгиламаганлар, токи, ўша гуруҳ «РОФИЗИЙ» деб танилсин. Зеро, мазкур ҳадисга кўра, ушбу гуруҳ охир замонда пайдо бўлиши айтилган. Ҳолбуки, Имомия шиалари Ислом динининг илк давридаёқ Сарвари олам кўрсатмалари асосида шаклланган. Эҳтимол, Пайғамбар томонларидан ушбу ҳадисда назарда тутилган гуруҳ бошқа бир ҳадисда айтилганидек охир замонда Ҳижоз заминидан чиқадиган «Шайтоннинг Шохи» бўлган фирқага ишорадир. Чунки «Шайтоннинг Шохи» бўлган ушбу фирқа охир замонда пайдо бўлиб, кўп фитна ва бузғунчиликлар келтириб чиқаради, яҳудийлар ва кофирларни Исломнинг муқаддас заминига чақириб, ҳақиқий Исломни тарк ва рад этади.

Фирқалар ва мазҳаблар унвонли китобларда «РОФИЗИЙ» деган лақаб «Сабаия» номли фирқага нисбат қўлланган. Кейин эса ушбу лақаб Зайдия, Имомия, Кайсония ва Ғалот каби оқимларга ҳам ишлатилган.

Аҳли суннатнинг буюк олими бўлмиш Аллома Бағдодий «Ал-Фирақу байнал фирақ» номли китобида «Сабаия» фирқаси ҳақида айтади: «Сабаия тоифаси Абдуллоҳ ибн Сабаънинг тарафдорлари бўлиб, ушбу фирқа шиа ва суннийлик ақидаси пайдо бўлиши тарихида муҳокама қилинди ва бундай фирқанинг бор бўлмагани маълум бўлди».

Аллома Бағдодий «Сабаия» фирқасини «РОФИЗИЙ» деб таништиргандан сўнг Имомия ва Зайдия каби яна бир қанча гуруҳларни ушбу ном билан тилга олиб шундай ёзади:

«امّا فرق الزيدية وفرق الإمامية فمعدودون في فرق الأمة والفرقة السبئية ليست من فرق أمة الإسلام لتسمتيهم عليًّا إلهًا».

«Зайдия ва Имомия фирқалари Ислом уммати орасидаги фирқалардан ҳисобланади, лекин Сабаия фирқаси Ислом умматининг фирқаларидан эмас. Зеро, улар Алини илоҳ деб аташган».[14]

Аллома Бағдодийнинг ушбу баёнидан шундай хулоса чиқариладики, «РОФИЗИЙ» деган лақабни Имомия ва Зайдия шиаларга нисбат бериш тўғри эмас. Зеро, улар мусулмонлар қаторидан жой олишган ва «РОФИЗИЙ» сўзи эса Исломдан ва Ислом умматидан ташқарида бўлганларга нисбатан ишлатилади. Шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керакки, ушбу «РОФИЗИЙ» деган сўз Пайғамбаримизнинг ҳадисларида келмаган, балки у бир тоифа бошқа тоифага тўнкаган бир лақабдир. Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«ما لَهُمْ ولَكُمْ ما يُرِيدُونَ مِنْكُمْ وما يُعِيبُونَكُمْ يَقُولُون الرَّافِضَةَ، نَعَمْ واللهِ رَفَضْتُمُ الْكَذِبَ وَاتَّبَعْتُمُ الْحَقَّ».

«Сизларга кўрсатган муносабатда уларга нима бўлган? Улар сизлардан нимани хоҳлашади? Нега улар сизни айблаб, сизга Рофизий дейишади?! Ҳа, Аллоҳга қасамки, сизлар ёлғонни тарк этиб, ҳақга эргашдингиз».[15]

Ушбу ҳадис каби баъзи ҳадисларга кўра, Бани Уммайя ҳукмронлиги даврида Аҳли-Байтнинг ва у зотлар шиаларининг душманлари ўзларининг шиаларга бўлган адоватларини изҳор этиш учун «РОФИЗИЙ» атамасини ишлатардилар.

Бошқа бир ҳадисда Абу Басир шундай ривоят қилади: Мен Имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)га: Одамлар бизни «Рофизий» дейишади, дедим. Шунда у ҳазрат дедилар:

قَالَ لَا وَاللَّهِ مَا هُمْ سَمَّوْكُمْ بَلِ اللَّهُ سَمَّاكُمْ أَمَا عَلِمْتَ أَنَّهُ كَانَ مَعَ فِرْعَوْنَ سَبْعُونَ رَجُلًا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ يَدِينُونَ بِدِينِهِ فَلَمَّا اسْتَبَانَ لَهُمْ ضَلَالُ فِرْعَوْنَ وَ هُدَى مُوسَى رَفَضُوا فِرْعَوْنَ وَلَحِقُوا بِمُوسَى فَكَانُوا فِي عَسْكَرِ مُوسَى أَشَدَّ أَهْلِ ذَلِكَ الْعَسْكَرِ عِبَادَةً وَأَشَدَّهُمُ اجْتِهَاداً إِلَّا انَّهُمْ رَفَضُوا فِرْعَوْنَ فَأَوْحَى اللَّهُ إِلَى مُوسَى أَنْ أَثْبِتْ لَهُمْ هَذَا الِاسْمَ فِي التَّوْرَاةِ فَإِنِّي قَدْ نَحَلْتُهُمْ. ثُمَّ ذَخَرَ اللَّهُ هَذَا الِاسْمَ حَتَّى‌سَمَّاكُمْ بِهِ إِذْ رَفَضْتُمْ فِرْعَوْنَ وَ هَامَانَ وَ جُنُودَهُمَا وَاتَّبَعْتُمْ مُحَمَّداً وَآلَ مُحَمَّدٍ. قَالَ: يَا أَبَا مُحَمَّدٍ افْتَرَقَ النَّاسُ كُلَّ فِرْقَةٍ وَ اسْتَشْيَعُوا كُلَّ شِيعَةٍ فَاسْتَشْيَعْتُمْ مَعَ أَهْلِ بَيْتِ نَبِيِّكُمْ فَذَهَبْتُمْ حَيْثُ ذَهَبَ اللَّهُ وَاخْتَرْتُمْ مَا اخْتَارَ اللَّهُ وَأَحْبَبْتُمْ مَنْ أَحَبَّ اللَّهَ وَأَرَدْتُمْ مَنْ أَرَادَ اللَّهَ فَأَبْشِرُوا ثُمَّ أَبْشِرُوا فَأَنْتُمْ وَاللَّهِ الْمَرْحُومُونَ الْمُتَقَبَّلُ مِنْ مُحْسِنِكُمْ وَالْمُتَجَاوَزُ عَنْ مُسِيئِكُمْ.

«Аллоҳга қасамки, улар сизларга Рофизий деган номни қўйишгани йўқ, балки Аллоҳ сизларни шундай деб номлаган. Хабаринг йўқми, Фиръавн билан бирга Бани Исроилдан етмиш киши унинг динига эргашган эди. Фиръавннинг гумроҳлиги ва Мусонинг ҳидоятда эканлиги уларга аён бўлгач, улар Фиръавнни тарк этиб, ҳазрат Мусо (алайҳис салом)га қўшилишди. Улар Мусо (алайҳис салом)нинг лашкари орасида ибодатда энг кучли кишилар ва энг тиришқоқ одамлар эди. Зеро, улар Фиръавнни тарк ва рад этишганди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Мусо (алайҳис салом)га ваҳий қилиб: Ушбу Рофизий номини улар учун Тавротда тасдиқлаб келтиргин! Чунки Мен уларга бу номни бердим, деди. Сўнгра Аллоҳ бу исм билан сизларни номлагунга қадар уни сақлаб қолди. Зеро, сиз Фиръавнни, Ҳомонни ва уларнинг қўшинларини тарк ва рад этиб, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг Аҳли-Байтига эргашдингиз. Сўнг ул ҳазрат дедилар: Эй Абу Басир, одамлар турли тоифага бўлиниб, хилма-хил тарафкашларга айланишди. Сизлар эса Пайғамбарингизнинг Аҳли-Байтларига эргашиб, уларнинг издоши бўлдингиз. Оқибат, сизлар Аллоҳ таоло йўналтирган йўлдан бориб, Аллоҳ танлаган нарсани танладингиз ва Аллоҳ севган кишини севиб, Аллоҳ истаган кишини истадингиз. Бас, сизларга хушхабар бўлсин! Сўнгра яна сизларга хушхабар бўлсин! Аллоҳга қасамки, сизлар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган кишиларсиз. Ҳар бир яхши иш сизларнинг яхшилик қилувчиларингиздан қабул қилинур ва хатокорларингизнинг хатолари эса кечирилур».[16]

Рофизийларнинг эътиқоди ҳақида

«РОФИЗИЙ» атамасини шиаларга нисбат бериш қанчалик ноўрин ва асоссиз эканлигини ошкора очиқлайдиган масала фирқалар ва мазҳаблар унвонли китобларда Рофизийларнинг эътиқодлари сифатида баён қилинган ақидалардир. Чунки ўн икки имомга эътиқод қилувчи Имомия шиалар ушбу ақидаларнинг бирортасига ҳам ишонмайдилар, балки улар бундай ақидаларни ботил ва нотўғри эътиқод деб биладилар. Бағдодий Рофизийларнинг ақидаларини қуйидагича баён қилган:

  1. Ҳазрати Алига пайғамбарлик нисбатини бериш ва ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) ваҳийни етказишда хатога йўл қўйган деб эътиқод қилиш; Баъзи бехабар ёзувчилар ушбу ақидани шиаларга тўнкаб, шиаларнинг эътиқодига кўра, Қуръони Карим аслида Алига нозил бўлган, лекин наъузу биллаҳ ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) адашиб, уни ҳазрати Муҳаммад (с.а.в)га ўқиган, деб нотўғри айтишган.
  2. Ҳазрати Али бин Абу Толиб ҳақида ғулувга бориш; Рофизийлар ҳазрат Алининг ўлганига шубҳа қилиб, ҳазрат Али беркинган ва ул ҳазрат Исо ибн Марям (алайҳис салом) каби осмонга кўтарилган деб эътиқод қилишган ҳамда у зотни Худо деб ўйлашган. Ушбу ақида Кайсония ва Хитобия каби фирқаларга ҳам сингган. Зеро, улар ҳам Муҳаммад ибн Ҳанафияни ва Имом Содиқни Худо деб билишган.
  3. Туя гўштини ҳаром деб билиш. Рофизийлар туя гўшти ҳаром қилинган деб эътиқод қилишади.[17]

Имомия шиалар юқорида айтилган ақидаларнинг барчасидан пок ва йироқлар. Аммо афсуски Аҳли-Байт мактабининг издошларига тарих бўйлаб кўп зулм ва ноҳақликлар раво кўрилган, тарихнавис олимлар ҳамда оқимлар ва фирқалар ҳақида асар ёзган ёзувчилар Имомия шиаларнинг ақидасини баён этишда адолат ва инсофга риоя қилмаганлар.

ХУЛОСА ВА НАТИЖА

Юқорида айтилган маълумотлардан маълум бўлдики, «РОФИЗИЙ», «РОФИЗА» ва «РАВОФИЗ» атамалари шиаларни камситиш ва уларни ҳақорат қилиш учун ғаразгўй ғанимлар ва мухолифлар томонидан узоқ вақтдан бери қўлланиб келган сўзлардир! «РОФИЗИЙ» сўзи луғатда «РАФЗ» сўзининг ўзагидан келиб чиққан бўлиб, бирор киши ёки бирор нарсани тарк этмоқ ва ташлаб кетмоқ маъносини билдиради.[18] Истилоҳда эса бу сўз қуйидаги ўринларда қўлланилади:

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг имомат ва раҳнамолигига эътиқод қилиб, ҳазрат Али (алайҳис салом)дан олдинги халифаларнинг пешволигини инкор қилувчилар.
  2. Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг имомат ва раҳнамолигига далил борлигини инкор этган ҳолда у зотни олдинги халифалардан устун эканлигига эътиқод қилувчилар.
  3. Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари аҳлига меҳр-муҳаббат изҳор этувчилар.[19]

Аммо ушбу «РОФИЗИЙ» сўзининг энг машҳур қўлланилиши биринчи маънодир. Шунингдек, Абул Ҳасан Ашъарий «РОФИЗИЙ» сўзини «ИМОМИЯ» атамасига тенг деб билиб, ушбу сўзни ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг халифалигига очиқ далил борлигига эътиқод қилиш маъносида изоҳлаган.

Ҳар ҳолда, ушбу «РОФИЗИЙ» сўзини шиаларга ёки Аҳли-Байтни яхши кўрувчиларга нисбатан ишлатадиган кимсаларнинг аксарияти уларни қандайдир қоралаш ва камситишни кўзда тутадилар. Бошқа таъбир билан айтганда, муфолифлар ушбу атама шиаларнинг хатокорлиги ва оғишганига далолат қилади, деб ўйлашади!

Юқорида юритган суҳбатларимиздан келиб чиқиб, шуни айтиш жоизки, ўн икки имомга эътиқод қилувчи Имомия шиаларга нисбатан «РОФИЗИЙ» деган сўзни ишлатиш мутлақо тўғри иш бўлмаган. Чунки шиалар фақат Қуръони Карим кўрсатмаларини ва пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Суннатларини маҳкам тутиб, у зотдан сўнг Аҳли-Байтлари йўлидан боришни танлаган мусулмонлардир.

Аммо афсуски Ислом уммати орасига тафриқа солиш ва ихтилоф яратиш пайида бўлган кимсалар Аҳли-Байт мактабининг нуроний чеҳрасини ўзгартириш ва уни ёмон қилиб кўрсатиш учун «РОФИЗИЙ», «РОФИЗА» ва «РАВОФИЗ» деган лақабларни кўтариб чиқиб, бу лақабларни мусулмонлар орасида кенг тарқатишган.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсаткичлар: 

[1]. Абул Ҳасан Ашъарий, «Мақолотул исломиййин ва ихтилофул мусоллийн», 89-бет.

[2]. Бағдодий, «Ал-Фирақу байнал фирақ», 21-бет.

[3]. Абул Аббос Фаюмий, «Ал-Мисбоҳ ал-Мунийр фий ғорибил шарҳил кабийр», 1-жилд, 232-бет.

[4]. Саййид Муҳсин Амин, «Аъёнуш-шийъаҳ», 1-жилд, 21-бет.

[5]. Абул Ҳасан Ашъарий, «Мақолотул исломиййин ва ихтилофул мусоллийн», 89-бет.

[6]. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ҳудо ас-Сорий», 333-бет.

[7]. Фахриддин Ар-Розий «Ат-тафсирул Кабийр ва мафаатийҳул ғайб», Қурбо оятининг тафсири остида ҳамда Ибн Ҳажар Ҳайтамий, «Ас-Савоиқул муҳриқаҳ», Аҳли-Байт муҳаббати мавзусида.

[8]. Широний Шофеий, «Итҳафун Биҳуббил Ашроф», 27-бет ҳамда Шабланжий, «Нурул абсор», 115-бет.

[9]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 1-жилд, ҳазрат Алини устун қўйиш масаласи.

[10]. Абул Фазл Убайдуллоҳ ал-Ҳанафий ал-Қандаҳорий, «Шарҳу ақоидун-Насафий» Ҳошияси, 230-бет.

[11]. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснаду », 2-жилд, 187-бет.

[12]. Ҳадисларнинг санади билан шуғулланувчи, яъни ҳадис ривоят қилган кишиларнинг кимлигини ва уларнинг қай даражада ишончли ёки ишончсиз ровий эканлигини ҳамда турли ровийларнинг ривоят қилган ҳадислари мўътабар ва асосли ёки заиф ва асоссиз эканини аниқлаш устида тадқиқот ишлари олиб борувчи илмга «Рижол илми» дейилади ва ушбу илм билан шуғулланувчи олимларга эса «Рижол олимлари» дейилади.

[13]. Юқоридаги ҳадиснинг санади ҳақидаги маълумотларнинг манбалари:

  • Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Таҳзибут-таҳзиб», 11-жилд, 270-бет.
  • Имом Шамсиддин Аз-Заҳабий «Мийзонул иътидол фий нақдир-рижол», 4-жилд, 404-бет.
  • Шамсуддин Абул Хайр Муҳаммад бин Муҳаммад Дамашқий Шофеъий, Ибн Жазарий номи билан танилган, «Аснал матолиби фий маноқибил имом Али (а.с)», 110-бет.

[14]. Аллома Бағдодий, «Ал-Фирақу байнал фирақ», 220-бет, Муҳаммад Муҳиддин Абдулҳамиднинг ҳошиялари билан.

[15]. Исмоил Ал-Муъиззий Ал-Малойирий, «Жаамиъу аҳаадисиш-шиа», 1-жилд, 10-бет.

[16]. Абу Абдиллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Нуъмон ал-Укбарий, Шайх Муфид номи билан танилган (413-ҳижрий йили вафот этган), «Ал-Ихтисос», 104 ва 105-бетлар.

[17]. Аллома Бағдодий, «Ал-Фирақу байнал фирақ», 223-бет.

[18]. Халил ибн Аҳмад Фароҳидий, «Китоб ал-ЪАйн», 7-жилд, 29-бет ҳамда Соҳиб ибн Ибод «Ал-Муҳийту филлуғоти», 8-жилд, 8-бет.

[19]. Абул Ҳасан Ашъарий, «Мақолотул исломиййин ва ихтилофул мусоллийн», 16 ва 17-бетлар ҳамда Жаъфар Субҳоний, «Буҳусун фил милали ванниҳал», 1-жилд, 120-бет Қум – Муассасату нашрил исломий, Муассасату ал-Имом ас-Содиқ (алайҳис салом).

Ушбу маълумотни қуйидаги тугманинг устига босиб қўйиш билан ўзингизга юклаб олишингиз мумкин: 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.