Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (1)

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Қуръони Карим кўрсатмасига биноан, ҳар бир мусулмон намоз ўқишидан олдин вузу (таҳорат) олмоқлиги фарздир. Энди вузу олаётиб бошга масҳ тортгандан кейин оёқларга ҳам масҳ тортиш ёки оёқларни ювиш фарзлиги хусусида Аҳли-Байт издошлари билан Аҳли суннат ўртасида ихтилоф мавжуд. Аҳли суннат вузу олганда оёқларни ювишни вожиб деб билиб оёқларга масҳ тортиш эса кифоя эмас, деб айтишади. Лекин Аҳли-Байт издошлари эса вузу олаётганда бошга масҳ тортиш вожиб бўлганидек, оёқларга ҳам масҳ тортишни вожиб деб билиб, оёқларга масҳ тортиш ўрнига уларни ювиш вузунинг ботил бўлишига сабаб бўлади, деб айтишади.

Ушбу мавзу ҳақида муфассал сўз юритишдан олдин бир ингичка масалага тўхталмоқчимиз. Агар олим ва донишмандлар турли масалалар устида баҳслашиб, ихтилофга боришса ва уларнинг ҳар бири ўз фикр-мулоҳазасини билдирса, ўша масалалар қийин ва мураккаб бўлган тақдирда ҳайратланиш ёки шубҳа қилишга ўрин қолмайди. Бироқ Ислом оламида баҳс ва мунозарага учраган айрим масалалар мавжудки, улар ҳақида ихтилофга бориш кутилмай ва қоидага кўра, улар устида баҳс юритишга мутлақо ўрин йўқдир. Шунга қарамай, ҳайратланарли ва шубҳали бўлган мана шундай ихтилофлар юзага келганлигини кўрамиз. Мисол тариқасида, вузу (таҳорат) олиш тартибида ихтилоф қилиш ҳамда намозда сура ўқиётганда «Бисмиллааҳир Роҳманир Роҳийм»ни айтиш суранинг бир қисми ҳисобланиб уни айтиш керакми ёки ўқимасдан ташлаб ўтиш керакми?! Ҳолбуки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг 23 йил пайғамбарликлари давомида ушбу масалалар мусулмонларнинг кўз ўнгида такрор бажарилиб, уларга ошкор бўлиб келган эди. Бундай масалаларда ихтилоф бўлиши табиий эмас. Шу боис, тадқиқотчи киши қандай қилиб мусулмонлар вузу олиш масаласида ихтилофга боришганини ўрганиб чиқиши керак бўлади. Наҳотки мусулмонлар 23 йил мобайнида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қандай таҳорат олганларини кўрмаган бўлсалар!

Бу ерда биринчи навбатда фиқҳ ва шариат йўналишларидаги ихтилофга асос бўлган бу ихтилофлар ортида қандай омиллар турганини аниқлаш учун масаланинг тарихий илдизини ўрганиш керак. “Таҳоратда оёқларнинг ҳукми” масаласи – масҳ тортиш ёки ювиш нуқтаи назаридан ана шу ихтилофли масалалардан бири бўлиб, аслида бундай масалаларда ихтилоф бўлмаслиги керак эди. Лекин кутилганидан фарқли ўлароқ, ушбу масала ихтилофга учраган муҳим масалалардандир.

Таҳорат олганда оёқларга масҳ тортиш ёки уларни ювиш масаласи бўйича, мусулмонлар орасида тўрт йўналиш мавжуд:

  1. Оёқларга масҳ тортмоқ вожибдир. Имомия ва Ибн Аббос бу йўналишни қабул қилганлар.
  2. Оёқларни ювиш вожибдир. Аҳли суннатнинг айрим уламолари бу фикрни айтганлар.
  3. Оёқларга масҳ тортиш билан уларни ювиш ўртасида бирини ихтиёр қилмоқлик. Фахри Розий ва бошқаларнинг ривоятига кўра, ушбу фикрни Муҳаммад ибн Жарийр Табарий ва Ҳасан Басрий қабул қилишган.
  4. Оёқларга масҳ тортиш билан уларни ювиш ўртасини жамлаш фарздир. Довуд ибн Али Зоҳирий ва Зайдийя фирқасидан бўлган Носир Ҳақ бу йўналишни вазифа деб билганлар.

ҚУРЪОНДА КЕЛГАН ВУЗУ ОЯТИ ҲАҚИДА

Масаланинг тафсилотига киришдан олдин дастлаб Қуръони Каримда бу ҳақда бирор нарса айтилганлиги ёки айтилмаганлигини аниқлашимиз керак. Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Қуръони Каримнинг охирги сура бўлмиш Моида сурасида намоздан олдин таҳорат олиш ҳақида шундай дейилган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ ۚ

«Эй иймон келтирганлар, қачон намозга турсаларингиз, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари ила ювингиз. Ва [таҳорат сувидан намланган қўлларингиз билан] бошларингизга ҳамда оёқларингизга бўғимларгача масҳ тортингиз» (Моида сураси, 6-оят)

Ушбу ояти каримада вузу олаётганда оёқларга масҳ тортиш кераклиги аниқ ва ошкор ҳолда айтилган. Оятда «أَرْجُلكُمْ» яъни «оёқларингиз» сўзи «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феълидан кейин келтирилган ва агар таҳоратда оёқларни ювиш керак бўлса эди, уни «فَاغْسِلُوا» «ювинглар» феълидан кейин келтириш керак бўларди. Ушбу масала Араб тили адабиётидаги очиқ-ойдин нарсалардан биридир. Бинобарин, «أَرْجُلكُمْ» мажрур, яъни касрали бўладими ёки мансуб, яъни фатҳали бўладими, «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феъли кетидан келгани учун таҳорат олиш пайтида оёқларга масҳ тортиш лозимлигини англатади.

Ушбу масалага бир оз изоҳ берадиган бўлсак, «أَرْجُلكُمْ» калимасининг эъробида иккита машҳур қироат [ўқиш] бор:

  1. Ҳамза, Ибн Касир, Абу Амр ва ҳатто Осим [Абу Бакрнинг ундан қилган ривояти бўйича] каби машҳур қорилар «أَرْجُلِكُمْ» калимасини «Жарр», яъни Касра билан ўқиганлар.
  2. Нофеъ, Ибн Омир ва Осим [Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти бўйича] каби бошқа бир гуруҳ машҳур қорилар «أَرْجُلَكُمْ» калимасини «Насб», яъни Фатҳа билан ўқиганлар. Ҳозирги барча Қуръон китоблар ушбу қироат асосида ёзилган.

Агар оятдаги «أَرْجُلِكُمْ» калимаси «Жарр», яъни Касра билан ўқилса, у ҳолда «أَرْجُلِكُمْ» калимаси «رُءُوسِكُمْ» “бошларингиз” сўзининг зоҳирига атф қилингани, яъни боғлангани ошкора маълум бўлиб, унинг маъноси таҳорат олганда бошларингизга масҳ тортганингиздек, оёқларингизга ҳам худди шундай масҳ тортингиз, деганидир. Яъни таҳорат олганда ҳар иккала аъзонинг ҳукми ҳам масҳ тортиш эканлиги аёндир. Чунки, «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феъли ҳар иккала сўзнинг омили бўлиб, уларга зоҳирда Касра бериш билан ўз амалини кўрсатган.

Агар оятдаги «أَرْجُلَكُمْ» калимаси «Насб», яъни Фатҳа билан ўқилса, яна ўша «رُءُوسِكُمْ» “бошларингиз” сўзининг маҳаллига атф қилинади, яъни боғланади. Зероки, «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳалли Насбдир, агарчи Жар ҳарфи «بِــ» зоҳирда ушбу сўзни мажрур, яъни касрали қилган бўлса-да, лекин «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳалли Насбдир. Чунки, «رُءُوسِكُمْ» сўзи «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феълининг мафъули, яъни тўлдирувчиси бўлиб, Араб тилида тўлдирувчининг эъроби Насб, яъни Фатҳадир, лекин Жар ҳарфи «بِــ» сабабли зоҳирда касрали бўлиб келган.

Маҳалга атф қилиш (боғлаш) Араб тилида кенг тарқалган бўлиб, Қуръони Каримда ҳам маҳалга атф қилиш келган. Юқоридаги оятдан ташқари қуйидаги оятда ҳам шундай дейилган:

﴿أَنَّ اللَّهَ بَرِيءٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ وَرَسُولُهُ ۚ

«Аллоҳ ва Унинг Расули мушриклардан безордир» (Тавба сураси, 3-оят). Ушбу оятда «وَرَسُولُهُ» «ва Унинг Расули» заммали ҳолда келган бўлиб, мана шундай ўқиш машҳур ва кенг тарқалган. Ушбу «وَرَسُولُهُ» сўзининг заммали ҳолда келиши «إنّ» исмининг маҳаллига атф бўлгани учундир. Яъни: «أَنَّ اللهَ» иборасидаги «Аллоҳ» лафзи мубтадо, яъни гапнинг эгаси бўлгани учун Унинг маҳаллий эъроби Замма бўлиб, «وَرَسُولُهُ» сўзи Унинг маҳаллига атф бўлган (боғланган) ва шу боис, заммали бўлиб келган.

Бинобарин, «أَرْجُلكُمْ» «оёқларингиз» калимаси ҳар икки ҳолатда ҳам, яъни Жар ва Насб ҳолатларида ҳам бир маънони англатади, у ҳам бўлса оёқларга масҳ тортишдир.

Демак, ҳар иккисининг, яъни бош ва оёқнинг ҳукми масҳ тортишдан иборат бўлиб, «أَرْجُلَكُمْ» сўзини Фатҳа билан ўқиганда ҳам «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳаллига атф қилинади ва «أَرْجُلِكُمْ» сўзини Касра билан ўқиганда эса «رُءُوسِكُمْ» сўзининг зоҳирига атф қилинади. Ҳар иккала қироат [яъни ўқиш] ҳам Араб тилида қабул қилинган ва шак-шубҳасиз, бу икки хил эъроб ва қироат ояти кариманинг маъносини асло ўзгартирмай, маъно жиҳатидан ҳеч қандай фарқ йўқдир.

Юқоридаги фикримизнинг исботи сифатида Аҳли суннатнинг машҳур ва йирик уламолари таҳорат ҳақидаги ояти карима оёқларга масҳ тортишни англатганини айтиб, «أَرْجُلَكُمْ» яъни «оёқларингиз» сўзи яқиндаги сўзга атф қилинади, узоқдагига эмас ҳамда ушбу сўзнинг омили «وَامْسَحُوا» «масҳ тортинглар» феъли эканлигини ошкора баён қилишган. Биз бу ерда уларнинг баъзилари билдирган фикр-мулоҳазаларни келтирамиз:

١. قال ابن حزم: وأمّا قولنا في الرجلين، فان القرآن نزل بالمسح، قال تعالى ﴿وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ﴾، وسواء قرئ بخفض اللام أو فتحها، فهي على كلّ حال عطف على الرءوس. امّا على اللفظ وإمّا على الموضع، ولا يجوز غير ذلك.

  1. Ибн Ҳазм айтади: «Икки оёқ ҳукми ҳақида айтганларимизга келсак, Қуръон оёқларга масҳ тортишни айтиб нозил бўлган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди: «Бошларингизга ҳамда оёқларингизга масҳ тортингиз». «أَرْجُلَكُمْ» сўзидаги Лом ҳарфи Касра билан ўқиладими ёки Фатҳа биланми, ушбу сўз ҳар қандай ҳолда «رُءُوسِكُمْ» «бошларингиз» сўзига атф қилинади; ё унинг лафзига ёки маҳаллига ва бундан бошқаси эса жоиз эмас».[1]
  2. قال الرازي: أمّا القراءة بالجر فهي تقتضي كون الأرجل معطوفة على الرءوس، فكما وجب المسح في الرأس فكذلك في الأرجل. وأمّا القراءة بالنصب، فقالوا – أيضًا – أنّها توجب المسح، وذلك لأنّ قوله ﴿وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ﴾ في محل النصب، ولكنّها مجرورة بالباء، فإذا عطف الأرجل على الرءوس جاز في الأرجل النصب عطفًا على محل الرءوس، والجر عطفًا على الظاهر، وهذا مذهب مشهور النحاة.

2. Фахриддин Ар-Розий айтади: «Оятдаги «أَرْجُلِكُمْ» сўзини Жар, яъни Касра билан ўқишга келсак, у ҳолда «أَرْجُلِكُمْ» яъни «оёқларингиз» сўзи «رُءُوسِكُمْ» «бошларингиз» сўзига атф қилинишини талаб этади. Шунда вузу олганда бошга масҳ тортиш вожиб бўлганидек, худди шундай оёқларга ҳам масҳ тортиш вожибдир. Аммо «أَرْجُلَكُمْ» сўзини Насб, яъни Фатҳа билан ўқишга келсак, улар [тилшунос олимлар] яна Фатҳа билан ўқиш ҳам оёқларга масҳ тортишни тақозо этади, дейишди. Зероки, Аллоҳнинг ﴿وَامْسَحُوا بِرُؤُسِكُمْ﴾ «бошларингизга масҳ тортинглар» деган каломидаги «رُءُوسِكُمْ» сўзи Насб ўрнида келган, агарчи Жар ҳарфи «بِــ» сабабли зоҳирда касрали бўлиб келган бўлса-да. Агар «أَرْجُلَكُمْ» сўзи «رُءُوسِكُمْ» сўзига атф қилинса, унда «أَرْجُلَكُمْ» сўзини Насб ҳолда ўқиш жоиз, чунки «رُءُوسِكُمْ» сўзининг маҳаллига атф қилинади ва яна «أَرْجُلِكُمْ» сўзини Жар ҳолда ўқиш жоиз, чунки «رُءُوسِكُمْ» сўзининг зоҳирига атф қилинади. Ва бу машҳур Араб тилшуносларининг таълимотидир».[2]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Ҳазм, «Ал-Муҳалло шарҳул Мужалло», 2-жилд, 56-бет.

[2]. Фахри Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 11-жилд, 161-бет, таҳорат оятининг тафсирида.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (7)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ ТАҲОРАТДА ИХТИЛОФ ПАЙДО БЎЛИШИНИНГ САБАБЛАРИ Албатта, Ислом дини умумбашарий дин бўлиб, бутун …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.