Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Нимага Имом Ҳусайн ва у ҳазратнинг ёр-ҳамроҳлари якка-ю ёлғиз ҳолда душман қўшинига ҳужум қилишган?

Нимага Имом Ҳусайн ва у ҳазратнинг ёр-ҳамроҳлари якка-ю ёлғиз ҳолда душман қўшинига ҳужум қилишган?

Ассалому Алайкум Нажот Кемаси Жамоаси.

Саволим Ашуро куни Карбало заминида Имом Ҳусайн ва у ҳазратнинг ёр-ҳамроҳлари жанг майдонида душман қўшини билан яккама-якка ҳолда беллашишга чиққанлари ҳақида. Нимага Имом Ҳусайн ва у ҳазратнинг ёр-ҳамроҳлари якка-ю ёлғиз ҳолда душман қўшинига ҳужум қилишган?

  • Ҳурмат билан
  • Ўткир

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ва Алайкум Ассалом ва Раҳматуллоҳ Ҳурматли Биродар.

Дастлаб шуни айтиш лозимки, Ашуро кунидаги уруш фақат яккама-якка ҳолда рўй бергани йўқ, балки Ашуро куни Карбало заминида икки томон ўртасидаги жанг умумий ҳолда ҳам содир бўлган. Шояд Ашуро кунидаги уруш яккама-якка ҳолда рўй берган деган тушунчанинг пайдо бўлишига сабаб шуки, Ашуро воқеасини айтиб берувчилар кўпроқ эътиборни Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёр-асҳобларининг якка-ю ёлғиз ҳолдаги урушларига қаратганлар. Чунки бундай жангларда фожеа ва мусибатлар янада ошкорроқ ва шиддатлироқ намоён бўлади, лекин умумий ҳужумларда бундай эмас.

Ашуро куни Карбало чўлидаги жангда душманнинг лашкарбошиси бўлмиш Умар ибн Саъд ўз қўшинларини шундай шакллантирди: Амр ибн Ҳажжожни қўшиннинг «Маймана», яъни ўнг томон қўмондони ва Шимр ибн Зил-Жавшанни эса қўшиннинг «Майсара», яъни сўл томон қўмондони этиб тайинлади. Ўзи лашкарнинг марказида жойлашиб, жанг байроғини қули бўлмиш Дурайдга топширди.

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 45-жилд, 4-бет.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳам ўз қўшинларини шундай шакллантирдилар: Зуҳайр ибн Қайнни қўшиннинг «Маймана» қўмондони ва Ҳабиб ибн Музоҳирни эса қўшиннинг «Майсара» қўмондони этиб тайинладилар ва ул ҳазратнинг ўзлари эса қўшиннинг қалбида жойлашиб, жанг байроғини ўз оғайнилари Абул Фазл Аббос қўлига топширдилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ашуро куни Карбало заминида бошқа ҳарбий чора-тадбирларни ҳам кўрдилар. Ул ҳазрат душман ҳар томондан ҳужум қила олмасин, деб чодирлар атрофида хандақлар қаздириб, хандақларни ўтинлар билан тўлдиришга ва душманнинг ҳужуми бошланган пайти ўтинларни ёқишга буюрдилар.

Ашуро куни Умар ибн Саъд лашкарининг «Маймана» аскарлари бўлмиш Амр ибн Ҳажжож қўшинлари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) лашкарининг «Маймана» қўшинларига ҳужум қилишди. Шунда Зуҳайр ибн Қайн қўмондонлиги остидаги Имом Ҳусайн (алайҳис салом) лашкарининг «Маймана» аскарлари душман қўшинларини орқага қувиб юборишди. Ва айни вақтда Умар ибн Саъд лашкарининг «Майсара» аскарлари қумондони бўлмиш Шимр ибн Зил-Жавшан Имом Ҳусайн (алайҳис салом) лашкарининг «Майсара» аскарларига ҳужум қилди. Аммо Имом Ҳусайн (алайҳис салом) лашкарининг «Майсара» аскарлари душман қўшинларини орқага қувиб юборишди.

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 45-жилд, 13 ва 20-бетлар.

Ва бу душман томонидан биринчи бўлиб уюштирилган оммавий ҳужум ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинлари томонидан амалга оширилган биринчи оммавий ҳимоя эди. Айрим манбаларга кўра, биринчи умумий ҳужумдаёқ Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёр-асҳобларидан қирқдан ортиқ киши шаҳид бўлган.

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 45-жилд, 64-бет.

Иккинчидан; Ўтмишдаги ҳарбий тамойиллардан бири яккама-якка жангга чиқиш бўлган ва бундай уруш кўпроқ руҳий урушга ўхшарди ва кимки яккама-якка урушда ҳалок бўлса, ўша томоннинг ҳарбий кучлари заифлашарди. Бу усул барча қадимги урушларда қўлланилган. Мисол тариқасида, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларидаги Бадр, Хандақ ва Хайбар жангларида яккама-якка жангга чиқиш усули кенг қўлланган ва бундай яккама-якка жангларда ҳазрат Али (алайҳис салом) кўп қатнашганлар.

Бу турдаги урушиш услуби Карбалода ҳам қўлланилган бўлиб, Умар ибн Саъд қўшинлари орасидан Ясор исмли шахс биринчи бўлиб майдонга чиқиб, яккама-якка жангга чиқишни талаб қилди. Шунда Имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Умайр Калбий исмли бир киши у билан жангга чиқиб, уни ер тишлатди. Умар бин Саъд қўшинлари орасидан иккинчи бўлиб яккама-якка урушиш учун майдонга чиққан киши Солим исмли шахс эди ва у ҳам ушбу жанг усулида енгилиб ҳалок бўлди.

Манба: Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 45-жилд, 64-бет. Шайх Аббос Қуммий, «Мунтаҳал омол», 1-жилд, 657-бет, ҳижрат нашриёти чопи.

Демак, якка тартибдаги биринчи ҳужумлар Умар ибн Саъд аскарлари томонидан бўлган ва бунинг маъноси душман ўз режасида якка тартибдаги жангни уруш тамойили сифатида ҳисобга олган дегани. Бироқ Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ушбу уруш тактикасидан максимал даражада фойдаланиб, ушбу якка тартибдаги жанг усули билан душманга жуда кўп талофатлар етказдилар. Зеро, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг аскарлари жон-у молидан воз кечган фидойи кишилар бўлиб, тирик қолишни сира кутмасдилар. Шунинг учун якка тартибдаги жанг бундай фидойи жангчилар билан душман аскарлари учун ўта даҳшатли эди, чунки улар ҳалок бўлишни хоҳламасдилар. Шу сабабдан Ашуро куни Умар ибн Саъднинг қўшинлари баъзан Имом Ҳусайн (алайҳис салом) аскарлари билан юзма-юз бўлишдан қочишарди.

  • Эҳтиром ила:

  • Нажот Кемаси таҳририяти

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.