Home / Шариат қонунлари / Намоз / Асрдош Мужтаҳидларимиз / Ҳазрат Оятуллоҳ Абдуллоҳ Жаводий Омулийнинг таржимаи ҳоллари

Ҳазрат Оятуллоҳ Абдуллоҳ Жаводий Омулийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳазрати Оятуллоҳ Ҳож Шайх Абдуллоҳ Жаводий Омулий 1312 ҳижрий шамсий йил, 1933 милодий йилда Мозандарон вилоятининг Омул шаҳрида бир руҳоний ва диндор оилада дунёга келдилар. Оталари Мирзо Абулҳасан Жаводий шаҳарнинг машҳур уламо ва воизларидан бўлиб, бобо калонлари ҳам бир неча наслларгача ўша ҳудуднинг муҳтарам воиз ва уламоларидан бўлганлар.

Ушбу буюк мужтаҳид 1325 ҳижрий шамсий йил, 1946 милодий йилда бошланғич мактабни тугатгандан сўнг, исломий илм-маърифатларни ўрганиш учун Омул шаҳрининг илмий ҳавзасига кириб таҳсил ола бошладилар ва беш йил мобайнида Оятуллоҳ Фурсию, Оятуллоҳ Ғаравий, Шайх Азизуллоҳ Табарсий, Оғо Зиё Омулий ва оталари Мирзо Абулҳасан Жаводий (раҳматуллоҳи алайҳим) каби Омул илмий ҳавзасининг кўзга кўринган ва тақводор устозларидан Араб тили адабиёти, яъни сарф-мофология, наҳв-синтаксис ҳамда маоний, баён ва бадийъ фанларини, мантиқ, фиқҳ асослари (усул) ва фиқҳ фанларини ҳамда Қуръон тафсири ва ҳадис илмини ўрта поғонада ўргандилар.

ҲАВЗАВИЙ ИЛМЛАРНИ ТАЪЛИМ ОЛИШ

Оятуллоҳ Жаводий Омулий 1330 ҳижрий шамсий йил, 1951 милодий йилда Теҳронга ҳижрат қилиб, у ердаги Марвий номли мадрасада юқори савияли ҳамда ақлий фанларни ўрганишга киришдилар ва ушбу мадрасада таҳсил олишлари 1335 ҳижрий шамсий йил, 1956 милодий йилгача давом этди. Оятуллоҳ Жаводий Омулий бу беш йил ичида Аллома Шаъроний, Оятуллоҳ Илоҳий Қумшаий ва Оятуллоҳ Фозил Туний каби буюк устозлардан фалсафий бўлган «Манзума» китобини, Ибн Сийнонинг «Ишорот» китобини, Муҳиддин ибн Арабийнинг «Шарҳу Фусусил Ҳикам» китобини ва Мулло Садронинг «Ал-Асфорул Арбаъа» китобининг бир қисмини ўқиб ўргандилар ва шунингдек, «Дарси Хориж» даражасидаги Фиқҳ ва Усул фанларининг бир қисмини улуғ устоз Оятуллоҳ Шайх Муҳаммад Тақий Омулийдан ўргандилар. Оятуллоҳ Жаводий Омулий Фиқҳ ва Усул фанларини ўрганиш билан бир қаторда фалсафа ва ирфон илмларини ҳам таҳсил олдилар ва таълим олиш билан бирга илмий ҳавзанинг фанларидан дарс бериш билан ҳам шуғулландилар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий 1335 ҳижрий шамсий йил, 1956 милодий йилда илм-маърифат маркази бўлмиш Қум шаҳрининг илмий ҳавзаси кенг қамровли бўлгани учун ўз устозлари Шайх Муҳаммад Тақий Омулийнинг кўрсатмаси билан Қум шаҳрига ҳижрат қилиб, у ерда бир муддат Оятуллоҳ Саййид Муҳаммад Ҳусайн Буружердийнинг Фиқҳ фанига оид «Хориж» дарсларидан баҳраманд бўлдилар ва шунингдек, 12 йилдан ортиқ Оятуллоҳ Муҳаққиқ Домоднинг Фиқҳ фанидан ўтадиган «Дарси Хориж»ларига ҳамда қарийб етти йил Ҳазрати Имом Хумайнийнинг Усул фанидан ўтадиган «Дарси Хориж»ларига қатнаб таҳсил олдилар ва 5 йилга яқин Оятуллоҳ Мирзо Ҳошим Омулийнинг «Хориж» дарсларидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТЛАР ВА ТАДҚИҚОТЛАР

 

Оятуллоҳ Жаводий Омулий ҳазратлари ҳамиша илмий ҳавзанинг кўзга кўринган устозларидан бири сифатида танилган эдилар ва ижтиҳод даражасига етганларидан сўнг ақлий илмларга ҳамда Қуръон сир-асрорлари-ю ҳикматларига ва ирфон илмига кўп қизиққанлари ва мойилликлари учун Қуръоннинг буюк муфассири ҳамда теран тафаккурли файласуф ва ориф бўлган Аллома Саййид Муҳаммад Ҳусайн Табатабоийнинг ҳузурларига етаклади. Оятуллоҳ Жаводий Омулий ўша раббоний Алломанинг умрининг охиригача у зотнинг теран илм-маърифатидан баҳраманд бўлиб, Аллома Табатабоийнинг энг устун шогирдлари қаторида танилдилар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий таҳсил олишни тугатгач, ўз фаолиятларини илоҳий илм-маърифатларни ўргатиш ва нашр этишга қаратдилар. Мана энди 60 йилдан бери фиқҳ, тафсир ва фалсафа соҳаларида илмнинг энг юқори даражасида ақлий ва нақлий дарсларни таълим бериб келмоқдалар. Бунинг натижасида ҳозирда Оятуллоҳ Жаводий Омулий Ислом оламининг энг буюк ғоявий раҳбарлардан ҳисобланадилар ҳамда турли исломий илмлар бўйича кўплаб шогирдлар тарбиялаб, Ислом оламига тақдим этдилар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий файласуф, фақиҳ, Қуръон муфассири, Қум шаҳри илмий ҳавзасининг энг олий даражали мударриси ва шиаларнинг ўн бешинчи асрдаги маржаи тақлид (тақлид қилинадиган) мужтаҳидларидан биридир. Ушбу буюк мужтаҳид Оятуллоҳ Буружердий, Имом Хумайний ва Аллома Таботабоийларнинг шогирдларидан бўлиб, қарийб олтмиш йилдирки Қум ва Теҳроннинг илмий ҳавзаларида фалсафа, ирфон, фиқҳ ва тафсир каби илмлардан дарс бериб келмоқдалар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий ёшликларидан ва Теҳроннинг илмий ҳавзасида таҳсил олаётган пайтдан бошлаб илмий ҳавзанинг фанларидан дарс бера бошлаганлар. 1951-йилнинг бошларида Теҳронда истиқомат қилганларидан бошлаб илмий ҳавзанинг фанларидан дарс бера бошладилар. Оятуллоҳ Жаводий Омулий олтмиш йил дарс бериш пайтида Қум шаҳрининг илмий ҳавзасида Мулло Садранинг «Асфори Арбаъа» китобини уч марта тўлиқ дарс бердилар. Бу буюк мужтаҳид жуда кўп китоблар ёзганлар; «Тафсири Тасним» ва «Роҳиқи Махтум» (Асфори Арбаъа китобининг шарҳи) шулар жумласидандир.

Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг Қуръон тафсири дарслари 1355 ҳижрий шамсий йилда, 1976 милодий йилда бошланиб, 1399 шамсий йил 23 хурдод ойида, 2020 милодий йил 12 июнда якун топди. Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг тафсир ҳамда Фиқҳ фанининг «Хориж» дарслари Қум шаҳридаги Масжиди Аъзамда ўтказилади. Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг сўзларига кўра, тафсир дарсининг бошланиши 1400 ҳижрий қамарий йилда бўлиб, унинг тугаши эса 1441 ҳижрий қамарий йилнинг 23 шаъбон ойида бўлди.

Исро билим маскани ва Имом Ҳасан Аскарий (а.с) номли таълим муассасага асос солиш:

“Исро номли ваҳий илмларининг халқаро маскани” Қум шаҳридаги илмий марказлардан бири бўлиб, Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг назоратлари остида бошқарилади. Ушбу марказнинг мақсади исломий илмларни ушбу мужтаҳиднинг қараши асосида баён этиш ва кенг ёйиш ҳамда исломий илмлар соҳасида тадқиқотчиларни етиштиришдир. Шунингдек, Оятуллоҳ Жаводий Омулий 2008 йилда Омул шаҳрида таъсис этилган ҳавзавий илмларни ўргатувчи Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) номли олий таълим муассасага назорат қиладилар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ ИЛМИЙ АСАРЛАРИ

Оятуллоҳ Жаводий Омулий фиқҳ, тафсир, фалсафа ва ҳадис каби турли соҳаларда китоблар ёзганлар. Иорданиядаги стратегик тадқиқотларнинг қироллик маркази Оятуллоҳ Жаводий Омулий ёзган мақола ва китоблар сони 300 дан ортиқ эканлигини қайд этган. Ушбу мужтаҳиднинг тафсир дарслари ҳосили бўлган «Тасним» унвонли тафсир китобининг 62 жилди 2022 йилнинг июлигача нашр этилган.

Ушбу мужтаҳиднинг бошқа китоби «Роҳиқи Махтум» унвонли китоб бўлиб, Мулло Садро қаламига мансуб «Асфори Арбаъа» китобининг учинчи марта дарс бериш ҳосилидир. Ушбу китобнинг ўттиз бешинчи жилди 2021 йилда нашр этилган.

«Муфотиҳул ҳаёт», «Аёл жамол ва жалол кўзгусида», «Шариат маърифат кўзгусида», «Адаби фанойе муқраббон» (Зиёрати жомеаи кабийра шарҳи) ва «Тавзийҳул масоил» каби китоблар Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг бошқа китобларидандир.

«Диншунослик» китоби 2002 йилда ўтказилган илмий ҳавзанинг бешинчи китоб анжуманида ҳакамлар томонидан анжуманнинг танланган асарларидан бири сифатида танилган.

«Қуръонда инсоннинг ҳақиқий ҳаёти» китоби 2003 йилда ўтказилган илмий ҳавзанинг олтинчи китоб анжуманида танланган асарлардан бири сифатида ҳакамлар томонидан тан олинган.

«Таҳриру Ийқозун-Нааимин» китоби 2015 йилда ўтказилган илмий ҳавзанинг ўн саккизинчи китоб анжуманида ҳакамлар томонидан анжуманнинг танланган асарларидан бири сифатида тан олинган.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ ИЛМИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА СИЁСИЙ МАВҚЕЛАРИ:

2014 йил Теҳрон тиббиёт фанлари университетида Оятуллоҳ Жаводий Омулийни эъзозлаш мақсадида «Табиби Руҳоний» анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда бир қатор талабалар, олимлар ва баъзи Эрон сиёсий амалдорлари иштирок этдилар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий 2009 йилдан 2022 йилгача Иорданиядаги исломий стратегик тадқиқотларнинг қироллик маркази томонидан Ислом оламининг беш юзта нуфузли ва йирик сиймоларидан бири сифатида таништирилган.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий 2013 йилда ўтказилган илмий ҳавзанинг ўн бешинчи китоб анжуманида таниқли илмий арбоб сифатида тан олиниб ардоқланганлар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий Эрон Ислом инқилобидан кейин суд олий кенгашига, конституциявий мутахассислар ассамблеясига, Қум илмий ҳавзасининг мударрислари жамоасига ва етакчилик мутахассислари ассамблеясига аъзо бўлиш каби масъулиятларни ўз зиммаларига олганлар. Шунингдек, Оятуллоҳ Жаводий Омулий ҳижрий шамсийнинг етмишинчи ва саксонинчи йилларида Қум шаҳрининг жума намози имоми ҳам бўлганлар. Ушбу мужтаҳид 1988 йилда Собиқ Совет Иттифоқига сафар қилиб, Эрон Ислом Жумҳуриятининг Буюк Раҳбари Имом Хумайнийнинг хабарларини Совет Иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Горбачовга етказганлар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ ИЛМИЙ ВА ДИНИЙ ҚАРАШЛАРИ

Оятуллоҳ Жаводий Омулий фалсафада Мулло Садронинг «Ҳимати Мутаолия», яъни юксак ҳикмат тафаккурининг издошидирлар. Бошқа таъбир билан айтганда, бу мужтаҳид тафаккурининг меҳвари «Ҳимати Мутаолия»га асосланган. Шунинг учун, Оятуллоҳ Жаводий Омулий ақл, ирфон ва Қуръон уйғунлигига эътиқод қиладилар ва уларнинг таълимотини бир-бирига зид ва мос келмайдиган деб ўйламайдилар. Унинг фикрича, ақл динга қарши эмас, балки ақл диннинг чироғидир ва ақлдан ақидавий ва ахлоқий таълимотларни ҳамда диннинг фиқҳий ва ҳуқуқий қонунларини тушуниш учун фойдаланиш мумкин.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий гуманитар ва экспериментал фанлар ҳавзасида диний илмнинг мавжудлигини қабул қиладилар. Шу боис, бу мужтаҳид диний илмга ишонадилар. У зотнинг тафаккурига биноан, ақлдан мурод фақат назарий ақл эмас, балки «тажрибий, яъни экспериментал ақл»ни ҳам ўз ичига олади ва шунга биноан, ақл экспериментал бўлган табиий ва инсоний (гуманитар) фанларни ҳам ўз ичига олади. Оятуллоҳ Жаводий Омулий айтадилар: Илм ўз-ўзидан динга зид келмайди. Экспериментал фанлар бизга табиат оламини кўрсатади ва олам Худонинг яратган нарсаси бўлгани учун бу фанлар бизга Аллоҳнинг ишини кўрсатади. Бинобарин, бу фанларни диний деб билиш керак.

Ушбу мужтаҳид бу келтирилган далил-исботдан хулоса чиқарадилар: Агар илм-фан ҳақиқатан ҳам илм бўлса, у динсиз ва атеистик ҳолда бўла олмайди.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ СИЁСИЙ ҚАРАШЛАРИ

Оятуллоҳ Жаводий Омулий «Вилояти фақиҳ» назариясига эътиқод қилувчилардандир. У зот ўзининг «Вилояти фақиҳ, вилояти фиқоҳат ва адолат» номли китобида фақиҳ ва мужтаҳиднинг вилоятини, раҳнамолиги ва ҳукмронлиги исботлаш учун «соф ақлий» далиллар, «ақл ва нақл (ҳадис)дан такил топган» далиллар ва «соф нақлий (ҳадисий)» далиллардан иборат уч хил далил келтирганлар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг ақл ва нақлдан ташкил топган далиллари шундан иборат: Бир томондан, Ислом динининг ҳаж, жиҳод, ҳудуд ва таъзийрот (жазолашга оид қонун-қоидалар) каби ижтимоий-сиёсий қонунлари ҳамда унинг анфол ва хумс каби молиявий қонунлари мавжуд бўлиб, маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган даврда ушбу қонунларни ижро этиш фақатгина барча шароит ва талабларга эга бўлган фақиҳнинг бошқаруви билан мумкин бўлади. Бошқа томондан эса ақлнинг ҳукмига биноан, Аллоҳ таоло маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган даврда мусулмонлар жамоатини йўлбошчисиз қолдирмаслиги лозим. Бинобарин, маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган даврда барча шароит ва талабларга эга бўлган фуқаҳо ва мужтаҳидлар маъсум имомнинг ворислари сифатида мусулмонлар жамиятига раҳнамолик қилишни ўз зиммаларига оладилар.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ МАХСУС ФАТВОЛАРИ

Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг «Тавзийҳул масоил» китобларида бошқа «Тавзийҳул масоил», яъни масалалар баёни китобларидан фарқли равишда фирқалар, сайловлар, Қуръонни олтин билан безаш, муаллифлик ва нашр ҳуқуқлари, кредит олиш ҳуқуқини бировга топшириш, инфляцияга қараб қарзни тўлаш, инсон танасини парчалаш, яъни дисекция қилиш, жинсни ўзгартириш, аза тутиш, бахтсиз ҳодисаларда ёрдам бериш ва аҳли китоб кофирларнинг ҳукмлари каби масалаларнинг ҳукмлари ҳақида ҳам сўз юритилган.

Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг айрим фарқли фатволари қуйидагилардан иборат: Аёлларнинг аълам бўлган мужтаҳид аёлга тақлид қилишлари жоизлиги, жинсини ўзгартиришнинг жоизлиги, аҳли китоб кофирларнинг поклиги ҳамда муаллифлик, таржима, нашр ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш ҳуқуқларининг ҳимояланиши.

ОЯТУЛЛОҲ ЖАВОДИЙ ОМУЛИЙНИНГ СИЁСИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ФАОЛИЯТЛАРИ:

Агарчи илмий фаолиятлар доимо Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг энг кўп машғулотларидан бўлган бўлса-да, бироқ Эрон Ислом инқилобидан олдинги ва кейинги йилларда сиёсий ва ижтимоий фаолиятларда ҳам иштирок этганлар. Бу мужтаҳид инқилобдан олдин ўз устозлари бўлган Имом Хумайний тафаккурининг тарғиботчиларидан бири бўлиб, шу сабабдан ҳам бир неча бор диний тарғибот қилиш ва нутқ сўзлашдан ман этилиб, ҳибсга олинганлар.

Олий Суд Кенгашига аъзолик, суд қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш, Мажлиси Хубрагонга, яъни Экспертлар Ассамблеясига икки муддат аъзолик ва Қум илмий ҳавзасининг мударрислари жамоасига аъзо бўлиш Оятуллоҳ Жаводий Омулийнинг инқилобдан кейинги фаолиятлари жумласидан бўлган.

Собиқ Совет Иттифоқи, Америка ва Европа мамлакатларига сафар:

1988 йилда Оятуллоҳ Жаводий Омулий, Муҳаммад Жавод Лорижоний ҳамда Марзия Ҳадидечи (1939 йил туғилиб 2016 йил вафот этган Дабоғ номи билан машҳур бўлган Паҳлавий режимига қарши курашувчилардан бири) билан бирга Собиқ Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачевга Имом Хумайнийнинг мурожаатномаларини етказиб, унга ўқиб бериш вазифасини бажардилар. Оятуллоҳ Жаводий Омулий ушбу учрашувдан сўнг Имом Хумайнийнинг Михаил Горбачевга йўллаган мурожаатномаларига “Тавҳид овози” номли шарҳ ёзиб, 1990 йилда Европа мамлакатларига қилган кейинги сафарларида ушбу хабарни баъзи диний мутасаддиларга ҳадя бердилар.

Оятуллоҳ Жаводий Омулий Франция, Швейцария, Австрия, Германия, Италия, Англия, Сурия ва Ливан мамлакатларига қилган сафарларида диний арбобларга Имом Хумайнийнинг қарашларини баён қилдилар. Бу буюк мужтаҳид 2000 йилга баробар 1379 ҳижрий шамсий йилда Эрон Ислом Республикаси Раҳбари Оятуллоҳ Хоманаийнинг мурожаатномаларини динларнинг минг йиллик йиғилишида ўқиш учун Нью-Йоркка сафар қилдилар.

Аллоҳ таоло ушбу мужтаҳидимизнинг умрларини узоқ қилиб, Қуръон ва Аҳли-Байт таълимотларини ўргатиш ва кенг ёйиш йўлидаги улкан хизматлари давом этишида тавфиқ ва марҳамат ато этсин! Омин!

Фойдаланилган манбалар: 

https://fa.wikishia.net/view/%D8%B9%D8%A8%D8%AF%D8%A7%D9%84%D9%84%D9%87_%D8%AC%D9%88%D8%A7%D8%AF%DB%8C_%D8%A2%D9%85%D9%84%DB%8C 

https://alzahra-s3-gorgan.kowsarblog.ir/ 

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Ҳазрат Оятуллоҳ Лутфуллоҳ Софий Гулпойигонийнинг таржимаи ҳоллари

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳазрат Оятуллоҳ ал-Узмо Ҳож Шайх Лутфуллоҳ Гулпойигоний 1337 ҳижрий қамарий йил, 1297 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.